Ўзбекистон, Россия ва мигрантлар: энди патент Тошкентда бериладими - video, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Москвадаги кўптармоқли миграция маркази, муҳожирлар ибораси билан айтганда "Сахарова"нинг Тошкентдаги ваколатхонаси иш бошлаш арафасида. Хўш, энди ўзбекистонликлар Россияга ишлашга келишдан олдин Тошкентда патент олса бўладими?
"Москвадан делегация кутаяпмиз"
Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов РИА Новостига берган интервьюсида Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ҳамда кўптармоқли миграция марказларининг ваколатхонаси март ойининг сўнгига қадар иш бошлашини маълум қилган.
"Айни дамда Ўзбекистонда Москва вилояти Сахарово қишлоғида жойлашган "Москва кўпфункцияли миграция маркази"нинг ваколатхонаси ишга тушишга тайёр. У ерда Ўзбекистон фуқаролари Москвада ишлаш учун патент олишлари мумкин" - дейди вазир ўринбосари РИА Новостига.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Расмийга кўра, айни пайтда Россия ИИВнинг паспорт-виза хизмати ходимлари Тошкентда бўлиб, ушбу ваколатхона очилишининг айрим қонуний масалалари ҳал қилинмоқда ва бу ишлар март ойида тугатилиши режаланмоқда.
"Биз марказнинг расмий очилиши учун 16-18 март кунлари Москвадан делегация кутаяпмиз ", — деган Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов.
"Муҳожирлар учун Москва дарвозаси"

Сурат манбаси, official
Москвадаги кўптармоқли миграция маркази 2016 йилдан бери фаолият юритиб келаяпти.
Меҳнат мигрантларини Россияда қонуний бўлишларини таъминловчи зарурий ҳужжатларни расмийлаштиришга ихтисослашган бу марказни Москва мэри Сергей Собянин "муҳожирлар учун Москванинг дарвозаси", деб атаган эди.
Марказнинг асосий мижозлари Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Украина фуқароларидир.
Меҳнат патентини расмийлаштириш xаражати бир киши учун ўртача $200 АҚШ долларига тўғри келади.
Вақтинчалик яшаш рухсатномаси, гувоҳномаси, Россия фуқаролигини олиш каби хизматлар нархи янада кўпроқ.
Миграция масалалари бўйича мутахассислар марказни кўп бора "монополистик ташкилот" эканлигини таъкидлаб келадилар.
Марказ расмий сайтида келтирилишича, пандемия даврига қадар йилига 20 млрд рублга яқин даромад қилган.
14 кунлик кутишдан қутқариши мумкин

Сурат манбаси, official
Москванинг ўзида фаолиятини рақобатчиларсиз юритиб келаётган бу ташкилотнинг Тошкентда ваколатхонасини очишидан мақсадлари ҳали расмийлар томонидан очиқланганича йўқ.
Афтидан, бу билан ноқонуний миграцияни қисқартирилишига умид ҳам боғланган.
Россияга ишга отланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкентда патент олиш жуда қулай.
Бу уларни Москвага келгач, патент учун ҳужжат топшириб, унинг тайёр бўлишини 14 кун кутишдан қутқариши мумкин.
Бу вақтда мигрантларнинг ишсиз ўтириши ёки патент чиққунича, ноқонуний ишлаб туриш жараёнида қўлга тушиш, жарима ва депортация қилиниш каби кўнгилсизликларнинг олдини олади.
Расмийларга кўра, март ойининг охирига қадар очилиши режалаштирилаётган Москва кўптармоқли миграция марказининг Тошкент ваколатхонаси фаолиятининг қонуний жиҳатларига оид жараёнлар ҳал этилиши билан бирга Россия томони паспорт-виза қонунчилигининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш киритиши кераклиги таъкидланган.
Миграция варақасиз патент бериладими?

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Меҳнат вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов РИА Новостига "Москва кўпфункцияли миграция маркази"нинг ваколатхонаси ишга тушишга тайёрлигини маълум қилган ва у ерда Ўзбекистон фуқаролари Москвада ишлаш учун патент олишлари мумкинлигини билдирган.
Меҳнат патенти расмийлаштирилиши учун муҳожирга қўйиладиган биринчи талаб - миграция варақаси ва қайди (яъни "миграционка ва регистрация") бўлади.
Ҳозирча фақатгина Россияга кириб келгач бериладиган бу икки ҳужжатсиз ҳам патент расмийлаштирилиши мумкинми-йўқми, маълумотлар йўқ.
Аммо хабарда Россияга меҳнат қилиш учун келаётган фуқаролар дактилоскопия ва тиббий кўрикни Россиянинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ўтишлари ҳақида сўз юритилган.

Сурат манбаси, official
Бу Миграция марказининг Тошкент ваколатхонасида патент учун айрим зарурий ҳужжатларни расмийлаштириш мумкинлигини билдиради.
Тиббий кўрик, бармоқ изи олиниши каби жараёнлар Россияда бажарилади.
Демак, патентнинг Тошкентда берилиши ва муҳожирларни бу қулайликдан фойдалана олишлари каби тахминлар ҳозирча аниқ эмас.
Кўптармоқли миграция марказининг расмий сайти ва саҳифаларида ҳам ҳали бирон бир маълумот берилганича йўқ.
Россиянинг "Спутник" нашри айни дамда Россия ИИВ меҳнат мигрантлари фаолиятига доир янги қонун ишлаб чиқаётганини маълум қилган.
Авиабилетлар нархи тушди, йўллар очиладими?

Сурат манбаси, Getty Images
Россияда пандемия xавфи камайиб, карантин чекловлари юмшай бошлади.
"Москва-Тошкент" авиабилетлари нархи ҳам кескин тушди.
Мартнинг биринчи ўн кунлигида 26 000 рубль атрофида бўлган билет нархлари 8 мартдан буён 10-12 000 рублга пасайди.
Муҳожирларга иш берувчи корхона-ташкилотлар яна мигрантларни ишга қабул қилиш бошланганини билдиришмоқда.
Ўзбекистонда юзлаб кишилар Россияга ишга кетамиз, деб чоғланиб туришибди.
Ўзбекистон куздан буён Россиядан ўз фуқаролари учун эшикларини очишини сўрамоқда.
Аммо Россия ҳозирча "жим".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















