Дунё, янгиликлар: Чехияда намойишлар, АҚШнинг Эронга ҳужуми ва қонли якунланган диний маросим

иранские ракеты

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Америка киберҳужумлари Эроннинг ракеталар учириш бошқарув компьютер тизимларини нишонга олган

АҚШ Эронга қарши киберҳужум амалга оширди

АҚШдаги айрим нуфузли нашрларнинг хабар беришича, Вашингтон ўтган ҳафтада Эрон қуролли кучлар тизимларини кибернишонга олган.

Washington Post киберҳужум оқибатида Эроннинг ракеталар учириш бошқарувининг компьютер тизимлари ишдан чиққани ҳақида ёзган.

New York Times эса АҚШ киберҳужумни бундан аввал Ҳўрмуз Бўғозида нишонга олинган танкерлар ва Америка дронининг уриб туширилиши эвазига ўч сифатида амалга оширганини маълум қилган.

Иранское предприятие

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бир ойча илгари Эрон тўйинтирилган уран ишлаб чиқаришни кўпайтириши ҳақида огоҳлантирган эди

Ҳозирча, мазкур киберҳужум Эрон қуролли кучлари компьютер тизимларига қанчалик зарар келтиргани борасида мустақил манбалар маълумоти қўлга киритилмаган.

Шанба куни АҚШ киберхавфсизлик агентлиги директори Кристофер Кребс АҚШ ҳукумат ва иқтисодий институтларига Эрон томонидан кибертаҳдид ошиб бораётганидан огоҳлантирган эди.

Жума куни эса Президент Доналд Трамп ядро дастури ривожига қаршилик қилиш мақсадида Эронга нисбатан қўшимча санкциялар пакети жорий этиш устида иш олиб борилаётганини билдирган.

Чехияликлар бош вазир истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда

Чехиядаги норозилик намойиши

Сурат манбаси, Reuters

Юз минглаб намойишчилар яна пойтахт Прага кўчаларини тўлдириб, товламачилик ва Европа Иттифоқи берган ёрдам пулларини ўзлаштириб юборишда айбланаётган Бош вазир Андрей Бабиш истеъфосини талаб этмоқда.

Ташкилотчилар норозилик акциясида 250 минг одам иштирок этганини айтади, аммо буни мустақил тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Бу 1989 йилдан буён Чехияда кузатилган энг йирик намойиш эканига ишонилмоқда.

Сўнгги йирик норозилик ҳаракати 5 июнда кузатилиб, унда 120 минг одам қатнашган эди.

Бош вазир Европа Иттифоқи кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этган 2 миллион Евро миқдоридаги субсидияни ўзининг яширин фирмаларини молиялаш учун йўналтирганликда айбланмоқда.

Миллиардер Бабишнинг ўзи бу айбловларни қатъиян рад этади, лекин Европа Комиссиясининг ҳисоботида бош вазир 17,5 миллион еврога тенг субсидияларни Иттифоққа қайтаришга мажбурлиги таъкидланади.

Шамол Ҳиндистонда диний маросимга йиғилганлар умрига зомин бўлди

Ҳиндистондаги шифохона

Сурат манбаси, AFP

Ҳиндистоннинг Рожастон штатида юз берган кучли ёмғир ва шамол улкан чодирни қулатган, унинг остида диний маросимга тўпланган 14 инсон ҳалок бўлган ва 50 дан зиёд одам жароҳат олган.

Баъзи одамларни электр токи урган, айримлар қулаётган чодир қисмлари остида қолиб кетган.

Маҳаллий матбуот маросимга 300 нафар инсон тўпланган бўлгани ҳақида ёзган.

Полиция ёмғир ёға бошлаган бўлсада, нега чодир электр қувватидан узиб қўйилмагани юзасидан тергов бошлаган.

Бош вазир Нарендра Моди вафот этганлар оилаларига таъзия изҳор қилган ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Эфиопия армияси бошлиғи отиб ўлдирилди

Генерал Сире Меконнен

Сурат манбаси, Ethiopian TV

Генерал Сире Меконнен ўз тансоқчиси томонидан пойтахт Аддис-Абебада отиб ташланган.

У ва бир зобит шимолий Амҳара ҳудуди маъмуриятига қарши амалга оширилган тўнтариш уринишига халал бергани учун ўлдирилган.

Сўнгги йилларда Амҳара ва мамлакатнинг бошқа қисмларида этник зўравонлик кучайгани кузатилмоқда.

Эфиопия аҳолиси сони бўйича Африка қитъасидаги иккинчи йирик давлат бўлиб, 102,5 миллион эфиопияликлар 80 дан ортиқ турли этник гуруҳларга мансуб ҳисобланади.

Шу сабабдан турли этник гуруҳлар мамлакат ҳудудларида ўз назоратини ўрнатишга уриниб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek