Эрон ядровий битимидан кўзланган мақсад нима эди? Eron Dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон ва дунёнинг етакчи давлатлари вакиллари Вена шаҳрида Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларни бошладилар.
Ушбу музокаралар якунида шартнома янгиланиши кутилмоқда.
Яқин Шарқдаги кескинлик Эроннинг ядровий ниятлари туфайли сўнгги пайтларда янада кучайди - Исроил ўз қуролли кучларини мамлакат ядровий иншоотларига эҳтимолий зарба беришга тайёрлаш учун 1.5 миллиард доллар ажратди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик - МАГАТЭ Эрон билан муҳим объектларни текшириш бўйича келишувга эриша олмаганини маълум қилди.
Эрон ядровий қурол яратишга уринаётганини доимо рад этиб келади ва иқтисодий санкцияларни юмшатиш эвазига жаҳоннинг етакчи давлатлари билан имзоланган ядровий фаолиятни чеклаш ҳақидаги аввалги келишувларга қайтишга тайёрлигини билдирди.
Агар музокаралар муваффақиятли якунланса, бу Эронга қарши иқтисодий санкцияларнинг бекор қилинишига ва келажакда хавфли ядровий материаллар ишлаб чиқарилиши камайишига йўл очиши мумкин.
Аммо музокаралар муваффақиятсизликка учраса, бу Яқин Шарқни ҳалокатли йўлга солиб қўйиши мумкин.
Эрон билан дастлабки ядровий келишув нима эди?

Сурат манбаси, AFP
Бу "P5+1" (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси - АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция плюс Германия) ва Эрон ўртасида мамлакат ядровий дастури бўйича келишув эди.
Эрон уранни бойитиш ва тўплаш бўйича чекловларни қабул қилишга, бир қанча ядровий иншоотлардаги объектларни ёпиш ёки ўзгартиришга ва халқаро инспекторларни киритишга рухсат беришга рози бўлган эди.
Ўз навбатида, мамлакатга қарши кўплаб йирик халқаро молиявий санкциялар бекор қилинди.
"P5+1" гуруҳи келишув Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиш қобилиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилади, деб ишонган (Эрон эса бундай қуролга эга бўлиш истаги йўқлигини айтиб келади, бироқ ўтмишда бир қанча давлатлар ва Халқаро атом энергияси агентлиги уни буни қилишга уринганликда айблаган).
Эрон санкцияларнинг бекор қилиниши унинг инқирозга учраган иқтисодиётини сезиларли даражада рағбатлантиришига умид қилган эди.
Узоқ давом этган музокаралардан сўнг келишув 2016 йил январида кучга кирганди.
Битим нега бузилди?

Сурат манбаси, Reuters
Қисқа жавоб - Доналд Трамп.
Шартнома Барак Обама президентлиги даврида имзоланган, бироқ Трамп Оқ Уйга жойлашишидан анча олдин буни "мен кўрган энг ёмон келишув" деб ҳисоблаганини ва уни "даҳшатли" ва "кулгили" деб бир неча бор масхара қилганини айтганди.
Унинг фикрича, Эроннинг ядровий фаолияти устидан назорат жуда заиф.
У Эроннинг баллистик ракета дастурига ҳам чекловлар киритиш керак ва келишув шартлари етарлича узоқ давом этмаган, деб ҳисобларди.
Президент Трамп 2018 йилнинг май ойида Қўшма Штатларни келишувдан чиқарди ва Эронга нисбатан санкцияларни тиклади.
Бунга жавобан Эрон уранни келишувда рухсат этилган даражадан юқори бойита бошлади ва халқаро инспекторлар билан ҳамкорлигини тўхтатди.
Ким келишувни жонлантиришни хоҳлайди?

Сурат манбаси, EPA
Бир қарашда, шартнома имзолаган ҳар бир томон.
Келишувнинг бузилишини Эрон ҳам, "P5+1" ҳеч қачон келишув бузилишини истамаган, фақат АҚШ Трамп президентлиги даврида бу келишувни барбод қилишни истади.
Президент Байден Обаманинг вице-президенти бўлганида келишувни қўллаб-қувватлаган ва унинг Эрон бўйича ҳозирги маслаҳатчиларининг аксарияти 2015 йилда шартнома шартларини муҳокама қилишда ёрдам берган одамлар эди.
Бу музокаралар муваффақиятли якунланишини англатадими?

Сурат манбаси, EPA
Тўсиқлар бор.
Эрон АҚШнинг келишувни бажармаганидан ғазабланиб, уни "бузуқи режим" деб атади.
Эрон учун устувор мақсад АҚШ санкцияларни бекор қилишидир, Вашингтон эса Теҳронни уранни бойитишдан тўхтатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳеч ким биринчи бўлиб қадам ташлашни истамаяпти.
Ушбу муаммолар туфайли АҚШ музокаралар чоғида Эрон билан тўғридан-тўғри учрашмаслиги мумкин.
Боз устига, июнь ойида Эроннинг янги президенти этиб сайланган Иброҳим Раиси халқаро муносабатларга аввалги ҳукуматга қараганда қаттиқроқ ёндашади.
Президент Раиси Венадаги музокаралар чўзилиб кетишига йўл қўймасликка ваъда берди.
У, шунингдек, Эроннинг баллистик ракеталар дастури ва минтақавий сиёсати, жумладан, бир неча мамлакатдаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаётгани масаласи ҳам Венада эришилажак янги келишувга киритилиш юзасидан Ғарб мамлакатларининг истагини рад этди.
Бу омиллар битим имзоланишини анча қийинлаштириши мумкин.
Битим яна кучга кирса, ҳамма хурсанд бўладими?
Эроннинг минтақадаги асосий рақиби Саудия Арабистони эски келишувни эҳтиёткорлик билан қўллаб-қувватлаган.

Сурат манбаси, AFP
Аммо Исроил (Яқин Шарқдаги ягона ядровий давлат деб ҳисобланган, гарчи у буни ҳеч қачон тан олмаган бўлса да) дастлабки келишувни қаттиқ танқид қилган ва бу Эронга ядро арсеналига ўтишга имкон беради деб ҳисоблаганди.
Исроил аввалроқ минтақадаги яна икки давлатдаги ядровий иншоотларга ҳаво ҳужумлари уюштирган ва Эроннинг ядро қуроли яратишига ҳеч қачон имкон бермаслигини айтган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













