Россия шарт қўйяптими – рейслар қачон бошланади? Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Россия шарт қўйяптими - мунтазам авиарейслар қайта тикланиши учун Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш керакми? Россия билан парвозлар шу кунларда яна минтақада кун тартибига чиққан мавзулардан бири бўлади.

Худди шу саволлар кеча, 15 февраль куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг расман раддия билан чиқишига сабаб бўлган.

Вазир Сирожиддин Муҳриддинов матбуот анжумани берган.

Унга кўра, "Россия авиарейсларни қайта тиклаш учун ўзларига бирор бир шарт қўймаган".

"Бунинг учун ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиши шартлиги"ни ҳам айтмаган.

Ташқи ишлар вазирининг баён қилишича, Тожикистоннинг бу иттифоққа аъзолиги масаласи ҳануз муҳокама остида, "бу хусусда мавқеълари ҳалича ўзгармаган".

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, вазир рад этган гап-сўзлар савдо-сотиқ бўйича ҳамкорлик юзасидан икки давлат Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-9 февраль кунлари бўлиб ўтган йиғилиши ортидан юзага чиққан.

Маълум бўлишича, томонлар мазкур йиғилиш чоғида ҳам икки ўртада мунтазам ҳаво парвозларини тиклаш масаласида бир тўхтамга кела олишмаган.

Нашрнинг ёзишича, Тожикистон Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласини олти йилдан буён кўриб чиқади.

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қирғизистон ва Қозоғистон расман ушбу иттифоқнинг аъзоси саналишади.

Ўзбекистон ўтган йил охирида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошида расман кузатувчи мақомини қўлга киритган.

Туркманистон минтақадаги ягона нейтрал мамлакат бўлса, Тожикистон бу масалада ҳалича якуний тўхтамга келмаган сўнгги Марказий Осиё давлати бўлади.

Россия глобал коронавирус пандемияси сабаб, мунтазам халқаро парвозларни айрим истиснолар билан ўтган йил март ойида расман тўхтатган.

Худди ўша йилнинг август ойига келиб, халқаро авиарейсларни яна босқичма-босқич йўлга қўйишга киришган.

Сентябрь ойидаёқ Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат айнан Қирғизистон ва Қозоғистон билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта йўлга қўйган.

Кеча, 15 февралдан бошлаб эса, Қирғизистон билан мунтазам парвозлар сонини янада кўпайтирган, ҳафтасига биттадан учтага оширган.

Қозоғистон ва Қирғизистон эса, бошқа томондан, минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон икки давлати бўлади.

Россия Ўзбекистон илова қолган уч минтақа давлати билан ҳалича мунтазам авиарейсларни қайта тикламаган, шу кунга қадар имконли бўлган хабарлардан бу масаланинг ҳали- ҳануз муҳокамалар остида экани кўрилади.

Ҳукуматлараро комиссиянинг 8-9 февраль кунги йиғини эса, шахсан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг "коронавирус устидан буткул ғалаба қозонганликлари"га оид баёнотидан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Агар, расмийларнинг сўнгги ойларда қилаётган баёнотларига таянилса, Ўзбекистонда ҳам эпидемиологик вазият аллақачон барқарорлашган.

Туркманистон эса, аввалбошдан ўзларида бирор бир коронавирус ҳолати қайд этилмаганини расман баён қилиб келади.

Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Шу йил 8 февраль куни Россия Федерацияси Таълим ва илм-фан вазирининг буйруғи билан вазирлик қошидаги олий ўқув юртларида кундузги ўқиш жараёнининг бошланиши Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасининг махсус ахборот билан чиқишига сабаб бўлган.

Элчихона ахборотида ҳам ҳозирги вақтда Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Россия Федерацияси ҳудудига тўсқинликларсиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар тоифасига кирмаслиги айтилган.

Asia-Plus интернет нашрининг экспертлар фикрига таяниб ёзишича, жорий йилда ҳам Тожикистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши эҳтимоли ҳақиқатдан анча йироқ.

Уларга кўра, биринчидан, бу ерда асосий ролни Россияда давом этаётган пандемия ва карантин омили ўйнайди.

Яъни, Россия раҳбарияти мавжуд вазиятда иттифоқнинг кенгайиши, унга янги аъзолар кириши, чегараларини меҳнат миграциясининг янги тўлқини учун очишга хайрихоҳ бўлмаслиги мумкин.

Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Ҳозирга келиб, Россияда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 4 миллиондан ортган.

Яқинда Россияда ҳам коронавируснинг "ўта юқумли" экани айтилган британча штамми расман қайд қилингани хабар берилган.

Ўзбекистон-Россия: Парвозлар қачон тикланади?

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Бу, ойларки, кўпчилик ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган саволлардан бири бўлади.

Глобал коронавирус пандемияси боис, ўтган йил март ойида ҳар икки давлат халқаро парвозларни тўхтатган.

Орада россиялик масъуллар бир неча бор умидбахш баёнотлар билан чиқишган.

Уларнинг ҳар бир чиқиши Ўзбекистондаги нашрлар эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Аммо эҳтимолий ваъда ва режалар шу пайтгача амалга ошмаган.

Ўтган cентябр ойида Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бу масалага тўхталган.

Худди ўша пайтда Транспорт вазирлигининг ҳам бу хусусдаги изоҳи кўзга ташланган.

Баҳодир Юсупалиев Россия билан авиақатновларнинг худди ўша ойда бошланиши эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Аммо карантин чоралари яна юмшатилган 5 сентябрдан кейинги ҳолатни баҳолаш учун вақт кераклигини тушунтирган.

Aгар касалланиш ҳолатлари камайиб борса, Россия билан авиақатновлар тикланиши мумкинлигини айтганди.

Унга кўра, ўзларида "қайси хорижий давлатларда камроқ янги ҳолатлар аниқланаётганлиги ва қаерда касалланганлар бўйича аниқ маълумот бўлиши учун ПЗР-текширувлари жиддий ўтказилаётганлигини аниқлайдиган низом бор".

"Худди шу таҳлилга асосланиб, авиақатновларни очиш бўйича қарор қабул қилишади".

Масъулнинг айтишича, "бу динамик жараён", унинг ўйлашича, "кейинчалик чегаралар кенгроқ очилади".

Бу савол билан ўшанда Россиянинг "Коммерсантъ" нашри қизиққан.

Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари мазкур нашрга интервью берганди.

Транспорт вазирлиги эса, бу масалада Россия билан ҳам музокаралар давом этаётгани, тез орада янгилик бўлиб қолиши мумкинлигини айтганди.

Ўзбекистон мунтазам ҳалқаро қатновларни 4 сентябрдан тиклай бошлаган.

Россия бу ишга биринчи августдан бошлаб киришган.

Россия томонига кўра, авиақатновларни тиклашда ўзаро розилик тамойилига асосланишмоқда.

Яна хавфсизлик критерияларидан келиб чиқиб, қарор беришмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek