Ислом дунёси: Шиа Эрон ва Сунний Саудия ўртасида уруш чиқадими?

Эрон Оятуллоси Ҳаманиий ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон.

Сурат манбаси, Reuters/EPA

Сурат тагсўзи, Эрон Оятуллоси Ҳаманиий ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Исломдаги икки фирқа - Шиалар ва Суннийларни намоён этадилар.
    • Author, Жонатан Маркус
    • Role, BBC News

Саудия ва Эрон яна қирпичоқ бўлишмоқда. Бири Сунний, бошқаси Шиа бу икки давлат анчадан бери бир-бирларини рақиб санашади.

Кейинги кунлари эса ўртадаги вазият янада таранглашмоқда.

Теҳрон ва Ар-Риёд нега тил топа олишмайди?

Икковлон ҳам минтақада етакчиликка даъво қилади.

Шиа ва Суннийлик фарқлари эса адоват оловига ёғ пуркайди.

Сунний мусулмонлар учун Саудияни муқаддас замин ва Исломдаги энг буюк зиёратгоҳлар қўриқчисидир.

Саудия - Ислом дини пайдо бўлган маскан. Тарихан Саудия ўзини Ислом оламидаги энг муҳим юрт деб билади.

Аммо 1979 йили Эронда Исломий Инқилоб амалга оширилди ва минтақада Шиа Исломга асосланган тузум пайдо бўлди.

Шундан бери Эрон Шиаликни дунё бўйлаб ёйишга интилади.

Ғарб урушлари мусулмонларни бўлдими?

Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар охирги 15 йил давомида янада таранглашди.

2003 йили АҚШ бошчилигидаги иттифоқ Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайнни қулатди.

Сунний Саддам эса Шиа Эроннинг ашаддий душмани эди.

Саддамдан кейин минтақада Эроннинг мавқеи ҳамда таъсири ошиб кетди ва унга қарши турадиган куч қолмади.

Алоқадор мавзулар:

2011 йили Араб баҳори бошланди ва кўплаб мамлакатларда аксилҳукумат намойишлари юзага келди.

Саудия ва Эрон эса бу воқеалардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишди.

Хусусан, Сурия, Баҳрайн ва Яман мисолида бу яққол кўзга ташланди.

Натижада, Эрон ва Саудия орасида ўзаро адоват ва ишончсизлик янада чуқурлашди.

Эрон қўли баланд келмоқда

Танқидчилар кўра, Эрон ҳозир то Ўрта Ер денгизигача чўзилган ҳудудларда ўз таъсирини кучайтиришга уринмоқда.

Ва кўп жабҳада ғалаба қозонаяпти.

Сурияда Эрон (ва яна Россия) ёрдамида Алавий Шиа Президент Ассад ҳукумати аксар Сунний мусулмонларни бостирмоқда.

Сурия Суннийларини эса Саудия қўллайди.

Саудия Эроннинг ошиб кетаётган таъсирини жиловлашга уринмоқда.

Саудиянинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон эса ҳарбий авантюрага берилиб, минтақадаги аҳволни янада таранглаштираётир.

Саудия раҳбарияти Ямандаги Шиа исёнкорларига қарши уришмоқда.

Улар шу йўл билан минтақадаги Эрон таъсирини йўққа чиқаришмоқчи.

Аммо орадан уч йил ўтиб, бу авантюра қимматга тушиши ойдинлашаяпти.

Қатор таҳлилчиларга кўра, Саудия ҳозир Ливан Бош Вазирини ҳам истеъфо беришга ундамоқда.

Чунки Эрон қўллаб келаётган "Ҳизбулло" Шиа жангари гуруҳи Ливан сиёсатида етакчи ўрин тутади ва у ердаги қуролли кучларни назорат қилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса Саудияни дастакламоқда.

Эронни кучли таҳдид деб биладиган Исроил ҳам бу борада Саудияни қўллаяпти.

Исроилнинг қўрқишича, Эрон дастаклайдиган Суриядаги жангарилар уларнинг чегарасига яқинлашмоқда.

Ким кимга дўст?

Саудия ва АҚШ раҳбарлари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Дональд Трамп Саудияни қўлламоқда.

Яқин Шарқ стратегик харитаси Шиа ва Суннийлар орасида бўлиниб кетган.

Саудияни Сунний давлатлар - БАА, Қувайт, Баҳрайн, Миср ва Иордания қўллайди.

Алавий Шиа Президент Ассад бошқарувидаги Сурия ҳукумати эса Эроннинг ҳамкори.

Эрон қўллаб-қувватлайдиган "Ҳизбулло" каби Шиа гуруҳлари Суннийларга қарши курашишмоқда.

Сунний Саддам кетганидан кейин Ироқ ҳукуматида мавқеи ошган Шиалар ҳам бугун Эроннинг яқин дўсти.

Янги Совуқ Урушми?

Яқин Шарқдаги ҳозирги ҳолат СССР ва АҚШ ўртасидаги Совуқ Урушни эслатади.

Саудия Арабистони ва Эрон бир-бири билан тўғридан-тўғри уришаётгани йўқ. Лекин улар қўллаётган кучлар ва гуруҳлар уришишмоқда.

Масалан, Сурия бунинг яққол мисоли.

Саудиянинг айблашича, Эрон ҳозир Ямандаги Шиаларга баллистик ракеталар берган.

Бу ракеталар эса Саудияга қарши ишлатилди.

Яман уруши Саудия ва Эрон ўртасидаги душманликни янада кучайтириб юборди.

Айни пайтда, Саудия нефти ортилган кемалар ўтадиган Форс Кўрфазида ҳам Эрон бугун ўз кучини кўрсатишга уринмоқда, деган айбловлар янграб туради.

Янги уруш чиқадими?

Яман

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Эрон ва Саудия ўртасида низо чиқса, бу режаланмаган уруш бўлади

Ар-Риёд ва Теҳрон шу пайтгача билвосита ёки бошқа кучлар воситасида уришиб келишмоқда.

Уларнинг ҳеч бир тўғридан-тўғри уруш очишга тайёр эмас.

Лекин Яман Шиаларининг Саудияга қарши қилган ракета ҳужумлари бу мувозанатни издан чиқариши мумкин.

Саудия ҳам, Эрон ҳам Форс Кўрфазига туташ ва бу кўрфаз сувида АҚШ ва умуман, Ғарб давлатлари кемаларининг эркин ҳаракат қилиши муҳим.

Шу учун бирон ҳарбий низо чиқса, унга АҚШ кучлари ҳам қўшилиши эҳтимоли катта.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари анчадан бери Эронни минтақани беқарорлаштираётган давлат сифатида кўриб келишади.

Саудия шаҳзодаси эса Эроннинг тобора ошаётган таъсирини пасайтириш учун ҳамма нарсага тайёр.

Лекин Саудия нефть иншоотларига қилинган ҳужум Ар-Риёднинг нозик жойлари борлигини кўрсатди.

Шу боис, агар Эрон ва Саудия очиқ уруш бошласа, бу пухта ўйланган режа эмас, балки воқеалар ривожи оқибати бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek