Исроил аллақачон ядро қуролига эга бўлганига ишонилади - Нега Эронга рухсат берилмайди?

Сурат манбаси, EPA
- Author, Раффи Берг
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Исроил ўзининг ядровий қуролларига эга эканига ишонилади. Унда нега Эронга ҳам ядро қуроли яратишга рухсат берилмайди?
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Эрон ядровий қурол яратишга яқин қолганини анчадан бери даъво қилиб келади.
Бироқ у аллақачон ҳаммага маълум бўлган сир — яъни Исроил 1960 йиллардан бери ядровий қуролларга эга экани ҳақида очиқ тан олиб гапирмайди.
Қуролларни назорат қилиш ва тарқатмаслик маркази (Center for Arms Control and Non-Proliferation) маълумотларида, Исроилнинг ядровий арсенали тахминан 90 та ядровий каллакдан иборат деб баҳолайди.
Бундан ташқари, Исроил ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича халқаро келишув — "Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома"га (NPT) имзо чекмаган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг ядровий дастури Негев чўлида жойлашган Димона шаҳридаги ядровий иншоот атрофида жамланган.
Исроил расман бу борада мавҳум сиёсат юритади ва ҳеч қачон ядровий қуролга эгалигини на тасдиқлайди, на инкор этади.

Сурат манбаси, Getty Images
11 июн. Нега Эрон ўз ядровий қуролига эга бўлишига рухсат берилмайди?

Сурат манбаси, AP
АҚШ ва Эрон расмийлари Ўмон пойтахти Мускатда юзма-юз бўлмаган музокаралар ўтказишди, бундан кўзланган мақсад, Эроннинг баҳсли ядровий дастури бўйича янги келишувга эришиш эди.
Бундан олдин Эрон билан дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида ядровий битим имзоланган, бироқ 2018 йили Доналд Трамп АҚШ бу битимдан чиқиб кетишини эълон қилган, Эронга қарши иқтисодий санкциялар жорий этиш билан расмий Теҳронни ғазаблантирган эди.
Яна ҳокимиятга келганидан кейин Президент Трамп Эрон билан янги ядровий шартнома бўйича музокара бошлаган, агар бу мулоқотлар муваффақиятли якунланмаса, Эронга қарши ҳарбий амаллар қўлланиши мумкин деб огоҳлантирган.
Нега Эрон ўз ядровий қуролига эга бўлишига рухсат берилмайди?
Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларда эканлигини таъкидлаб келади.
У ядро қуролини ишлаб чиқишга уринмаётганини таъкидлайди, аммо кўплаб мамлакатлар ва глобал ядровий назорат ташкилоти – Халқаро Атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бунга ишонмаяпти.
Эроннинг ниятлари ҳақидаги шубҳалар 2002 йили амлакатда махфий ядро объектлари борлиги аниқланганда пайдо бўлган.
Бу Эрон ва деярли барча бошқа давлатлар имзолаган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) деб аталувчи битимни бузишни англатади.
NPT мамлакатларга тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва энергетика каби ҳарбий бўлмаган мақсадларда ядро технологияларидан фойдаланишга рухсат беради, аммо ядро қуролини ишлаб чиқишга йўл қўймайди.

Эроннинг ядро дастури қанчалик ривожланган?
АҚШ 2018 йили Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JCPOA) деб номланган мавжуд ядро битимидан чиққанидан бери, Эрон ўзига қарши санкциялар қайта жорий этилганига жавобан асосий мажбуриятларини бузди.
У JCPOA томонидан тақиқланган уранни бойитиш учун минглаб замонавий центрифугалар (тозалаш машиналари) ўрнатди.
Ядро қуроллари учун 90% тозаликкача бойитилган уран керак. JCPOA бўйича, Эронга фақат 3,67 фоизгача бойитилган 300 кг гача уран сақлашга рухсат берилганди – бу фуқаролик атом энергияси ва тадқиқот мақсадлари учун етарли, аммо ядро бомбалари учун эмас.
Бироқ 2025 йил март ойига келиб, ХАЭА Эронда тахминан 275 кг уран борлигини ва уни 60 фоизгача бойитганини маълум қилди. Агар Эрон уранни янада бойитса, бу назарий жиҳатдан тахминан олти-етти қурол ясаш учун етарли бўлади.
АҚШ расмийлари Эрон бу уранни атиги бир ҳафта ичида битта бомба учун етарли даражагача материалга айлантира олишига ишонишларини айтишган. Шу билан бирга, улар Эронга ядро қуролини яратиш учун бир йилдан 18 ойгача вақт керак бўлишини таъкидлашган. Баъзи мутахассислар эса "соддароқ" қурилмани олти ой ёки ундан камроқ вақт ичида ясаш мумкинлигини айтишмоқда.

Сурат манбаси, .
Трамп нима учун ядро битимидан чиқди?
БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи 2010 йилдан бошлаб Эроннинг ядро дастури бомба ишлаб чиқариш учун ишлатилаётгани ҳақидаги шубҳалар туфайли унга қарши кенг кўламли иқтисодий санкциялар жорий этди.
Санкциялар Эроннинг халқаро бозорларда нефт сотишини тўхтатди ва мамлакатнинг 100 миллиард доллар миқдоридаги хорижий активларини музлатиб қўйди. Бунинг натижасида унинг иқтисодиёти инқирозга учради, валютаси қиймати рекорд даражада пасайди ва инфляция кескин ошди.
2015 йилда Эрон ва олти мамлакат – АҚШ, Хитой, Франция, Россия, Германия ва Буюк Британия кўп йиллик музокаралардан сўнг JCPOA битимини имзоладилар.
Ушбу битим Эронга ўз ядро дастури бўйича рухсат этилган фаолиятни чеклаш билан бир қаторда, ХАЭАга Эроннинг барча ядро объектларига кириш ва шубҳали жойларни текшириш имконини берди.
Бунинг эвазига давлатлар санкцияларни бекор қилишга рози бўлишди.
JCPOA 15 йилгача амал қилиши, шундан сўнг чекловлар бекор қилиниши белгиланган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Трамп уни "ёмон битим" деб атади, чунки у доимий эмас эди ва бошқа масалалар қатори Эроннинг баллистик ракета дастурини қамраб олмаган эди. Трамп Эронни янги ва кенгайтирилган битим бўйича музокараларга мажбурлаш учун "максимал босим" сиёсати доирасида АҚШ санкцияларини қайта жорий этди.
Трампнинг қарорига Американинг минтақадаги иттифоқчилари, айниқса Исроил таъсир кўрсатган эди.
Исроил Эрон ҳамон яширин ядро дастурини амалга ошираётганини даъво қилади ва Эрон санкцияларни енгиллаштириш эвазига олинган миллиардлаб долларни ўз ҳарбий қудратини кучайтириш учун ишлатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
АҚШ ва Исроил ҳозир нимани хоҳлаяпти?
Трампнинг Эрон билан музокаралар ҳақидаги баёноти Исроилни ҳайратда қолдирди. У узоқ вақтдан бери JCPOAдан кўра "яхшироқ" битим тузишини айтиб келган бўлса-да, ҳозиргача Эрон битимни қайта кўриб чиқишни рад этиб келмоқда.
Трамп илгари, агар Эрон янги битим тузишни истамаса, "бомбаланиши" ҳақида огоҳлантирган эди.
Унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц айтишича, Трамп Эроннинг ядро дастурини "тўлиқ йўқ қилишни" истайди ва "бу бойитиш, қуролланиш ва унинг стратегик ракета дастурига тааллуқли."
Эрон санкцияларни юмшатиш эвазига ўз ядро дастурини чеклаш, аммо тўлиқ йўқ қилмаслик бўйича келишувга умид қилмоқда.
"Бизнинг мақсадимиз тенг мавқедан туриб адолатли ва муносиб келишувга эришишдир," деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи.
Трамп "тўғридан-тўғри музокаралар" бўлишини айтган бўлса-да, Арақчининг таъкидлашича, Уммондаги музокаралар билвосита тарзда ўтган, фақатгина у ва АҚШ элчиси Стив Уиткофф ўртасида қисқа суҳбат улар кетаётганида бўлиб ўтган, холос.
Арақчи Эроннинг АҚШ билан мулоқотга тайёр эканлигини, бироқ Трамп аввало "ҳарбий йўл" бўлмаслиги ҳақида келишиб олиши зарурлигини айтди.

Сурат манбаси, Reuters / Getty Images
Трампнинг баёнотидан сўнг, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ягона мақбул келишув Эрон ўз ядро дастурини тўлиқ йўқ қилишга рози бўлгач имзоланишини таъкидлади. У буни шундай изоҳлади: "Биз кириб, объектларни портлатамиз ва барча ускуналарни Америка назорати ва бошқаруви остида демонтаж қиламиз."
Исроилнинг энг катта хавотири шундаки, Трамп Эронни тўлиқ таслим қилмайдиган, аммо дипломатик ғалаба сифатида тақдим этиши мумкин бўлган муросага рози бўлиши мумкин.
Ядро қуролини тарқатмаслик шартномасини имзоламаган Исроил ядро қуролларига эга деб тахмин қилинади, аммо ўзи буни тасдиқламайди ҳам, инкор ҳам этмайди. Исроилнинг дунёда мавжудлиги ҳуқуқини тан олмайдиган Эроннинг ядро қуролларига эга бўлиши жиддий таҳдид туғдиради, деб ҳисоблайди у.
АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қила оладими?
АҚШ ҳам, Исроил ҳам Эроннинг ядро инфратузилмасини бомбалаш учун ҳарбий салоҳиятга эга, бироқ бундай операция мураккаб ва хавфли бўлиб, натижаси ноаниқ.
Асосий ядро объектлари ер остига чуқур кўмилган бўлиб, уларга фақат энг кучли бункер портлатувчи бомбалар етиб бориши мумкин. АҚШ бундай бомбаларга эга бўлса-да, Исроилда борми, номаълум.
Эрон деярли шубҳасиз ўзини ҳимоя қилади, АҚШнинг минтақадаги объектларига ҳужум қилиши ва Исроилга ракеталар отиши мумкин.
Бундай операция учун АҚШ, эҳтимол, Форс кўрфазидаги базаларидан, шунингдек, авиаташув кемаларидан фойдаланиши керак бўлади.
Аммо АҚШнинг энг йирик авиабазаси жойлашган Қатар каби давлатлар қасос олинишидан қўрқиб, Эронга ҳужум қилишда унга ёрдам беришга рози бўлмаслиги мумкин.












