Эрон Исломий инқилоби ютуқ ва йўқотишлари нима? Янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Али Ҳамадоний
- Role, Би-би-си Форс Хизмати
Эрон Ислом инқилобининг 45 йиллигини нишонлар экан, 1979 йилда ўзгариш учун курашган халқ ўз фикрларини билдирмоқда. Баъзилар бундан афсусланса, бошқалари бу тўғри иш бўлганига қатъий ишонади.
"Қирқ беш йил олдин, инқилобчиларнинг ҳеч бири одамлар куни келиб ўзларига жиноятчи сифатида қарайдиган кун келишини тасаввур ҳам қила олмас эди", дейди Содиқ Зибакалом. У 1979 йилги Ислом инқилоби пайтида Шоҳга қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан миллионлаб эронликлардан бири эди.
Аммо ҳозир, Инқилоб 45 йиллиги муносабати билан кўплаб ёшлар Эрон етакчиларига, инқилобга ва уни қўллаб-қувватлаганларга саволлар бермоқда. 2022 йилда 22 ёшли Маҳса Аминининг ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этиши режимга қарши норозиликларни келтириб чиқарди.
Инсон ҳуқуқлари бузилиши, ижтимоий эркинликлар чекланиши ва Эрон иқтисодиёти аҳволи ҳам норозилик ҳиссини кучайтирди: Эроннинг ядровий фаолияти туфайли киритилган Ғарб санкциялари жиддий зарар келтирди ва январгача бўлган 12 ой ичида инфляция 43 фоизга етди. Кейин АҚШнинг минтақадаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳларга қарши зарбалари ҳам бор.
Айрим ёшлар инқилобчиларни Эрон танлаган йўл учун айблайди ва улар ҳақиқатан ҳам шунинг учун курашганмиди, деган саволларни қўймоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
"Мен буни қайсарлигим, нафратим, ғурурим сабабли айтмаяпман, лекин агар мен 1979 йилга қайтиб қолсам, яна худди шу инқилобда қатнашардим", дейди Британияда таълим олган Зибакалом.
"Биз нимани хоҳлаган эдик? Биз эркин сайловларни истагандик, сиёсий маҳбусларни истамагандик, мамлакатни бошқараётганлар билганини қилсин демагандик.
У мамлакатнинг ҳозирги муаммоларида инқилобни, Эрон раҳбарларини айблайди.

"Мен ва менга ўхшаганлар қилган хато шуки, биз инқилоб мақсадлари, яъни эркинлик ва демократияни амалга ошириш ўрнига, "Америкага ўлим", "Исроилга ўлим" ва "Исроилни йўқ қиламиз" каби антиимпериалистик шиорлар билан яшадик."
У 1970-йилларда ўзи курашган ўша тамойилларга ҳамон ишонади. Ўтган йили у "Аёл, ҳаёт, эркинлик" ҳаракати шафқатсизларча бостирилишига норозилик билдиргани учун Теҳрон университетида сиёсатшунослик ўқитувчиси лавозимидан айрилганди.
Унинг тушунтиришича, бундан 45 йил аввал Исломий республика асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний унга ва инқилобчи сафдошларига озодликни қайта-қайта ваъда берган нарса эди.
"Эркинлик халқнинг ҳақидир. Мамлакат мустақиллиги ҳар бир инсоннинг ҳақидир. Улар одамни қамоққа ташламасликлари ва унинг эркин гапиришига тўсқинлик қилмасликлари керак", деган эди Ҳумайний 1978 йилда Франциядаги сургундалик вақтида сўзлаган нутқида.
Ҳозир бу чиқишларни тинглаб, кўпчилик, айниқса, Хумайний даврини кўрмаган авлод фаоллар ва ҳозирги тузум ўртасидаги кураш ҳақида ўйламоқда.
Шоҳ ва Хумайнийнинг инқилобдаги роли?

Сурат манбаси, Getty Images
Муҳаммад Ризо Паҳлавий Эрон шоҳи сифатида 37 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди. У ғарблашув, иқтисодий ўсиш ва Эроннинг қадимий мероси ва исломгача бўлган тарихига таяниб миллий ғурурни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Аёллар 1960-йилларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди ва эркаклар билан нисбатан тенг ҳуқуқлардан фойдаланди. Теҳрон тунги клублари ва кабарелари бўлган зиёфатлар шаҳри сифатида танилган, бутун дунё бўйлаб форс шаробини экспорт қилган эди.
Аммо бу ижтимоий эркинликларга қарамай, Шоҳ ўзининг авторитар услуби ва демократия йўқлиги сабабли танқидларга учради. Шиа мусулмон уламолари уни кўпинча исломий қадриятларга путур етказаётганликда қоралаган бўлса, Эроннинг шимолий қўшниси СССР таъсири остидаги сўл гуруҳлар мамлакатда нотенгликка барҳам беришга чақирарди.
1978 йил ўрталарига қадар Эронни тубдан ўзгартирадиган инқилобни кам одам тасаввур қила оларди, лекин кейин инқилоб орзуси сўл зиёлилар, миллатчилар, дунёвийлар ва исломчиларни қамраб олди. Йил ўтган сари Шоҳга қарши намойишчилар ўз талабларини диний нуқтаи назардан кўпроқ ифодалай бошладилар. Йил охирига келиб кўчаларда исломий риторика ҳукмронлик қилди.
Ҳумайний ўзини ислом ҳукуматининг турли тармоқларини бирлаштирувчи шахс сифатида кўрсатди. У Эронни Қуръонда тасвирланган ислом жамиятига айлантиришга интилаётган қаҳрамон сифатида миллионлаб одамлар ҳурматига сазовор бўлди. Хумайний мусулмонлар жамоаси раҳбари имом унвонини олди.

Сурат манбаси, Getty Images
1979 йилда телевидение 15 йиллик сургундан кейин Хумайнийни кутиб олиш учун Теҳрон кўчаларида саф тортган миллионлаб ҳаяжонга тўла одамларни кўрсатарди. Видеода оломон унинг машинасини тўсиб қўйгани ва ундан дуо олиш умидида мато парчаларини улоқтирганини кўриш мумкин.
У келишидан олдин ҳам бутун мамлакат бўйлаб миш-миш тарқалганди: агар одамлар маълум бир куни соат 22:00 да тунги осмонга қарасалар, уларнинг муваффақияти рамзи сифатида Ойда Ҳумайнийнинг юзини кўрадилар. Кўпчилик шундай қилган ҳам.
"Биз ҳайратда ўзимизга савол берардик: одамларни бундай нарсаларга нима ишонтиряпти?" дейди Эроннинг собиқ маликаси, ҳозир сургунда яшаётган Фараҳ Паҳлавий. У Шоҳ ва уч фарзанди билан 1979 йил бошида Эронни тарк этди ва бошқа қайтмади.
Инқилобдан олдинги ҳафталарни эслаб, у Шоҳ ўз мамлакати учун қилган барча саъй-ҳаракатлардан кейин ҳам ана шундай воқеаларга гувоҳ бўлгани жуда оғриқли бўлганини айтади. Унинг таъкидлашича, намойишларда асосан олимлар ва зиёлилар иштирок этган. "Биз қандай уюшган гуруҳлар одамлар онгини эгаллаб, уларни кўчага олиб чиққанидан ҳайратда эдик."

Сурат манбаси, Getty Images
Сўл ва динга қарши, аммо Ҳумайнийни қўллаб-қувватлаган гуруҳлар орасида Эрон Коммунистик Туде партияси ҳам бор эди. Ҳозирда Лондонда яшаётган Шаҳрон Табарий партия аъзоси, амакиси эса унинг раҳбари эди. Ҳозир у Шоҳни ағдариш қарори тўғри бўлганига шубҳа қилади. "Биз демократия нима эканлигини тушунмадик", деб тан олади у. Унинг айтишича, айрим мухолифат вакиллари бўлаётган воқеаларга қўшилмаган, аммо сукут сақлашган.
"Ҳамма ҳар қандай ҳолатда ҳам Шоҳдан қутулишни хоҳларди, - дейди у. - Бу қандай содир бўлганини тушуниш қийин. Ҳаммамизнинг миямиз ювилган ва манипуляция қилингандек туюлади."
"Мақсад воситани оқлайди"
Инқилоб даврида Теҳрон университети профессори бўлган Ҳома Натеҳ ҳам шундай фикрда. 2016 йилда вафот этган Натеҳ, ҳатто ўзининг бу ишларда шахсий жавобгарлиги борлигини ҳис қилган.
Инқилобнинг сўл қанот илғорларидан бири сифатида танилган Ҳома ҳаракатни қўллаб-қувватловчи китоб ва мақолаларни таржима қилган ва ёзган.
Инқилобий режим ҳокимиятни қўлга киритганидан бир неча ой ўтгач, Натеҳ диний ҳокимиятдан ҳафсаласи пир бўлган ва Францияга қочган. Шу ерда у қилган ишлари ҳақида ўйлади.
"Менинг айбим бошқаларникидан ҳам каттароқ, - деб ёзган эди у 1990-йиллардаги мақоласида, - чунки инқилоб даврида мен ҳам педагог, ҳам тадқиқотчи эдим. Афсуски, ўзимнинг эҳтиёткорлигим ва билимимни бир четга суриб, кўчадаги жоҳил оломонга қўшилиб кетдим".
Тахминан ўша вақтда у Би-би-сига кўп бора интервью бериб, ёзганлари одамларни Шоҳни ағдаришга ундагани, 1970-йилларда ёзганлари хато бўлганини тан олди.
"Мақсад воситани оқлайди, - дейди у. - Биз эркинликни талаб қилдик, лекин унинг асл маъносини кам тушунардик. На мен, на эркинликни муҳокама қилган бошқа биров унинг моҳиятини тушунмадик; биз уни манфаатларимизга мос тарзда талқин қилдик".

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо Содиқ Зибакалом одамлар манипуляция қилинган деган фикрга қўшилмайди.
"Умуман бундай эмас эди. Шунчаки фотосуратларга қаранг, - дейди у. - Уларнинг ҳаммаси жоҳил эди, деб айта олмайсиз. Инқилобчилар кимлар эди? Улар университет талабалари ва профессорлари эди. Уларга тарғибот таъсирида бўлган деган фикрни айтиш туҳматдир".
Инқилобдан сўнг турли хил сўл гуруҳлар фаолияти тақиқланди ва уларнинг аъзолари, шунингдек, Ҳумайнийга Ислом Республикасини яратишда ёрдам берган айрим таниқли инқилобчи арбоблар қатл этилган бўлса ҳам, унинг фикрича, танқид "одамларнинг амалдаги тузумдан норозилигидан келиб чиқарди".
Эрон раҳбарларининг айтишича, инқилоб Эронни хориж ҳукмронлигидан, айниқса АҚШ ва Ғарб давлатлари ҳукмронлигидан халос қилди. Улар Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва миллий қурол саноати яратилишини ўз-ўзини ҳимоя қилиш тасдиғи сифатида кўрсатмоқда. Улар айниқса камбағалларга соғлиқни сақлаш ва таълимни яхшилаш йўлидаги ишлари учун мақтанади.
"Мен аламни ўзим билан олиб юришни хоҳламайман"
Аммо Паҳлавий ҳукмронлигига барҳам берган инқилобдан 40 йил ўтиб, баъзи намойишчилар Паҳлавий подшоҳларини мақтаб шиорлар айтгани сабабли, Ислом Республикаси янги муаммога дуч келмоқда.
"Ризо Шоҳ, руҳинг шод бўлсин", "Подшоҳсиз Эрон адашган" деган шиорлар янгради.
Айрим собиқ инқилобчилар ҳам кечирим сўрамоқда.
Собиқ малика Фараҳ Паҳлавий: "Одамлар кўп йиллик тарғибот-ташвиқотларга қарамай, подшоҳ Эрон учун нима қилганини тушунаётгани жуда қувонарли. "Кўпчилик менга электрон почта орқали инқилобда қатнашганликларини, ҳозир афсусда эканликларини айтмоқда. Улар мендан кечирим сўрашмоқда".
«Кечирасизми?» деб сўрайман.
«Албатта! - деб жавоб беради у. - Чунки мен аламни ўзим билан олиб юришни хоҳламайман."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















