Эрон ҳижоб киймаганларни 10 йилга қамамоқчи, аёллар нима дейди? Янгиликлар, Дунё

кўча

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Каролайн Ҳавлей
    • Role, BBC News

Эрон парламенти кийиниш тартибларини бузган хотин-қизларга жарима ва қамоқ жазосини кўпайтиришни назарда тутувчи баҳсли қонунни қабул қилди. Аёллар режимга исёнда давом этадими?

Янги қонунга кўра, "номақбул" кийинганлар 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Эрон инқилоб қўриқчилари кенгаши қонунни тасдиқлагач, медиа ва ижтимоий тармоқларда "яланғочликни тарғиб қилувчи" ёки "ҳижобни масхара қилувчилар", шунингдек, машинасидаги аёл йўловчи ҳижобсиз ўтирганлиги учун ҳайдовчиларни ҳам жаримага тортиш амалиёти жорий қилинади.

Ушбу қонун Эронда Маҳса Аминийнинг ўлими ортидан келиб чиққан намойишлардан бир йил ўтиб қабул қилинган.

Би-би-си мухбири Каролайн Ҳавлейнинг айтишича, исён куч ишлатиш йўли билан аранг бостирилди, аммо у қолдирган ғазаб ўчгани йўқ. Аёллар режимга исённинг ҳар турли йўлини топмоқда.

Теҳрондаги кўчада бир қиз кетиб боряпти, боши очиқ, жинсиси йиртиқ, белининг бир қисмига қуёш нури тушади. Турмуш қурмаган жуфтлик қўл ушлашиб боряпти. Эроннинг илгари ҳамма қўрққан ахлоқ полицияси ходими бир аёлга бошига рўмол ташлашни айтади, у эса боши ғоз тутиб, "Йўлингдан қолма" дейди.

иқтибос

Теҳронда менга ўтган ойда бундай дадил исёнлар ҳақида бир неча одам гапириб берди. Ўтган йиллари буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Аммо булар 22 ёшли Маҳса Амини ҳижобни тўғри ўрамагани учун айблангач, Эрон полицияси ҳибсхонасида вафот этишидан олдин эди.

Шундан сўнг бошланган оммавий норозилик намойишлари бир неча ой ўтгач, куч ишлатиш йўли билан аранг бостирилди, аммо у қолдирган ғазаб ўчгани йўқ. Аёллар режимга исённинг ҳар турли йўлини топмоқда.

Теҳрондаги Ғарб дипломати ҳисоб-китобига кўра, мамлакат бўйлаб ўртача 20 фоизга яқин аёл кўчага бурқасиз чиқиб, Ислом Республикаси қонунларини бузмоқда.

"Ўтган йилдан бери ҳаммаси жуда ўзгарди", дейди менга шифрловчи мессенжер орқали биз Доня деб атайдиган теҳронлик 20 ёшли мусиқа мактаби талабаси. У ҳозир жамоат жойларида рўмол ўрашдан бош тортаётган кўплаб аёллардан бири. "Ҳозир шу ишларга жасоратим етаётганига ҳали ҳам ишонгим келмайди. Биз анча дадилроқ ва жасурроқ бўлдик."

"Ахлоқ полицияси ёнидан ўтганимда қўрқсам ҳам, бошимни баланд тутиб, уларни кўрмагандек тутаман ўзимни, - дейди у. - Ҳозир кўчага чиққанимда ўзимга ёққан нарсани кияман." Аммо у хавф катта эканлигини ва бунга бепарво эмаслигини қўшимча қилади. "Шортик киймаган бўлардим. Вазият жиддий бўлиб қолиши мумкин, ҳар эҳтимолга қарши доим сумкамда рўмол олиб юраман".

У менга ҳибсхоналарда зўрланган аёллар ҳақида билишини, ҳижоб ўрамагани учун жазо сифатида майитларни ювишга ҳукм қилинган аёллар ҳақида гапиради. Мен гаплашган аёлларнинг барчаси кийиниш қоидаларини бузганларни тутиш ва жаримага тортиш учун кўчаларга ўрнатилган кузатув камераларини эсга олди.

Теҳрондаги камералар ҳижобсизларни аниқлайди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Теҳрондаги камералар ҳижобсизларни аниқлайди

Ғарб дипломатининг ҳисоб-китобларига кўра, Теҳрон шимолидаги бойроқ мавзеларда жамоат жойларида ҳижоб кийишдан бош тортган аёллар улуши ҳатто 20 фоиздан ошади. Аммо унинг таъкидлашича, исён фақат пойтахт билан чекланмаган.

"Бу авлодлар муаммоси, географик муаммо эмас... улар нафақат сизнинг зиёлиларингиз, балки смартфони бор ҳар қандай ёшдир... шунинг учун буни қишлоқларда ва ҳар ерда кўриш мумкин."

Дипломат Маҳса Амини ўлимидан кейин кўтарилган норозилик намойишларини қирқ йилдан ортиқ аёлларнинг кийиниши ва хулқини назорат қилишга уринаётган режим учун улкан ва аниқ "бурилиш нуқтаси" деб таърифлайди.

"Бу [режимни] бир томонга, боши берк кўчага борувчи йўлга солиб қўйди, - дейди у. - Биз билмайдиган ягона нарса - бу кўчанинг қанчалик узунлиги."

Аёллар бошчилигидаги исён 1979 йилги инқилобдан кейин Эрон теократик тузумига қарши энг жиддий муаммо бўлди. Ҳуқуқ ташкилотларига кўра, режим уни бостириш учун 500 дан ортиқ одамни ўлдирган. Минглаб одамлар ўқ узилганидан кейин яраланган, баъзилари кўр бўлиб қолган. Камида 20 000 эронлик ҳибсга олинган, уларнинг қамоқхонада қийноққа тутилгани ҳақида хабарлар бор. Намойишчиларнинг етти нафари қатл этилди, улардан бири кранга осиб ўлдирилди. Кутилганидек, бу тўхтатувчи таъсир кўрсатди.

Режимга қарши графитлар ўчириб ташланади, аммо яна пайдо бўлади

Сурат манбаси, Supplied

Сурат тагсўзи, Режимга қарши графитлар ўчириб ташланади, аммо яна пайдо бўлади

Маҳса Амини ўлимининг бир йиллиги муносабати билан қўшимча тартибсизликлар олдини олиш мақсадида расмийлар навбатдаги ҳибсга олишларни бошлади. Ҳибсга олинганлар орасида аёллар ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар, хонандалар ва намойишлар чоғида ҳалок бўлганларнинг яқинлари бор. Режимни қўллаб-қувватламаган олимлар ҳам ўз лавозимларидан четлаштирилди.

Аммо ғайриодатий шаклдаги бўйсунмаслик ҳаракатлари ҳар куни давом этмоқда.

Донянинг айтишича, Теҳронда одамлар ҳукумат билбордларини бузиб, деворларга, асосан метрода намойишлар шиори бўлган «#Mahsa» ва "Аёл, ҳаёт, эркинлик" деб ёзиб кетмоқда.

"Ҳукумат уларни тозалайди, аммо шиорлар қайта пайдо бўлаверади."

У ва мен суҳбатлашган бошқа аёллар бу курашда ёлғиз эмасликларини ва кўпчилик эркаклар уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлайди.

"Уларнинг баъзилари енгсиз кийим ва калта иштон кияди ёки кўчага чиққанда бўянади, чунки бу нарсалар эркаклар учун тақиқланган. Баъзи эркаклар мажбурий ҳижобни кўчада ўраб юрибди, кимнидир мажбурлаб, уларга ёқмайдиган либосларни кийдириш қанчалик ғалати кўринишини кўрсатиш учун."

Маҳса Амини ўлимидан сўнг норозилик намойишлари туфайли вақтинча тўхтатилган ахлоқ полицияси патруллари сўнгги ҳафталарда яна пайдо бўлди. Донянинг айтишича, улар янги оммавий намойишлар бошланишидан қўрқиб, ўзларини эҳтиёткорроқ тутмоқда.

Бироқ, ўтган йили ҳукумат бошқа йўллар билан назорат ўрнатишга ҳаракат қилди. Улар ҳижобсиз аёлларга хизмат кўрсатган юзлаб корхоналарни ёпди, жарима солиб, ҳижобсиз аёллар бошқарадиган машиналарни мусодара қилмоқда.

Ҳозирда ҳижобда бўлмаган аёллар 5 000-500 000 риёл [0,12-11,83 АҚШ доллари] миқдорида жарима ёки 10 кундан икки ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

32 ёшли Баҳоранинг айтишича, у Теҳронда ҳижобсиз машина ҳайдаб кетаётиб, видеокузатув камерасига тушганидан кейин телефонига учта огоҳлантириш келган. Унинг айтишича, агар уни яна қўлга олишса, машинасини мусодара қилишлари мумкин.

Баҳора

Сурат манбаси, Supplied

Полиция маълумотига кўра, биргина вилоят, Шарқий Озарбайжон вилоятида 11 август ҳолатига кўра, ҳижоб қоидаларини бузгани учун 439 та автомобиль мусодара қилинган.

Баҳорага шаҳар метроси ва савдо марказларига ҳам кириш тақиқланган. Энг ёмони, унга ўғлининг биринчи синфни тамомлашига бағишланган мактаб байрамида қатнашишга рухсат берилмаган.

Аммо у ўтган йил сентябрида биринчи марта омма олдида рўмолини ечганида қандай ҳаяжонланганини эслаб, ортга қайтиш йўқлигини ҳам аниқ билади.

"Юрагим уриб кетди. Бу жуда ҳаяжонли эди. Мен ўзимни катта табуни бузгандек ҳис қилдим."

Энди у шунчалик кўникиб қолганки, ҳатто ўзи билан рўмол олиб юрмайди.

"Ҳижобдан бош тортиш - бу нафақат ҳижобга, балки диктатуранинг барча қонунларига, эронликлар ўтган 43 йил давомида бошдан кечирган азоб-уқубатларга қарши ўз фуқаролик исёнимни намойиш қилиш воситадир. Ўлган болалари учун мотамда қора кийинишга мажбур бўлган оналар ва оталар учун ҳам".

Қанча одам Эрон Ислом Республикасининг тугашини кўришни истаётганини аниқ ҳисоблаш иложи йўқ, бироқ режимга нисбатан ғазаб кенг тарқалган, дейди кинорежиссёр Мужгон Иланлу. У ўтган йил октябрида ҳижобини ечиб, Олий ҳокимиятни танқид қилганидан кейин тўрт ойга қамалган. Ўтган ой уни қўрқитиш ниятида яна қисқа муддатга ҳибсга олишган.

Мужгон намойишларда ўлдирилганлар қабри тепасида

Сурат манбаси, Mojgan Ilanou

Сурат тагсўзи, Мужгон намойишларда ўлдирилганлар қабри тепасида

"Эронлик аёллар қўрқув остонасини босиб ўтди", дейди у менга Теҳрондаги уйидан. Аммо у сўнгги босимлар шунчалик «даҳшатли» бўлганидан ўтган ой 10 кунга ўзининг Instagram аккаунтини ўчириб қўйган. Бу ерда у мунтазам равишда ҳижобсиз тушган фотосуратларини қўяди.

"Бу спринт эмас, марафон", дейди у буни Роза Паркс автобусда ўз ўрнини оқ танли одамга беришдан бош тортган ва АҚШ фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати бошланган пайтга қиёслаб. "Унинг ўз ўрнини беришдан бош тортиши фақат ўша одам билан боғлиқ эмас эди. Бу бошқаларга: "Мен сиздан қўрқмайман. Менга қаранг. Менда куч бор" дейиши эди.

Иланлу бу амалда ишлаётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, эркакларнинг аёлларга муносабати ҳатто мамлакатнинг консерватив қисмларида ҳам ўзгармоқда. Ижтимоий инқилоб авжида.

"Жамият Маҳсадан олдинги даврларга қайтмайди, - деб ҳисоблайди у. - Ҳозир кўчаларда, метрода ва бозорларда эркаклар аёлларга қойил қолади, уларнинг жасоратини мақташади... Эътиборлиси, ҳатто Қум, Машҳад, Исфаҳон каби ўта диндор шаҳарларда ҳам аёллар ҳижоб ўрамаяпти.

У, худди Теҳрондаги дипломат каби, бу исён барча ижтимоий синфларни қамраб олганини таъкидлайди. У метрода пайдо бўлган рўмолсиз кўча сотувчилар ҳақида гапиради. У менга ўтган йили Қарчак қамоқхонасида 11 ёшида она бўлган ва ҳижоб ўрашдан бош тортган ёш, камбағал қиз билан бир хонада яшаганини айтади.

Гап фақат ҳижобда эмас. Иланлунинг айтишича, ҳозир аёллар бошқа талабларни, масалан, никоҳ шартномаларида тенг ҳуқуқлилик каби талабларни қўймоқда.

Собиқ фабрика менежери Элаҳе Тавоколян ва бошқалар учун қурбонлик оғир бўлди. У ўз фарзандларини, 10 ёшли эгизакларини жуда соғинади.

У ҳозир Милан чеккасидаги ижарага олинган хонада яшайди, имкони борича болаларига қўнғироқ қилади.

Болаларини эслаганда унинг кўзлари намланади.

Мамлакат шимолидаги Эсфараёнда ўтган йил сентябригача ҳеч қачон намойишларда қатнашмаган Элаҳега Эрон хавфсизлик кучлари ўқ узди.

Элаҳега янги қўйилган шиша кўзининг қовоқларини ёпа олиши учун яна бир жарроҳлик амалиёти керак.

Сурат манбаси, Francesco Tosto

Сурат тагсўзи, Элаҳега янги қўйилган шиша кўзининг қовоқларини ёпа олиши учун яна бир жарроҳлик амалиёти керак.

"Мен болалар билан бирга эдим, эндигина мактаб учун бозор қилаётган эдик. Улар менинг қонимга беланди".

Туркияга қочиб, у Италияга бориш учун тиббий виза олди, у ерда жарроҳлар унинг ўнг кўзини ва уни тешган ўқни олиб ташлашди.

Унга янги қўйилган шиша кўзининг қовоқларини ёпа олиши учун яна бир жарроҳлик амалиёти керак.

У Эсфараёнга қайтиб, болаларини яна кўриш учун қачон хавфсиз бўлишини билмайди.

"Биз доим гаплашганимизда, яна яхши кунларда Эронда бирга бўлишимизга умид қиламиз".

Айни дамда ўша яхши кунлар жуда узоқдек туюлади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг айтишича, ҳеч бир Эрон расмийси Маҳса Амини ўлими ва ундан кейинги босимлар учун жавобгарликка тортилмаган.

Режим эса чекинмаяпти - бунинг акси. Айни пайтда парламентда кўриб чиқилаётган "Ҳижоб ва иффат тўғрисида"ги қонун лойиҳаси танаси очиқ аёлларга янги жазолар, жумладан, 500 дан 1 миллиард риёлгача [118-23,667 АҚШ доллари] жарима ва 10 йилгача қамоқ жазосини белгилайди. БМТ томонидан тайинланган инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар буни "гендер апартеид шакли" деб таърифладилар.

Нью-Йоркда жойлашган Эрондаги Инсон ҳуқуқлари маркази ноҳукумат ташкилоти директори ўринбосари Жасмин Ремсининг айтишича, ҳукумат "оёқ тираб туриб оляпти".

Аммо Эрон аҳолиси таслим бўлишни истамайди, дейди у.

"Эрон ҳар қандай дақиқада аланга олиши мумкин бочка бўлиб қолмоқда."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002