Трампнинг "Тинчлик кенгаши" нега бу қадар баҳсли?

Суратда АҚШ президенти Дональд Трамп (марказда) қора костюм, оқ кўйлак ва кўк галстукда; Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр (чапда) қора костюм ва ёқаси очиқ оқ кўйлакда; АҚШ давлат котиби Марко Рубио (ўнгда) эса қора костюм, оқ кўйлак ва кўк галстукда акс этган.
Сурат тагсўзи, АҚШ президенти Дональд Трамп (марказда) Буюк Британиянинг собиқ бош вазири сэр Тони Блэрни (чапда) ва АҚШ давлат котиби Марко Рубиони (ўнгда) ўзининг "Тинчлик кенгаши" таъсисчи Ижроия кенгашига аъзо қилиб тайинлади.
    • Author, Муаллиф: Паула Адамо Идоэта
    • Role, BBC News World Service
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

БМТ дастлаб Доналд Трампнинг Ғазо тинчлик режаси доирасида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Аммо АҚШ президенти таклиф қилаётган "янги халқаро ўтиш органи" ҳақида қўшимча маълумотлар пайдо бўлиши билан хавотирлар ҳам ортиб бормоқда.

Ижроия кенгаши аъзолари орасида 2003 йилда Ироққа босқинни қўллаб-қувватлаган Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр бор, бироқ улар орасида бирорта ҳам фаластинлик йўқ. Шунингдек, доимий аъзолик учун 1 миллиард долларлик бадал ҳамда БМТнинг бу тузилмада қандай рол ўйнаши масаласи ҳам жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.

Биз асосий саволларга жавоб берамиз.

Трампнинг "Тинчлик кенгаши"га кимлар таклиф қилинган?

Хабарларга кўра, ўнлаб жаҳон етакчиларига Трампнинг Тинчлик кенгашига қўшилиш учун таклифлар юборилган, жумладан:

• Австралия Бош вазири Энтони Албаниз

• Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва

• Кипр Президенти Никос Христодулидес

• Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси

• Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен

• Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис

• Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди

• Иордания Бош вазири Жаъфар Ҳасан

• Покистон Президенти Осиф Али Зардорий

• Полша Президенти Карол Навроцки

• Россия Президенти Владимир Путин

• Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған

• Буюк Британия Бош вазири сэр Кейр Стармер

Янги Зеландия бош вазири Кристофер Люксон ҳам кенгашга қўшилишга таклиф қилинган ва бу таклифни "жиддий ўйлаб кўради".

Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тафсилотларни ўрганаётганини маълум қилди.

Расмда АҚШ давлат котиби Марко Рубио матбуот анжуманида саволларга жавоб бермоқда. У президентлик рамзи туширилган минбар олдида туриб сўзламоқда, орқа фонда эса АҚШ президенти Доналд Трамп кўринади. Иккаласи ҳам тўқ кўк костюм ва кўк нақшли галстук таққан.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Оқ уй маълум қилишича, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ғазонинг кейинги қайта тиклаш босқичини бошқариши керак бўлган етти кишилик илк ижроия кенгаши таркибига киради.

Трампнинг "Тинчлик кенгаши"га кимлар қўшилишга рози бўлди?

Таклифни оммавий равишда қабул қилганлар орасида қатор давлат раҳбарлари бор. Улар қаторида:

• Албания Бош вазири Эди Рама

• Аргентина Президенти Хавер Милей

• Венгрия Бош вазири Виктор Орбан

• Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев

• Парагвай Президенти Сантяго Пеня

• Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев

Хабарларга кўра, Ветнам Коммунистик партияси бош котиби То Лам ҳам таклифни қабул қилган, Беларус президенти Александр Лукашенко эса, "иштирок этишга тайёр" эканлигини айтган.

Канада Бош вазири Марк Карни ҳам аъзоликни қабул қилган, бироқ аъзо бўлиш учун пул тўламайди.

Трампнинг "Тинчлик кенгаши"га қўшилиш учун нима талаб қилинади?

АҚШ расмийси CBS News телеканалига кенгашга қўшилиш учун ҳеч қандай мажбурий талаб йўқлигини айтди. Бироқ доимий аъзо бўлишни истаганлар, уч йиллик чекланган аъзолик ўрнига, 1 миллиард доллар тўлашлари керак бўлади.

Расмийлар таъкидлашича, ушбу маблағ Ғазони қайта тиклаш ишларига йўналтирилади.

Reuters ахборот агентлиги кўрган хат нусхаси ва низом лойиҳасига кўра, Доналд Трамп кенгашга умрбод раислик қилади - у ҳатто АҚШ президенти бўлмаган тақдирда ҳам - кейинчалик бошқа можароларни ҳал этиш учун кенгайтирилади.

Қора кўк костюм, оқ кўйлак ва қизил галстукдаги АҚШ президенти Доналд Трамп Ню-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида сўзга чиқмоқда. У яшил саҳнада, БМТ рамзи туширилган минбар орқасида нутқ сўзламоқда, залда эса делегатлар ўз жойларида ўтирибди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2026 йил 7 январь куни АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШни БМТ таркибидаги 31 та тузилмадан чиқаришни назарда тутувчи меморандумни имзолади.

Трампнинг "Тинчлик кенгаши" БМТ нуфузига путур етказиши мумкинми?

Мактубда Трамп Кенгаш "глобал можароларни ҳал қилишда янгича, дадил ёндашувни бошлайди" деб таъкидлаган. Бу эса ҳозирда тинчлик ўрнатиш, тинчликни сақлаш ва халқаро санкциялар учун масъул бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгаши ролига путур етказиши мумкин деган хавотирларни кучайтирмоқда.

Исроилнинг Haaretz газетаси хабар қилишича, Кенгаш низоми "янада чаққон ва самарали халқаро тинчлик органи" заруриятини таъкидлаш билан бошланади ҳамда мустаҳкам тинчлик учун "кўпинча муваффақиятсизликка учраган институтлардан воз кечиш жасорати" кераклиги қайд этилган.

Оқ уй эса Тинчлик кенгаши ҳақидаги баёнотида: "Бу босқич Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2803-резолюциясига тўлиқ мос келади", деб билдирди.

Бироқ Франция президенти Эммануэл Макронга яқин манба AFP агентлигига айтишича, низом "Ғазо масаласи доирасидан ташқарига чиқади" ва "БМТнинг ҳеч бир ҳолатда шубҳа остига олиш мумкин бўлмаган тамойиллари ҳамда тузилишига ҳурмат масаласида жиддий саволлар туғдиради".

Шу билан бирга, Куинси масъулиятли давлатчилик институти ходими Холид Элгиндий Reuters агентлигига айтишича, маъмурият Тинчлик кенгашининг таъсир доирасини кенгайтиришни истамоқда ва ҳатто амалдаги БМТ тизимини алмаштириш ҳақида ҳам гапираётгандек туюлмоқда.

"Шу маънода, Ғазо шунчаки бошланиш бўлиши мумкин, аммо Трамп маъмурияти учун бу Кенгашнинг охири эмас", деди у.

Трамп маъмурияти аллақачон АҚШнинг БМТга ажратадиган маблағларини қисқартирган. АҚШ ветоси Хавфсизлик кенгашининг Ғазодаги урушни тугатиш бўйича чора кўришига тўсқинлик қилди. 2026 йил 7 январда эса Трамп АҚШни "миллий манфаатларга зид фаолият юритувчи" 31 та БМТ тузилмасидан чиқаришни назарда тутувчи меморандумни имзолади. Улар орасида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси ва БМТ Демократия жамғармаси ҳам бор.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири сэр Тони Блэр (чапда) Дональд Трамп билан қўл бериб кўришмоқда. Иккаласи ҳам тўқ кўк костюм, оқ кўйлак ва қизил нақшли галстук таққан. Президент эса костюми ёқасида АҚШ байроғи нишонини тақиб олган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Буюк Британиянинг собиқ бош вазири сэр Тони Блэрни ўзининг "Тинчлик кенгаши"даги илк Ижроия кенгаши аъзолигига тайинлаши баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Трампнинг Тинчлик кенгаши қандай ишлайди?

Тинчлик кенгаши билан бир қаторда, иккита қўшимча юқори даражадаги кенгашлар эълон қилинди:

• Инвестициялар ва дипломатияга юқори даражада эътибор қаратадиган "Таъсис ижроия кенгаши"

• Ғазо маъмурияти Миллий қўмитасининг жойлардаги барча ишларини назорат қилиш учун масъул бўлган "Ғазо ижроия кенгаши". Бу Ғазони вақтинчалик бошқариш ва қайта қуриш вазифаси юклатилган технократлар қўмитасидир.

Оқ уйнинг таъкидлашича, ушбу кенгашларга сайланганлар "Ғазо аҳолиси учун тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлайдиган энг яхши хизматлар ва самарали бошқарувни амалга ошириш" учун ишлайди.

Оқ уй маълумотларига кўра, Трамп Ғазонинг кейинги қайта қуриш босқичига йўналиш берадиган етти аъзолик "Таъсис ижроия кенгаши"га раислик қилади. Аъзолар орасида қуйидагилар бор:

• Давлат котиби Марко Рубио

• Яқин Шарқ бўйича махсус элчи Стив Виткофф

• Трампнинг куёви Жаред Кушнер

Шунингдек, бу кенгаш таркибида Буюк Британиянинг собиқ бош вазири сэр Тони Блэр ҳам бор. Унинг иштироки баҳсли, чунки у 2003 йилда Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги ҳақида кейинчалик асоссиз экани айтилган даъволар ортидан Буюк Британиянинг Ироқ урушига қўшилишини қўллаб-қувватлаган эди.

Оқ уйнинг айтишича, ҳар бир аъзонинг "Ғазони барқарорлаштириш учун муҳим" бўлган ўз вазифалари бўлади.

Трампнинг "Тинчлик кенгаши"да фаластинликлар ва исроилликлар борми?

Ижроия кенгашларининг ҳеч бирида фаластинлик йўқ. Ғазо ижроия кенгашида битта исроиллик бор – Исроилда туғилган, аммо ҳозир Кипрда яшайдиган кўчмас мулк миллиардери Якир Габай. Бироқ кенгаш таркибига Исроилнинг Ғазо секторидаги урушини танқид қилган Қатар ва Туркия каби давлатларнинг юқори лавозимли сиёсатчилари ҳам киради.

Сиёсатчи Мустафо Барғутий Би-би-си Жаҳон хизматининг "Weekend" дастурига берган интервьюсида фаластинликлар "анча кенгроқ вакиллик"ни кутганини айтди.

"Бу шунчаки баъзи халқаро элементлари бор Америка кенгашига ўхшайди," деди у.

Барғутийнинг айтишича, Қоҳирадаги тинчлик музокаралари пайтида маъқулланган Фаластин маъмурий гуруҳининг роли "аниқ эмаслиги" муаммоли бўлади.

У Исроилнинг Ғазони қайта тиклашни осонлаштириш учун Рафаҳ ўтиш пунктини очишига шубҳа билдирди.

Ўз навбатида, Исроил ҳам бу кенгашлар таркиби ҳақидаги музокаралардан четлатилганини маълум қилди. Бош вазир Бинямин Нетаняху идораси "Бу Исроил билан келишилмаган ва унинг сиёсатига зид", дея қўшимча қилди.

Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид бу эълонни "Исроил учун дипломатик муваффақиятсизлик" деб атади. Унинг ўта ўнг қанотдаги миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир эса Х'да шундай деб ёзди: "Ғазо секторига унинг "реабилитацияси"ни назорат қилиш учун қандайдир "маъмурий қўмита"га ҳожат йўқ – уни Ҳамас террорчиларидан тозалаш керак, тамом."

Кулранг кофта ва қора шим кийган ёш қиз Ғазода вайрон бўлган уй-жойлар ва дўконлар қолдиқлари орасида ёшил шлангдан сув ичмоқда. Орқа фонда юк машинаси ва пиёдалар кўриниб турибди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТ маълумотига кўра, Ғазодаги биноларнинг қарийб 80 фоизи вайрон бўлган ёки шикастланган. Натижада тахминан 60 миллион тонна қурилиш чиқиндилари пайдо бўлган.

Трампнинг Тинчлик кенгаши Ғазони қура оладими?

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазодаги биноларнинг қарийб 80 фоизи вайрон бўлган ёки шикастланган, натижада 60 миллион тонна қурилиш чиқиндиси ҳосил бўлган. Кўчирилган оилалар қишки совуқ об-ҳаво, бошпана етишмаслиги ва озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда.

Ёрдам ташкилотлари вазият яхшиланганини айтмоқда, аммо Исроил уларнинг фаолиятига чекловлар қўйишда давом этмоқда.

Исроил таъкидлашича, у гуманитар ёрдамни осонлаштирмоқда ва мавжуд чекловлар Ҳамаснинг ёрдам кўрсатиш ишларига аралашишини ва улардан фойдаланишини тўхтатишга қаратилган. У БМТни Ғазога аллақачон етказиб берилган таъминотни тақсимлай олмагани учун айбламоқда.

Эҳтимол, энг катта қийинчилик ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаб қолишдир.

Ҳамас фақат Фаластин давлатини ташкил этиш бўйича кенгроқ келишув шарти билан қуролсизланишини айтди. Қуруқликдаги қўшинлари ҳали ҳам Ғазо секторининг катта қисмини назорат қилаётган Исроил эса Ҳамас қуролсизлансагина ўз кучларини олиб чиқишини билдирди.

Трампнинг Тинчлик кенгаши ўзгаришларни қанчалик тез амалга ошира олиши ва энг муҳими, барқарор тинчлик учун не чоғли аниқ қадамлар қўя олиши ҳали номаълум.