Эрон Олий раҳнамоси: Ким Али Ҳоманаий ўрнини эгаллайди? – Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, EPA
- Author, Рана Раҳимпур
- Role, Би-би-си Форс хизмати
Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг соғлиғи билан боғлиқ мишмишлар болалар экан, агар у вазифасини бажаролмай қолса ёки вафот этса, нима бўлиши масаласи кун тартибига чиқмоқда.
81 ёшли Али Ҳоманаий Яқин Шарқдаги энг кучли давлатнинг энг олий сиёсий етакчиси саналади. Унинг ўрнига ким келиши Эрон учун ҳам, минтақа ва дунё учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Олий раҳнамо қандай танланади?
Ушбу лавозим эгаси (Али Хаменеи 1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан бери шу лавозимни эгаллаган иккинчи одамдир) 88 мулладан иборат "Экспертлар мажлиси" томонидан танланади.
Бу мажлис аъзолари ҳар етти йилда эронликлар томонидан сайланади, аммо номзодлар аввал "Қўриқчилар кенгаши" томонидан маъқулланиши керак. Қўриқчилар кенгаши аъзолари эса бевосита ёки билвосита Олий раҳнамонинг ўзи томонидан танланади.
Олий раҳнамо ҳар икки ташкилотга ҳам таъсир ўтказа олади. Ўтган ўттиз йил мобайнида у ўзига қулоқ соладиган консерваторларни Мажлисга сайлатишга муваффақ бўлиб келди.

Сурат манбаси, AFP
Олий раҳнамо бир марта танлангач, бир умрга шу лавозимда қолади.
Эрон конституциясига кўра, Олий раҳнамо шиаларнинг юқори диний мақомида, яъни оятуллоҳ бўлиши керак. Аммо Али Ҳоманаий лавозимга келганда оятуллоҳ эмас эди ва у лавозимни эгаллай олиши учун қонунларни ҳам ўзгартиришган.
Шу боис, янги раҳнамо келиш арафасида сиёсий иқлимга қараб, қонунлар яна ўзгартирилиши эҳтимоли бор.
Бу нима учун муҳим?
Олий раҳнамо Эронда мутлақ қудрат эгаси. У энг муҳим масалаларда сунгги сўзни айтади, давлат сиёсатини, унинг ташқи дунёга муносабатини шакллантиради.
Эрон дунёдаги энг кучли шиа давлати ва Али Ҳоманаий етакчилигида минтақадаги таъсирини кенгайтириб келяпти.

Сурат манбаси, Anadolu Agency
Унинг ўлими нафақат минтақадаги жараёнларни ўзгартириб юборади, балки халқаро тўлқин келтириб чиқариши ҳам мумкин.
Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасидаги адоват Али Ҳоманаийнинг бу икки давлатга нисбатан нафрати сабабли ҳам алангаланиб, йиллар давомида таранглик ва беқарорлик касб этиб келди.
Аммо давомчининг қандай келишини ҳисобга олсак, ким келса ҳам Али Ҳоманаийнинг йўлини давом эттириши эҳтимоли катта.
Ким кейинги Олий раҳнамо бўлиши мумкин?
Ислом республикасидаги сиёсий гуруҳлар кейинги одам ким бўлишини ўзларининг фойдаларига буришга уринишади, аммо инқироз олдини олиш учун барини тинчгина ҳал қилиб юборадиган бирор кучли шахс йўқ.
Али Ҳоманаий ўзига садоқатлиларнинг шахсий алоқалари орқали таъсирини сақлаб келди. Уларнинг аксари Эроннинг энг қудратли ташкилоти Инқилоб қўриқчилари аъзоларидир.

Сурат манбаси, AFP
Инқилоб қўриқчилари ўзларига мувофиқ келмайдиган одамнинг бу лавозимга келиб қолишига қаршилик қилишлари эҳтимоли катта.
Эҳтимолий давомчиларнинг ўта махфий тутилаётган рўйхати борлиги ҳақида мишмишлар юради, аммо ҳеч ким унда кимларнинг номи борлигини билмайди, билишни ҳам даъво қилмайди.
Айрим гап сўзларга қараганда Али Ҳоманаий номзод сифатида ўз ўғли Мужтабони ёки Олий судья Иброҳим Раисини афзал билади.
Жаноб Раисининг ўтмишдоши Содиқ Ларижоний ва жорий президент Ҳассан Руҳонийнинг ҳам кейинги Олий раҳнамо бўлишга истаги борлиги айтилади.
Мужтабо Ҳоманаий ким?

Сурат манбаси, DPA/Alamy Live News
Олий раҳнамонинг 51 ёшли ўғли соядаги одам. У Машҳадда туғилган ва отаси каби у ҳам диний етакчи.
Мужтабонинг номи 2009 йилги сайловлардан сўнг кўтарилган намойишларга қарши куч ишлатилганда кўпчилик диққатини тортган. Унинг ўша куч ишлатишларда қўли борлигига ишонилади.
Гарчи Али Ҳоманаий қирол эмас ва тахтни ўғлига мерос қилиб қолдира олмаса ҳам, отасининг ўта консерватор доирасида, жумладан, Олий раҳнамо девонида Мужтабонинг таъсири катта.
Агар у Инқилоб қўриқчилари қўлловини олса, танлов жараёнида улар Мужтабонинг тарафида бўлишлари мумкин.
Иброҳим Раиси ким?

Сурат манбаси, AFP
60 ёшли мулла, Машҳадда туғилган.
У Оятуллоҳ Ҳоманаийга издош бўлиши эҳтимоли энг кўп деб ишонилади.
У ҳеч қачон ўзининг кейинги Олий раҳнамо бўлиш истаги борлиги ҳақидаги мишмишларни инкор қилмаган ва унинг айрим хатти ҳаракатлари лавозим учун жиддий интилаётганини кўрсатади.
У суд тизимида бир неча лавозимларда ишлаган ва Экспертлар мажлиси раисининг ўринбосаридир.
Раисининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги салбий имижи, жумладан, 1988 йили сиёсий маҳбусларнинг оммавий қатл қилинишидаги роли унга омма ичида қўллов кўп бўлмаслигига сабаб бўлади. Аммо 2017 йилги президентлик сайловидаги мағлубиятига қарамай, Олий раҳнамо уни Адлия соҳасининг тепасига олиб келиб қўйди.
Бу лавозимни эгаллаганидан буён, унинг ОАВда чиқишлари кўпайди ва "коррупцияга қарши уруш"ни бошлади. Али Ҳоманаий каби Раиси ҳам Эроннинг 2015 йилги ядро битимига нисбатан шубҳа билан қарайди ва ўзини Инқилоб қўриқчилари билан жуда яқин алоқаларга эга.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














