Тошкент: Ғайрат Дўстов суд залидан озод қилинди

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ўзининг қарорини чиқарди.
Метан заправкасида газ йўқлигидан шикоят қилиб, масъулларни танқид қилган Ғайрат Дўстовга тайинланган биринчи инстанция қарорини қисман бекор қилди.
Ғайрат Дўстовга белгиланган 15 сутка ҳибс жазоси 8 суткага қисқартирди, тайинланган жазо ўталган, деб ҳисоблансин, деган қарорга келди ва 26 декабрда қамалган ҳайдовчи суд аппеляция шикоятидан кейин суд залидан озод қилинди.
Апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилди.
Қарордан норози тарафлар олти ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят бериш ёки протест келтириш ҳуқуқига эга эканликлари ҳам эслатилди.
Маълум бўлишича, Ғайрат Дўстовга суддан кейин шифохонада тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади.
Бундан сал аввал Ғайрат Дўстовнинг ҳушидан кетиши сабаб қисқа танаффус эълон қилинган Тошкентдаги суд жараёни қайта бошланганди.
Дастлаб Ғайрат Дўстов ва унинг ҳимоячилари томонидан киритилган апелляция шикоятини кўриб чиқиш бугун, 3 декабр куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10:00 белгилангани хабар берилган.
Бунинг ортидан, жараённинг тушдан кейинга, соат 15:00 га кўчирилгани айтилган.
Жараённи яқиндан кузатаётган Тошкентдаги мухбиримиз Фирдавс Завқиевнинг хабар беришича, суд шунда ҳам кечикиб, маҳаллий вақт билан кечки 17:00 га яқин бошланган.
Унга кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтаётган жараёнга фақат саноқли - kun.uz, qalampir.uz, daryo.uz ва gazeta.uz каби маҳаллий нашрлар мухбирлари киритилган.
Қолган фаоллар ва медиа сайтларига рухсат берилмаган, аммо нега экани сабаби очиқланмаган.
Айрим маҳаллий нашрлар Ғайрат Дўстовнинг очиқ апелляция судига унинг қариндошлари ҳам киритилмаётгани ҳақида хабар беришган.
Худди шу манзарада айрим нашрлар Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Ғайрат Дўстовнинг очиқ судига барча журналистлар киритилишини айтиб ўтгани ҳақида ёзишган.
Мухбиримизнинг айтишича, Ғайрат Дўстов ҳушини суд вақтида йўқотган. "Тез ёрдам" орадан ярим соат ўтиб етиб келган.
Маълум бўлишича, унинг соғлиги ҳибсда ёмонлашган.
Ҳозирча Ғайрат Дўстовнинг нега ҳушини йўқотгани сабаби ва аҳволи маълум эмас, мухбиримиз ҳам суд залига киришга имконли бўлмаган.
Маълум бўлишича, Ғайрат Дўстов ўзига ҳеч қандай жисмоний зарар берилмаганини айтган.
Аммо daryo.uz нашрининг хабар беришича, у суд мажлисида яқинлари ва адвокатларининг саволларига жавоб берар экан, бошига қоп кийдиришгани ва ертўлада сақлашганини айтган.
Унинг бу сўзларига масъулларнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Агар худди шу нашр келтирган иқтибосга таянилса, Ғайрат Дўстов, "Ватанга хиёнат қилмадим, хиёнатчи эмасман", деган сўзларни такрорлаган.
Мухбиримизнинг айтишича, Ғайрат Дўстов тоби қочиши ортидан ҳам суд залида қолган, жараёнда ҳозир бўлган.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Суд жараёни қисқа вақтнинг ўзида ижтимоий тармоқларда турли акс-садоларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.
Собиқ депутат Расул Кушербаев ўзининг Телеграм каналида уни "шармандали" суд жараёни, деб атаган.
Хабарларга кўра, суд жараёни дастлаб Ғайрат Дўстовнинг иштирокисиз бошланган.
Унинг фақат адвокатларининг талабидан кейингина судга олиб келингани айтилмоқда.
Аммо нега бундай бўлгани сабаби ҳозирча маълум эмас.
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров ҳам бугун ўзининг Телеграм каналида Ғайрат Дўстов ҳақида ўзининг фикрларини билдирган.
"Метан болага тушунмадим, барака топгур ўзингни қадрла, ғайратингни байрамдан кейин қил, вазифаси суриштириш бўлган идоралар суриштиришга мажбур, байрамни болаларинг олдида эмас, суриштирув изоляторида ўтказишинг аниқ эди-ку?
Эътирозни тўғри-нотўғрилиги ҳақида кейинроқ ва кенгроқ, лекин бир оилада болалар отасининг тадбирсизлигидан янги йилни нафақат кайфиятсиз, отасиз ҳам кутишга мажбур бўлдилар…", - деб ёзган.
Daryo.uz нашрининг хабар беришича, адвокати "танқидни майда безорлик деб аташ хато экани"ни айтаркан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни ҳаракатдан тўхтатишни илтимос қилиб сўраган.
Тошкентдаги суд жараёнини кузатаётган мухбиримиз Фирдавс Завқиевнинг айтишича, Ғайрат Дўстов ўзига қўйилган айбларни тан олмаган.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов судгача Ғайрат Дўстовнинг Тошкент шаҳар ИИББ биносида ушлаб турилгани ҳақида хабар берганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
1 январ - #dustovgaozodlik ва "миёвлаганни ҳам қама": Метан заправкада норозилик қилган эркакнинг қамалиши қандай акс-садо бермоқда?

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
Метан заправкада газ йўқлигидан шикоят қилган Ғайрат Дўстовнинг 15 суткага қамалгани ҳақидаги хабар тармоқни жунбишга келтирган: унга атаб шеърлар битилмоқда, унинг озодлиги талаб этилмоқда.
Метан заправкада газ йўқлигидан норозилик билдириб, йиртиқ оёқ кийимини кўрсатгани тасвири тармоқни портлатган Ғайрат Дўстовнинг қамалгани 31 декабрь куни аён бўлган.
Тарқалган маълумотларга кўра, Дўстов иши 26 декабрь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан кўриб чиқилган.
Суд қарорида Дўстов 23 декабрь куни Бектемир туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасида шохобча ходимларини "турли сўзлар билан ҳақоратлаб, жамоат тартибини бузиб, майда безорилик қилган"и таъкидланади.
Тирикчилик дардида кечаси билан заправкада навбат кутиб ётганидан ёзғириб, расмийлардан назорат талаб қилган фуқаронинг қамалиши эса ижтимоий тармоқни том маънода жунбишга келтирган.
Кўплаб фикр билдирувчилар шикоятида "аниқ бир шахсни ҳақорат қилмаган" Дўстовнинг майда безориликда айбланганини савол остига олган, бошқалар унинг ҳимояси ва оиласини дастаклаш учун хайрия ташкил этган, яна кимдир эса унга атаб шеър битган.
1 январь куни инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов суд қарори билан белгиланган жазони ўтаётган Ғайрат Дўстов номаълум сабабларга кўра Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилгани ҳақида ёзган.
Ҳуқуқбон камида уч нафар адвокат Дўстовни кўнгилли равишда ҳимоя қилишга бел боғлаганини ҳам хабар қилган.
"Тешик пойабзалли эркак қамалибди"
Метан заправкада узоқ вақт навбат кутишга мажбур бўлиши ортидан мамлакатдаги энерготаъминот билан боғлиқ вазият юзасидан раҳбарларни саволга тутган кирачи эркак қамалгани ҳақидаги илк хабарлар 31 декабрь тонгида чиқа бошлаган.
Кун давомида эса жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди унинг иши бўйича чиқарган қарори нусхаси тармоқда яшин тезлигида тарқалган.
Фикр билдирувчилар томонидан ўртага ташланган илк саволлар "танқидий фикр билдириш қачондан бери майда безорилик деб малакаланмоқда" қабилида бўлган.
"Агар қайсидир амалдор кимнидир ҳақорат қилса, ёки ноқонуний ишни талаб қилса биргина узр (ҳаттоки шунга ҳам ярамайди) билан қутилиб қолади. Лекин оддий одамларнинг чиқиб гапиргани учун жазо тайинланади. Видеони кўрдим. Ўн беш суткага арзирли иш йўқ эди", дея ёзган Умиджон Алижон Ўғли номли Facebook фойдаланувчиси.
"Ўз фикрини билдиргани учун, бу болага нисбатан адолатсизлик қилинибди.
Бундай ҳаракатга ўз норозилигимни билдираман!", ўхшаш қарашни илгари сурган Отабек Нуритдинов.
Умуман олганда, тармоқда қолдирилган кўплаб фикрларда "халқ дардини баралла айтган"и таъкидланган Дўстовга нисбатан адолатсизлик қилингани ҳақида сўз боради.

Сурат манбаси, Screenshot/Facebook
"Унинг айби фақат битта эди — эртаю кеч ишласада уйидаги ногирони, онаси ва ейман яшайман ичаман деган гўдакларига оддий бирламчи эҳтиёжларини нон, сув, туз ва иссиқ уйни таъминлаб бера олмаётганига чидай олмай нола қилгани эди, балким ростдан ёмон одамдир кимлардир шунақа деб ҳам ёзишганини айтишди, майли ёмон бўлса ҳам байрам куни болалари олдида бўлсин.... Мободо бу гаплар ёлғон бўлса нола учун 15 сутка жазоласак, бу ноласи Аллоҳга етиб борган бўлса Аллоҳ бизни қандай жазолар экан", дея расмийлардан Дўстовни озод этишни сўраган тармоқ фаоли Барногул Санақулова.
"Тешик пойабзалли эркакнинг қамалган"идан байрамнинг эртасига хабар топганини билдирган журналист Ҳулкар Муртазаева "шундай бўлишини аввалдан билган"и ҳақида ёзган.
"Мамлакатда энергетик инқирозни келтириб чиқарганлар, гази учта Ўзбекистонни боқишга етадиган мамлакатда халқни газсиз яшашга маҳкум қилаётганлар, бунинг устига ёқилғисиз қолдириб тирикчилигини ўлдираётганлар қолиб, бу ҳақида гапирганлар қамалади. Бизда муаммолар ҳеч қачон ҳал қилинмайди, у босди-босди қилинади. Аммо бу узоқ давом этолмайди. Одамларнинг таппилари тугаяпти, сабрлари ҳам. Панелнийда эса жойлар сони унчалик кўп эмас".
Айрим фаоллар эса Дўстовнинг ҳимояси ва оиласини моддий қўллаб-қувватлаш йўлида хайрия ҳам ташкил этган.
Шундай хайрия бошида турган фаоллардан бири Абдувохид Атаметов Дўстовнинг оиласига ёрдам бериш учун инсон ҳуқуқлари фаоли, "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов вакил қилинганини маълум этган.
"Нега Ташанов? Ғайратни яқинлари йўқми? Ғайратни яқинлари қаттиқ қўрқиб қолишибди. Бизни ҳам қамаб қўйса-чи?- дейишмоқда. Шу сабаб орамиздан ишончли вакил деб Абдурахмон акани танладик", бу танлов сабабини тушунтирган Атаметов.

Сурат манбаси, Screenshot/Facebook
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "Ҳуқуқий таянч" жамоат бирлашмаси баёнот билан чиқиб, масъуллардан Ғайратов иши бўйича тушунтириш беришни сўраган.
Биз "Ғайрат ДЎСТОВ нима учун ҳибсланди?" деган саёз саволни қўйишдан мутлақо йироқмиз. Аксинча, Ғайрат ДЎСТОВнинг ҳибсланиши Ўзбекистон шаъни учун, Давлат сиёсати нуфузи учун нафақат ички, балки Халқаро миқёсда ҳам метан танқислигидан-да кўпроқ салбий муносабатларни юзага келтиришига шубҳа йўқ! Ғайрат ДЎСТОВнинг айнан байрам дам олиш кунлари ҳибсланиши эса, режа асосида ўйлаб қилинган ҳаракат экани эҳтимолга жуда яқин. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "Ҳуқуқий таянч" жамоат бирлашмаси кескин норозтлк билдирган ҳолда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги тегишли масъулларидан аниқ ва батафсил тушунтириш берилишини кутиб қолади", дейилади бирлашма баёнотида.
Япониядаги ҳаётни кўрсатиб келиши билан танилган тармоқ фаоли Баҳодир Искандаров эса Ғайрат Дўстовнинг қамалганига нисбатан муносабатини шеър орқали изҳор этган.
Шеър шундай мисралар ила бошланади:
"Ўтирганни қама,
турганни қама,
Ҳатто миёвлаган,
Ҳурганни қама.
Кампир ҳам қолмасин,
Чол ҳам қолмасин,
Ҳассада мункайиб,
юрганни қама".
Дўстов қаерда?
Тармоқдаги ғазаб тўлқини янада оловланиб бораётган бир пайтда, Ғайрат Дўстов ўзига берилган маъмурий қамоқ жазосини суд қарорида кўрсатилган муассасада ўтамаётгани ҳақидаги хабар пайдо бўлган.
Кирачи эркакка ёрдам бераётган кўнгиллилардан бири бўлмиш Абдураҳмон Ташанов Ғайратовни халқ тилида "Панельный" номи билан машҳур Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонасида тополмагани ҳақида ёзган.
"Бектемир суди томонидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов сўроқ учун 27 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган. Бугун унинг адвокати Адҳам ака билан Панельнийдаги сақлов изоляторига бордик. Навбатчининг айтишича, у Тошкент шаҳар ИИББда сақланмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисми дам олиш куни бўлгани боис у билан учрашувимизга рухсат беришмади. Суд томонидан белгиланган жазони ўтаётган шахсни нега сўроққа олиб кетишгани ва у ерда ушлаб туришгани сабабини тушунтиришмади. Ҳозирча 3 нафар кўнгилли адвокатда уни ҳимоя қилишга ордер бор. Кўнгиллилар сони ортмоқда", маълум қилган ҳуқуқ фаоли.
Мамлакат расмийлари Ғайрат Дўстов иши ортидан юзага келган танқидларга жавоб қайтаргани ёки унинг жорий аҳволи юзасидан бирор изоҳ бергани ҳозирча кўзга ташланмаган.












