Ўзбекистон ва дунё: Пахта мавсуми ва халқаро имидж

Ягана

Сурат манбаси, DENIS SINYAKOV/AFP/GETTY IMAGES

2019 йилги пахта йиғим-терим мавсуми жадал давом этар экан, инсон ҳақлари ҳимоячилари, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ташкилотлар ушбу мавсумда ҳам мажбурий меҳнат ҳолатлари рўй бераётгани-бермаётганини диққат билан кузатмоқда.

Би-би-сининг жаҳон оммавий ахборот воситаларини кузатиб борадиган ташкилоти - Би-би-си Мониторинг сўнгги матбуот чиқишлари ҳақида шарҳ эълон қилди.

Ўзбекистондаги йиллик пахта ҳосилини йиғиш борар экан, яна бир бор инсон ҳуқуқлари фаоллари мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳақида хабар бермоқдалар, дейилади шарҳда.

Москвада жойлашган Ferghana.ru ахборот агентлиги хабар қилишича, ҳукумат бундай ҳолатларга чек қўйишга ваъда берганига қарамасдан, давлат бюджетидан маош оладиган идора-ташкилотларнинг ходимлари вилоятларга пахта теришга олиб кетилганлар.

Йиллар давомида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани, айниқса, болалар пахта теришга жалб этилгани халқаро миқёсда қаҳру ғазабларни келтириб чиқарди ва бир неча кийим-кечак ширкатлари Ўзбек пахтасига нисбатан бойкот эълон қилди.

Ушбу ёмонотлиқ бўлиш охир-оқибат ҳукуматни бунга қарши чора кўришга мажбур этди.

Шу ой бошида Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсуми пайтида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатни аниқлаш бўйича Миллий мониторинг бошланиши ҳақида хабар тарқатди Podrobno.uz веб-нашри.

Веб-сайт ҳуқуқ бузилиши ҳоллари рўй берганида хабар бериш талаб қилинган телефон номерлари ва Телеграм хабар хизмати номларини эълон қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев август ойида ҳокимларга қарата "бу йилги пахта йиғим-терими пайти мактаблар, институтлар ёки давлат бюджети ташкилотлари жалб қилинмаслиги" лозимлигини айтганди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам параллел равишда мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиб боришини эълон қилди.

"Ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган"

Терилган пахтани ўлчаш

Сурат манбаси, SHUHRATAXMEDOV/WIKIMEDIA COMMONS

Аммо жамоатчилик аъзолари аллақачон "ўз ихтиёрлари билан пахта ҳосилини териб олишда фермерларга" ёрдам бериш ҳақидаги тилхатни ёзиб беришга мажбурланганлари ҳақида шикоят қилдилар.

Бундай усул Совет замонида ва 2016 йили оламдан ўтган Президент Ислом Каримовнинг авторитар бошқаруви йилларида қўлланган усул эди, дея эслатади BBC Monitoring.

"Фарғонаазот" кимёвий заводи ходимларининг "Озодлик" радиоси Ўзбек хизматига айтишларича, "бундай тилхатни ёзмаса, ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинганлар".

Ва Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси Божхона институти курсантлари Сирдарё вилоятига пахта теришга жалб этилганлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарни рад этган.

Андижон электр тармоқлари минтақавий корхонаси ходимлари "Озодлик" радиосига "идорага келиб 2019 йил пахта йиғим-теримига ўз хоҳишларинг билан ариза ёзиб беринглар" деб берилган кўрсатманинг суратини тақдим қилганлар.

"Раҳбарларнинг ўзлари яхши овқатланадилар. Бизнинг эса Жиззахдаги молхонада ўтиришга, ёвғон шўрва ва макарон ейишга мажбурмиз. Бу қачон тугайди. Сабр косамиз тўлиб кетди", деб айтган электр идораси ходимларидан бири.

Ўзбек ҳукумати ўзининг йирик қишлоқ хўжалиги соҳаси, шу жумладан, пахта ишлаб чиқаришни ҳам кейинги ўн йилликда бозор муносабатларига ўтказишдек баландпарвоз режасига эга. Бироқ қишлоқ ҳудудларидаги кам маош ва мажбурий меҳнатнинг ҳамон давом этаётгани ишлаб чиқаришни оширишга кам рағбат беради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek