Дунё, янгиликлар: Янги рус троллари, тақиқланган электрон сигаретлар ва АҚШ Эронни буткул йўқ қилиб юбормоқчими?

Сурат манбаси, AFP/EPA
Трамп Эронни бутунлай йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилди
АҚШ Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Хоманаийга қарши санкциялар жорий этганидан сўнг президентлар Доналд Трамп ва Ҳасан Руҳоний бир-бирига қарши кескин баёнотлар, ҳатто, ҳақоратлар билан чиқмоқда.
Эрон президенти Руҳоний сешанба куни миллий телевидение орқали чиқиб, янги қўйилган санкциялар «Оқ Уйнинг ақлий заифликка чалинганидан далолат» эканини таъкидлаган.
Бунга жавобан президент Трамп Twitter'даги ўз саҳифасида жаноб Руҳонийга қарши кескин сўзларни ёзган.
«Америка манфаатларига қарши ҳар қандай ҳужумга АҚШ мислсиз куч билан жавоб қайтаради. Айрим соҳаларда бу бутунлай йўқ қилиб юбориш бўлади,» таъкидлаган президент Трамп.
Шунингдек, у Эрон ҳукумати етакчиларини тажовузкор сиёсат юритишда айблаб, уларнинг асл воқеликни англамаслигини айтган.
«Эрон илтифот ва ҳамдардлик нима эканини тушунмайди. Ҳеч қачон тушунмаган. Улар, афсуски, кучни тушунадилар, дунёдаги энг қудратли қуролли кучлар эса АҚШда,» ёзган жаноб Трамп.
Расмий Теҳрон Эронга нисбатан янги санкцияларнинг қўйилиши ихтилофнинг дипломатик йўл билан ҳал этилишига тўсқинлик қилишидан огоҳлантирган.
«Трамп маъмурияти дунёдаги тинчлик ва хавфсизликни сақлаб қолишга имкон берувчи барча қабул қилинган халқаро механизмларни йўқ қилмоқда,» деган Эрон ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Аббос Мусавий.
Россия троллари яна ишга тушди

Сурат манбаси, Getty Images
Times нашри Россия ижтимоий тармоқлар ёрдамида Шимолий Ирландияда низо қўзғашга урингани ҳақида ёзмоқда.
Хабарда айтилишича, рус троллари Шимолий Ирландиядаги Буюк Британияга содиқ Демократик Бирлик Партияси жанубий Ирландия Республикаси билан бирлашишга тайёр экани, Шимолий ва Жанубий Ирландияни ягона давлатга айлантиришни мақсад қилган Real IRA исёнчи гуруҳи эса исломий жангариларни ёллаётгани тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатган.
Times нашрига кўра, ушбу ҳолат беш йилдан бери ижтимоий тармоқлардаги фейк аккаунтлардан фойдаланиб, ёлғон тарқатишга қаратилган йирик халқаро амалиётнинг бир қисми бўлган.
Нуфузли Atlantic Council таҳлил маркази тадқиқотчилари мазкур сохта аккаунтларнинг аксар қисми Ғарб давлатлари орасига нифоқ солиш йўлида ҳаракат қилганини аниқлаган.
Марказ таҳлилчиларининг сўзлашича, Россияда айнан ким бундай иғволарни тарқатиш билан шуғулланаётганини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Бироқ улар қўлланилган услублар махсус хизматларникига монанд эканини таъкидлашмоқда.
Мелания Трамп ёрдамчиси Оқ Уй матбуот котибига айланди

Сурат манбаси, SAUL LOEB/AFP/GETTY
АҚШ биринчи хоними Мелания Трампнинг ёрдамчиси Стефани Гришем Оқ Уй матбуот котиби лавозимига тайинланди.
Собиқ матбуот котиби Сара Сандерс яқинда лавозимини тарк этаётганини маълум қилган эди.
Бу ҳақида Мелания Трампнинг шахсан ўзи Twitter орқали хабар берган.
«Мамлакатимиз ва маъмуриятга хизмат қила оладиган бунданда яхшироқ инсонни кўрсата олмайман,» билдирган Трамп хоним.
Президент Трамп жамоасидаги энг содиқ шахслардан бири ўлароқ кўрилувчи Стефани Гришем 2015 йилдан буён Трамплар оиласи билан бирга ишлаб келиши айтилади.
Сан Франсискода электрон сигаретлар тақиқланди

Сурат манбаси, BOSTON GLOBE VIA GETTY IMAGES
Сан Франсиско электрон сигаретлар сотувига тақиқ қўйган АҚШдаги биринчи шаҳарга айланди. Ушбу тақиқ бундай маҳсулотларнинг соғлиққа таъсири батафсил маълум бўлмагунга қадар кучда қолиши хабар қилинган.
Шунингдек, шаҳарда электрон сигаретларни интернет орқали харид қилиш ва сотиш ҳам ман этилган.
Электрон сигаретлар ишлаб чиқарувчилар бундай қарор одамларни яна оддий сигаретларга қайтишга мажбур қилиши ва «қора бозорни гуллатиб-яшнатиши» эҳтимолидан огоҳлантирганлар.
Электрон сигаретларга қарши фаоллар эса ишлаб чиқарувчи фирмалар хушбўй маҳсулотлар билан атайин ёшларни нишонга олаётганини иддао этган.
Жорий йилнинг бошида АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифати назорати бўйича бошқармаси компанияларга ўзларининг электрон сигарет маҳсулотларини текширувдан ўтказиш учун 2021 йилгача муҳлат берган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












