Дайжест. Россия: Мигрантлар хавфлими ёки уларнинг жойи? Депутатлар нега мигрантларга қарши курашмоқчи? Rossiya O‘zbekiston migrant dunyo yangiliklar

Россия эмлаш маркази

Сурат манбаси, BBC O'zbek

  • Мигрантлардан нега қўрқишаяпти?
  • Янги штаммни муҳожирлар олиб келдими?
  • Мигрантларга ЕОИИ имтиёзлари эслатилди;
  • ПСР тестлар натижаси муддати қисқартирилди.

"Визанинг вақти келди"

«Россия Марказий Осиёдан келган мигрантлар учун визани жорий этиш вақти келди». Бу Россия Давлат Думаси депутати Сергей Миронов мигрантларнинг хавфлилиги ҳақидаги фикрларидан иқтибос.

Депутат Сергей Миронов расмийларга Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий этишни таклиф қилиб, бу меҳнат мигрантлари оқимига қарши курашишга ёрдам беришини таъкидлади.

Парламент аъзоси муҳожирлар оқими туфайли жиноятчилик кўпайиши мумкинлигидан хавотирда. Бундан ташқари, арзон ишчи кучи иқтисодиётнинг ривожланишига катта тўсқинлик қилишини билдирди.

Депутат билан суҳбатлашган маҳаллий нашрлардан бири ноябрь ойи охирида мигрантлар орасида ўтказилган текширувларни келтиради.

"Москва вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари мигрантлар яшайдиган квартиралар ва ноқонуний ётоқхоналарда рейд ўтказди. Натижада уч нафар Россия фуқароси (улар федерал қидирувда эди) ва 275 нафар хорижлик қўлга олинди, улардан 23 нафари мамлакатдан чиқариб юборилди", - дейилади хабарда.

Расмийга кўра, нафақат нолегал мигрантлар, балки улар яшаб турган жойлар ҳам Россия учун хавфли.

"Текширилган биноларнинг аксарияти рухсатномасиз қурилган, бу биринчи навбатда аҳоли ҳаёти учун хавфлидир", —дейди депутат Миронов.

Алоқадор мавзулар:

Россияга янги штамм қаердан келди?

Россияда бино томини қордан тозалаётган мигрант

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Депутат Сергей Миронов ғоясига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегарада вақтинчалик виза режими ишлай бошлаши керак.

"Бундан ташқари, биз Россияга коронавируснинг янги штаммлари кириб келиши эҳтимолини минималлаштиришимиз керак", — дея қўшимча қилди Миронов.

Аммо коронавируснинг янги штаммлари Марказий Осиёдан эмас, Европа мамлакатларидан кириб келаётгани ҳақида сўз юритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 6 декабрь куни Россияда янги штамми билан касалланишнинг дастлабки икки ҳолати қайд этилди. Роспотребнадзор маълумотларига кўра, у Россияга Жанубий Африка Республикасидан кириб келганларда топилган.

Ҳуқуқми, имтиёз?

Қорда ишлаётган мигрант

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Россия ҳукуматига қарашли «Спутник» нашри Ўзбекистон ЕОИИ га аъзо бўлган тақдирда Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган миллионлаб ўзбекистонлик мигрантлар учун қандай енгилликлар бўлиши мумкинлигини эслатди.

Нашр Россияда яшаётган ва ишлаётган хорижлик фуқаролар ҳуқуқларидан бир нечасини санаб, ЕОИИ га аъзо давлатлар фуқаролари учун имтиёзлар деб атаган.

«Мигрантлар барча ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар» деб бошланади мақола.

Россия нашри «рўйхат» деб номлаган хабарда 3 та энг муҳим жиҳат мисол тариқасида келтирилади. Бу маълумотларни Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) Меҳнат миграцияси ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш департаменти директори Олтинай Омурбекова келтиргани билдирилади.

«Агар республика ЕОИИга кирса, Ўзбекистондан келган мигрантлар бундан наф кўришини айтди», дейилади мақолада.

Яъни, «фуқаролар "бешлик" нинг бошқа давлатларидан ташриф буюрувчиларга тегишли бўлган барча имтиёзларга эга бўлишади» дейилади.

Бироқ миграция масалалари бўйича экспертлар айни пайтда Россияда меҳнат муҳожирлигидаги "бешлик" фуқароларининг амалдаги мақоми Ўзбекистон ёки Тожикистон фуқаролариникидан кўп ҳам фарқ қилмаслигини айтишади.

- Мигрантлардан юристларимизга кунига 200-300 та ёрдам сўралган телефон қўнғироқлари бўлади. Уларнинг энг катта қисми - қирғизистонликлардир, - дейди «Тонг жаҳони» МЧЖ раҳбари, мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик.

Мақолада келтирилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни автоматик равишда тан олиниши эса ЕОИИ га аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари учун ҳозирда ҳам амал қилади.

«Мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан бир хил фойдаланиш имкониятига эга бўладилар», - дейилади мақолада.

Россия қонунчилигига мувофиқ, бепул шошилинч тиббий ёрдамдан мамлакатдаги фуқаролигидан қатъий назар, барча инсонлар бирдек фойдаланади.

Энди 2 кун ичида

Роспотребнадзор коронавирус учун ПCР тестининг салбий натижаси давомийлигини 72 соатдан 48 соатга қисқартирди.

Шунингдек, Ковид билан касалланган беморлар билан алоқада бўлган шахслар фақат касаллик аломатлари бўлсагина ПCР тестини ўтказиши кераклигини белгилади.

"Ковид-19 бемори билан алоқада бўлган шахсдан биологик материал намунаси коронавирус лабораторияси текшируви учун Ковид-19 га ўхшаш касалликнинг клиник белгилари пайдо бўлганда амалга оширилади", - дейилади ташкилотнинг расмий сайтидаги ҳужжатида.

Бўлимнинг аниқлик киритишича, беморни ихоталаш даврида касаллик белгилари ривожланмаган бемор билан алоқада бўлган одамга касалхонадан жавоб бериш ПCР тестисиз амалга оширилади.

Аввалроқ мутахассис Анна Попова Омикрон штаммининг ўзига хос хусусиятлари туфайли коронавирус учун салбий ПCР тест муддатини қисқартириш режасини эълон қилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek