Ўзбекистон: Газ шохобчасидаги ўлим, километрлик навбатлар ва жим қолаётган ҳукумат

Сурат манбаси, Olimjon Haydarov
ГАЗ МУАММОСИ ТУГАЙДИМИ? Наманганлик фуқаронинг Фейсбукда ёзган пости сарлавҳаси шундай.
Унинг айтишича, Наманганда қарийб 20 кундан бери газ қуйиш шохобчаларида газ йўқ ва бутун водийда шунда ўхшаш ҳолат ҳукм суряпти.
"Хонадонимизда ҳам мана 1 хафтадан бери газ ёнмаяпти. Уйда кичик болалар бор. Овқатни электрда пиширяпмиз. Газ нима учун йўқ, нима бўлган ўзи, нега бирор масъул чиқиб тушунтириш бермайди? Ҳозир ўқиб қолдим, Фарғонада Данғара туманида газ заправкада жанжал бўлиб, 2001 йилда туғилган йигит вафот этибди. Оддий табиий газнинг йўқлиги, нормал етказиб берилмаслиги одамлар умрига зомин бўлмоқда. Табиийки бензинда юрилгани учун йўл киралар ошган, одамлар ишга вақтида кела олмаяпти, ишхоналар ўз маҳсулотини харидорларга етказиб бера олмаяпти, сабаби оддий заправка ишламаяпти, газ йўқ. Бу ҳолда қанақа ўсиш, қанақасига самарадорлик бўлади? Яна нима эмиш, маҳсулот таннархини 2024 йилда 10-15 фоизга туширар эмишмиз, электр нархи икки баробар ошса, газ нархи ошса, қолмишига йўқ бўлиб, бензин сарфланса, қаердан таннарх пасаяди? Мен 30 йил бухгалтер бўлиб бунақа мўжизани энди эшитишим. 21-асрнинг 24 йилида яшаяпмиз, кимлардир Ойга, Марсга учишга тайёргарлик кўрмоқда, биз ҳамон газ муаммосини еча олмаймиз. Мовий тоғлар ёки Тяньшан...", - деб ёзади у.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз Телеграм каналида газ қуйиш шохобчасидаги ўлим ҳақида маълумот берди.
"3 февраль куни Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шахобчасида уч нафар шахс ўзаро жанжаллашган. Шу пайтда безориликни олдини олиш мақсадида, уларни ажратиш учун келган бошқа шахсга (2001 й.т.) ҳам фаол қаршилик кўрсатилган. Бир неча вақтдан сўнг, ушбу шахс хушини йўқотган ва шифохонага олиб борилаётган вақтида вафот этган", - дейилади расмий хабарда.
"80 бензинга 3 кмлик навбат. 1 соату 47 минутдан бери турибман. Яна олдинда 60-70 тача машина бор. 30-40 минутда қуйиб чиқсам керак. Фарғонадаги Корзинканинг орқасидаги АЁҚШ", - деб ёзади бошқа шарҳловчи.
"Биз томонларда метан газ масаласи долзарблигича қолмоқда. Қатновга чиқадиган Дамас русумли машиналар камайиб кетди. Натижада туман марказига ўқув марказига қатнайдиган ўқувчиларга қийинчиликлар туғдирмоқда. Мустақилликка эришганимизга салкам 33 йил бўлди, лекин хануз жамоат транспортини шакллантира олмадик. Ёзмоқчи эмас эдим, аммо сабрим чидамади. Баҳтимизга электр токи деярли ўчгани йўқ. Табиий газ хонадонимизда ёнмоқда. Транспортдан қийналмоқдамиз. Яхши бўлиб кетар...", - дейди бир андижонлик.

Сурат манбаси, Uzbekneftegaz/Screenshot
"Шу заправкаларни ёпилишига нима сабаб бўлябди? Узнефтегаздан бирон бир маълумот берилганми шу тўғрида? Фақат водийда бўлябди бу ҳолатлар", - деб сўрайди бошқа киши.
Расмий сукунат
Ўзбекнефтгаз эса на ўз сайтида, на Телеграм каналида газ танқислигини ёритмоқда. Унинг охирги хабарлари ўз ходимларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича малакаси оширилгани ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш - муҳим вазифа эканлиги тўғрисида.
Энергетика вазирлигининг сайти ва Телеграм каналида ҳам водийдаги газ инқирози бўйича ҳеч қандай хабар йўқ.
Ўтган йилда Ўзбекистон газни экспортдан кўра кўпроқ импорт қилди. Импорт Ўзбекистонга Россия ва Туркманистондан амалга оширилмоқда.
Globalfirepower ташкилотининг 2023 йилги кўрсаткичларига, Ўзбекистон 1,85 триллион куб метр газ захиралари билан жаҳонда 17-ўринда туради, 933 миллиард куб метрга "Ўзбекнефтегаз" эгалик қилади.
Мамлакатнинг газга бойлиги ва уни импорт ҳам қилаётгани ҳисобга олинса, нега Ўзбекистонда ҳар йили газ танқислиги юзага келаётгани кўп кузатувчилар учун жумбоқ бўлиб қолмоқда.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бир йил аввал буни Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш ҳажми камайгани билан изоҳлаб, ўтган йилнинг иккинчи ярмида қазиб чиқариш оширилишини айтганди.

"Вазият жуда чатоқ"
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам ўз Телеграм каналида асосан водийдан келаётган шикоятларни жойлаб бормоқда.
Қуйида унга Намангандан келган хатлар:
"Вилоятимизда - 10 кундан ошди - газ-заправкалар ишламайди. Масъул ташкилотлар жим. Халқ учун арзони Аи-80 бензин эди, лекин у йўқ. Аи-92 қиммат - 10 500 сўмдан 12 минг сўмгача, сифатини-ку билмаймиз. Газ-заправкалар очилиши ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса гапирмайди. Кўп қаватли уйларда ҳам газ паст - суюқ овқат ҳам 1 соатда пишяпти. 2008 йили совуқ билинмаган - ҳаво ҳарорати 0 градусдан пастга тушса ҳам газ бўлган, заправкалар ёпилмаган, ҳаёт бир маромда кечган. Ҳозир... аҳвол ачинарли".
"Ростдан ҳам газ-заправкалар ёпиқ. Жамоат транспорти бир кун бўлса, бир кун йўқ. Тушуняпсизми, бутун шаҳарда умуман автобус қатнамаяпти. "Дамас"лар йўл ҳақини кўтариб олган. Фақат пойтахт жамоат транспорти ҳақида эмас, вилоятлардагиси билан қизиқиб туришсин. Вазият ростдан ҳам жуда чатоқ".
"Учқўрғон туманиданман. Иш жойим Наманган шаҳрида бўлгани учун ҳар куни шаҳарга қатнайман. Шу кунларда газ йўқлиги учун, "бензинда қатнаяпмиз" деб, йўлкира салкам икки баробар кўтарилган. Ўша дабдала Аи-80 бензинни ҳам топиш муаммо, Афғонистондан қайтган бензин дейишяпти. Ҳар уч шўпирдан бири сифатсиз бензин туфайли бензонасоси ишдан чиқаётганини айтяпти. Мутасаддилар (5-колонна) фуқароларни атайин Россия босиб олишига рози бўлишга тайёрлаётгандек худди"
"Наманган шаҳрида тураман. Олий Мажлис минбаридан 1 миллонлик шаҳар деб бонг уришаётганида биз худди тош асрида яшаётгандекмиз. Электр қувват 130W, газ умуман йўқ - на заправкада, на хонадонларда. Ичимлик суви лойқаланган. Хуллас ҳамма-ҳаммаси кирадиган жойига кириб ётибди. Жамоа транспортининг номи қолган холос, енгил автомобилларда эса йўл ҳақи 30 фоиз қимматлади. Уйда газда овқат қилиш 2 соат, электрда нимадирни иситиб олиш яқин ярим соат вақт талаб қиляпти. Ҳаёт тугаб боряпти Наманганда"
Андижондан:
"Андижондан ёзяпман. Вазият ўта "катастрофический". Метан-заправкалардаги навбатларни кўриб, қайси замонда яшаяпман, деб ўйланиб қоласан. Деярли 20 кундан бери заправкаларда ур-тўполон. Атай одамларнинг асабига тегмоқчидек атиги 2-3 соатга очилади. Шўпирлар кечаси билан заправкаларда тунаяпти. Йўлкиралар каррасига ошиб кетган. Аи-80 бензин нархи 9000 сўм. Нега ҳолат бундай - ҳеч ким ҳеч нарса хақида миқ этмаяпти. Аввал совуқни баҳона қилишарди. Ахир ҳозир кунлар илиқ-ку? Водий аҳлидан хам кимдир хабар оладими?!"
Фарғонадан:
"Фақат Андижон ва Наманганда эмас, Фарғонада ҳам шу аҳвол. Бешариқдаги метан-заправкаларда ҳам километрлаб навбатлар, йўлкира осмонга чиқиб кетган. Аҳволимиз жуда ачинарли."
"Биз қишда совқотишга, шу совуқда газга навбатда туришга, свет келганда телефонларни заряд қилиб олиш учун улгуришга маҳкуммиз. Ангрен, Олмалиқларнинг ҳавоси ҳақида ёзибсиз - Фарғонадаги азот, Қувасойцемент, Кварц, бир маҳаллар шаҳар ўртасида ёғ заводи бўларди, кимё заводи, ФНҚЗ - неча йиллардан бери шу ҳаводан нафас олиб юриб ўлмадик-ку, қайтага заҳарли ҳавога бардошлилигимиз ошяпти. Ваҳима қилмай, сизлар, Тошкентдагилар ҳам мутациягача чиданглар. Шу баҳона Путиннинг ядро урушигача тайёр бўлиб, радиация балосидан қутиламиз"
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK













