Истанбул сайлови: Эрдўғон тузуми интиҳоси бошландими?

Видео тагсўзи, Истанбулда байрам

Туркиянинг қудратдаги AK партияси Истанбул мэрлиги учун қайта ўтказилган сайловда ҳам мағлубиятга учради.

Мухолифатдаги партия номзоди бўлмиш Экрам Имомўғлу 54 фоиз овоз билан ғалабани қўлга киритган.

Жаноб Имомўғлу март ойида ўтган сайловда ҳам ютиб чиққан, аммо AK партияси овоз бериш жараёнида «турли номувофиқликларга йўл қўйилганидан» шикоят этиши ортидан сайлов натижалари бекор қилинган эди.

Сайловдаги рақиби Бенали Йилдирим ва президент Эрдўғон Экрам Имомўғлуни ғалаба билан табриклаганлар.

Мазкур сайлов, аввалроқ, «Ким Истанбулни қўлга киритса, Туркияни қўлга киритади,» дея таъкидлаган жаноб Эрдўғон учун жиддий зарба ўлароқ кўрилмоқда.

Ғалабадан сўнг ўзининг чиқишида жаноб Имомўғлу шаҳар ва давлат тарихида «янги ибтидо» бошланганини билдирган.

«Истанбулда янги саҳифа очмоқдамиз. Бу саҳифада адолат, тенглик ва муҳаббат бўлади,» деган у.

Шунингдек, у президент Эрдўғон билан биргаликда ишлаш истагини ҳам билдирган.

Март ойида атиги 13 минг овоз фарқ билан сайловда ютиб чиққан жаноб Имомўғлу бу сафар рақибини йирик 775 минг овоз фарқ билан ортда қолдирган. Бу рақамлар ўтган вақт ичида Экрам Имомўғлунинг тарафдорлари кескин ортганидан дарак бермоқда.

Истанбулни қайта қўлга киритиш илинжида март ойидаги сайлов натижаларини бекор қилдиришга эришган жаноб Эрдўғон ва унинг AK партиясининг эса ўз кучига ортиқча баҳо бериб юборгани айтилмоқда.

Таҳлилчилар, эндиликда, AK партияси ичида парокандалик юз бериши ва Эрдўғондан сўнгги давр бўйича парда ортидаги суҳбат-келишувлар кучайиши эҳтимолини тахмин қилмоқда.

Мухолифатнинг йирик ғалабани қўлга кирита олгани одамларга умид бериб, тез орада қудратдаги AK партияси таъсиридан халос бўлиш учун муддатидан аввал сайловлар ўтказиш йўлида талаблар ошиши ҳам башорат қилинмоқда.

Ekrem Imamoglu

Сурат манбаси, Reuters

Хўш, мухолифат ғалабани қандай қилиб қўлга киритди?

Мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси (CHP) Истанбулни қўлга киритгунга қадар 25 йил кутгани ва улар Эрдўғон тузуми ўз чўққисига чиқиб, одамларнинг унга бўлган ишончи сўна бошлаган вақтда ҳужумга ўтиши ғалаба томон етаклаганига ишонилади.

Экрам Имомўғлу одамларга ўз қатъиятини кўрсата олди ва, айниқса, сайлов натижаларини бекор қилдирган AKP халқ кўз ўнгида ўзига ишончи бўлмаган ожиз ва муттаҳам сиёсий кучга айланиб қолди.

Binali Yildirim on his final campaign before the election on June 23

Сурат манбаси, EPA

Номзодлар ким эди?

49 ёшли жаноб Имомўғлу секуляр Жумҳурият Халқ Партиясидан бўлиб, Истанбулнинг Бейликдузу тумани мери ҳисобланади.

Март ойидаги сайловга қадар унинг номи деярли танилмаган эди.

Бенали Йилдирим эса жаноб Эрдўғоннинг AK партияси асосчиларидан бири саналиб, 2016 йилдан 2018 йилга қадар Бош вазир лавозимида хизмат қилган.

Феврал ойида у янги парламент спикери этиб сайланган, бунгача эса транспорт ва коммуникация вазири лавозимида ишлаган.

Turkish people gather to celebrate after the Istanbul mayoral election

Сурат манбаси, AFP

Кўчаларда шодиёна

Би-би-си Турк Хизмати мухбири Чагил Касапўғлунинг хабар беришича, жаноб Имомўғлунинг юзлаб тарафдорлари унинг Истанбулдаги қароргоҳи ёнига йиғилганлар.

Ғалабадан шод ёшлар мамлакат байроғи, Мустафо Камол Отатурк суратларини кўтариб, байрам қила бошлаган.

Мазкур ёшларнинг катта қисми дунёга келганидан буён президент Эрдўғоннинг AK партияси тузумидан бошқа ҳукуматни кўрмаган.

Улар учун жаноб Имомўғлунинг ғалабаси мамлакат бўйлаб ўзгаришлар шамоли эсиши йўлидаги ноёб имкониятдир.

«Аксар ёшлар Туркиядан имкон қадар тезроқ чиқиб кетишни истайди. Бироқ ҳозир биз ватанда қолишни яна бир бор ўйлай бошладик. Бизда умид қайта уйғонди,» сўзлайди Ойча Йилмаз исмли 22 яшар талаба.

Сайловнинг аҳамияти нимада?

Жаноб Эрдўғоннинг ўзи ҳам 1994 йилда Истанбул мери этиб сайланган.

У 2001 йилда AK партиясига асос солган ва 2003-2014 йилларда Бош вазир курсисида ўтириб, сўнг президентга айланган.

Туркияни деярли 20 йил кучли назоратда тутиб келган AKP ва президент Эрдўғон тузумида ёриқлар юзага келгани ушбу сайловдан сўнг янада яққолроқ кўрина бошлади, демоқда таҳлилчилар.

"Эрдўғон жуда қаттиқ хавотирда," деган журналист ва ёзувчи Мурат Йеткин сайловдан бироз аввал.

«У қўлида қолган ҳар бир қартани ўйнамоқда. Агар ютқизса, бу унинг сўнгги чорак асрдан бери тинмай юқорилаб келаётган сиёсий ўсишининг интиҳоси бўлади,» қўшимча қилган жаноб Йеткин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek