Россия, мигрантлар: пул юбориш ҳам ортаяпти, тобутлар келиши ҳам. Россияликлар пулларини олиб чиқиб кетаяптими? Муҳокама якунланди, таклифлар қани? Ўзбекистон, МДҲ, янгиликлар

  • Москвадаги ёнғин қурбонлари 19 ва 36 ёшда эдилар
  • Бир йилда камида мингга яқин "200-юк Ўзбекистонга борадими?
  • Мигрантлар икки ойда Ўзбекистонга рекорд пул юборишган
  • Конституция ўзгариши: 117 мингдан ортиқ таклифда нималар берилган?
  • Туркия ва Озарбайжон вазирлари Тошкентга келади.
пожар

Сурат манбаси, RF Tergov qo'mitasi

Сурат тагсўзи, Хостелдаги ёнғинда 8 киши қурбон бўлган, 4 киши жароҳатланган.

Россияда яна 2 қурбон

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москвадаги ётоқхоналарнинг бирида ёнғин оқибатида вафот этган икки нафар ўзбекистонликнинг жасади ватанга қайтарилиши бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Алма-Атинская кўчасидаги хостелда содир бўлган ёнғинда 8 киши вафот этган, 4 киши жароҳатланган.

Бахтсиз ҳодисада қурбон бўлганларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқароси эканлиги аниқланган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хостел деразаларидаги панжаралар ва ёнғин содир бўлган вақтда ишламай қолган сигнализация одамларни қутқариб қолишга тўсқинлик қилгани ҳақида баёнот берган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги берган маълумотга кўра, ёнғинда вафот этган ўзбекистонликлар 36 ва 19 ёшда бўлишган.

Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ва айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Алоқадор мавзулар:

Қанча тобут қайтаяпти?

Расмий рақамларга кўра, Россияда икки миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.

Улар орасида турли сабабларга кўра қийин вазиятларга тушиб қолганлар ёки бахтсиз ҳодисалар қурбонлари ҳам бўлиб туради.

Ўтган ойда Миграция агентлиги январ-июн ойларида оғир аҳолга тушиб қолган 427 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилганини маълум қилганди, аммо ватанга қайтарилган "200-юк"лар сони очиқланмаган.

Агентлик ҳисобига қадар, Россиядан Марказий Осиёга юбориладиган тобутлар сони йилига 7000 га яқин эканлиги ҳақида норасмий маълумотлар бор эди.

Миграция агентлиги сўнгги йилларда Россиядан Ўзбекистонга қайтарилаётган жасадлар сонини қайд этиб бормоқда.

Масалан, 2019 йилда 308 нафар, 2020 йилнинг 10 ойида 568 ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг жасадлари ватанга қайтарилганини эълон қилганди.

Аммо бу рақамларни ҳам аниқ деб бўлмайди.

РОССИЯ ФВВ

Сурат манбаси, РОССИЯ ФВВ

Сурат тагсўзи, Ўтган йили Томскда 10 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган эди.

Йилдан-йилга ўзбекистонликлар ҳукумат ёрдамидан хабардор бўлиб, мурожаат этиши ҳисобига расмий статистикада рақамлар ортиши мумкин.

Аммо ҳозирча Россияда дунёдан кўз юмган мигрантларнинг жасадлари уларнинг яқинлари томонидан мустақил равишда юборилиши ёки олиб кетилиши ҳали давом этмоқда.

Кузатувчилар бу кўрсаткич миграция агентлиги орқали юборилган "200-юк"лардан 2 баробар кўп бўлиши мумкинлигини тахминлашади, яъни бир йилда камида мингга яқин "200-юк" Ўзбекистонга кириб бориши айтилади.

Россиядан энг кўп пул қаерларга юборилди?

Россияда АҚШ доллари курсининг 2 ойлик қулаши МДҲнинг айрим давлатларига пул ўтказмалари ҳажми бўйича рекорд ўрнатилишига олиб келди.

- Жорий йилнинг апрель-май ойларида Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари ҳажми рекорд даражада бўлди ва айрим ҳолларда тарихий максимал даражага етди, - деб ёзади "Коммерсант" нашри.

Энг кўп пул юборилган мамлакатлар қаторида Арманистон, Грузия ва Қозоғистон тилга олинган.

"Коммерсант" экспертларининг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатларига нақд пул оқимининг ўсиши россияликлар Россия Федерациясидан чиқиб кетганидан кейин халқаро тўлов тизимларининг ҳисоб рақамлари ва карталарини очиши билан боғлиқ.

Транскавказга келсак, пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши асосан миграция билан боғлиқ: Арманистон ва Грузия Москва Украинада ҳарбий махсус операцияни бошлаганидан кейин Россия Федерациясидан чиқиб кетган кўчирувчилар учун жозибадор давлатлар қаторига кирди, дея ҳисоблашмоқда таҳлилчилар.

Ўзбекистонга эса апрель-май ойларида хориждан 1,07 миллиард доллар тушган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробар кўпдир.

Май ойида 1,65 млрд доллар (ўсиш 2,7 марта), июнь ойида 2,32 млрд доллар (ўсиш 3,25 марта) ўтказилган.

Экспертлар июнь ойидан бошлаб бир қатор мамлакатларнинг марказий банклари трансфертлар ўсишининг секинлашиб, анъанавий ҳажмда амалга оширилаётганини кузатганлар.

Россия банки эса апрель ойидан бери трансчегаравий ўтказмалар бўйича маълумотларни эълон қилгани йўқ.

Муддати уч марта узайтирилган муҳокама

Ўзбекистон конституцияси

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Конституцияси мустақилликнинг 30 йилида 16 марта ўзгарди ва қисқа вақт ичида дунёда энг кўп ўзгартирилган конституциялардан бири ҳисобланади.

1 август куни Ўзбекистонда Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунланди, бу муҳокама 25 июндан бери давом этмоқда эди.

Жамоатчилик муҳокамаси 3 марта узайтирилди, 2 марта 10 кундан ва кейин яна 15 кунга узайтиришга қарор қилинган.

Конституциявий комиссия матбуот хизмати Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари "фуқаролардан келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттириш"ини маълум қилди.

Мазкур жараён қанчалик очиқ бўлиши эса ҳозирча номаълум. Комиссия доимий равишда "ўзгартишлар манбаи халқ" эканлигини таъкидлашига қарамасдан, Асосий қонуннинг дастлабки лойиҳасига киритилган бир қатор ўзгартиришлар ўзбекистонликлар учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Нафақат қонун лойиҳаси, балки умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш қарори ҳам депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди, - деб ёзади «Газета.уз» нашри.

1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда республика мақомини ўзгартириш бўйича таклиф қилинган ўзгартишлар сабаб бўлган намойишлардан сўнг Қорақалпоғистонга оид моддалар лойиҳадан чиқариб ташланди.

Конституциявий комиссия маълумотларига кўра, 30 июль ҳолатига кўра, фуқаролар ва ташкилотлардан 117,3 мингдан ортиқ (шундан 62 мингдан кўпроғи лойиҳа эълон қилингунга қадар) таклиф келиб тушди. Шундан энг кўп қисми — 77,6 мингдан ортиғи телефон орқали қабул қилинган. 24,3 минг таклиф эса "Бу менинг Конституциям" сайти орқали келган. 14,5 минг таклифни эса фуқаролар шахсан етказган. Коллектив мурожаатлар сони эса 860 та атрофида.

"Фуқароларнинг таклифлари билан танишиш имкони йўқ — 25 июндан кейин таклифларни қабул қилишга оид сайтда эълон қилиб борилмади", - таъкидлайди нашр.

"Музокаранинг янги механизми"

Тошкентда илк бора Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари уч томонлама музокара ўтказади.

Бу ҳақда душанба кунги брифингда маълум қилган Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов, бу музокарани "мутлақо янги механизм", дея таърифлади.

Ўзбекистон президенти матбуот котибининг билдиришича, музокаралар уч мамлакат раҳбарларининг ўзаро келишувлари асосида ўтмоқда.

- "Музокаралар кун тартибидан минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестициялар, инновациялар, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини белгилаш ўрин олган", — деди Шерзод Асадов.

Хабарга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этиши кутилаётган Туркия ТИВ раҳбари Мавлут Чавушоғли ва Озарбайжон ТИВ раҳбари Жейҳун Байрамовни қабул қилиши режалаштирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek