Дунё, янгиликлар: Қочқинга айланган миллионлар, Россияда кескин иқтисодий турғунлик ва Украинада самолёт уриб туширилиши ортида ким турган?

қочқин

Сурат манбаси, Reuters

БМТ: Ўтган йилда 70 миллиондан зиёд инсон қочқинга айланган

БМТнинг Қочқинлар Масалалари Бўйича Олий Комиссари Бошқармаси 2018 йилда уруш, таъқиблар ва инқирозлар туфайли 70.8 миллион инсон ўз яшаш жойини ташлаб чиқишга мажбур бўлганини айтмоқда.

Бу БМТ агентлигининг деярли 70 йиллик фаолияти давомидаги энг катта рақамдир.

Шу тариқа қочқинлар сони 20 йил аввалги кўрсатгичдан икки баробарга ортиб кетган.

Бир кунда ўз яшаш манзилидан қочиб чиқаётганлар сони, ўртача, 37 мингга етган.

Бироқ ҳисоботда Венесуэладаги вазият қисман ёритилгани сабабли қочқинларнинг асл сони бунданда юқори экани тахмин қилинмоқда.Шу вақтга қадар 4 миллионга яқин венесуэлалик мамлакатдан бош олиб кетганига ишонилади.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2018 йилда уруш, қуролли ихтилофлар ёки таъқиблар оқибатида 25.9 миллион шахс қочқинга айланган. Яна 3.5 миллион инсон бошпана изловчи мақомида ўз мамлакатини тарк этган. Ўз давлатида ичида яшаш жойини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар сони 41.3 миллионга етган.

Дунё бўйлаб қочқинларнинг учдан икки қисми Сурия, Афғонистон, Жанубий Судан, Мянма ва Сомалидан келаётгани айтилади.

Ҳисобот муаллифлари Яқин Шарқ, Марказий Африка ва Мянманинг Рахине штатидаги каби инқирозлар қочқинлар сонининг кескин ортишига катта таъсир кўрсатганини таъкидлайди.

Россияда иқтисодий ўсиш кескин секинлашди

Russia

Сурат манбаси, ANTON NOVODERJKIN/TASS

Россия Давлат статистика қўмитаси 2019 йилнинг биринчи кварталида ЯИМ бор-йўғи 0,5 фоизга ўсганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг тўртинчи кварталидаги кўрсаткичдан 17,7 фоизга камдир.

Шунингдек, биринчи кварталда чакана савдо 3 фоиз, кўчмас мулк бозоридаги савдолар эса 3,5 фоизга қисқарган.

Саноат ишлаб чиқариши даражасида сезиларли секинлашиш кузатилган.

Содда қилиб айтганда, Россиянинг иқтисодий ўсиш даражаси жорий йилда деярли 18 фоизга пасайган.

Иқтисодчилар бунинг сабабларини ҚҚС ва тартибга солинувчи тарифлар ставкаларининг оширилиши билан изоҳламоқдалар. Бундан ташқари ЯИМ ўсиши бўйича олдиндан ҳисоб-китоблар ҳам қайта кўриб чиқилмоқда.

Ўтган ҳафта Россия Марказий банки 2019 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини 1,2-1,7 фоиздан 1-1,5 фоизга туширган.

Украинада уриб туширилган Малайзия самолёти иши бўйича илк айбловлар эълон қилинади

Украина

Сурат манбаси, NURPHOTO VIA GETTY

Бугун, чоршанба куни, голландиялик терговчилар 2014 йили Украина шарқида уриб туширилган Malaysia Airlines'га тегишли самолёт иши бўйича илк тўрт гумондор исмини оммага маълум қилиши кутилмоқда.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала Лумпурга парвоз қилаётган самолёт номаълум кучлар томонидан уриб туширилиб, унинг бортидаги 298 нафар инсон, жумладан, 80 боланинг бари ҳалок бўлган эди.

Терговчилар, аввалроқ, ушбу хунрезликда Украина шарқида ҳаракат қилаётган россияпараст исёнчиларни айблаб чиққан.

Австралия ва Голландия бу воқеада Россия жавобгар, дея расмий баёнотлар билан чиққан.

Россия эса айбни бир неча бор Украина гарданига ағдарган.

Доналд Трамп 2020 йилги сайлов учун расман кампания бошлади

трамп

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатга яна тўрт йил раҳбарлик қилиш мақсадида сайловолди кампаниясини расман ишга туширди.

Жаноб Трамп ушбу хабарни Флоридада йиғилган минглаб тарафдорлари қаршисида очиқлаган.

"Бугун қаршингизда туриб, Қўшма Штатлар президентилиги иккинчи муддати учун сайловолди кампаниямни расман бошлайман. Сизларни ҳеч қачон хафа қилиб қўймасликка ваъда бераман," тарафдорларига мурожаат қилган президент.

Жаноб Трамп агар ҳокимият Демократлар Партияси қўлига ўтса, у ҳолда, мамлакат парчаланиб кетишини таъкидлаган.

Республикачи президентнинг сайловда энг асосий рақибларидан бири ўлароқ кўрилаётган Демократлар номзоди Берни Сандерс Трамп сайловолди кампанияси бошлангани тўғрисидаги хабарни шундай изоҳлаган: «Бизнинг энг муҳим вазифамиз мамлакатимиз замонавий тарихидаги энг хавфли президентни мағлуб этишдир.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek