Янгиликлар: 8,5 тонна кўкнори сомони ҳали йўқ қилинмади, Фермер овора бўладими? Пахта нархи ҳамон белгиланмади

Кўкнори қаердан келгани айтилмаяпти

Сурат манбаси, Bojxona.uz

Сурат тагсўзи, Кўкнори қаердан келгани айтилмаяпти

Тошкент аэропортида рекорд даражада тўхтатиб қолинган наркотиклар тақдири очиқ қолмоқда. Пахта терилмоқда, аммо расман нарх белгиланмади. ЙТҲ қурбонлари ошмоқда.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси ахборот хизмати Тошкентда наркотикларнинг рекорд даражадаги партияси тўхтатиб қолинганини хабар берди.

ДХХ билан ўтказилган амалиётда ҳужжатда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида бўлган 8,5 тонна кўкнори сомони олиб ўтилаётгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган ва шубҳа ҳамда саволларни келтириб чиқарган.

Расмий хабарда кўкнори сомонининг қайси давлатдан ва қайси авиа ширкат орқали олиб кирилгани айтилмаган.

Шунингдек, ушбу ишда гумонланиб қанча одам ҳибсга олингани ва уларнинг қайси давлат фуқаролари эканлиги ҳақидаги саволлар ҳам очиқ қолган.

Ижтимоий тармоқларда шунча миқдорда кўкнори сомонининг Ўзбекистонга самолёт орқали кириб келиши жиноятчиларнинг давлат органларида таниши бор, деган шубҳаларни пайдо қилган.

Расмийлар ҳозирча ушбу гумон ва саволларга жавоб бермаяпти.

Божхона қўмитаси матбуот хизмати "ҳозирда тергов ишлари олиб борилаётганлиги сабабли тафсилотлар кейин эълон қиламиз" дейиш билан чекланди.

Би-би-си давлат идораларидаги манбасининг айтишича, ушланган кўкнори ҳозирча йўқ қилинмаган. Қабул қилинган тартибларга кўра, барча наркотик моддалар ҳар йилнинг июн ойида бир жойга тўпланиб йўқ қилинади.

Битта ҳолатда шунча гиёҳвандлик воситасининг аниқланиши божхона тизимининг 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилди, дейилади хабарда.

ДХХнинг истеъфодаги полковниги Эркин Абдуллаев 2022 йилнинг январида ЎзА билан суҳбат давомида республика тарихидаги наркотиклар билан боғлиқ энг йирик жиноят 30 йил муқаддам содир бўлганини сўзлаб берганди.

Унинг ҳикоя қилишича, 1992 йил октябрида божхоначилар Афғонистондан Термиз шаҳрига кириб келган 30 тоннага яқин қуритилган майизни кўздан кечирадилар ва текширув давомида юк орасидан жами 13 тонна 50 килограмм гашиш моддаси борлиги аниқланади.

Абдуллаев АҚШ Адлия вазирлиги ушбу жиноят ишига қизиқиш билдиргани, наркотик моддалар эса орадан икки йил ўтиб халқаро ташкилотлар вакиллари ва журналистлар иштирокида ёқиб юборилганини хотирлаган.

Унинг эслашича, жиноятга алоқадор кўрилган шахслар 1998 йилда АҚШ томонидан қўлга олинган.

Абдуллаев ўз кузатишларидан келиб чиқиб, ўтган 30 йил давомида мамлакатда бундай йирик миқдордаги тақиқланган моддалар қайта қўлга туширилмаганини билдирган.

"Дарвоқе, америкаликлар 1992 йилги Термиз воқеасини "Гиннесс рекордлари китоби"га киритиш тўғрисида тақдимнома киритишга ваъда берган эди. Афсуски, бу қуруқ гап бўлиб қолиб кетган", Абдуллаев сўзларини келтирган ЎзА.

Пахта терими учун нарх белгиланмаганлиги фермерларни боши берк кўчага солиб қўйди

пахта

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистоннинг нисбатан иссиқ минтақаларида пахта терими бошланиб кетган. Бироқ терим учун расман нарх белгиланмаганлиги фермерларнинг бошини қотириб қўйган.

"Ҳурматли группамиз аьзолари Сурхондарё вилояти Шеробод туманида фермерлар пахтани ғайрат қилиб теришяпти лекин терим пули ва пахтани тан нархидан дарак йўқ", деб ёзади фермерлардан бири Telegram даги "Республика фермерлари" гуруҳида.

"Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмасак шунча қилган меҳнатимиз яна бир тийин бўлади", дейди у.

Пахта терим нархининг айрим туман ҳокимликлари ўзлари белгилаётгани ҳам айтилган.

"Деновда бугун ҳокимиятида терим пулини 2000 минг сум белгилабди. Олдин берилган пулнинг фарқини кайта ведемост килаяпмиз." деб ёзди Абдуғани Дўстмуродов 8 сентябр куни.

Нарх борасида расмий хабар чиқмаганлиги ортидан турли ижтимоий тармоқлар сал олдинроқ терим нархини эълон қила бошлаган.

Бунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расман раддия билан чиқди ва нархлар ҳукумат томонидан тасдиқланишини айтди.

"Пахта терими учун тўлов нархлари ҳар йили мавсум бошланиши муносабати билан, муайян бир муддатда белгиланади ва бозор тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ҳукумат томонидан тасдиқланади. Теримнинг ҳар бир тури учун алоҳида сумма белгиланади, сўнг барча ОАВ орқали эълон қилинади", дейилади вазирлик хабарида.

Пахта

4 сентябр куни чиққан хабарда айтилишича, айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнида.

"Бунда унинг биринчи ва иккинчи терими учун (навларини ҳисобга олиб) қанча нарх белгиланиши аниқ кўрсатилади", дейилади хабарда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги нарх маълум бўлмаган бир пайтда пахта пишиб етилган жойлардаги фермерларга қандай йўл тутиш борасида йўл-йўриқ кўрсатмаган.

"Пахтани эски нархда тердириб тураверамизда. Бошка илож йук агар нархни оширса шунга караб биз хам оширамиз" дейди Гавхарой.

Кузатувчилар пахта терими нархи борасида ҳозиргача бир тўхтамга келинмаётганига ўтган йили вазирлик нархларни қимматроқ белгилагани ва кластерлар уларни жаҳон бозорида сотишда муаммога дуч келгани ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкинлигини айтишади.

Ўтган йили кластерларнинг 500 миллион доллар зарар билан чиққани айтилади

"Таҳлилларга кўра, ўтган йилги пахта ҳосили бўйича жаҳон бозори билан ички бозордаги пахта хом ашёси нархи ўртасида катта тафовут бўлгани оқибатида кластерлар 6 триллион сўм (500 миллион долларга яқин) зарар кўрган. 2022 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштириладиган ўрта турдаги пахта хомашёсининг энг кам харид нархи 1 кг учун 10 025 сўмдан белгилади, жаҳон бозорида эса нарх паст бўлган", деб ёзади Ўзтўқимачилик саноати уюшмаси веб сайти.

Қишлоқ хўдалиги вазирлиги нархларни ҳукумат тасдиқлашини айтаётган бир паллада фермерлар нархлар икки субъект ўртасида бозордан келиб чиқиб, ҳокимият аралашувисиз ўзаро белгилашиши кераклигини таъкидлашмоқда.

"Умуман , эркин бозор механизмига ўтиш керак, фермер хўжалигига, деҳкончилик махсулотларини, такикланган экинлардан ташқари, ҳамма турдаги махсулотларини экишга, хоҳлаган жойларда сотишга қонуний руҳсат бериш керак, деб ўйлайман. Кейин баъзи керак булмаган воситачи ташкилотларни тугатиб юбориш керак деб ўйлайман", дейди Муҳаммадқул Мирзаев.

Йўлларда қурбонлар сони ортмоқда, тезлик асосий сабаб

ЙТҲ

Сурат манбаси, расмий

Ўзбекистонда ўтган йилнинг биринчи ярми билан солиштирганда йўл транспорт ҳодисаларида қурбон бўлганларнинг сони ортган. Жароҳат олганлар ҳам ўтган йилга нисбатан кўпроқ.

Kun.uz нашрининг ёзишича, 2023 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Ўзбекистонда 4 772 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.

ЙТҲларнинг 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра, яъни ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққани айтилган.

Қарийб 4800 та ҳодисада 1 115 киши вафот этган, 4 564 киши турли тан жароҳатлари олган.

Хабарда айтилишича, қурбонларнинг 1 078 нафари ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган.

Аввалроқ 2023 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 4 мингга яқин авто-авариялар рўй бергани, уларда 873 киши ҳалок бўлиб, 3,5 мингдан ортиқ инсон жароҳатлангани маълум бўлганди.

Нашрга кўра, бу маълумотни президент Шавкат Мирзиёев йиғилишлардан биридаги нутқида очиқлаган.

"2022 йилнинг 1-ярмида қайд этилган 355 та ЙТҲда 784 киши ҳалок бўлиб, 2775 киши жароҳат олганди. Юқорида қайд этилган 2023 йил 1-ярмидаги кўрсаткичлардан келиб чиқилса, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида ЙТҲлар сони 11 фоизга, улардаги қурбонлар сони эса 12 фоизга ошган", дейилади хабарда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002