Дайжест: Ўзбекистонликлар Россияга ишлашга келаяпти, Навальний қаерда? Россия-Ўзбекистон, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Aleksey Navalniy

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-cи, Москва

Навальнийнинг ҳаёти яна xавф остидами? Бир ҳафтада 1086 нафар ўзбекистонлик Россияга ишлашга юборилган. Петербургда ўзбекистонлик 1000 долларлик пальто ўғирлигида айбланмоқда. Томдан қулаган 30 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг аҳволи оғир.

Навальнийнинг ҳаёти яна xавф остидами?

Aлексей Навальний Москвадаги тергов изоляторидан кўчирилган. Аммо унинг қаерга олиб ўтилгани маълум эмас.

25 февраль куни Жамоатчилик назорати қўмитаси Алексей Навальнийнинг умумий тартибли колонияга ўтказилганини тасдиқлаган.

Мухолифатчининг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда #ГдеНавальний хештегини ишга туширишди. Уларнинг таъкидлашича, Навальнийнинг ҳаёти яна xавф остида.

Aввалроқ, Жамоатчилик назорати қўмитасининг аъзоси Ева Меркачева Россия Федерал хизмати ҳеч қачон маҳкумнинг колониясига олиб борилгунига қадар унинг жойлашган жойини ошкор қилмаслигини эслатган эди.

Пайшанба куни эса "Матросская Тишина" тергов изоляторида сиёсатчи билан кўришишга келган адвокат Вадим Кобзев Навальний конвойга олинаётганини айтган эди.

Aдвокатга Навальнийнинг қаерга юборилганлиги аниқ айтилмаган, унинг «Ив Роше» иши бўйича шартли жазоси ҳақиқий жазо билан алмаштирилган.

Би-би-си билан суҳбатда Кобзев Навальнийни суд томонидан тайинланган жазони ўташ учун колонияга юбориш мумкин эди, деб тахмин қилди.

Одатда, бундай ҳолатларда қариндошлар маҳкумнинг қаердалиги тўғрисида хабардор қилинади, аммо "Навальний билан ҳамма нарса бошқача", деди адвокат.

Қурилишга ишга жўнатилмоқда

Rossiya militsiyasi

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS

Бир ҳафтада 1086 нафар ўзбекистонлик Россияга ишлашга юборилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Telegram саҳифасида маълум қилишича, ўзбекистонликлар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия Федерациясининг турли қурилиш ташкилотларига юборилмоқда.

Агентлик Россиянинг кўплаб иш берувчи корхоналари вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар билан учрашувлар ўтказаётганини маълум қилган.

«Суҳбатлардан муваффақиятли ўтган фуқаролардан 203 нафари 22 февралда, 246 нафари 23 февралда, 221 нафари 24 февралда Россия Федерациясининг "ПИК Индустрия" АЖ, "СтройКрафт", "Техстрой" ва "СпецГрад" МЧЖларда ишлаш учун Тошкент халқаро аэропорти орқали учиб кетди. Шунингдек, бугун яна 200 нафардан ортиқ фуқароларимизни "ПИК Индустрия" АЖда ишлаш учун ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш режалаштирилган, - дейилади хабарда.

Пандемия давридаги карантин чекловлари боис, Россия ўзбекистонликлар учун 2020 йилнинг апрелидан буён авиақатновларни чеклаган.

Россияда ишлаш учун кета олмаётган ўзбекистонликларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишчиларни уюшган ҳолда чет элга ишга юборишни ташкиллаштирмоқда.

Ўзбеклар пальто ўғирлигида айбланмоқда

Петербургда икки нафар ўзбекистонлик савдо марказидан тахминан $1000 доллар қийматидаги аёллар кийимини ўғирлашда гумонланиб, қўлга олинган.

«6 февраль куни номаълум шахслар Заневский проспектидаги савдо марказидан уч дона аёлларнинг табиий юнгли пальтосини ўғирлаб, воқеа жойидан қочишган. Зарар миқдори 60 минг рублдан кам миқдорни ташкил этади. Ҳодиса юзасидан РФ ЖКнинг 161-моддасига кўра жиноий иш қўзғатилган», хабар берди ИИВ Ленинград вилояти матбуот хизмати расмий сайти.

Ўғриларнинг кундуз куни дўкондан аёллар кийимини олиб қочган воқеаси савдо марказидаги видеокузатувларда қайд этилган.

Тергов-суриштирув ишларида 20 ёшли бу икки шахс Россияга ишлашга келган Ўзбекистон фуқаролари бўлиб чиққанлигини ёзган ИИВ матбуот хизмати.

Аниқланишича, ўзбекистонликлар Россияда нолегал мақомда бўлишган.

Тойиб томдан қулади

Moskva

Сурат манбаси, BBCUZBEK

25 февраль куни Петербургнинг Виборг районидаги янги қурилаётган биноларнинг бирида ишлаётган ишчиларнинг бири юқори қаватдан тушиб кетган.

Воқеа жойига «Тез тиббий ёрдам» чақирилиб, ишчи оғир аҳволда шифохонага етказилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг маълум қилишича, жабрланган ишчи 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Тахминларга кўра, у Светлановский проспектида иш вақтида тойиб кетиб, 6-қаватдан ерга қулаган.

Ҳодиса юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда, ўзбекистонлик ишчининг аҳволи оғирлигича қолмоқда, деб ёзади маҳаллий нашрлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek