Дунё: Совет Иттифоқи ўз ҳарбий кемаларини Pepsi’га алмаштириб юборганми?

A Pepsi sign in the then Soviet Union in 1986

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Сзу Пинг Чан
    • Role, Би-би-си

Бартер ёки товарга товар айирбошлаш савдо алоқалари олиб боришнинг энг қадим усулларидан бири ҳисобланади.

Товар ва хизматлар айирбошлаш пул тушунчасидан аввал юзага келгани ва илк ибтидоий жамоалар томонидан ўйлаб топилганига ишонилади.

Бугунги кунда бартер усули кўпроқ инқирозларга чўмган мамлакатларда қўлланилади.

Масалан, миллий валютанинг йиллар давомида гиперинфляция туфайли деярли яроқсиз қоғозга айланиб қолганидан тутган балиғини озиқ-овқат ёки дори-дармонга алмаштираётган венесуэлалик балиқчини олайлик.

Бундан саккиз йил аввал ўз чўққисига кўтарилган молиявий инқироз ортидан Юнонистонда бутун бошли товарлар айирбошлаш тармоқлари юзага келган эди.

Бартер нафақат шахслар, балки давлатлар ўртасида ҳам амалга оширилади.

Ҳозирда, АҚШ бошчилигидаги иқтисодий тўсиқларга дуч келган Венесуэла ёки Эрон каби давлатлар бартер орқали тирикчиликни ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

A rice vendor fills a small paper packet with Basmati rice in Calcutta

Сурат манбаси, Getty Images

Шунингдек, компаниялар ва ҳукуматлар ҳам ўзаро товар айирбошлаши мумкин.

1996 йилда Индонезиянинг Industri Pesawat Terbang Nusantra авиасозлик компанияси икки юк ташувчи самолёт эвазига Таиланддан 110 минг тонна гуруч сотиб олган.

1970 йилларда эса АҚШнинг йирик Pepsi компанияси ўзининг машҳур газланган ичимликларини Совет Иттифоқининг томат пастасига айирбошлаган ва, шу тариқа, СССР бозорига кира олган. Совет Иттифоқи томат пастасидан ташқари рус ароғи ва, ҳатто, хизматини ўтаб бўлган ҳарбий кемаларни ҳам Pepsi ичимлигига алмаштирган.

Швециянинг машҳур ABBA гуруҳи ҳам Совет Иттифоқи билан ўхшаш келишувларга эришган - гуруҳ ўзининг кўнгилочар хизматлари эвазига советлардан мева, сабзавот ва нефть олган. Сўнг товарларни жаҳон бозорида сотган.

Former Venezuelan president Hugo Chavez and ex-Cuban leader Fidel Castro

Сурат манбаси, Getty Images

1979 йилги инқилобдан сўнг бир неча бор АҚШ санкцияларига учраган Эрон ҳам бартер усули ёрдамида иқтисодий қийинчиликлар асоратини юмшатишга уриниб келади.

БМТ санкциялари остида Эрон халқаро бозордан ўз миллий валютаси эвазига товарлар сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлгандан кейин гуруч, ўсимлик мойи ва чой каби муҳим маҳсулотлар учун хорижий жамғармаларда сақланаётган ўз нефти ва олтинини таклиф қила бошлаган.

Ўтган йили президент Трамп АҚШни 2015 йилда Эрон ядро дастури бўйича эришилган халқаро шартномадан чиқариб олиб, Теҳронга қарши санкцияларни қайтадан жорий қилиши туфайли эронликлар яна бартер усулига мурожаат қила бошлаганлар. Жумладан, Ҳиндистон билан нефть эвазига гуруч айирбошлаш қайта йўлга қўйилган.

Бироқ бартер савдоси доим ҳам жўн кечмайди. Мисол учун, Эрон ва Ҳиндистон келишувини олсак: Эрон нефтни тўғридан-тўғри гуручга алмаштирмайди, балки ҳақни Ҳиндистон рупийсида олади. Сўнг пул Ҳиндистон ҳукуматига қарашли банкка қўйилади ва бу маблағ гуруч ёки фармацевтика маҳсулотлари каби муҳим нарсалар сотиб олишга сарфланади. Шу тариқа Ҳиндистонга кирган Эрон нефти маҳсулот кўринишида ўз ватанига қайтиб келади ва санкциялар талаблари очиқдан-очиқ бузилмайди.

Venezuelan oil workers

Сурат манбаси, AFP

Аммо яқинда АҚШ Эрон ва унинг нефтига асосий харидор давлатларнинг савдо муносабатлари олиб боришига имкон берувчи бундай схемаларни ҳам нишонга ола бошлади.

Франция, Германия ва Буюк Британия ҳам шу йилнинг бошида ўз компанияларининг Эрон билан савдо қила олиши учун ўхшаш схемаларни ишлаб чиққан.

Венесуэлада айирбошлов фақат товарлар билан чекланиб қолмаган - ишчилар ҳам бартер қилинади. Венесуэла ҳар куни Кубага 50 минг баррель нефть юборади, эвазига Куба юқори малакали шифокорлар, ўқитувчилар ва иқтисодчиларни Венесуэлага ишлашга жўнатади.

Жоржтаун Университетидан халқаро бизнес фани доценти Майкл Жинкотанинг сўзларига кўра, халқаро савдо тизими механизмлари муаммоларга тўла бўлганидан аксарият компаниялар бартер орқали савдо алоқаларини олиб боришга мажбур бўлади.

Iran's President Hassan Rouhani with Indian Prime Minister Narendra Modi

Сурат манбаси, Getty Images

Айни вақтда, БМТнинг Озиқ-Овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти иқтисодчиси Ширли Мустафа бартер савдолар 2008 йилда юзага келган халқаро молиявий инқироздан сўнг оммалаша бошлаганини айтади.

«Айрим давлатларнинг халқаро савдо тизимига ишончи йўқолиб бўлган,» дейди у.

Abba
Сурат тагсўзи, Абба гуруҳи

Товарга товар ёки хизмат айирбошлаш давлатларга қимматбаҳо валюта захирасини сақлаб қолишда ёрдам беради. Шунинг учун ҳам айрим давлатлар бартер йўлларини тинмай излайди, дея сўзлайди Countertrade and Offset журнали муҳаррири Линдси Шансон.

1990 йилларда Малайзия катта миқдордаги пальма мойи эвазига Россиядан қирувчи самолёт сотиб олган эди. Жорий йил аввалида ўз мудофаа салоҳиятини оширишни истаган Малайзия ҳукумати Россияга яна шундай ўхшаш таклиф билан чиққан.

Кристофер Нюпорт Университетидан иқтисодиёт фанлари доценти Тревис Тейлорнинг маълум қилишича, халқаро мудофаа секторида ҳам бартер савдолар улуши ошиб бормоқда.

Унинг хулосасига кўра, бартер ва айирбошлашнинг бошқа кўринишлари, «айниқса, ривожланаётган ва беқарорлик ҳукм сураётган давлатлар»да давом этаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek