Гулираъно иши: Троллар ҳужумидан фақат президент Мирзиёев ва унинг оиласи ҳимояланганми?(видео)

Сурат манбаси, President.uz
Ички ишлар ходимлари томонидан таҳқирланганини айтган мактаб директори Гулираъно Қосимова троллар ҳужумидан шикоят қилди. Фаоллар Ўзбекистонда троллар ҳужумидан фақат президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи омонда эканлигини айтмоқда.
Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ИИБ ходимлари ечинтириб, дўппослаганини даъво қилган Гулираъно Қосимова троллар ҳужумидан ҳимоя сўраганини маълум қилди.
"Айтишича, унинг шахсиятини бадном қилишга ҳаракатлар яна кучайибди, бу борадаги шикоятларига ҳеч ким қулоқ солмаётган экан. "Ахир, ишимни Сенат назоратга олган эди-ку" деди йиғлаб", деб ёзади Ташанов.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Ҳуқуқ фаоли мактаб директори Гулираъно Қосимовага тасалли берадиган сўз тополмаганини айтган. Ташановнинг айтишича, "чунки троллар армияси аллақачон мавжуд тизим билан ҳамкор - эҳтимол унинг яширин хоҳиш-иродасини тамсил этувчи тўдадир"
"Эзгулик" раисининг таъкидлашича, тролларнинг қаршисида Ўзбекистонда фақатгина президент ва унинг оиласи омонда.
"...уларнинг қаршисида фақатгина Президент ва унинг оиласи ҳимояланган. Кимдир оилани ҳақорат қилса, дарров тутиб қамалади, бошқалар учун бу қонун ишламайди: аризамиз асосида тролларга қарши ИИВнинг Киберхавфсизлик бошқармаси бошлаган суриштирувларнинг тўхтаб қолгани бунга мисолдир", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Сурат манбаси, kun.uz
Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистондаги ҳуқуқ ва "фақат баёнот беришга қодир сенатдан ортиқ ҳимоя кутма", деган ва "Аллоҳ ҳабибинг бўлсин!" дея мурожаатини тугатган.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишлайдиган мактаб директори Гулираъно Қосимованинг иши kun.uz нашри орқали шов-шувга сабаб бўлгач, Ўзбекистон сенати бу ишни назоратга олганини маълум қилганди.
Аммо кузатувчиларга кўра, сенат шу вақтгача Гулираъно Қосимованинг иши бўйича қўшимча хабар бермаган.
"Хўш, назорат вақтида Сенат томонидан аниқ нима ишлар қилинди-ю, кимлар билан учрашилди ва яна нималар режаланган?" дея савол ташлайди журналист Илёс Сафаров.
Бугунги кунгача айни масалада Қувада иккита суд маҳкамаси бўлиб ўтгани айтилмоқда.
Ularning (trollar) qarshisida faqatgina Prezident va uning oilasi himoyalangan. Kimdir oilani haqorat qilsa, darrov tutib qamaladi, boshqalar uchun bu qonun ishlamaydi.
Журналист Сафаровнинг ёзишича, аввалроқ таъсир ўтказиши мумкинлиги айтилиб, жамоатчиликдан иш бўйича фикр билдиришда эҳтиёткорлик сўралган.
"Бугун жамоатчилик чиндан, жим, кўпчилик вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда, аммо фарғоналик баъзи блогер ва ёлланган троллар эмас", дейди у.
Журналистга кўра, ижтимоий тармоқларда Фарғонага оид қайси гуруҳ ва каналларга қараманг, Гулираъно Қосимовани қоралаш, уни шантаж ва бузуқликда айблаш ёки аксинча, ИИБни оқлашга қаратилган саноқсиз пост, видеолар кенг тарқатилмоқда.
"Тушуниладики, суд жараёнлари давомида вазиятни ва умуман оммавий кайфиятни ўзгартириш, ИИБ ходимларини оқлаш учун жиддий, уюшган ҳаракат кетмоқда. Уларни назоратга олиш, тўхтатиш ҳақида эса негадир, ҳеч ким ўйламаяпти", дейди Илёс Сафаров.
У ишни назоратга олган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов муқаддам Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаганига эътибор қаратган.
Президент ва троллар
Бундан олдин Президентнинг обрўсини троллар ёрдамида ҳимоя қилиш ҳақида хабарлар чиққан эди.
2019 йилнинг сентябрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот Технологиялари Университети (ТАТУ)да троллар фабрикаси иш бошлаган бўлиши мумкинлиги даъво қилинди.
Журналист Дилбар Исматуллаеванинг билдиришича, 2019 йилнинг август ойи охирларида университет масъуллари у билан боғланиб, ёш журналистни "ижтимоий тармоқларда президент ва бош вазир шаънига билдирилаётган ғаламис фикрларга қарши" изоҳ қолдириш билан шуғулланадиган бўлажак гуруҳга таклиф этганлар.
У Telegram гуруҳда ТАТУ ўқув ишлари бўйича проректори Файзулла Агзамов лойиҳа иштирокчиларига кўрсатмалар берганига кўзи тушганини айтганди.
Журналистнинг гуруҳдан олган скриншотларида қуйидаги кўрсатмани ўқиш мумкин:
"Ассалому алайкум 4-гуруҳ аъзолари. Шу ссилкалар бўйича бўлаётган ғаламис комментларга нисбатан тегишли жавоб қайтариш керак! Айниқса, халқ томонидан овоз бериб тайинланган Президент номига бўлаётган ёмон гапларга ва Президент томонидан тайинланган Бош вазир шаънига бўлаётган ғаламис гапларга…"
Ўшанда Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатлашган проректор Файзулла Агзамов Telegram'да шундай гуруҳнинг мавжуд бўлганини инкор қилмаган. Аммо Исматуллаеванинг "троллар фабрикаси"га доир тахминлари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини таъкидлаганди.
Ўзбекистон: Фарғоналик аёл ИИБ ходимлари уни ечинтиргани ва дўппослаганини даъво қилди

Сурат манбаси, Kun.uz
«Сочимиздан тортиб, судраб, кийимимизни ечиб, Соҳиб ичимга, ошқозон қисмимга тепди. 15-20 секунд нафас ололмай қолдим. Хонада фақат Тезкор қидирув вакиллари қолди. Мендан туҳмат қилишимни талаб қила бошлашди. Мени у ерда ваҳшийларча уришди. Соҳиб исмли Тезкор қидирув вакили мени уриб учириб юборяпти, бир метр масофадан Тоҳир сочимдан тортиб олиб келиб, камерага қаратяпти. Юсуф видеога оляпти.»
Бу кўрсатма Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишлайдиган мактаб директори Гулираъно Қосимовага тегишли.
Кун.узга гапирган Қосимованинг даъво қилишича, у Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг туман солиқ инспекцияси бошлиғига қарши уюштирган жиноий томошаси қурбонига айланди.
Унинг айтишича, у аварияга учраган турмуш ўртоғининг жарроҳлик амалиёти учун қарз сўраб жорий йил апрелида ўз таниши, туман солиқ идораси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновнинг олдига борганида, ИИБ саҳналаштирган тузоққа тушган. Тўсатдан пайдо бўлган ИИБ тезкор ходимлари Қосимова ва Абдураҳмоновни уриб, қип-яланғоч қилиб ечинтиришган.

«Юсуф камерага олиб турибди, Соҳиб айтяпти: давай, камерага қарайсан, солиқнинг бошлиғи ҳозир мени мана шу ерга мажбурлаб олиб кириб, уриб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтиб берасан. Мен ҳайронман, ақлим етмаяпти нега ундай нарсани талаб қилаётганига. Мен бош тортдим. У мени уришда давом этди. Тоҳир сочимдан тортиб камерага олиб келиб беряпти. Соҳиб бошимга уряпти, бориб деворга тегиб қайтиб келяпман, оёғимга тепяпти. «Шундай гапириб берасан», деб телефонлари билан уряпти. «Пауза қил!» дейди, камерани пауза қилганда, Соҳиб уради», - дейди Қосимова.
34 ёшли аёлнинг айтишича, уни сўнгра Ички ишлар бошқармасига олиб боришган, ҳамда турмуш ўртоғи ва раҳбарини олиб келиб, уларни гўёки Қосимованинг қилмишидан огоҳ қилиш билан қўрқитишган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
«Гапимизга қулоқ солмасанг эрингга хотинингни ушлаб олдик, деймиз дейишди. Айтавер, экспертиза қилдирасан, ҳақиқатдан жинсий алоқа қилган бўлсам, бўйнимга қўйиб берасан, дедим. Кейин улар ноиложликдан эримни чақиртиришди-да, англашилмовчилик бўлибди, ҳаммаси жойида деб қайтариб юборишди."
Қосимовага унинг яланғоч ҳолатда ИИБ ходимлари томонидан олинган видеолари тарқатилиши билан таҳдид қилинган.
Аёлнинг айтишича, бир неча ИИБ ходимлари иштирок этган бу жиноий амалиёт ортида Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаевнинг ўзи турган.

Сурат манбаси, Kun.uz
Бошқармада аёл билан учрашган Хўжаев ўз ходимлари томонидан англашилмовчилик бўлганини айтиб, Қосимовадан бу воқеани ошкор этмасликни тайинлаган. Аксинча, унинг ходимлари қўлидаги яланғоч видеолар тарқатилишига ишора қилган.
«ИИБ тезкор ходимлари аввалдан сценарий тузишган, солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб жинсий муносабатда бўлди, деб ёзиб беришимни кутишганди. Уларнинг асл мақсади солиқ "каттаси"ни ишдан бўшатиш ва қамаш бўлган. Лекин ходимлар мақсадига эриша олмади. Мен улар хоҳлаган гапни айтиб бермадим», - дейди Қосимова.
Воқеа ортидан аёл ўз жонига қасд қилиб, касалхонага тушди ва омон қолди. Унинг икки қизи ҳали мактабда ўқийди, ўғли эса боғчага боради.
Ўзига келгач, Қосимова ИИБ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан прокуратурага арз қилган.
Кун.уз ёзишича, айни пайтда Фурқат туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев лавозимидан озод этилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Унга шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш, фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) айбловлари эълон қилинган.
Аммо, нашрга кўра, бу воқеаларни уюштиришда ҳаммаслак бўлган собиқ ИИБ бошлиғининг ўринбосари ва аёлни таҳқирлаган тезкор ходимлар ҳали ҳам ўз лавозимларида ишлашда давом этмоқда.
Қосимованинг айтишича, унга ўз аризасини қайтариб олиш йўлида катта миқдорда пул таклиф қилинди ва у рози бўлмагач, ўзи ва фарзандлари ҳаётига таҳдидлар давом этяпти.
"Мени уриб таҳқирлаган тезкор қидирув ходимлари Соҳиб, Тоҳир, Юсуф, Аъзам ва Дилшод эди. Соҳиб, Юсуф, кейин бир ўринбосар бизни съёмка қилганди. У ерда болалар инспектори ҳам бор эди. Уч нафар профилактика инспектори, уч нафар тезкор қидирув ходими, бир нафар терроризмнинг бошлиғи Ғайрат исмли бола ҳам бўлган,» - дейди аёл.
Гулираъно Қосимова уни дўппослаш ва таҳқирлашда қатнашган барча ходимларга қонун доирасида қатъий чора кўрилишини истайди.
Фарғона вилояти прокуратурасининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳолат бўйича прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, собиқ ИИБ бошлиғи ва масъул шахслар бўйича айблов иши мазмунан кўриш учун судга юборилган.
Би-би-cи ҳам мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби ва Фарғона вилоят прокуратураси билан боғланди, аммо ҳозирча жавоб ола олгани йўқ.












