Эрон: Исроилнинг Марказий Осиёга чегарадош давлатга ҳужуми минтақа учун қанчалик хавотирли - энди Россия кучаядими?

Марказий Осиё харитаси
    • Author, Feruza Rahmon
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 12 дақ

Минтақада янги хавотир ва саволлар ўртага чиқмоқда...

Нима гап?

Ҳужум

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил операциясининг мақсадларидан бири Эронда ҳокимиятни алмаштириш бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. "Бу, албатта, натижа бўлиши мумкин, чунки Эрон режими жуда заиф", - дея баён қилган Исроил Бош вазири куни-кеча Американинг Fox News телеканалига берган интервьюсида. АҚШ президенти эса, Эрондан "шартсиз таслим бўлишлари"ни талаб қилмоқда.

Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиёда янги хавотирларни пайдо қилди.

Ҳам минтақа ва ҳам дунёда кучайиб бораётган геосиёсий танглик манзарасида Марказий Осиё учун энг ҳассос бўлган хавфсизлиги ва геоиқтисодий режаларининг тақдири билан боғлиқ янги саволларга ҳам туртки берди.

Минтақага бевосита чегарадош ва геостратегик жойлашуви муҳим Эрон, айниқса, сўнгги йилларда - Украина уруши фонида ўзларининг транспорт йўллари, ташқи бозорлари ва савдо ҳамкорларини имкон қадар турфалаштириш ҳаракатида бўлган Марказий Осиё давлатлари учун саноқли муқобил ва муҳим танлов, имкониятлардан бири ҳам бўлади.

Денгизга йўли икки карра ёпиқлиги эса, хосан Ўзбекистон учун жаҳон савдо йўлларига чиқишида Эроннинг ҳам аҳамиятини янада кучайтирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Эрон Марказий Осиёнинг асосий савдо-иқтисодий шериклари бўлган Россия ва Хитойга ҳам яқин, таъбир жоиз, "хавфсиз" ҳамкор.

Каспий денгизи ва Форс Кўрфази чегарасида жойлашган эмасми, ўзининг геостратегик жойлашуви туфайли Эрон Хитойнинг Марказий Осиё давлатларини ўз ичига олувчи улкан "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси учун ҳам муҳим ўрин тутади.

Расмий Пекин ҳам худди шу омилни назарда тутган ҳолда, Эронни ўзининг кўп миллиардли мазкур лойиҳасида жиддий иштирок этишга ундаб келади.

"Бир камар, бир йўл"нинг марказий йўли эса, Марказий Осиёдан айнан Эрон ва Форс кўрфази, шунингдек, Туркия ва Ўрта ер денгизигача чўзилади.

Президент Си ўзининг оламшумул мазкур лойиҳасини Ғарб етакчилигидаги ривожланишга муқобили сифатида талқин этиб келади.

Хитойнинг "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси дунё аҳолисининг тўртдан уч қисми, бойлигининг ярмини ташкил этиши айтилади.

Шахсан амалдаги Хитой президенти Си Цзиньпиннинг ўзи томонидан илгари сурилган "Бир камар, бир йўл" ташаббуси қудратли Хитой "йирик давлат дипломатияси"нинг ўзаги сифатида кўрилади.

Ўтган ўн йил ичида мазкур ташаббус Буюк Ипак йўли чегараларини ортда қолдирган, Осиёдан бошлаб, Европа, Африкага қадар узанган.

Марказий Осиё давлатлари ҳам Эрон қаторида расмий Пекин наздида бу ташаббуснинг муҳим иштирокчилари саналишади.

Ҳам Эрон ва ҳам Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганида, улардан ҳеч бирига ҳалича дунёнинг қолган бир давлати бу каби улкан лойиҳа билан чиқмагани ҳам бор гап.

Эрон, бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларини ҳам ўз ичига олувчи ва улар учун янада қулай ҳамда фойдали бўлиши айтилувчи қатор янги халқаро темир йўл лойиҳаларининг ҳам муҳим иштирокчиси бўлади.

Алоқадор мавзулар:

Толибон Афғонистони омили

Эрон-Афғонистон чегараси

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Исроил ҳужумлари остидаги Эроннинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан муносабатлари силлиқ эмас...

Ҳам Марказий Осиё ва ҳам Эроннинг муваққат ҳукумати, уч йилдан ошиқки, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган, яқин-яқингача урушлар ичида бўлган, халқаро ҳисоботларда ўтган йилга қадар ҳам ўнлаб жангари гуруҳ минтақага "жиддий таҳдид туғдиргани" айтилган, Толибон қудратга қайтиши ортидан ижтимоий, иқтисодий, инсонпарварлик билан боғлиқ вазияти назарда тутиларкан, фавқулодда ёрдам берилмаса, "Ер юзининг жаҳаннами"га айланишига оид жиддий хавотирларга сабаб бўлган Афғонистонга чегарадошлиги ҳам Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида эътиборга молик яна бир воқеъликка айланган.

Исроил ва Эрон ўртасидаги сўнгги қуролли можаро, бошқа томондан, айнан Эрон ва Покистондан афғонларнинг ортга оммавий депортацияси Афғонистон иқтисодини янада оғир аҳволга солиб қўйишига оид хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Узоқ йиллик жангарилик муамосидан ташқари, Афғонистон иқтисодининг таназзулга учраши ва у ердаги вазиятнинг издан чиқиши катта сондаги қочқинлар оқимининг пайдо қилиши эҳтимолида шундоқ ҳам Марказий Осиё давлатларининг минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келади.

Эрон Покистон билан бирга Афғонистондаги узоқ йиллик урушлар манзарасида энг кўп - миллионлаб афғонларга бошпана берган иккита давлатдан биттаси ҳам бўлади.

Сўнгги йилларда бу икки давлат амалга ошираётган оммавий депортациялар ортидан ҳам бу икки давлатда қолаётган афғон қочқинлари ўзларининг сони ҳам оз эмаслиги айтилади.

Толибоннинг тинчлик музокаралари истиқболини йўққа чиқариб, асосан қурол кучи билан Афғонистонда яна қудратга қайтиши, мамлакатни яна "Шаръий қадриятлар" асосий бошқарилувчи Исломий Амирлиги, деб эълон қилиши, халқаро ҳамжамиятнинг инклюзив ҳукумати илова қатор муҳим шартларини бежавоб қолдириб келаётгани боис эса, Афғонистонга бериб келинаётган йирик миқдордаги йиллик молиявий кўмаклар ҳануз тикланмаган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларининг деярли барчаси ҳануз музлатилганича қолмоқда.

Шу каби бир манзарада Би-би-си манбаларининг хабар беришича, Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари томонидан қолган, собиқ афғон ҳукумат кучларига берилган ва Толибон томонидан қўлга киритилган ярим миллион қурол йўқолган, сотилган ёки контрабанда йўли билан бошқа жангари гуруҳлар ихтиёрига ўтказилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жорий йил феврал ойидаги ҳисоботида таъкидланишича эса, "ал-Қоида"нинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби ҳамкорлари ҳам Толибон қўлига ўтган қурол-аслаҳага имконли бўлишган ёки уларни қора бозордан харид қилганлар.

Афғонистон Ўзбекларники илова Марказий Осиёга мансуб турли жангари гуруҳлар ҳам узоқ йиллар мобайнида бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган саноқли давлатлардан ҳам бири.

Охирги пайтларда ҳозир Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг энг жангари ва ҳалокатли қаноти, деб эътироф этилувчи Хуросон бўлими ҳам қайта кучайган, яқинда ҳатто Эроннинг ўзида уюштирилган қўшалоқ ҳужумларга ҳам айнан улар масъул кўрилган.

Агар, айрим етакчи Ғарб нашрларидаги таҳлилларга таянилса, Америка Қўшма Штатларидан қолган ҳарбий аслаҳа Афғонистонни жангари гуруҳлар учун қурол-яроғ омборига айлантирган.

Улар чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда пайдо бўлган хавфсизлик бўшлиғи исёнчилик, чегараоша терроризм ва Жанубий Осиё ҳануз исканжасида бўлган минтақавий қудратлар ўртасидаги ўйинни кучайтирган.

"Қайта сотилган бу қурол-аслаҳалардан айримлари Кашмирдагисидан тортиб, Яқин Шарқдаги можароларга қадар кириб борган".

Чегарадош давлатлар мавқеи...

Минтақа харитаси

Эрон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан фаол дипломатик мулоқотда бўлган саноқли давлатлардан бири бўлади, аммо муҳожирлар оқими бўладими ва ёки сувдан фойдаланиш ҳуқуқи – чегараларида ўзаро тўқнашувларга ҳам бориб туришади, муносабатлари силлиқ эмас.

Аммо кеча, 16 июн куни олинган хабарларга кўра, Афғонистон муваққат ташқи ишлар вазири Исроил ва Эрон ўртасидаги сўнгги можарони муҳокама этиб олиш учун эронлик ҳамкасбига сим қоққан.

Маълум бўлишича, Мавлавий Амирхон Муттақий Исроилнинг биргина Эрондаги ҳарбий сатҳлар эмас, тинч аҳоли масканларини ҳам нишонга олган ҳужумларини қоралаган.

Уларни "халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ва Эрон суверенитетига тажовуз", деб атаган.

Хабарларда айтилишича, Муттақий, шунингдек, Эрон томонини Саудия Арабистонида қолиб кетган эронлик зиёратчиларни Афғонистон орқали хавфсиз ўтказишга ҳам ишонтирган.

Эрон Ташқи ишлар вазири эса, ҳам қораловчи баёноти ва ҳам зиёратчиларини хавфсиз қайтариш борасидаги ваъдаси учун афғонистонлик ҳамкасбига миннатдорлик билдирган.

Хабарларга кўра, Эрон Ташқи ишлар вазири Афғонистонни "қўллаб-қувватловчи" ва "ҳамдард" давлат сифатида таърифлаган.

Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон минтақанинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.

Туркманистон эса, Афғонистон баробарида Эронга ҳам бевосита қўшни.

Нейтрал мақомига қарамай, Исроил ва Эроннинг ҳужумлари фонида Озарбайжон билан бирга қатор давлатлар аллақачон ўз дипломатлари ва фуқароларини олиб чиқиш ҳаракатида бўлган иккита давлатдан биттаси.

Ўзбекистон Президенти кеча, 17 июн куни Қозоғистон пойтахти Остонадаги "Марказий Осиё+Хитой" иккинчи саммитида қилган чиқишида халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашганига алоҳида тўхталиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев рақобатнинг ортиши кескинликнинг зўрайишига, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга янги хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келаётганлигини айтган.

Ўзбекистон раҳбари, "низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблашлари"ни ҳам баён қилган.

"Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан — музокаралар столида ҳал этилиши шарт"лигини таъкидлаган.

Аммо, шундай деркан, унинг қай бир минтақа ёки можарони кўзда тутгани ноаён қолган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти Афғонистон муаммоларига халқаро ҳамжамият эътиборининг пасайиши ҳам жиддий ташвиш уйғотаётганлигини таъкидлаб ўтган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари эса, худди ўша куни ҳам Эрон ва ҳам Исроилнинг ўзларидаги элчилари билан учрашган.

Вазирликнинг ўзи эса, навбатдаги расмий баёноти билан чиқиб, "Эрон-Исроил можароси Ўзбекистоннинг ҳам манфаатларига жавоб бермаслиги"ни баён қилган.

Шундай экан, бир томондан Эроннинг ўзига, иккинчи томондан Эронга қўшни ва муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз тан олинмаган Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга чегарадош экани назарда тутилса, Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи, яъни Исроилнинг Эронга ҳужуми Марказий Осиё минтақаси учун қанчалик хавотирли? Агар, хавотирли бўлса, нима учун? Минтақа воқеаларнинг ўзлари учун хавотирли ривожига қанчалик тайёр? Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан айрим минтақавий ва халқаро экспертларга мурожаат қилди?

Dovud Azamiy
taqdim
Mojaroning cho‘zilishi va buning oqibatlari ham Markaziy Osiyo davlatlari uchun strategik muammolar keltirib chiqarishi mumkin.
Doktor Dawood Azami
Bi-bi-si Jahon xizmati muharriri. Xalqaro siyosat va xavfsizlik masalalari bo‘yicha ekspert (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Довуд Аъзамий: Эронга тарихий ва жўғрофий яқинлиги туфайли Исроил-Эрон можароси Марказий Осиё Республикалари ва Афғонистонни турли иқтисодий ва хавфсизлик муаммолари, беқарорлик хавфи ва миграция босимининг кучайиши эҳтимоли қаршисида қолдириши мумкин.

Туркманистон ва Афғонистон Эрон билан чегарадош, олд мавқеъда, шу боис, кўпроқ зиён чекишлари эҳтимоли бор.

Эронда давлат институтларининг заифлашиши бутун минтақада хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга таъсир қилиши, экстремистик гуруҳлар, уюшган жиноятчилик, одамлар, гиёҳванд моддалар ва товарлар контрабандаси учун қулай муҳим яратиши мумкин.

Можаронинг янада кенгайиши оммавий миграцияга сабаб бўлиши, минтақадаги ижтимоий хизматларга ортиқча юк бўлиши, қонун ва тартиб-қоиданинг ижросини қийинлаштириши мумкин.

Афғонистон эса, икки карра зиён чекиши эҳтимоли бор. Чунки иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиши нафақат Эронда яшаётган миллионлаб афғон қочқинларининг ортга қайтиши, балки-да, Эрон фуқароларининг ҳам ўз мамлакатларини тарк этиб, қўшни давлатлар, жумладан, Афғонистондан бошпана топишларига мажбур қилиши мумкин.

Иқтисодий таъсири

Довуд Аъзамий: Иқтисодий таъсири, шубҳасиз, Марказий Осиё Республикаларига ҳам, Афғонистонга ҳам катта бўлади.

Ҳормуз бўғози каби муҳим транзит нуқталарида узилишлар давом этса, глобал нефть нархидаги беқарорликлар ҳам Марказий Осиё иқтисодларига таъсир қилмай қўймайди.

Бундан ҳам муҳими, Эрон денгизга чиқишга имкони йўқ Марказий Осиё Республикалари ва Афғонистон учун жаҳон бозорларига муҳим дарвоза бўлиб ҳам хизмат қилади.

Эроннинг Бандар-Аббос ва Чобаҳор каби денгиз портлари алоқани осонлаштиради, савдо-сотиқ қилишларида Марказий Осиё Республикалари ва Афғонистон учун муҳим ҳаёт йўли ўлароқ кўрилади.

Стратегик таъсири

Довуд Аъзамий: Стратегик жиҳатдан эса, жўғрофий ва сиёсий алоқалари ҳамда расмий Теҳроннинг минтақавий нуфузини кенгайтириш сиёсати туфайли Марказий Осиё Республикалари ва Афғонистон Эрон учун асосий таъсир доираси бўлиб келган.

Исроил билан урушга эътибор қаратган Эроннинг Марказий Осиёдаги таъсирини сақлаб қолиш ёки кенгайтириш учун вақти ҳамда имкониятлари ҳам камроқ бўлади.

Айни пайтда, йирик қудратлар вазиятдан минтақада ўз таъсирларини кучайтириш йўлида фойдаланишга уринишаркан, можаронинг чўзилиши ва бунинг оқибатлари ҳам Марказий Осиё давлатлари учун стратегик муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Хитой ва Россия ўзларининг яқинликлари ҳамда минтақавий ҳамкорлик тузилмалари туфайли юзага келаётган хавфсизлик таҳдидларини юмшатиш чораларини кўриш билан ҳам Марказий Осиё давлатларига ўзларининг таъсирлари ва босимларини кучайтиришлари эҳтимоли бор.

Фарҳод Толипов
facebook
Voqealarning rivoji albatta buni ko‘rsatar va aniqlik paydo bo‘laru, lekin albatta bu xavotirsiz, deb, bir xotirjamlik bilan qabul qilib bo‘lmaydigan holat.
Farhod Tolibov
Siyosiy tahlilchi, O‘zbekiston (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Фарҳод Толипов: Воқеаларнинг ривожи албатта буни кўрсатар ва аниқлик пайдо бўлару, лекин албатта бу хавотирсиз, деб, бир хотиржамлик билан қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бу ҳужум фақатгина кичкинагина бир можарою тўқнашув эмас. Бири ядровий экани ишонилувчи, иккинчиси эса ядровий бўлиш арафасида турган давлат орасида бўлаётган тўқнашув. Эрондаги ҳозирги вазиятни Яқин Шарқнинг азалий, асрий десак ҳам бўлади, тўпланиб келаётган муаммолари билан бевосита боғлиқ бўлган можаро, ўшанинг бир қисми, деб айтишимиз мумкин. Шунинг учун бу ерда ҳам буни, барибир, ташвиш билан кузатаяпмиз. Эрондаги вазият қанчалик кескинлашиб кетаркин ёки йўқ, юқорида ҳам айтиб ўтганимдек, буни яқин кунлар, яқин келажак кўрсатади. Чунки, бир томондан, АҚШ, иккинчи томондан халқаро ҳамжамият, бошқа давлатлар ҳам ўзларининг позицияларини бирин-кетин билдирмоқда ва бу таъсирсиз қолмайди. Ҳамма де-эскалация учун чақираяпти. Эрондаги вазиятни издан чиқариб юбориш, беқарорликка йўл қўйиш ҳеч ким, ҳеч қайси давлатнинг манфаатига кирмайди. Чунки унинг салбий оқибатлар фақатгина Эрон билан чекланмайди ва минтақага тарқалиши мумкин, шу жумладан, Марказий Осиёга ҳам. Билмадим, агарда буни кескинлашув даражаси деб белгилаб, боғласак, бир томондан қочоқлар муаммоси туғилиши мумкин. Ёки қандайдир бир экстремистик, террористик таҳдидларнинг даражаси кўтарилиши мумкин – балки деб айтамиз. Ва ё умуман олганда, Эрон тинч эканида, демоқчиманки, шу пайтгача стратегик ва геосиёсий нуқтаи назардан аҳамияти тобора ошиб бораётган мамлакат эди. Хусусан, мана, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг, умуман олганда, транспорт артериялари, транспорт лойиҳаларини ривожлантириш контекстида ҳозир катта ишлар олиб борилаётганди. Хусусан, Хитойнинг "Бир камар, бир йўл" деган катта ташаббуси доирасида ҳозир олиб борилаётган ишлар, яъни Хитойни Европа билан боғловчи лойиҳаларда Эроннинг аҳамияти тобора ошиб бораётган эди. Шунинг учун ҳам, биз учун Эрондаги вазият бу қандайдир бир узоқ мамлакатдаги вазият эмас, иккинчи даражали давлат эмас. Бевосита ҳозир Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг стратегик режалари Эрон билан хусусан боғлиқ бўлиб қолаётган эди. Гарчи, агарда, майли, ана шу қочоқлару ёки экстремистик қандайдир таҳдидлар кучаймаган ҳолатда ҳам, Эрон билан боғлиқ лойиҳалар ўзининг тўхтаб қолиши анча вақтгача бу ҳам катта бир салбий таъсир кўрсатади Марказий осиёликларнинг мана шу стратегик режаларига, транспорт билан боғлиқ бўлган стратегик режаларига ва ҳоказо. Мана, ҳозирча мана шундай таассуротлар ўйғонаяпти. Лекин умид қиламиз ва умуман, таҳлилимиз шуни кўрсатаяптики, бу уруш жуда чўзилиб, чигаллашиб кетмаса керак. Эроннинг ўзи, бир томондан олганда, салоҳияти ҳам қандайдир паст эмас. Эроннинг салоҳияти жуда катта ва ҳозир Исроил билан олиб бораётган тўқнашувда ўзининг салоҳиятини намойиш эта билди. Буни бутун халқаро ҳамжамият кузатаяпти. Аввал ҳам айтганимдек, Эрондаги вазият издан чиқиб кетса, биринчи галда Марказий Осиё ҳам эмас, Яқин Шарқдаги унга қўшни давлатлар бунинг салбий таъсирини ўзларида ҳис этишади. Улар ҳам, демак, иложи борича вазиятни ўз изига қайтаришга ҳаракат қилади, деб ўйлайман. Ва мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, демак, биз, Марказий осиёликлар ҳозир Эрондаги урушни, нима деймиз, қизил чизиқ деямиз-ку, чегарадан чиқиб кетмаслигига умид қилишимиз мумкин.

Савол: Агар воқеаларнинг ривожини сиз айтаётган эҳтимоллар нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, Эрондаги вазият издан чиққудек бўлса, унинг стратегик аҳамияти минтақа учун қанчалик муҳимлиги назарда тутилса, бошқа бир томондан қочоқлар оқими, иккинчи тарафдан, ўша экстремистик таҳдид, Марказий Осиё жорий пайтда воқеаларнинг шу каби ривожи, шунга ўхшаш бир сценарийга қанчалик тайёр?

Фарҳод Толипов: Юқорида айтганимдек, биринчи галда ўша транспорт билан боғлиқ бўлган, транспорт йўлларини очиш билан боғлиқ бўлган кўплаб, кўплаб лойиҳалар, нафақат транспорт, савдо-сотиғу, бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик кўлами камайиши, албатта, менимча, энг биринчи сезиларли оқибати шу бўлиши мумкин. Ҳаттоки, қочоқлар ҳам эмас, ҳалиги айтганимдек, экстремистик йўналишлар ҳам эмас. Чунки, барибир, чегаралару, умуман, хавфсизлик органлари ҳаммаси назоратда бўлиб турибди ва бундан ҳам чигалроқ, бундан ҳам кескинроқ вазиятнинг гувоҳи бўлишган Марказий осиёликлар ўз вақтида Афғонистонда бўлган урушларда. Демак, биз бундай тажрибага эга эканмиз, мана шундай ҳолатларда Марказий осиёликлар мана шундай ҳолатларга тайёр дейишимиз мумкин. Аммо лойиҳалар, олиб борилаётган лойиҳалар нуқтаи назаридан, савдо, транспорт ва бошқа мана шу билан боғлиқ бўлган лойиҳаларнинг диверсифкациясига таъсир қилган ҳолда, бу уруш модификация бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Хусусан, биз биламиз, диверсификация деганда, ана шу савдо йўллари ва ҳоказо лойиҳалар нафақат Эрон билан боғлиқ бўлган эди, балки, мана, Жанубий Кавказ ўлкалари орқали ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Балки шунга ҳам урғу кўпаяр. Буни энди биз мутахассислардан кўпроқ эшитамиз. Лекин тахмин мана шундай бўлиши мумкин, деб ўйлайман.

BBC: Туркманистон ва Қозоғистон эса, худди Эрон каби дунёнинг йирик энергия захираларига бой давлатлари сирасига киришади.

Исроилнинг Эронга ҳужуми, бошқа томондан, жуда қисқа вақтнинг ўзида нефть нархларининг кескин кўтарилиб кетишига ҳам олиб келган.

Бу ҳам Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар фонида жиддий хавотирга молик яна бир воқеълик ўлароқ ўртага чиққан.

Айни ўринда, айниқса, нефтга бой Россиянинг ҳам жанг жабҳаси, ҳам постсовет макони ва ҳам дунёдаги мавқеининг янада кучайиши аллақачон қўрқувларга молик истиқбол ўлароқ тилга ҳам олиб бўлинган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Россия Марказий Осиёнинг энергия бозорида янада фаоллашиш ҳаракатида бўлган, аксарият таҳлилчилар наздларида, шу йўл билан ҳам минтақада ўзининг сиёсий, геосиёсий таъсирини янада кучайтириш, уларни ўзининг орбитасига янада яқинроқ тортиш ҳаракатида бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Алишер Илҳомов
facebook
Yaqin Sharqdagi so‘nggi mojaroning O‘zbekiston, Markaziy Osiyo uchun oqibati asosan bilvosita xarakterga ega bo‘ladi.
Alisher Ilhomov
Londondagi “Markaziy Due Deligence” tahlil markazi direktori (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Алишер Илҳомов: Ҳаммаси Эрон йўналиши билан боғлиқ лойиҳаларга қанчалик жиддий эътибор қаратилганига боғлиқ бўлади. Агар, Афғонистонга келсак, қуролли можаро янада кучаядиган бўлса, қочқинлар оқими бошланади. Улар биринчи бўлиб ўз йўлларини Афғонистонга солишлари эҳтимоли эса катта. Тўғри, Толибон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар анчайин мураккаб. Аммо Афғонистоннинг ғарбий минтақаларини сиёсий, ижтимоий ва маданий ришталар боғлаб келган. Айнан ўша ерга қандайдир қочоқлар оқими кузатилиши мумкин. Ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан Афғонистондаги вазият шундоқ ҳам енгил эмас. Воқеаларнинг бу каби эҳтимоли у ердаги инсонпарварлик билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Шу боис ҳам, Яқин Шарқдаги сўнгги можаронинг Ўзбекистон, Марказий Осиё учун оқибати асосан билвосита характерга эга бўлади. Можаронинг дунёдаги умумий вазият ва умумий архитектурага қандай таъсир қилишига боғлиқ бўлади. Бу нефть нархини ҳам ўз ичига олади. Нефтнинг баҳоси аллақачон кўтарилиб кетган. Агар унинг қиймати шу туришича қолса ёки қимматлашда давом этса, бу четдан нефть таъминотига қарам давлатларга қаттиқ зарба бўлади. Нефть захираларига бой давлатлар эса фойда кўрувчиларга айланишади. Мисол учун, Россияни сўзсиз ана шундай давлатлардан бири сифатида тилга олиш мумкин. Марказий Осиёда бу кўпроқ нефть захиралари унча кўп бўлмаган Қирғизистон, Тожикистонга салбий таъсир қилиши эҳтимоли бор. Чунки бу минтақавий бозорни ҳам четлаб ўтмаслиги мумкин. Ўзбекистон эса бу икки минтақа давлати билан таққослаганда, четдан нефтга у қадар қарам эмас. Лекин, барибир, сўнгги пайтларда мамлакатдаги нефть-газ соҳасининг катта қийинчиликлар қаршисида қолганини кўрдик. Шу боис ҳам, бунинг таъсири Ўзбекистонга ҳам бўлиши мумкин.

Савол: Марказий Осиё давлатлари воқеаларнинг бу каби ривожи эҳтимолига қанчалик тайёр?

Алишер Илҳомов: Транспорт-логистика йўллари мисолида айтадиган бўлсак, бу кўп томонлама Афғонистон орқали ўтиб, Покистон портларига узанувчи ва Транскавказ йўналиши билан боғлиқ лойиҳаларнинг муваффақиятига боғлиқ бўлади. Агар улар анча-мунча илгарилайдиган бўлса, бу каби эҳтимолларнинг минтақага салбий таъсири катта бўлмайди. Қочоқлар масаласига келсак, уларнинг қандайдир оқими Ўзбекистон чегарасигача келиши эҳтимоли йўқ эмас. Биз Сурия мисолида турли сиёсий гуруҳлар ўртасида қуролли низолар бошланиб кетганида, бу катта сондаги қочқинлар оқимини пайдо қилгани ва улар ўз йўлларини асосан Европага солишганини кўрдик. Сўзсиз, ижтимоий ҳимояланганлик нуқтаи назаридан, Эрон мисолида ҳам шундай бўлиши мумкин. Лекин қочқинларнинг қандайдир оқими ўз йўлини Шарққа солиши эҳтимоли барибир бўлади. Нефть нархлари ва унинг таъминоти масаласига келсак, ўзининг нефть-газ саноатини ривожлантиришга эътибор қаратиши, коррупция, қариндош-уруғчилик каби салбий ҳолатларга барҳам бериши лозим бўлади.

BBC: Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожи хусусида аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари Исроил Эронга ҳужум қилган куннинг ўзидаёқ бирдек расмий баёнот билан чиқишган.

Улар бундан "ўта", "жиддий" ва "чуқур" хавотирда эканликларини билдиришган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ҳам чақиришган.

Улар барчаси кескинлашиб бораётган қуролли можарони тинч, сиёсий ва дипломатик йўлда, мулоқот ва музокаралар билан ечишга тарафдорлик қилишган.

Беш Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг айни мазмундаги даъватларига Исроил ва Эроннинг расмий муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Икковлон ўртасидаги қуролли можаро эса, ўзининг олтинчи кунига кирди.

Бугунга келиб, можарога АҚШнинг аралашиши эҳтимолига оид хавотирлар кучайди....

Дональд Трамп Эрондан "шартсиз таслим бўлиши"ни талаб қилди.

Эрон Олий раҳбари эса, уни АҚШ Исроил ҳужумларига қўшилса, "ўнглаб бўлмас зиён етказишлари" билан огоҳлантирди.