Россия: Ўзбекистонлик мигрантлар қандай қилиб урушдан пул ишлаб олишди? Ўзбекистон, янгиликлар O'zbekiston Rossiya Migrant
Россиянинг Украинага босқини оғир оқибатларига қарамай, Россияга ишлашга кетувчи ўзбекистонликлар сони ҳам, уларнинг ватанига юбораётган пул миқдори ҳам ошган.
Россиядаги инқироз ҳам ўзбекистонликларга фойдали бўлдими?

2022 йилнинг иккинчи чорагида Россияга рекорд миқдордаги меҳнат муҳожирлари кирган.
Россия ИИВнинг миграция маълумотларида жорий йилнинг январь-май ойларида 6,6 млн хорижлик Россияга кириб келган ва миграция рўйхатида қайд этилган. Бу ўтган йилги кўрсатгичдан қарийб икки баробар (3,9 млн) кўп демакдир.
Уларнинг 2 млн нафарга яқини - ўзбекистонликлардир.
Алоқадор мавзулар:
- Россия, мигрантлар: Қандай азобда ишлаётганимизни Мирзиёев кўрсинлар (видео)
- Россия, мигрантлар: пул юбориш ҳам ортаяпти, тобутлар келиши ҳам. Россияликлар пулларини олиб чиқиб кетаяптими? Муҳокама якунланди, таклифлар қани? Ўзбекистон, МДҲ, янгиликлар
- Россия: Мигрантлар "импорти" асосан Ўзбекистондан - Россия ва мигрантлар, дайжест
- Россия-Ўзбекистон: Муҳожирликка мажбурлар
Ойига 1 млн киши ишлашга келган
Россия Ички ишлар вазирлиги 2022 йилнинг иккинчи чорагида Россия Федерациясидаги меҳнат муҳожирлари сони 3,12 миллион кишини ташкил этганини маълум қилди.
- 2022 йил 1 май ҳолатига кўра, Россияда 3,35 миллион меҳнат муҳожирлари бор, бу 2021 йил 1 майга нисбатан чоракка кўп, аммо 2019 йилги пандемиядан олдинги кўрсаткичдан 18 фоизга кам, - деб хабар беради Ички ишлар вазирлиги.

Сурат манбаси, RF IIV
Вазирликнинг ушбу статистикасини "Финэкспертиза" (Finexpertiza) аудит ва консалтинг тармоғи тадқиқ қилди.
Таҳлилчилар ўрганишига кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони 2022 йилнинг иккинчи чорагида 3,12 миллион кишини ташкил этгани 2017 йилдан бери рекорд кўрсаткичдир.
- "2022 йилнинг иккинчи чорагида 4,16 миллион хорижлик яшаш жойи бўйича миграция рўйхатидан ўтган бўлса, 3,12 миллион киши (75 фоиз) келиш мақсади сифатида ишлашни кўрсатган", — дейилади тадқиқотда.
Рублнинг мустаҳкамланиши кучи
Қайд этилишича, ушбу чоракда мигрантлар сони ўтган йилнинг шу даврига (2,34 миллион) нисбатан учдан бир баравар кўп бўлган. Шу билан бирга, жорий кўрсаткич коронавирус пандемиясидан олдинги кўрсаткичлардан ошиб кетди.
Хорижий ишчи кучининг минимал оқими 2020 йилнинг иккинчи чорагида карантин чекловлари туфайли қайд этилган.

«Финэкспертиза» раҳбари Елена Трубникова мигрантлар сонининг ўсишига рублнинг кучли мустаҳкамланиши таъсир кўрсатгани, бунинг натижасида Россия меҳнат бозори хорижликлар учун янада жозибадор бўлиб қолганини билдирган.
Ўтган чоракда Россиядан МДҲ мамлакатларига пул ўтказмалари кўрсатгичи ҳам ортган. Энг кўп пул юборилган мамлакатлар қаторида Арманистон, Грузия ва Қозоғистон тилга олинган.
Аммо таҳлилчилар Марказий Осиё мамлакатларига нақд пул оқимининг ўсиши россияликлар Россия Федерациясидан чиқиб кетганидан кейин халқаро тўлов тизимларининг ҳисоб рақамлари ва карталарини очиши билан боғлиқ.
Бир жиҳатдан Россияда рублнинг мустаҳкамланиши мигрантларнинг рублда оладиган маошини долларда қарийб икки баробар кўп ҳажмда ҳисобланиб, оилаларига юборишлари ҳам сабабдир.
Масалан, Ўзбекистонга апрель-май ойларида хориждан 1,07 миллиард доллар тушган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробар кўпдир.
Май ойида 1,65 млрд доллар (ўсиш 2,7 марта), июнь ойида 2,32 млрд доллар (ўсиш 3,25 марта) ўтказилган.
Инқирозга қарамай ошиш
Россия ИИВнинг мамлакатдаги миграция кўрсаткичлари борасидаги январь-май ойлари статистикаси Гайдар ва РАНХиГС таҳлилчиларини ҳам эътиборини тортди.
"Бошқа мамлакатларга банк ўтказмалари билан боғлиқ қийинчиликларга ва хорижий валютадаги даромадларнинг пасайишига қарамай, жорий меҳнат миграцияси статистикаси ҳали Россиядан катта миқдорда чиқиб кетишни кўрсатмайди".
Ушбу хулоса июнь ойида "Россиядаги иқтисодий вазият мониторинги. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденциялари ва муаммолари" мавзусидаги тадқиқотида эълон қилинган.
Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий вазият, демографик кўрсаткич ва ишсизлик билан боғлиқ муаммолар бу давлатлар фуқароларини Россияга ишлашга йўл олишга мажбур қилмоқда.
Ўзбекистон мисолида олинадиган бўлса, чет элга кетган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони жорий йилнинг январь-июнь ойларида 2021 йил якунларига нисбатан 20 фоизга ошган. Бу маълумотни Республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эълон қилган.
Ташқи миграция масалалари агентлиги маълумотларига кўра 2022 йил 1 январь ҳолатига чет эллларда меҳнат қилаётган 1,5 миллион нафар ўзбекистонликларнинг 1 миллиондан кўпи (63,7 фоизи) Россияда меҳнат қилишган.
Россия ИИВ маълумотига кўра эса, мамлакатдаги ўзбекистонликлар сони айни пайтда 2 млн га яқинлашган.
Россияга оқаётган миллионлаб мигрантлар
Россия ИИВнинг миграция маълумотларида жорий йилнинг январ-май ойларида 6,6 млн хорижлик Россияга кириб келган ва миграция рўйхатида қайд этилган. Бу ўтган йилги кўрсатгичдан қарийб икки баробар (3,9 млн) кўп демакдир.
Гайдар институти ФХХ чегара хизмати маълумотига таяниб, 2019 йилда Россиядаги хорижликлар сони 9,6 млн дан 11,2 млн атрофида бўлганини айтади. Пандемия йилларида бу рақам пастлаган. 2020 йилда 7,1 млн га, 2021 йилда эса 5,5 млн дан 6,9 млн кишигача қисқарган.
Россияга оқиб кираётган хорижликларнинг катта қисми - МДҲ давлатларидан келаётган меҳнат муҳожирларидир. Таҳлилчилар хорижликлар борасида мигрантларнинг улуши сўнгги икки йил ичида 80 дан 91 фоизга ортганини билдиришмоқда. Ва бу статистикада Украина қочқинларини ҳисобга олмагандаги кўрсаткич. ИИВ украиналиклар ҳатто миграция қайдидан ҳам ўтмаётганини таъкидлаган.

6 фоизгина ишсиз қолган
Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 1 май ҳолатида Россияда 3,35 млн меҳнат муҳожирлари бор. Бу ўтган йилнинг шу даврига кўра чорак баробар кўпдир.
Меҳнат мигрантлари томонидан йил бошидан бери 845 мингта меҳнат патенти расмийлаштирилган. Амалдаги патентларнинг умумий сони эса 2,1 млн ни ташкил қилади.
РАНХиГС нинг демография ва миграция бўйича ижтимоий таҳлил ва прогнозлар тадқиқотлари етакчи илмий ходими Юлия Флоринская Россиядаги ҳозирги вазият меҳнат миграциясида акс этмаётганини билдирди.
- Март ойида «Сахарово» миграция марказида ўтказган сўровномамизда бор-йўғи 6 фоиз мигрантлар 24 февралдан кейин ишсиз қолганини билдиришди, - таъкидлайди таҳлилчи олима.
Бу борада Россия бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин апрел ойида расмийлар доллар билан боғлиқ вазият туфайли муҳожирларнинг бироз чиқиб кетиши кузатилганини, бироқ вазият барқарорлашгани ва хорижлик ишчилар Россияда ишлашни афзал кўраётганини айтганди.
Мигрантлар пул ишлаб олдими?
Россияда санкциялар ортидан юзлаб ташкилотларнинг ёпилиши Марказий осиёлик мигрантларга сезиларли таъсир этмагани аён бўлди. Сабаби - меҳнат муҳожирларининг катта қисми маҳаллий аҳоли ишлашни истамайдиган: қурилиш, коммунал ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бандлиги билан боғлиқ бўлди.
Бу соҳалар эса пандемия даврида ишчилар тақчиллигини бошдан кечирганди, карантин чекловлари бекор қилиниши ортидан меҳнат муҳожирларининг катта қисмини иш билан таъминлаган қурилиш индустриясининг ўсиш суръатлари кузатилди.
Шунингдек, пандемия даврида ишчи кучига эҳтиёжи ортган Россия мамлакатдан чиқариб юборган минглаб қонунбузар меҳнат муҳожирларини авф қилди. Натижада тақиқ туфайли йиллаб Россияга кира олмай юрган Марказий осиёликлар пул топиш ва оила боқиш учун муҳожирликка йўл олди.
Пандемия қийинчиликлари ва урушдан кейинги нарх-наволарнинг қимматлашуви мигрантларнинг ўртача ойлик маошини 29 минг рублдан 40 минг рублгача кўтарганди.
Россиядаги сиёсий жараёнлар манзарасида рублнинг мустаҳкамланиб туриши чоғида Марказий осиёлик мигрантлар ўз ватанларига пул ўтказмаларини кўпайтиришга муваффақ бўлишди.
- "МДҲ мамлакатлари аҳолиси Россияда пул ишлаш учун яхши имкониятларга эга бўлдилар", дейди бу борада Финэкспертиза раҳбари Елена Трубникова.
Энг кӯпи, энг ҳуқуқсизи ва энг чорасизи
Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ярми (1,54 миллион киши ёки 49,6 фоиз) Ўзбекистон фуқаролари, қарийб учдан бир қисми Тожикистон фуқаролари (52 минг киши ёки 30,5 фоиз)дир.

Сурат манбаси, RF IIV
Шунингдек, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Хитой, Украина (КХДР ва ЛПР бундан мустасно), шунингдек, Молдова фуқароларининг катта қисми Россияга ишлаш учун келган.
Шу билан бирга, манбаларда келтирилишича, иккинчи чоракда Ўзбекистондан меҳнат муҳожирлари оқими айниқса сезиларли даражада (416,2 минг кишига ёки 36,9 фоизга) ошган.
Россия Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун энг ҳуқуқсиз ва миллатчилик кўп қайд этиладиган мамлакатлардан ҳисобланади. Ҳуқуқ фаоллари бу давлатда ўзбекистонликлар кунига 12 соатлаб оғир шароитларда ишлатилиши, меҳнат ҳуқуқларига амал қилинмаслиги, мигрантларнинг камситилиши ва ҳақларининг бузилишидан бонг уриб келишади.
Шуларга қарамай, ўзбекистонликлар ватандаги ишсизлик ва чорасизликдан ўзлари учун нисбатан қулай ва иш ҳақлари юртидагига кўра бир неча баробар кўп бўлган Россияга бориб ишлашга мажбурлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













