Ўзбекистон кўмир истеъмоли ҳамма ерда ошди дейди, аммо вазият бошқача - Янгиликлар Дунё

Экология вазирлиги вакили Европа ва АҚШ бўйича адашди.

Сурат манбаси, Kun.uz/Screenshot

Сурат тагсўзи, Экология вазирлиги вакили Европа ва АҚШ бўйича адашди.

Тошкент ҳавосининг ифлосланиши мавзусида Экология вазирлиги экологик сиёсат бошқармаси бошлиғи Фаррух Сатторовнинг журналистлар билан учрашувида айтишича, Европа давлатлари, Хитой ва "ҳамма жойда" кўмирга ўтиляпти.

Аммо, халқаро тажриба аслида бироз бошқача.

"Европа давлатлари ҳам энергетик ресурслар камайгани ҳисобига кўмирга ўтишни бошлади. Ва бу тенденция фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда бўляпти. Мисол учун Хитойни гапираётган бўлсангиз, кўмир станциялари 1-2 йил олдин ёпилган бўлса, ҳозирги кунга келиб яна очиляпти", - деб айтди Сатторов 12 январ куни ўтган матбуот анжуманида.

Кўмир - энг кир ёқилғи. У бошқа ёқилғи манбаларига қараганда анча кўпроқ иссиқхона газларини чиқаради.

Ўзбекистонда 2023 йил бошида қишнинг кескин совуқ келиши ва энергетик инқироз туфайли, Президент Шавкат Мирзиёев 16 февралда кўмирнинг истеъмоли оширилиши бўйича қарорни имзолади. Унга кўра, 2229 та боғча, 2432 та халқ таълими ва 746 та тиббиёт муассасаси газдан кўмирга ўтказилиши кўзда тутилди. Бундан ташқари, 1147 та иссиқхона ҳамда цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи 250 та завод ҳам кўмирда ишлашга мослаштирилиши кўзланди.

Дунё тажрибаси қандай?

BBC

2021 йилда газ нархларининг оша бошлаши ва 2022 йилда Россиянинг Украина бостириб кириши каби сабаблар билан кўмирнинг глобал истеъмоли, дарҳақиқат, ўсди.

Айни дамда, 2023 йил, санаш бошланганидан бери, тарихдаги энг иссиқ йил бўлиб қайд қилинди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Халқаро энергетика агентлиги (IEA)га кўра, 2023 йилда кўмир истеъмоли дунё бўйлаб рекорд даражага етди.

Ўсиш асосан Хитой, Ҳиндистон ва Индонезия ҳисобига тўғри келган. "Кўмирга иштаҳа Осиёда энг кучли. Хитойда истеъмол 4,9%, Ҳиндистонда 8%, Индонезияда 11%га ўсди", дейди агентлик.

Экология вазирлигига кўра, Ўзбекистонда ҳам кўмир истеъмоли ортган. "Хусусан, 2019 йилда 3,9 миллион тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 миллион тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 миллион тоннага етган", дейилади вазирлик сайтида.

Аммо, Сатторов афтидан Ғарб давлатлари бўйича адашган.

Ҳиндистон 2023 йилда кўмир истеъмолини энг кўп оширган учталикка киради.

Сурат манбаси, ADNAN ABIDI/Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон 2023 йилда кўмир истеъмолини энг кўп оширган учталикка киради.

Халқаро энергетика агентлигига кўра, Европада кўмир истеъмоли 2023 йилда 23%га, Америка Қўшма Штатларида 21%га камайган. Бунга асосан қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш сабаб бўлган.

Британияда 2023 йилда газ ва кўмирдан электр олиш 20%га камайган ва бу 1957 йилдан бери энг паст истеъмол дея қайд этилди. Кўмир истеъмоли Британияда бу йил янада тушиши кутилади - мамлакатда ишлаб турган ягона кўмир электр станцияси бўлмиш Ратклифф он Соар йил охирида ёпиши мўлжалланган.

IEA га кўра, Германияда бу йил қуёш ва шамол фермалари фаолияти кенгайиши ҳисобига кўмир истеъмоли бу йил кескин камайиши кутилади.

"Биз 2024 йилдан бошлаб жаҳонда кўмирга талаб камайиши трендини башорат қиляпмиз", - дейди ташкилот.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002