Янгиликлар. Эрон: Аёллар Исломий тузум ва Оятуллоҳни қулатадими? Эрон тинчимаяпти... Eron Islom Dunyo Yangiliklar

- Author, Беҳранг Таждин - Лиз Дюсет
- Role, Би-би-си Форс хизмати
Эрон тинчимаяпти. Намойишлар энди куч билан жавоб қайтарган режим учун жиддий таҳдид сифатида кўрилмоқда. Эрон диндан узоқлашмоқчими? Намойишларга ўзи ким бошчилик қилмоқда?
Алоқадор мавзулар:
Маҳса Амини ўлимидан сўнг тўрт ҳафта ичида Эронда мамлакатда бу яқин йилларда кузатилмаган ҳукуматга қарши энг йирик намойишлар бўлмоқда.
Намойишлар куч билан жавоб қайтарган режим учун жиддий таҳдид сифатида кўрилмоқда.
Би-би-си Форс мухбири Беҳранг Таждин ва бош халқаро мухбир Лиз Дюсет тингловчиларнинг мамлакатда нима содир бўлаётгани ва нима сабабдан бўлаётгани ҳақидаги саволларига жавоб берди.
Намойишларга ким бошчилик қилмоқда?

Сурат манбаси, EPA
Беҳранг Таждин: Қисқа жавоб шуки, норозиликларни бошқараётган бирор арбоб ёки сиёсий гуруҳ йўқ. Бу намойишларда ҳаётининг ҳар бир жабҳасини, жумладан, нима кийишигача назорат қилишга уринаётган ҳукуматга қарши бўлган эронлик аёллар етакчилик қилмоқда.
Бу норозилик намойишлари чоғида "аёл, ҳаёт, озодлик" ва "диктаторга ўлим" шиорлари энг кўп янгради, улар бу билан олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийга ишора қилмоқда.
Бу одамларнинг муштарак жиҳати уларнинг Ислом Республикасини, унинг нодемократик табиати ва мафкурага асосланган сиёсатини тубдан ўзгартириш истагидир.
Эрон аҳолисининг қайси қисми намойишларни қўллаб-қувватламоқда?

Сурат манбаси, AFP
Беҳранг Таждин: Аслида, бу норозилик намойишлари талабалар орасида ҳам, ҳатто пойтахт Теҳронда ҳам бошланмади. Улар Курдистон вилоятининг Саққез шаҳридан бошланиб, олов каби тарқалди.
Биз талабалар орасида, катта шаҳарлар ва ҳатто кичик, одатда консерватив бўлган қишлоқлар аҳолиси орасида норозилик намойишларини кўрдик. Биз буни шаҳарларнинг бойроқ жойларида ҳам, камбағал жамоаларда ҳам кўрдик.
Аҳолининг қайси қисми норозилик намойишларини қўллаб-қувватлашини ёки уларга ҳамдардлигини аниқ айтиш жуда қийин. Бироқ, далиллар шуни кўрсатадики, улар биз Эронда сўнгги йилларда кўрган энг кўп қўллаб-қувватланаётган норозилик гуруҳидир ва бу қўллаб-қувватлов бутун мамлакат ва жамият бўйлаб жуда кенг доирадаги одамлар томонидан бўлмоқда.
Нега энди матбуотда кўпроқ ёритиш ва халқаро муносабат сезилмайди?

Сурат манбаси, WANA NEWS AGENCY
Лиз Дюсет: Кўплаб Ғарб ҳукуматлари Эроннинг намойишларни бостиришини қоралаб, кескин баёнотлар берди.
Шунингдек, улар янги санкцияларни жорий этишди. Масалан, Буюк Британия Эрон ахлоқ-полициясини, шунингдек, беш нафар етакчи сиёсий ва хавфсизлик амалдорларини санкция қилди.
ОАВга келсак, Эронда хориж оммавий ахборот воситалари кам. Улар, худди эронлик журналистлар каби, чекловлар остида ишлайди, лекин хабар бермоқда.
Кўпгина оммавий ахборот воситалари, жумладан Би би си ҳам воқеани ёритиш учун журналистларни жўнатмоқчи, аммо виза ололмайди. Шундай қилиб, биз эронликларнинг жуда чекланган интернет орқали жойлаштириши мумкин бўлган видеолари ва аккаунтларига қараб қолганмиз.
Би-би-си, жумладан, бизнинг Форс хизматимиз ҳам видео тасвирларни, ҳам гувоҳларнинг сўзларини олишга муваффақ бўлди.
Бу намойишлар диндан узоқлашишнинг бир қисми эмасми?

Сурат манбаси, Getty Images
Беҳранг Таждин: Эронликлар сўнгги йигирма йилда диндан совугани белгилари бор, бу ҳеч бўлмаганда қисман давлатнинг қатъий шиа исломий талқини ва унинг аҳолига зўравонлик билан мажбурлаб ўтказилгани сабаблидир.
Исломий қадриятларга риоя қилишдан бош тортишнинг кучайиши биринчи навбатда ахлоқ-полициянинг пайдо бўлиши сабабларидан бири эди.
Умуман олганда, Ислом Республикаси диний қадриятларни сингдиришга, давлат пулларини диний ташкилотлар ва байрамларга сармоя қилишга қанчалик уринган бўлса, эронликлар шунчалик ҳафсаласи пир бўлиб, бу қадриятлардан узоқлаша бошлади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қонунга кўра, исломдан атеизм ёки ҳатто бошқа динларга ўтиш қатъиян ман этилган ва ўлим билан жазоланиши мумкин. Шунинг учун, сиз деярли ҳеч кимнинг бундай фикрларни очиқчасига билдираётганини кўрмайсиз.
Намойишларга полиция ёки ҳарбийлар қўшилиши мумкинми?

Сурат манбаси, AFP
Беҳранг Таждин ва Лиз Дюсет: Эрон қарийб 90 миллион аҳолига эга мамлакат ва улар бошқа мамлакатлардаги сингари турлича қарашларга эга. Бунга қатор хавфсизлик кучлари ҳам киради.
Ҳозир бу норозилик ва зўравонликлар орасида уларнинг фикрларини билиш қийин. Баъзилар содиқ қоладилар, чунки уларнинг келажаги Ислом Республикасининг келажаги билан боғлиқ. Баъзилари амалга ошириши керак бўлган қатағоннинг тўғрилигига шубҳа қилиши мумкин.
Ҳозиргача энг содиқ элита Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ишга солингани йўқ. Аммо кўпчилик, агар Эрон хавфсизлик кучлари тўлиқ қувват билан сафарбар қилинса нима бўлади деб сўрамоқда, улар ҳақиқатан ҳам ёш ва кекса аёллар, жамиятнинг турли қатламларидан бўлган эркакларга ҳужум қилишга тайёрми?
Уларнинг намойишчиларнинг баъзи талабларига хайрихоҳ оила аъзолари ҳам бўлиши мумкин
Полиция ва бошқа хавфсизлик кучларида намойишчиларга ҳамдард бўлганлар бордир, лекин улар буни кўрсата олишмаса керак, чунки жазо оғир бўлиши мумкин.
Полиция ёки хавфсизлик хизматига қўшилиш учун сиз диндор эканлигингизни, Ислом Республикасига содиқ эканлигингизни ва унинг "инқилобий қадриятларига" ишонганингизни кўрсатишингиз керак.
Тизимнинг айрим юқори мартабали вакиллари куч ишлатиш, ҳижоб ёки бошини ўраш мажбурияти каби чекловлардан хавотир билдирган.
Лекин бу танқид қанчалик чуқур эканини билмаймиз.
Ҳозир Эронда Амнести каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари борми?

Сурат манбаси, Twitter
Беҳранг Таждин: Йўқ, улар бошқа барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари каби хориждан вазиятни кузатмоқда.
Эрон ноҳукумат ташкилотларга (ННТ), ҳатто маҳаллий ташкилотларга ҳам жуда шубҳа билан қарайди, кўпинча уларни жосусликда, миллий хавфсизликка путур етказишда ва режимни ағдариш учун фитна уюштиришда айблайди.
Биз Британия Кенгаши ходими Арас Амирий ёки қашшоқликка қарши хайрия ташкилоти Имом Али Жамиятининг аъзолари каби маҳаллий ёки халқаро нодавлат ташкилотлар билан ишлаётганларни шунга ўхшаш айбловлар билан, кўпинча ҳеч қандай далилсиз ҳибсга олганларини кўрдик.
Бу инсон ҳуқуқлари гуруҳининг Эронда мустақил ва хавфсиз фаолият юритишини деярли имконсиз қилиб қўйган.
Халқаро ҳамжамият эронликларга қандай кўмак бериши мумкин?

Сурат манбаси, Reuters
Лиз Дюсет: Би-би-си журналистлари сифатида биз сиёсий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар бермаймиз. Аммо кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамиятлари таклифлар билан чиқишмоқда, мен ҳукуматлар ёки компаниялар томонидан амалга оширилган баъзи ҳаракатларни айтиб ўтишим мумкин.
АҚШ ҳукумати ёрдам бермоқчи бўлган усуллардан бири бу энди интернетдан узилган эронликларнинг онлайн платформалар ва хизматларга киришини осонлаштиришдир. АҚШ Молия вазирлиги янги D-2 Умумий лицензиясини чиқарди, бу эса глобал технология компанияларига Эронга қарши амалдаги санкцияларни бузмаган ҳолатда, истисно шаклида эронликларга ёрдам беришини қулайлаштиради.
Илон Маск ўзининг Starlink сунъий йўлдош интернет тармоғини Эронда цензурасиз интернетга киришни таклиф қилиш учун фаоллаштирди, аммо эронликлар бошқа хавфларни келтириб чиқарадиган махсус терминалларни олишлари керак бўлади. Google ва Signal каби бошқа компаниялар энди Эрон тармоғини четлаб ўтиш учун VPN билан таъминламоқда.
Намойишлар режим ўзгаришига олиб келиши мумкинми?

Сурат манбаси, Reuters
Лиз Дюсет: Баъзи юқори мартабали амалдорлар репрессиялардан хавотир билдирди, аммо уларнинг қизил чизиғи Ислом Республикасининг омон қолишидир.
Йиллар давомида Эронда сув танқислиги, нархларнинг кўтарилишидан тортиб, мажбурий ҳижоб кийишгача бўлган муаммолар юзасидан кўплаб норозилик намойишлари бўлиб келмоқда. 2019 йилда иқтисодий вазият бўйича яна кўплаб норозилик намойишлари бўлди, аммо бу галги тўлқин жамиятнинг кўплаб қатламларини қамраб олди.
Расмийлар, ўтмишда бўлгани каби, бу тўлқинни ҳам енгишларига ишонишлари мумкин. Олий раҳнамо Оятуллоҳ Хоманаийнинг айтишича, баъзи намойишчиларга қарши "маданий воситалар" ёки қайта ўқитиш йўли билан курашиш мумкин. Бошқалар эса суд тизими ёки хавфсизлик чоралари билан ҳал қилинади.
Аммо кўпчилик намойишчилар 25 ёшдан кичик. Бу Эронда содир бўлаётган чуқур ижтимоий ўзгаришларни кўрсатади.
Кузатувчи Вали Наср айтганидек, "Режим ўзгариши ўрнига режимда ўзгаришлар бўлиши мумкин" - агар улар бу норозилик манбаси ташқарида эмас, Эрон ичида эканлигини тан олишса, аммо ҳозир Ғарб мамлакатларида айбланмоқда.
Ўтмишда Эронда норозилик намойишлари хавфсизлик кучлари томонидан олиб борилган кенг кўламли босимлардан сўнг тинчитилган.
Биз бошқа норозилик тўлқинларида, жумладан, Яқин Шарқдаги кўплаб мамлакатларда "араб баҳори" номи билан машҳур бўлган қўзғолонда ҳам кўрдик, етакчисиз ёшлар норозиликларини кўпроқ уюшган элементлар, жумладан, ҳарбийлар ва исломий ҳаракатлар эгаллаб олиши мумкин. Ушбу норозилик тўлқинининг келажаги ҳали жуда мавҳум.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














