Марказий Осиё чегараси бузилди, Россия ҳозирча жим, Хитой хавотирдами?

"Тўрт жангари йўқ қилинди"
Расмий хабарларга кўра, сўнгги ҳодиса 18 январ куни юз берган.
Бир Марказий Осиё давлати мисолида яна Тожикистоннинг давлат чегараси бузилган.
Тожикистон томони бу гал "тўрт жангари йўқ қилингани"ни айтган.
Тожикистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси уларни "террорчи ташкилотнинг қуролли аъзолари", деб атаган.
Аммо қўмита шундай деркан, айнан қай бир гуруҳни назарда тутаётганлигини очиқламаган.
Тожикистонлик масъулларга кўра, жангарилар Афғонистондан келишган, Бадахшон орқали мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишган.
ТМХДҚ Чегара қўшинлари ахборотида айтилишича, улар "чегарачиларнинг таслим бўлиш тўғрисидаги буйруғига қулоқ тутишмаган ва қуролли қаршилик кўрсатганлар".
"Ҳарбий ҳаракатлари чоғида тўрт террорчининг барчаси бирдек зарарсизлантирилган".
Тожикистонлик чегарачилар орасида бирор бир талафот бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.
Жангарилар нима мақсадда бўлишгани, нега Тожикистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишгани тафсилотлари бу гал ҳам номаълумлигича қолмоқда.
Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан энг узун чегарага эга иккита давлати бўлишади.
Аммо сўнгги икки ойча вақт ичида юз берган ҳар тўрт ҳодисада ҳам нишон айнан Тожикистон бўлган.
Улардан ҳеч бирига масъулиятни ҳали-ҳануз бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган.
Акс-садолар
Afg‘oniston hududidan qo‘shni davlatlar va butun mintaqa xavfsizligiga tahdid yaratish uchun foydalanilmasligi kerak.
Воқеаларнинг ўзларига минтақадош Тожикистон билан боғлиқ сўнгги ривожига ҳозирча қолган бирор бир минтақа давлати пойтахтининг расмий муносабати кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон Афғонистон баробарида Тожикистонга ҳам чегарадош.
Тожикистонга кетма-кет ҳужумлар ортидан эса, уларнинг сабаби, мақсади ва иштирокчиларининг кимлиги ҳам ноаён қолди.
Бу каби бир ҳолат айни мазмундаги хабарлар аҳамиятини янада бўрттирди, ташвиш ва хавотирларни кучайтирди.
Афғонистон таҳдиди ва минтақа барқарорлиги Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари қаршисидаги узоқ йиллик энг устивор масала, муаммолардан бири бўлади.
Ўтган ой Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг тожикистонлик ҳамкасбим билан телефон орқали мулоқот қилгани, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашгани расман хабар берилган.
Ушбу мулоқотлар чоғида Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг муҳокама қилингани ёки йўқлиги маълум эмас.
Айнан Толибон Афғонистонга қудратга қайтиши ортидан Ўзбекистон ва Тожикистон афғон тупроғидан ракета ҳужумига учраган.
Ўшанда бу ҳужумларга масъулиятни ҳозир Афғонистонда энг жангари ва ҳалокатлиси экани айтилувчи ИШИДнинг Хуросон қаноти ўзининг зиммасига олиб чиққан.
Айнан Афғонистон илдизлари Ўзбекистон илова Марказий Осиёга бориб тақалувчи турли жангари гуруҳлар ҳам сўнгги икки ўн йилликдан кўпроқ вақт давомида бошпана топиб, жанг қилиб ва омон қолган аъзолари ҳануз жон сақлаб келаётган давлат сифатида кўрилади.
Афғонистондаги Толибон ҳукумати АҚШ билан Доҳада эришилган "тинчлик битими" шартларига қатъий амал қилиши, бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб учинчи бир давлатга таҳдид солишига йўл қўймаслигини айтиб келади.
Аммо ИШИД гуруҳи Хуросон қаноти ўзининг иши эканини даъво қилиб чиққан икки Марказий Осиё давлатига қаратилган ҳужумлар Толибон ҳукуматининг худди шу ваъдаси манзарасида кузатилган.
Шу кунларда Ўзбекистон, тўрт йил деганда, Термиз-Ҳайратон кўприги орқали фуқаролар ҳаракатини ҳам қайта тиклагани расман хабар берилган, Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан фаол дипломатик мулоқотда бўлган, ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ҳаракатидаги давлат.
Тожикистон ва Туркманистоннинг Афғонистон билан чегараси Ўзбекистонникига қараганда анча узун, ҳимояси бу икки давлат мустақиллиги билан кечган бир неча ўн йил оралиғида четда ҳам хавотирларга сабаб бўлиб келган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги танглик ҳануз юмшамаган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Тожикистон яқин-яқингача минтақанинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан дипломатик алоқалар ўрнатишга ошиқмаган ягона давлати бўлган.
Томонлар ўртасидаги муносабатларнинг фақат сўнгги ойларга келиб илий бошлагани кузатилади.
Расмий хабарларга кўра, 18 январ кунги ҳодиса юзасидан жиноий иш ҳам қўзғатилган ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
Тожикистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хавфсизлигини таъминлаш учун бундан буёғига ҳам "барча куч ва воситалар ишга солиниши"га ишонтирган.
Ёмонлашган вазият

Тожик-афғон чегарасидаги вазият сўнгги ойларда кескинлашган.
Тожикистон ўтган йилнинг 26 ва 30 ноябр кунлари Афғонистондан устма-уст ҳужумга учраган.
Ўшанда Тожикистонда ишлаётган беш нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган ва яна беш кишининг яралангани айтилган.
Томонлар бунинг ортидан улар юзасидан тергов ишлари бошланганини расман хабар беришган, аммо ҳалича дастлабки натижаларини матбуот билан бўлишишмаган.
Кейинги кетма-кет ҳодисалар эса, орадан бир ойча ўтиб, 23 декабрдан 24 декабрга ўтар кечаси юз берган.
Бу ҳодисада "террорчи ташкилотнинг уч нафар қуролли аъзоси" Тожикистон ҳудудига кесиб ўтгани, тўқнашувлар чоғида улардан барчасининг ўлдирилгани, аммо Чегара қўшинларининг икки нафар зобити ҳам ҳалок бўлгани айтилган.
Афғонистондаги айрим нашрлар ўша пайтда бу жангариларнинг "Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳи аъзолари бўлишгани ҳақида ҳам ёзишган.
2010-йиллар бошларида Тожикистон Бош прокуротураси "Жамоат Ансаруллоҳ"нинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансуб гуруҳ эканини айтганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Мулозимлар бу гуруҳни "ал-Қоида" тармоғи молиялашини ҳам иддао қилишган.
Бошқа бир хабарларда, "Жамоати Ансаруллоҳ" бундан ўн йилча аввал Покистоннинг Вазиристон минтақасида ташкил топгани айтилади.
Афғонистондаги айрим нашрларда бўй кўрсатган айни мазмундаги хабарларга мазкур гуруҳнинг муносабати имконсиз.
Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбари Александр Бортников 2019 йилда "ИШИД бўлинмаларининг Афғонистонда "Хуросон" қаноти остида фаоллашишаётганини қайд этаётганликлари"ни билдирган.
"Жамоат Ансаруллоҳ" ва "Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати" улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришаётгани"ни айтган.
"Уларнинг мақсади - МДҲ ҳудудида кенгайиш учун плацдарм яратиш" экани, "бу кенгайиш айнан Марказий Осиё фуқаролари ҳисобига амалга оширилиши"ни ҳам таъкидлаганди.
Тожикистон сўнгги ҳужумларни кескин қоралади ва Толибон ҳукуматидан ўзаро чегарада хавфсизликни таъминлаш ва бу ҳодисаларга алоқадор барча шахсларни ҳибсга олишни талаб қилди, яна Толибон ҳукумати Тожик халқидан узр сўраши кераклигини айтди.
Сўнгги ҳодиса ортидан ҳам Хитой яна Тожикистондаги фуқаролари ва корхоналарини зудлик билан хавфсиз жойга ўтиш ва тожик-афғон чегарасидан узоқроқ туришга даъват этганига оид хабарлар бўй кўрсатди.
Хитойликлар Тожикистонда кончилик ва қурилиш ишларида фаолият юритишади.
Яна бир ҳужум...

Хитой Кобулдаги ҳалокатли портлашдан кейин ҳам Толибондан ўз фуқароларини ҳимоя қилишни талаб қилган.
Кеча, душанба куни Кобулдаги Хитой ресторанида юз берган портлаш камида 7 кишининг умрига зомин бўлган.
Кобул полицияси юз берган ҳодиса сабаби ҳануз текширилаётганини айтганига қарамай, портлашга масъулиятни ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.
Хитой Покистоннинг узоқ йиллик иттифоқчиси бўлиш баробарида Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг ҳам энг яқин иқтисодий, дипломатик ҳамкорларидан бири бўлади.
Тожикистон эса Афғонистон баробарида Хитойга ҳам чегарадош ягона Марказий Осиё давлати.
Хитой Тожикистоннинг ҳам энг йирик савдо-иқтисодий шериги, сармоячиси ва кредиторларидан биридир.
Ўтган ой бошида Афғонистондан Толибон ҳукумати Хитой фуқароларига қаратилган ҳужумлар билан алоқадорликда икки кишини қўлга олганига оид хабарлар ҳам олинди.
Аммо мазкур хабарларда уларнинг кимликлари ноаён қолгани кўрилди.
Хитой ҳам Афғонистонга чегарадош олтита минтақа давлатидан биттаси.
Расмий Пекин, айниқса, узоқ йиллар давомида Афғонистондан бошпана топиб келган ва асосан уйғурлардан ташкил топгани айтилувчи Шарқий Туркистон исломий ҳаракатини ўзининг хавфсизлигига таҳдид сифатида кўриб келган ҳамда келади.
Бошқа томондан, Хитойнинг кучайиб бораётган иқтисодий экспансиясига минтақа аҳолиси орасида ҳам муносабат бир хил эмас, бу орада айрим Марказий Осиё давлатларида норозилик чиқишларигача сабаб бўлган.
Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Тожик-афғон чегарасида юз берган сўнгги ҳодисага Россиянинг муносабати ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.
Аммо бундан аввалги икки ҳужумни Тожикистон, Хитой ва Толибон ҳукумати ортидан Россия ва Хитой ҳамшамсияси остидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам кескин қоралаб чиққан.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатлар ва бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид яратиш учун фойдаланилмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Расмий Душанбе орада Афғонистон билан давлат чегарасининг қўшма ҳимоясига "гўёки россиялик ҳарбийларни жалб қилиш учун Россия ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти билан музокаралар олиб бораётгани"га оид айрим Ғарб нашрларида бўй кўрсатган хабарларни расман рад этган, "бунинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги"ни баён қилган.
Тожикистон тўртта Марказий Осиё давлати қаторида Россия шамсияси остидаги ҳарбий блок саналувчи Коллектив Хавфсизлик Шартномасига ҳам киради.
Россия томони орада Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида, дейишгача борган.
Жумладан, 2023 йилда ўша пайтда Россия Мудофаа вазири бўлган Сергей Шойгу Америка бунинг учун Афғонистондаги "ноқонуний қуролли гуруҳлар салоҳиятидан фойдаланмоқчи" эканини ҳам даъво қилган.
У ўшанда, "келажакда уларнинг қўшни давлатларга кириб бориши, хусусан, террорчилик ҳаракатлари содир этиши мумкин"лигини ҳам башорат қилган.
Аммо имконли бўлган хабарларда, шундай деркан, Россия Мудофаа вазирининг ўз сўзларига бирор бир исбот-далил келтиргани-йўқлиги ноаён қолганди.
Толибон ҳукумати эса, Тожикистондаги Хитой фуқароларига қарши қаратилган ҳужумлар давлатлар ўртасида "ишончсизлик" пайдо қилишга интилаётган "душманлар"нинг иши эканини айтган.
Аммо бу билан айнан кимни назарда тутаётганлигини очиқламаган.
Агар, тожикистонлик масъуллар тақдим этган маълумотларга таянилса, ўтган йилнинг биринчи ярмида тожик-афғон чегарасида Тожикистон хавфсизлик кучлари ва афғон наркодилерлари ўртасида ҳам ўнта қуролли тўқнашув қайд этилган.












