Россия ҳозирча жим, Ўзбекистон, Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид кучаядими? Видео

Сурат манбаси, EPA/GETTY/BBC
- Author, Feruza Rahmon
- Role, bbc.com/uzbek
- Ўқилиш вақти: 13 дақ
Шу кунларда яна янги хавотир ва саволлар бўй кўрсатди...
Минтақа янги бўҳрон қаршисида қоладими?
Марказий Осиёга Афғонистон таҳдиди қайта кучаядими?
Шу йилнинг ўзида Афғонистонга икки миллионга яқин қочқиннинг қайтарилиши янги саволларни пайдо қилди.
Бу Афғонистонни янги инқироз хавфи остида қолдиради, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни издан чиқаради, деган қўрқувларни янада кучайтирди.
Марказий Осиё давлатлари эса бу каби бир эҳтимолдан шундоқ ҳам аллақачон хавотирда.
Бу улар аксариятининг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан нега фаол мулоқотда эканликларининг бош сабаби ва изоҳларидан бири ўлароқ ҳам тақдим ва талқин этилади.
Нима гап - тафсилотлари учун видеомизни ҳам кўринг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Янги инқироз хавфи...

Сурат манбаси, Getty Images
Саноқли ойларнинг ичида бир миллиондан ортиқ қочқин биргина Эроннинг ўзидан ортга қайтариларкан, ёрдам идоралари аллақачон ташвишда.
Улар энди Афғонистонда фавқулодда вазият кучаяди, деган хавотирда.
Эрондан миллионлаб афғон бошпана топган, улардан аксарияти ноқонуний мавқеъда.
Одамлар Толибон қудратга қайтган пайтда ҳам Эронга қочишган.
Шу йил январ ойидан буён Эрондан Афғонистонга қайтарилган афғон қочқинларининг умумий сони бир миллиондан ортган.
Халқаро Миграция Ташкилотига кўра, улардан 70% фоизи мажбуран ортга қайтарилган.
Халқаро Қизил Хоч ташкилоти шу йил охиригача яна бир миллион одам Эрондан Афғонистонга қайтади, деган фикрда.
Бу Афғонистоннинг шундоқ ҳам абгор кўмак тизимига оғир юк бўлиши мумкин.
Эрон Исроил билан сўнгги қуролли низодан кейин афғон қочқинларини ортга қайтаришга янада зўр берган, қисқа вақтнинг ичида жуда катта сондагисини ортга қайтарган, расмий Теҳрон бу ишни хавфсизлик мақсадида қилаётганликларини айтган.
Халқаро Миграция Ташкилотининг билдиришича, бу афғон қочқинларидан аксарияти ортга мажбуран қайтарилган.
Толибон Эроннинг афғон қочқинларига муносабатини "ноинсоний", деб атаган.
Толибон масъули буни "халқаро тамойиллар, инсоний ва Исломий қадриятларга зид", "хавотир, ташвишга молик иш", деб атаган, бунақаси Афғонистон тарихида бўлмаганини айтган.
Эрон томони эса, ўзларидан 6 миллионга яқин афғон бошпана топиб турган бўлса, улардан ноқонуний мавқеъда бўлган икки миллиони ортга қайтарилиши лозимлиги, бундан ортиғини қабул қилишга қурблари етмаслигини маълум қилган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида томонлар бу масалани Ташқи ишлар вазирлари даражасида муҳокама этиб олишгани хабар қилинган.
Шу кунларда Толибон қудратга қайтганидан буён Эрон президентининг илк бор Афғонистонга сафар қилиши эҳтимолига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо расмий Теҳрон уларни ҳозирча расман тасдиқламаган.
Эрон қочқинлар масаласида Толибон томони ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги иштирокидаги уч томонлама техник учрашувга ҳозир эканига оид хабарларга ҳам ҳалича ўзининг муносабатини билдирмаган.
Эрон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан фаол дипломатик мулоқотда бўлган саноқли давлатлардан бири бўлади, аммо муҳожирлар оқими бўладими ва ёки сувдан фойдаланиш ҳуқуқи – чегараларида ўзаро тўқнашувларга ҳам бориб туришади, муносабатлари силлиқ эмас.
Янгидан янги хавотирлар

Сурат манбаси, Getty Images
Ёрдам гуруҳлари бу ҳали ҳаммаси эмаслигини айтишмоқда.
Уларга кўра, шу йил охиригача бу каби афғон қочқинларининг сони яна миллионларга ортиши мумкин.
Эрон ва Покистон баробарида Туркия ва Тожикистон ҳам ҳозир шунинг ҳаракатида.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи, устига устак, энг йирик донори АҚШ Афғонистонга ёрдамини тўхтатиб қўйган бир пайтга тўғри келган.
Вашингтон Толибонни "хорижий террорчи ташкилот деб топиш-топмаслик" масаласини қайта кўриб чиқаётган вазиятда бўй кўрсатган.
Толибон ҳукумати турли халқаро санкциялар остида. Улар сабаб, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари ҳам музлатилган.
Халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ҳукумати илова қатор муҳим шартларини бежавоб қолдириб келаётгани боис, Афғонистонга бериб келинаётган йирик миқдордаги йиллик молиявий кўмаклар ҳануз тикланмаган.
Шундоқ ҳам, Афғонистонга фавқулодда ёрдам берилмаса, миллионлаб сондаги аҳолиси очликка юз тутиши мумкин, деган хавотирлар бор.
Толибоннинг амалдаги ҳукуматини эса, фақат халқаро саҳнада Эроннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилувчи Россия тан олган, холос, аммо воқеаларнинг сўнгги ривожи борасида расмий Москва ҳозирча жим.
Қисқача маълумот ўрнида:
- Ўтган етти ойдан кўпроқ вақт ичида Афғонистонга 1,9 миллиондан ортиқ қочқин қайтарилган.
- Бу қочқинлардан кўпчилиги Эрондан қайтарилганлар ҳисобига тўғри келади.
- Покистон худди шу вақт оралиғида яна 300 000 дан зиён афғонни қайтарган.
Манба: БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги
- Тожикистон ҳозирча бу хусусдаги якуний рақамларини очиқламаган
Манба: BBC Ўзбек хизмати.
Даъват

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги ойларда бу каби депортациялар кўлами ва суръатининг кескин ортгани Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлигининг ҳам эътиборини ўзига тортган.
БМТ Олий комиссари барча афғонлар ва бошпана изловчиларни мажбуран ортга қайтаришни зудлик билан тўхтатишга чақирган.
"БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари барча афғон қочқинлари ва бошпана изловчиларни, хусусан, қайтганларида таъқиб, ўзбошимча ҳибс ёки қийноқларга дучор бўлиш хавфи остида бўлганларни мажбуран ортга қайтаришни зудлик билан тўхтатишга чақиради", - дея баён қилган комиссарлик матбуот котиби.
Равина Шамдасанийнинг айтишича, "жорий йилда Афғонистонга қайтишга мажбур бўлган ёки мажбурланган афғонлар сонининг кўпайиши халқаро ҳамжамиятнинг шошилинч эътиборини талаб қиладиган кўп қатламли инсон ҳуқуқлари инқирозини келтириб чиқармоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бу хусусда махсус ҳисобот билан ҳам чиққан, унда ҳам "Толибон қудратга қайтиши ортидан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг изчил равишда ёмонлашиб бораётгани назарда тутилганида, Афғонистон қайтаётганлар учун хавфсиз давлат эмаслиги" алоҳида таъкидланган.
Комиссарлик, айни ўринда, Халқаро Жиноят маҳкамаси хотин-қизларни таъқиб қилиш билан инсониятга қарши жиноят содир этишда айблаб, Олий раҳбари илова икки юқори мартабали Толибон вакилини ҳибсга олишга ордер берганини ҳам алоҳида эслатиб, тилга олиб ўтган.
Эрондан мажбуран ортга қайтарилаётганлар орасида ҳужжатлиларининг ҳам борликларига ўзининг диққати, эътиборини қаратган.
Толибон эса БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлигининг хавотирга молик ҳисоботига жавобан қайтарилган қочқинларга номақбул муносабатда бўлганини рад этган.
Яқинда БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳам чегарага борган.
Роза Отунбоева қочқинлар оқимини кўриб, вазиятни ҳал қилиш учун жадал ва мувофиқлаштирилган жавоб чораларини кўришга чақирган.
У бунга тезда аралашилмаса, пул ўтказиш камайиши, меҳнат бозоридаги босимлар ва охири кўринмайдиган миграция - бари биргаликда ҳалокатли оқибатларга етаклаши билан огоҳлантирган.
Ҳам қайтиб келганлар ва ҳам у ерда олдиндан яшаётган аҳоли турмуш шароитлари издан чиқиши, одамлар яна уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлиши, аҳоли кўчиши оммавий тус олиши ва минтақавий барқарорлик хавф остида қолишини айтган.
Айни ўринда Эрон томонининг ҳужжатсиз афғон қочқинларига чиқиб кетишлари учун берган якуний муҳлатни қарийб икки ойга узайтиришга қарор қилганига оид янгилик ҳам бу хавотирларни арита олмаган.
Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош минтақаларида азал-азалдан маҳаллий ўзбеклар, туркманлар, қирғизлар, қозоқлар ва тожиклар ҳам яшаб келишади.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади, уларнинг сонлари турли манбаларда миллионларга нисбат берилади.
Қочқинларнинг қайтарилиши билан боғлиқ Афғонистон шимолидаги вазиятни ҳам ўрганган Би-би-си Ўзбек хизмати ходими Фозил Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, ҳозир уларга юзлаб фаоллар ва кўнгиллилар ҳам ёрдам беришмоқда.
Унга кўра, жорий пайтда Толибон қаршисидаги энг оғир вазифа аксарияти уй-жой, мол-мулк ва ишсиз бўлган шунча катта сондаги одамни вилоятларга жойлаштириш, бошпана ва иш билан таъминлаш бўлади.
Янги таҳдид хавфи?

Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожига Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Аммо шу кунларда Ўзбекистон томони вакилларининг пойтахт Кобулда Толибон муваққат ҳукумати Ички ишлар ва Мудофаа вазирлари билан учрашганига оид хабарлар олинган.
Жумладан, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати раисининг Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид билан хавфсизлик, чегара соҳасидаги ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашни муҳокама қилганликлари айтилган.
Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари Афғонистонга чегарадош.
Узоқ йиллик жангарилик муамосидан ташқари, Афғонистон иқтисодининг таназзулга учраши ва у ердаги ижтимоий, иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши катта сондаги қочқинлар оқимининг пайдо қилиши эҳтимолида шундоқ ҳамаксарият Марказий Осиё давлатларининг минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келади.
Бу Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан нега фаол мулоқотда эканликларининг бош сабаби ва изоҳларидан бири ўлароқ талқин этилади.
Айнан улар ҳозир ҳам Афғонистонга ҳам энг кўп инсонпарварлик ёрдамлари бериб келаётган ва бугунги Кобул билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтираётган, йирик минтақавий иқтисодий лойиҳаларга бош қўшаётган саноқли давлатлар сирасига киришади.
Минтақавий қудратлар ва ўйинчилар аксарияти Афғонистонда ўз элчихоналарини ҳам сақлаб туришибди, дипломатик жабҳада ҳам ўз саъй-ҳаракатларига зўр беришган, Толибон ҳокимиятга қайтган қисқа вақтнинг ичида Афғонистон масаласида Теҳрону, Исломобод, буёғи Деҳлию Москва ва яна Тошкент қадар устма-уст минтақавий анжуманларга мезбонлик қилишган, айримларига Толибон муваққат ҳукумати вакилларини таклиф этишгача боришган.
Сиёсийси бўладими, хавфсизлик ёки махсуси, Афғонистонга қўшни ва яқин давлатлар вакилларини қайта-қайта бир жойга йиғишган, Афғонистон иқтисоди қуласа, бундан бутун минтақа жабр чекиши билан огоҳлантиришган.
Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожини яқиндан кузатиб туришгани, бутун минтақа бу мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни исташини айтишган, амалдаги раҳбарияти билан қай йўсин мулоқотга киришиш масаласини муҳокама этишган.
Уларнинг бу мамлакатдаги мавжуд инсонпарварлик, инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, террорчи гуруҳлар ва наркотиклар таҳдидидан жиддий хавотирда эканликлари кўрилган.
Минтақадаги ядровий, геосиёсий, геоиқтисодий қудратлар ва йирик минтақавий ўйинчи давлатларнинг бугунги Афғонистон масаласидаги бу яқин ўн йилликларда кузатилмаган бу қадар фаолликлари аксарият халқаро таҳлилчиларнинг ҳам эътиборларидан четга қолмаган, уларнинг хос таҳлилу талқинларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.
Муҳим транзит йўлида жойлашган, табиий захираларга бой, аммо иқтисоди таназзулга юз тутиш ёқасида қолган ва аксар аҳолиси қашшоқ Афғонистон Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида бир томондан, дунёнинг ядровий қудратлари саналувчи Хитойу Покистон, бошқа томондан, геосиёсий муҳим Эронга чегарадош, Россия ва Ҳиндистонга эса, яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда бўлган бу ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.
Хитой эса, яна дунёнинг энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратларидан бири ҳам бўлади, минтақадаги энг йирик геоиқтисодий ўйинчи сифатида кўрилади, сўнгги йилларда жаҳоннинг ҳеч бир давлати қилмаган ишни қилган, Афғонистон илова бутун минтақани ўз ичига олувчи йирик иқтисодий лойиҳалар ташаббуси билан ҳам чиққан.
Ўзининг асосий ядровий, геосиёсий ва геоиқтисодий рақибларининг Афғонистондаги фаоллашувига қарши ҳатто Ғарбнинг ҳам кескин баёнот билан чиққани кўрилмайди.
Узоқ йиллик урушлардан чиққан Афғонистон Ўзбекларники илова дунёнинг турли жангари гуруҳлар бошпана топган ва яқин-яқингача афюн ишлаб чиқаришда дунёда пешқадам мавқеъларни эгаллаган давлатларидан бири бўлади.
Охирги пайтларда ҳозир Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг энг жангари ва ҳалокатли қаноти, деб эътироф этилувчи Хуросон бўлими ҳам қайта кучайган, яқинда ҳатто Эроннинг ўзида уюштирилган қўшалоқ ҳужумларга ҳам айнан улар масъул кўрилган.
Агар, айрим етакчи Ғарб нашрларидаги таҳлилларга таянилса, Америка Қўшма Штатларидан қолган ҳарбий аслаҳа Афғонистонни жангари гуруҳлар учун қурол-яроғ омборига айлантирган.
Улар чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда пайдо бўлган хавфсизлик бўшлиғи исёнчилик, чегараоша терроризм ва Жанубий Осиё ҳануз исканжасида бўлган минтақавий қудратлар ўртасидаги ўйинни кучайтирган.
"Қайта сотилган бу қурол-аслаҳалардан айримлари Кашмирдагисидан тортиб, Яқин Шарқдаги можароларга қадар кириб борган".
Айрим Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан ўзаро чегарасининг қанчалик мустаҳкамлиги, йилларки, Россия ва Хитой қолиб, ҳатто Европа Иттифоқининг эътибори, хавотирига молик масалалигича қолиб келаётгани ҳам бор гап.
Афғонистон яна, йилларки, ишсизлик, камбағаллик чуқур илдиз отган ва глобал иқлим ўзгаришларидан жиддий зиён чекиши аллақачон халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлиб улгурган давлат.
Шундай экан, янги бўҳрон қаршисида Толибон нима қила олади? Афғонистон иқтисоди-чи, бунга дош бера оладими? Умид ким ёки нимадан? Марказий Осиё давлатлари баробарида, йилларки, Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга ўта сергак бўлган Россияю Хитой учун воқеаларнинг сўнгги ривожи нимани англатади?
Доктор Довуд Аъзамий
Би-би-си Жаҳон хизмати муҳаррири
Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт
Buning faqat Afg‘oniston emas, butun mintaqa xavfsizligi va barqarorligiga ta’siri bo‘ladi.
Доктор Довуд Аъзамий: Қочқинларнинг Эрон, Покистон ва Тожикистондан мажбурий депортацияси Афғонистондаги инсоний бўҳронни янада ёмонлаштиради. Афғонлар эса, шундоқ ҳам оғир гуманитар вазиятга юз тутиб туришибди. Шу йил бошидан Афғонистонга бевосита қўшни бу уч давлатдан бир ярим миллиондан ортиқ афғон мажбуран ортга қайтарилган. Бу Афғонистондаги инсоний инқироз янада чуқурлашади, деганидир. Чунки бунинг натижасида шундоқ ҳам юқори бўлган ишсизлик даражаси ортади. Янада кўпроқ одамга озиқ-овқат ва бошпана лозим бўлади. Таълим ва тиббий хизмат имкониятларини яратиш тақозо этилади. Афғонистон шундоқ ҳам қаттиқ қурғоқчиликдан азоб чекиб турибди. Афғонистон иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган давлат. Агар, қурғоқчилик бўлса, ҳатто, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам иш бўлмайди. Бунинг устига, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги танглик боис, Афғонистондан ҳўл ва қуруқ мева экспорти ҳам деярли тўхтаган. Бу қишлоқ хўжалигида банд одамларнинг ҳаётини янада қийинлаштиради. Буларнинг барчаси бирга қўшилиб, Афғонистондаги инсоний инқирозни баттар қилади.
Савол: Шундай экан, янги бўҳрон қаршисида Толибон нима қила олади? Афғонистон иқтисоди-чи, бунга дош бера оладими? Умид ким ёки нимадан?
Доктор Довуд Аъзамий: Толибоннинг якка ўзи мавжуд вазиятни ҳал эта олмайди. Бунинг бир қанча сабаби бор. Биринчидан, у турли халқаро санкциялар остида. Иккинчидан, 2021 йилда Афғонистонда қудратга қайтган бўлса, ҳукумати ҳозиргача халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган. Дунёда Толибон бошқарувини фақат Россия тан олган. У ҳам бор-йўғи бир неча ҳафта олдин, холос. Учинчидан, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар қошида вакили, ўрни йўқ. Шу боис ҳам, Толибон ҳукуматининг бошқа давлатлар билан одатий усулда иш олиб бориши қийин. Бундан ташқари, Трамп қудратга қайтгач, Американинг Афғонистонга ёрдами кескин қисқарди. Сўз айнан инсонпарварлик ёрдамлари ҳақида кетганда, АҚШ ўнлаб йиллар давомида Афғонистоннинг энг йирик донори бўлиб келган. Трамп маъмурияти яна Афғонистонда фаолият олиб бораётган кўмак ташкилотларини молиялашни ҳам тўхтатиб қўйди. Минглаб маҳаллий аҳолини ишга ёллаб, миллионлаб афғонларга ёрдам бериб келаётган ушбу кўмак ташкилотларининг аксарияти маблағ йўқлиги боис ёпилиб кетди. Шундай экан, бунинг ҳам таъсири жуда катта. Бошқа томондан, Афғонистон иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган давлат. Сўнгги бир неча йил ичида кузатилган кучли қурғоқчилик эса, ҳам қишлоқ хўжалиги ва ҳам чорвачилик учун ҳалокатли бўлди. Бунинг натижасида ишсизлик кучаяди, инсоний инқироз оғирлашади. Тиббий хизмат, таълим, озиқ-овқат ва бошпанага имконсизлар сони ортади. Афғонистонга босимни енгиллатиш учун халқаро ҳамжамият фаоллашиши, биргина қайтарилаётганлар эмас, мамлакат ичкарисидаги аллақачон инсоний бўҳрон қаршисида қолган афғонларга ҳам ёрдам бериши лозим. Афғонистонга мажбуран қайтарилаётган одамларга эса, фақат фавқулодда инсонпарварлик ёрдами эмас, бошпана, тиббий хизмат ва таълимга ҳам имконият яратилиши керак. Толибон ҳукуматининг ҳатто мамлакатнинг ўзида бўлган қашшоқ афғонларни боқишга қурби етмайди. Афғонистонга қайтарилаётган миллионлаб афғонларнинг ҳам кўпчилиги ночор. Бу ҳам умумиятла мамлакат ресурслари ва аҳолисига босимни оширади. Айни ўринда шуни ҳам айтиш жоизки, Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи шундоқ ҳам ўта қашшоқликда яшайди. Толибон ҳукумати бу хусусда кўмак сўраб Афғонистоннинг ўзи ва ташқарисидаги бадавлат афғонлар, ёрдам идоралар ҳамда халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилмоқда. Аммо мавжуд инқирозни бартараф этишда ёрдам агентликлари, халқаро ҳамжамият, айниқса, Ғарбдаги анъанавий донорлари ва мусулмон давлатлари деярли ҳеч бир иш қилишаётгани йўқ. Донорлар ортиқ у қадар сахий эмас, чарчоқ бор. Сўнгги бир неча йил ичида улар Афғонистон ва бошқа давлатларга бериб келаётган ёрдамлар босқичма-босқич камайган. Бошқа томондан, Эрон ва Покистон афғонларни қисқа вақтнинг ичида Афғонистонга қайтишларига мажбурламаслиги керак. Чунки улардан кўпчилиги бу икки давлатда анча пайтдан бери яшаб келишган. Тирикчиликлари, ишлари ва тижоратларини бир ёқлик қилиб, Афғонистонга иложи борича кўнгилдагидек қайтишлари учун бу одамларга кўпроқ вақт лозим.
Савол: Бу каби бир гуманитар вазият Марказий Осиё мамлакатлари учун хавфсизлик муаммоларига сабаб бўлиши мумкинми, агар бўлса, у айнан нималарда намоён бўлиши эҳтимоли бор, сизнингча?
Довуд Аъзамий: Хавфсизлик учун нимани англатиши масаласига келсак, бунинг фақат Афғонистон эмас, бутун минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига таъсири бўлади. Чунки ишсизлик юқори бўлса, инсоний инқироз бўлса, иқтисодий фаолият бўлмаса, мамлакатда қашшоқлик кучаяди. Агар вазият эҳтиёткорлик билан ҳал қилинмаса, Афғонистон иқтисоди қулаши хавфи бор. Агар, Афғонистон иқтисоди таназзулга учраса, бу энг аввало қўшни, кейин эса, Европадаги илова бошқа давлатларга оммавий миграцияга олиб келади. Бунча катта сондаги қочқинлар билан шуғулланиш мезбон давлатларга уларга Афғонистоннинг ўзида ёрдам беришдан кўра анча қимматга тушади. Бундан ташқари, иқтисодий таназзул Толибон 2022 йилда тақиқлаганига қарамай, Афғонистондаги кўплаб деҳқонларнинг яна кўкнори етиштиришга қайтишларига сабаб бўлади. Бу ҳам минтақанинг ўзи ва ҳам ташқарисидагилар хавфсизлиги ҳамда фаровонлигига таҳдид солиши мумкин бўлган нарса. Айни пайтда экстремистик гуруҳлар ва уюшган жиноятчиликка алоқадор шахслар ҳам одамларнинг оғир иқтисодий аҳволидан фойдаланиб қолишга уриниб кўришлари эҳтимоли бор. Улар тушиб қолган вазиятларидан чиқиб кетишларининг йўли сифатида одамларга ўз сафларига ёлланишни таклиф қилишлари мумкин. Шу боис, оддий афғонлар ҳаётларини яхшилаш масаласида ҳамкорлик қилиш ва саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш Афғонистон баробарида кенгроқ минтақа учун бирдек фойдали бўлади.
Савол: Россия Толибоннинг Афғонистондаги ҳукуматини расман тан олган биринчи давлат. Хитой Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан иқтисодий алоқаларга зўр бераётган минтақа ва дунёдаги энг йирик геоиқтисодий қудратлардан. Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳам Афғонистонга, унинг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган саноқли давлатлар сафида. Шундай экан, улар бу каби вазият ва эҳтимолий бўҳрон қаршисида нима қила олишади?
Доктор Довуд Аъзамий: Марказий Осиё давлатлари, Хитой ва Россия Афғонистондаги воқеалар ривожини яқиндан кузатиб туришибди. Чунки Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашиши уларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ўйлайманки, бу давлатлар миллионлаб афғонлар ўз Ватанларидаги уруш ва вайронагарчиликлар туфайли Эрон, Покистон ва бошқа мамлакатларда яшаб келишаётганини билишади. Улар ўз мамлакатларини жон ва иш илинжида тарк этишган. Ортга қайтарилаётган афғонларнинг бирламчи мақсади ҳозир иш топиш. Аммо иқлим ўзгариши, айниқса, қурғоқчилик боис, иқтисодий аҳвол оғирлашган. Ички сектор етарли иш ўринлари билан таъминлашга қодир эмас. Россия ва Хитой ўзига тўқ давлатлар саналишади. Аммо уларда Ғарб мамлакатлари каби камбағал давлатларга катта миқдорда ёрдам бериш маданияти йўқ. Минтақа давлатлари учун танловлардан бири нафақат тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатиш, балки Афғонистонда маҳаллий иш ўринлари яратадиган турли соҳаларга сармоя киритиш бўлиши мумкин. Шу билан бирга, улар афғонларга қонуний йўл билан бориб, ишлашлари учун ўз меҳнат бозорлари эшикларини ҳам оча олишади. Бу иш ҳам ҳар икки томонга фойда келтира олади.

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон, Покистон, Туркия, Тожикистон,.. ҳозирча жим
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги, "Афғонистондаги вазиятнинг абгорлигини назарда тутган ҳолда, барча давлатларни афғонларга яшаш учун хавфсиз жой топишда қонуний имкониятларни кенгайтириш"га чақирган.
Эрон Покистон билан бирга дунёнинг сўнгги бир неча ўн йилликда энг катта сондаги афғон қочқинларига бошпана бериб келаётган иккита давлатидан биттаси бўлади.
Афғонистонга чегарадош бу икки давлатдаги афғонларнинг умумий миқдори миллионларга нисбат берилган.
Афғонистонда Толибоннинг қудратга қайтиши ҳам бу рақамларнинг қайта ортишига хизмат қилган.
Аммо сўнгги пайтларда ҳар икки қўшниси ҳам , айниқса, ноқонуний мақомдаги афғон қочқинлари масаласида ўзининг мавқеъини кескинлаштирган, уларни мажбуран ортга қайтириш йўлига ўтишган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожига расмий Вашингтоннинг муносабати ҳозирча имконсиз.
Аммо шу кунларда Американинг ўзида Шикоят маҳкамаси Трамп маъмуриятининг минглаб афғоннинг вақтинча ҳимояланганлик мақомини бекор қилишини вақтинча тақиқлаб қўйди.
Бу давлатларни ўз сиёсатларини қайта кўриб чиқишга чақириб, халқаро миқёсда янграётган даъватлар эса, ҳалича ўзининг самарасини бермаган.
Айнан Америка Қўшма Штатлари сўнгги икки ўн йилликда Афғонистонда энг катта сондаги ҳарбийси ва етакчи сўзга эга давлат мавқеъида бўлган.
Айнан улар бошчилигидаги ҳарбий коалиция Афғонистонда Толибоннинг тузумини қулатган, аммо ҳаракат билан унинг яна қудратга қайтишига йўл очган "тарихий" битимни ҳам Америка Қўшма Штатлари имзолаган.
АҚШ яқин-яқингача Толибон бошқаруви остидаги Афғонистоннинг энг йирик донори ҳам бўлиб келган, Афғонистонни, таъбир жоиз, ҳануз кўздан қочирмай келаётган мамлакат.
Айнан хавфсизлик масаласи муҳим ўрин тутган худди шу битим шартларига мувофиқ, қарийб тўрт йилдирки, Афғонистонда АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларининг ҳозирлиги йўқ, сўнгги ҳарбийси 2021 йилнинг 31 августида мамлакатни тарк этган, расмий Вашингтоннинг орада Афғонистонга қўшни аксарият давлатларга яна ўзининг ҳарбий базаларини қайтариш уринишлари самара бермаган.
Эрон эса, уч Марказий Осиё давлати, Хитой ва Покистон баробарида минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош олтита давлатидан биттаси бўлади.
Тарихча ўрнида:

Сурат манбаси, Getty Images
BBC: Исроил ва Эрон шу йилнинг июн ойида қисқа қуролли низога киришган.
13 июн куни Исроил кутилмаганда Эроннинг ҳарбий, энг йирик ва муҳим ядровий сатҳларига зарба берган, Эрон буни бежавоб қолдирмаган, можарога АҚШ ҳам аралашган.
Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи хусусида аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари Исроил Эронга ҳужум қилган куннинг ўзидаёқ бирдек расмий баёнот билан чиқишган.
Улар бундан "ўта", "жиддий" ва "чуқур" хавотирда эканликларини билдиришган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ҳам чақиришган.
Улар барчаси кескинлашиб бораётган қуролли можарони тинч, сиёсий ва дипломатик йўлда, мулоқот ва музокаралар билан ечишга тарафдорлик қилишган.
Беш Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг айни мазмундаги даъватларига Исроил ва Эроннинг расмий муносабати ноёан қолган.
12 кунлик уруш манзарасида Эрон Олий раҳбари Трампни АҚШ Исроил ҳужумларига қўшилса, "ўнглаб бўлмас зиён етказишлари" билан ҳам огоҳлантирганди.












