Ўзбекистонда суюлтирилган газ муаммоси. Қиш келса ҳамма қўрқадиган бўлиб колдими?

Сурат манбаси, Buxoro viloyat hokimligi
- Author, Юлдуз Абдурашидова
- Role, Мустақил журналист
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
“Июнь ойида янги машина олиб, 6 млн сўм сарфлаб, пропан [суюлтирилган газ] ускуна ўрнатганимда АГҚШларда “пропан”нинг 1 литри нархи 3600–3800 сўм эди. Мазза қилиб, арзон ёқилғида юришни ният қилгандим. Чучварани хом санабман”, дейди таълим бўйича эксперт Шокир Турсун.
Аслида ҳайдовчилар бензин қиммат, метан хавфли бўлгани учун автомобилига суюлтирилган газ қуйишарди. Қолаверса, аҳолининг аксар қисми табиий газ йўқлиги учун ошхонасида суюлтирилган газдан фойдаланади. Сўнгги кунларда аҳоли чой-овқатини печкага қилмоқда, автомилини эса метан ёки бензинда ҳаракатлантиряпти. Сабаб, автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидан айни ёқилғи ё топилмайди ёки қиммат.
“Пропан” бир марта 9 минг бўлиб кетди, ҳозир қуйганимиз йўқ. Ундан кўра бензин ишлатган яхши-ку. Ўтган кун “газ заправка”да пропан йўқ эди. Ҳозир бор, 8 мингга яқин экан. Лекин 7 минг ҳам қиммат аслида. “Пропан” айтилган масофагача етмайди барибир”, дейди ҳайдовчилардан бири.
Бир неча ҳафта олдин биржа савдоларида суюлтирилган газ аввалги кунларга нисбатан 200 тоннага камайтирилган бўлишига қарамасдан нарх қимматлаб, 9,5 минг сўмга етган.
Рақобат қўмитаси томонидан биржага чиқарилаётган мазкур газ учун бошланғич нархга нисбатан 20 фоизлик чеклов ўрнатилиши натижасида суюлтирилган газнинг ўртача нархлари тоннасига 1,2 млн сўмдан кўпроққа пасайиб, 8,9 млн сўмгача тушди.
Суюлтирилган газдан бошқа ҳеч нарса 5 ойда 2 баробар ошмаган
Қизиқ жараёнлардан бири аҳоли суюлтирилган газ излаб, топишда қийналаётган ёки умуман топа олмаган кунларда ҳам биржа савдоларига чиқарилган 8 180 тонна маҳсулот сотилмай қолган. Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров бунга эътибор қаратиб, шундай дейди.
“Нарх потираб ошган сари "сотилмай қолган “пропан" ҳам ошиб борганига эътибор қилинг. Минглаб тонна “пропан”нинг "сотилмаслиги" билан боғлиқ ўйинларнинг абсурдлиги шундаки, эркин бозор шароитида мавжуд товар сотилмаса, эртасига арзонроқ нархда сотувга қўйилиши керак”, дейди у.
Propan” bir marta 9 ming bo‘lib ketdi, hozir quyganimiz yo‘q. Undan ko‘ra benzin ishlatgan yaxshi-ku. O‘tgan kun “gaz zapravka”da propan yo‘q edi.
Биржада “пропан” сотилмай қолган кунлар ҳам, эртасига бошланғич нарх тушиш ўрнига яна ошган.
Шокир Турсун Самарқанд шаҳри ичкарисида суюлтирилган газнинг бир литри нархи 7200 сўм эканини ёзган. Унга кўра, Ўзбекистонда айни маҳсулотдандан бўлак ҳеч нарсанинг нархи 5 ойда 2 баробар ошгани йўқ.
“Англашиляптики, кўрилган зудтар чоралардан сўнг “пропан”нинг бир литри учун ўртача нархи 5520 сўм бўларкан. Ҳали буни АГҚШга келтириш харажатлари, устига қўйиладиган пул, солиқлар, бало-баттарлар бор. Яна нарх ўша 7000 сўм атрофида бўлади”, дея ёзган у.
Буни ўқиган Отабек Бакиров эса “истеъмолчи Шокиржонов биржада тонналаб “пропан” сотилмай қайтаётгани ҳақидаги қайноқ лофларга ишонмаяпти”, дея изоҳ қолдирди.
"Қозоқлар яшасин"
Facebook’да мавжуд ҳайдовчилар гуруҳида айни шу мавзуда сўровнома ўтказдим. Улар қуйидагича фикрлар қолдиришди.
Мебел Сентр: “Ҳозир пропан қуйгандан кўра 92 да юрганим тинчроқ”.
Саидазимхон Абдусайифиев: “Пропандан кўра бензин яхширок. Шаҳарда куп жойда пропан йук”.
Аброр Уралов: “Ҳаммасига ўзимиз айбдор, яъни халқ кўп пропан сотиб олмокда”.
Анвар Абдурафикович Ҳакимов; “Қозоқлар яшасин пропан бизнинг сўмимизда қарийб 2000 сўм”.
Бектемур Ашурбеков: “Монапол қурт тушган ташкилотлар йўқолса, шунда бензин, пропан арзонлашади, лекин буни иложи йўқдек кўринади. Тепадагилар оғзига талқон солгандек жим”.
Кууанышбай Алиев: “2-3 кун йуқолиб қолди. Борига шукур деб қуйяпмиз 7200 дан”.
Давронбек Ҳожи: “7-8 йил олдин хеч қанақа муаммо бўлмаган эди: метан хам, пропан хам, бензин хам. Энди қиш келса ҳамма қўрқадиган бўлиб колди. Хар 4-5 ойда 2 баробар ошяпти”
Бобур Каримов: “Пропанда юрардим, оҳирги пайтда бензинда юрибман, жуда қиммат бўлиб кетди. Нархни тушириш бўйича масъуллар шуғулланиши керак”.
Акмал Акбаров: “Яхшиям газни ўзимиздан казиб олади. Агар бошка давлатдан сотиб олганимизда борми”
Нодиржон Моминов: “Қиммат бўлиб қолди: пропан бензиндан ҳам қиммат тушяпти камига навбат бўлиб қолди. 8 мингдан 9 мингача Фарғонада яхшиси 92 бензин лекин такси килиб юрадиганларга копламай колди”
Ибн Муборак: “Бизку майли, Тошкентдамиз. Фақат машина учун пропан қуямиз. Қишлоқларда-чи? Табиий газ умуман йўқ. Одамлар овқат учун пропан ёқишади. Айрим ҳолларда пропан ёқиб, уйни ҳам иситишга мажбур бўлишади. Электр токига лимит ўрнатишган, ёқса у ҳам қиммат”.
Ҳа ҳозир, қишлоқларда одамлар ошхонаси учун суюлтирилган газдан фойдаланишади. Аслида ҳар 30-45 кунда тарқатилиши керак бўлган газ икки ойда бир келади. Битта газ баллондаги газ ҳар доим ҳам кейинги келишигача етавермайди. Одамлар газ тўлдириш компрессор шохобчаларидан махсус газ балонларини тўлдириб келишади.
“Тугаганига анча бўлди. Пропан қимматлиги учун ҳамма газ излаб қолган. Биз ҳам тўлдириб келганимиз йўқ. Уйга печка ёқамиз, шунга овқат қилмоқдамиз”, деди қишлоқлик суҳбатдошим.

Сурат манбаси, Energetika vazirligi
Харидори топилмаган “пропан” барибир қиммат
Эътиборли томони биржага қўйилган ва "сотилмай қолган" суюлтирилган газ ҳажми гўёки ошиб борганига қарамай, амалда сотилган маҳсулот ҳажми ҳалигача апрель ойи даражасига чиқмаган.
“Айнан амалда сотилган “пропан” ҳажми дефицит сунъий равишда уюштирилганини яққон намоён этади. Нима деб ўйлайсиз, нархни сунъий ошириш билан боғлиқ бу ғирром ўйинлар бўйича олигарх ва монополистларга қарши "пропан иши" очиладими ё яна ҳаммаси "ўрага сичқон тушди, гулдур гуп" бўлиб ёпиладими?”, дейди иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров.
Ноябрь ойида АИ-80 бензинининг биржа нархи бир тонна учун 10 млн сўмдан ошиб кетди. Ҳозирги кунда ёқилғи тахминан шу нарх доирасида сотилмоқда, таклиф эса барқарор равишда 2,2 минг тоннадан юқори бўлиб турибди.
Бензин бозорида нима гап?
Рақобат қўмитаси товар-хомашё биржасида АИ-80 автомобиль бензини нархининг юқори чегарасини белгилади. АИ-80 бензини нархининг сотувчининг бошланғич нархига нисбатан 5% миқдорида ўсишига чеклов жорий этилди. Бундан ташқари, битта қўлга 4 тонна бензин сотиш чеклови ҳам сақлаб қолинган.
“Нарх пойгасига 92 бензин ҳам қўшилган. Кечаги савдоларда 92 бензиннинг тоннаси ўртача 11 978,5 минг сўмга етган. Максимумларда тоннаси 12,2 млн сўмдан қимматга сотилган. Эслатиб ўтамиз, монополист “Ўзбекнефтегаз” АИ-92 русумли бензин нархини босқичма-босқич пасайтириш ишлари олиб борилаётганини эълон қилганди. Амалда биржада ҳам, шохобчаларда ҳам 92 бензин нархи кўтарилишда давом этмоқда”, дейди иқтисодчи Бакиров.












