Ўзбекистон: 15 сутка – қонунчилик масаласими ёки сиёсий эркинлик? Нега бу жазо қўлланиши кўпайган? - Видео

Сурат манбаси, Ички ишлар вазирлиги
Газ қуйиш шохобчасидаги норозилиги ортидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстовнинг иши Ўзбекистонда маъмурий қамоқ жазоси нақадар кенг қўлланиши, ҳамда унинг нақадар адолатли экани ҳақида саволларни ўртага чиқарди.
Маъмурий жазо тўғрисидаги кодексда 50 дан ошиқ турдаги ҳатти-ҳаракатлар учун 15 суткалик қамоқ жазоси берилиши мумкинлиги белгиланган.
Охирги йилларда бу жазо машина люкидан бошини чиқариб юрган, Инстаграмга "беҳаё" суратларни жойлаган, эшакнинг қулоғини кесганлар билан бир қаторда мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ёритиб чиқаётганларга қарши қурол сифатида ҳам қўлланилмоқда.
Риштонлик 29 яшар Бобурбек Мирзаҳамдамов электрик бўлиб ишлайди. У айни Ғайрат Дўстов воқеаси муҳокамаси қизиётган бир пайтда, метан заправкада навбатсиз ўтаётганларга эътироз билдириши ортидан ички ишлар ходимлари билан айтишиб қолган.
Шу мавзудаги кўрсатувимизни томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Ғайрат Дўстовнинг воқеасидан кейин метан заправкаларига ИИБ ходимлари жудаям кўп бириктирилибди. Ҳозир ҳам шунақа. Меники 30 декабрь куни бўлган. Ходимлар таниш-билишчилик қилиб одамларни навбатсиз киритаётганига ИИБ ходимлари олдига бориб норозилик билдирганимда, муаммога қарши эмас, муаммони олиб чиққан одам билан шуғулланишни бошлашди. Телефонимни қўлимдан тортиб олиб қўйишди. Сўкиндингиз, омманинг эътиборини ўзингизга қаратяпсиз, дейишди. Уришди, судрашди, тепишди, қўлимга кишан солишди, бормайман дедим. Анти-терроризмга олиб борамиз, дейишди. Машинамнинг ҳужжатларини ҳам текширишди, хато топишмади. Куч ишлатиб тиқиб, олиб боришди. Машинада, масжидга кириб турасизми, намоз ўқийсизми, деган саволлар бошланди. Бўлимда тушунтириш хати олиб, бир соатдан сўнг қўйворишди. Кечирдик сизни, деди. 5 январь куни телефон қилиб, келиб кетинг дейишди, бориб келдим. Орадан яна уч кун ўтиб судга чақириб, судя 5 сутка қамоқ, 5 оклад жарима қарорини чиқаришди", - дейди у.
Мотоцикл минганмисан, деди. Йўқ, дедим. Мотоцикл мингандек тур, қўлларингни кўтариб, дейишди. Тураркансиз, улар тиззангизнинг пастига, болдирингизга, битта нуқтага тепаверар экан.
Бобурбек учун бу биринчи маъмурий қамоқ жазоси бўлса, водийлик блогер Нодирбек Хожиматов буни нақ уч марта бошидан кечирган. У биринчи 8 суткалик жазоси даврида қийноққа тутилгани, ва озод қилиниш куни келганида жароҳатлари битмагани учун яна 5 суткага ҳукм қилинганини айтади. Янги жазо учун эса, унга кўра, сохта айблов ва сохта гувоҳлар асос бўлган.
"[Шаҳрихонда 8 суткали қамоқ жазосини ўтаётганимда] ДХХ ходими уриб оёғимга жароҳат етказган. Оёғимдаги кўкарган жароҳат излари йўқолиши учун, чиқиб яна мурожаат қилмасин дея, мени сўнгра Асака туманига олиб боришган. Асака тумани ҳокимлиги олдида жинсий аъзосини чиқариб сияётганда ушланди, деб яна 5 суткалик маъмурий қамоқ жазосини беришган. Яна 183, майда безорилик. Гўё мен 8 суткани ўтаб чиқиб, Асака туманига бориб сийган эмишман. Борсам, иккита 20-25 ёшлардаги болаларни гувоҳ қилиб қўйишибди. Судда айтдим, ҳурматли раислик қилувчи, мен Шаҳрихон туманидан келяпман, 8 суткани ўтаб келяпман, суриштиринг буни десам, жавоб йўқ. 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди", - дейди Нодирбек.
Бу ҳодиса 2018 йилда бўлган. 2019 йилда Нодирбек яна қамалди ва халқаро ташкилотлар назарига тушди. Чунки у вилоят ҳокимининг орден олишга нолойиқлиги ҳақида пост ёзганди. Аммо, туман ҳокими идорасига кириб жанжал қилган деган ариза асосида яна майда безориликда айбланиб, бу сафар 15 суткага қамалди. Судда унинг туман ҳокимлигида бўлмаганини айтиши, кузатув камераларидаги ёзувларни текшириши сўрагани, ўз ҳуқуқларини учун курашгани ёрдам бермади.

Адвокат Баҳодир Аҳмедовнинг айтишича, қонунчиликда "бўшлиқлар" бор, ва бу бўшлиқлар суиистеъмол қилинмоқда.
"Ҳуқуқий асос, ҳуқуқий бўшлиқ бўлмаслиги керак. Қарор кимнингдир хоҳишини бажариш учун қилинадиган бўлса, буни бажариш учун қонундаги "лазейка", яъни бўшлиқлардан фойдаланишади. Маъмурий қамоқ қачон, кимга берилади деган аниқ бир мезон йўқ. Кимларга берилмаслиги бўйича бор: масалан, ҳомиладор аёллар, вояга етмаганлар ва ҳоказо. Лекин, кимга берилиши бўйича - йўқ. "Майда безорилик"дек жуда мавҳум, чек-чегаралари қаерларгача экани билинмайдиган ҳуқуқбузарликлар бор экан, одамларни субъектив сабаблар билан қамоққа олиш осон бўлаверади. Қонунда ҳар битта ҳолат, мезон белгилаб қўйилиши керак", - дейди ҳуқуқшунос.
Маъмурий жазони ўташ жойларидаги шароитлар
"Хонага кирдик. Саккизта каравот бор экан. 14 одам ётдик ўша ерда. Яна одамларни киритади, 18 тагача бўлиб кетдик баъзи пайтда. Матраслар эски-туски, тепада камера кўриб туради. Урмайди, сўкмайди, лекин камерада қараб туради. Ерларда ётдик. Ҳаво йўқ. Сигарет чекишади, мен пастга ўтирволдим, пастда заҳарли ҳаво бўлмайди деб. Эрталаб 5-6 да тур дейди, сўнг кечки соат 10 гача ётишга қўймайди, матраслар йиғиштириб қўйилади, фақат ўтириб чиқасиз. Ётсанг, турғиздиради, аскар жўнатади. Овқатлари умуман ёғи йўқ, қуруқ сувга қайнатилган овқатлар", - дейди Бобурбек.
Нодирбекнинг кечинмалари эса жисмонан янада оғриқли бўлган. У кучишлатар тизимлар уни қўрқитиш ва шаштидан қайтариш учун қийноққа солишганини айтади.
Кодекснинг 316-моддасида 10 кун ичида апелляция бериш керак ва 10 кун ичида жазони ижро этиш тўхтатиб турилади, дейилади. Лекин, бундан маъмурий қамоқ жазоси мустасно, дейилган.
"Мотоцикл минганмисан, деди. Йўқ, дедим. Мотоцикл мингандек тур, қўлларингни кўтариб, дейишди. Тураркансиз, улар тиззангизнинг пастига, болдирингизга, битта нуқтага тепаверар экан. Кейин полга ўтирасиз экан, оёқларни узатиб. Оёғингизнинг кафтига дубинка билан ураверар экан. Иккинчи кун ҳам шундай бўлди. Учинчи куни тўхтатишди, чунки чап оёғим шишиб, қорайиб кетди", - дейди Нодирбек.
Нодирбек озод бўлгач, суд ҳукмидан арз қилиб 17 марта президент порталига ёзганини айтади. Ноҳақ жазоланганини даъво қилаётган Бобурбек эса аввалига суд қарори устидан апелляция беришга қарор қилгани, аммо ички ишлар ходимлари ундовидан сўнг бу қароридан қайтгани ҳақида сўзлайди.
15 суткалик қамоқ ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистонда бундай қарор устидан аппеляция беришдан фойда йўқ, деган қараш аллақачон шаклланиб бўлган.
"Маъмурий жазо тўғрисидаги кодексда маъмурий жазо дарҳол ижро этилади, дейилган. Кодекснинг 316-моддасида 10 кун ичида апелляция бериш керак ва 10 кун ичида жазони ижро этиш тўхтатиб турилади, дейилади. Лекин, бундан маъмурий қамоқ жазоси мустасно, дея белгиланган. Бошқа ҳолатларда сиз апелляция берсангиз, жазони ўташ тўхтатиб турилади, лекин маъмурий қамоқ жазосида бундай эмас. Маъмурий қамоқ ижроси бошланади, апелляцингиз 1 сутка ичида кўриб чиқилади. Бу шахс қочиб кетиб, йўқолиб қолиб, участка нозири қидириб юрмаслиги учун қилинган бўлса керак. Лекин, мен бошқачароқ фикрдаман. Одатда баённома расмийлаштирилади-да, дарров судда кўриб чиқилади, шахс нима бўлаётганини тушунмай ҳам қолиши мумкин. Суд қайсидир кунга белгиланса, орада 2-3 сутка вақт бўлса, шахс адвокат ёллаши ёки ўзи мустақил тарзда айбловларни ўқиб ўрганиши мумкин. Агар айбдор деб топилса ва маъмурий қамоқ жазосига тортилса, буни ҳам 1-2 суткага тўхтатиб туришни кўриб чиқиш керак. Чунки у адвокат ёллашга, кейинги инстанцияга арз ёзишга улгуриши керак", - дейди адвокат.
15 суткагача бўлган маъмурий жазолар аслида ҳуқуқшунослардан ҳам кўра, сиёсатчилар билан муҳокама қилиниши керак бўлган мавзудек туюлади.
Адолатсиз ва буюртмалар асосида, ёки куч тизимлари кайфиятига қараб берилаётган жазолар мамлакатдаги сиёсий эркинликлар: сўз эркинлиги, турфахил фикрлаш ва инсон қадри қандай аҳволда эканига яхши ишора.
"Оддий кундалик ишларимиз бор-ку, масалан овқат еймиз, сув ичамиз.. Буларга бир инсонга маъмурий қамоқ жазосини бериш ҳудди биз сув ичгандек оддий ва осон иш эканини билганман", - дейди Нодирбек.












