Россия, мигрантлар: Қандай азобда ишлаётганимизни Мирзиёев кўрсинлар Dunyo Yangiliklar (видео)

migrantlar 1
Сурат тагсўзи, Бу муҳожирлар - 21 даража совуқда 12 соатлаб ишлашаяпти
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Москвада -21 -22 даража аёзда муз ёриб, томда қор курашмоқда.

Россиянинг шимолий ҳудудларида ишлаётганларга янада оғир.

Алоқадор мавзулар:

Москвадаги - 20 даража совуқда қўлда муз ёраётган қашқадарёлик муҳожирларнининг иш жараёнидан олинган видеолавҳамизда кўринг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу йил Москва қиши аёзли келди. Ўтган хафтада кундузи - 21-22, кечаси -27-28 даража изғирин бўлди. Синоптиклар декабрь ойи учун бундай совуқ Москва учун 1948 йилдан буён илк марта кузатилаётганини таъкидлашди.

Бир неча хафтаки, устма уст ёғаётган қор, музлаган йўллар пойтахтда коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари ишчиларига эҳтиёжни янада кучайтирди.

Кўча супурувчи мигрантлар қор кураш, муз ёриш, йўллар ва томларни тозалашга киришдилар.

Doston
Сурат тагсўзи, Достон бу оғир иш учун 35 минг рубль ( $500 га яқин) маош олишини айтади

-21 даража совуқда йўлаклардаги музни ёриб тозалаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини иш жараёнида суҳбатга тортдик.

- Совуқ кунда ишлаш азоб. Кунига 12 соат изғиринда ишлаяпмиз, - дейди ўзини Достон деб таништирган муҳожир.

Шимолий Медведково ҳудудидаги коммунал хизмат кўрсатиш ширкатларининг бирида ишловчи бу меҳнат муҳожирларининг барчалари қашқадарёлик ва сурхондарёлик эканликларини айтишди.

- Ишимиз қийин. Йўллардаги музни куч билан уриб ёрамиз, тозалаймиз. Техникасиз қўлда бажариладиган иш. Соат 8 да ишга чиқамиз, кечки 6-7 гача кўчада ишлаймиз, - дейди Салим исмли муҳожир.

У 2005 йилдан бери меҳнат муҳожирлигида эканлигини айтади.

- Иш жойингиз томонидан бирон енгиллик борми?, дея сўраймиз.

- Ётоқхона беради, бир хонада 6-7 киши бўлиб яшаймиз, - жавоб берди Салим.

salim
Сурат тагсўзи, Салим 16 йилдан бери меҳнат муҳожирлигида эканини айтди

Муҳожирлар Би-би-си мухбири эканлигимни эшитиб, видеолавҳаларимизни ҳукумат вакиллари кўришадими, дея қизиқишди.

«Қандай азобда ишлаётганимизни Мирзиёев кўрсинлар», дейишди муҳожирлар умид билан.

Аёзда муз ёраётган муҳожирларни тонгдан шомгача тинмай ишлашганини гувоҳи бўлдик.

- Анча қалин кийинганмиз, аммо совуқ барибир ўтади, - дейди мигрантлардан бири.

- Ишла, қизийсан, - ҳазиллашди бошқаси.

Мигрант йигитлар бир-бирига далда бўлиб, ҳазил-хузул билан ўзларини овутганча муз ёришаяпти. Уларнинг ишини бригада бошлиғи назорат қилиб турибди.

- Ишлаб гапиришсин, биттаси гапирса, қолгани ишласин, - деди бригадир.

Мигрантларнинг айтишича, бир ширкатда 25 муҳожир ишлайди.

migrantlar 3
Сурат тагсўзи, Муҳожирлар кулгу-ҳазил билан ўзларини овутиб ишлашаяпти

Ўтаётган йилнинг 10 ойи мобайнида Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони пандемиядан олдинги даврдаги кўрсаткичини тиклади.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда расман 10 млн дан зиёд мигрантлар ишлашмоқда. Экспертлар норасмий рақамларнинг 2 баробар кўплиги эҳтимолини айтишмоқда.

migrantlar 2
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонлик муҳожирлар ватанга ўтаётган йилда 8 млрд долларга яқин пул юборишган

Ўзбекистонликлар Россиядаги энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари бўлиб, уларнинг кўпчилиги энг оғир иш ва шароитларда ишлаб, ватанларида қолган оилаларини боқишмоқда.

Россия Марказий Банкининг ўтган 10 ойда Россиядан МДҲ га валюта ўтказмалари бўйича олти йиллик рекорд ўрнатилгани ҳақида маълумот берди.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларида билдирилишича, жорий йилнинг охиригача Россиядан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳажми 7,6 миллиард долларни ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 26 фоизга кўпдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek