Кесилаётган дарахтлар, йўқолаётган сув ва шўрланаётган ер - Ўзбекистон иқлимини нималар кутмоқда?

Бахтиёр Абдуғафур - Ўзбекистон Фанлар академияси Генетик ва экспериментал ўсимликлар биологияси институти Биотехнология ва нанотехнология лабораторияси мудири
Сурат тагсўзи, Бахтиёр Абдуғафур - Ўзбекистон Фанлар академияси Генетик ва экспериментал ўсимликлар биологияси институти Биотехнология ва нанотехнология лабораторияси мудири
    • Author, Ibrat Safo
    • Role, BBC Uzbek
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бу ёз ойлари ҳам +50 градус атрофидаги ҳароратлар оддий ҳол бўлиб бораётган Ўзбекистон учун ўта иссиқ келди.

"Ҳарорат кўтарилгани, кунлар қизиб кетгани, қандайдир аномал ҳароратни ҳис қиляпмиз-у, лекин бунинг таг замирида нима борлигини кўпчилик тушунгани йўқ ҳали", - дейди Би-би-си билан суҳбатда биолог олим, Биология фанлари доктори Бахтиёр Абдуғафур.

Суҳбатни томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Жаҳон Банкига кўра, жазирама иссиқ тўлқинлари, +39 даражадан ошиқ иссиқ кунлар сонинининг кўпайиб бориши ва сув танқислиги Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришининг энг катта хавфларидан бўлади.

Ўта иссиқ ҳаво ердаги сувнинг буғланишига ва қурғоқчиликка сабаб бўлади. Аллақачон Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида ариқлар қуригани, экинзорларни суғориш учун сув етишмаслигидан шикоят қилинмоқда.

БМТга кўра, Марказий Осиё минтақаси глобал даражадагидан кўра тезроқ исияпти. Сувининг 80 фоизини ташқаридан оладиган Ўзбекистонда сув ва ер сифатининг ёмонлашиши, шўрланиш, шамол ва сув эрозияси, ҳамда ер самадорлигининг камайиши энг катта муаммолар бўлиши мумкин.

Дунё бўйлаб бугунда "барқарор ривожланиш" ибораси кўп қўлланилмоқда. Экологияга келганда, "барқарор ривожланиш" ҳар қандай соҳада келажакда табиатга ва табиий заҳираларга қандай шикаст етказилиши мумкинлигини ҳисобга олади.

Яъни, оддий қилиб айтганда, ҳар бир лойиҳа қабул қилинганда фақат иқтисодий ўсиш ё камбағалликни қисқартириш ҳисобга олинмайди, балки бу лойиҳа, мисол учун, бир йил ё беш йилдан кейин атроф-муҳитга ва табиий захираларга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ҳисобга олади.

+39 даражадан ошиқ иссиқ кунлар сонинининг кўпайиб бориши ва сув танқислиги Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришининг энг катта хавфларидан бўлади.
Сурат тагсўзи, +39 даражадан ошиқ иссиқ кунлар сонинининг кўпайиб бориши ва сув танқислиги Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришининг энг катта хавфларидан бўлади.

Хўш, Ўзбекистонда катта-катта бизнес лойиҳалар, қурилишлар, қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар тадбиқ қилинганда, эртанги кун ҳисобга олинадими?

Ўзбекистонни қандай хавфлар кутяпти ва Ўзбекистон ҳукумати улардан қанчалар огоҳ?

Ҳукуматнинг иқлим исишини секинлатиш, зарарсиз барқарор ривожланишни таъминлашни муҳим сиёсат дея қабул қиладими?

Ўнлаб йиллар ернинг тинкасини қуритган, заҳарлаган ва сувни симирган экин турлари бўйича бошқа режа борми ё борича давом этиладими?

Ўғитлаш кўпайган

Бахтиёр Абдуғафурнинг айтишича, пахта далаларида ер деградациясини янада абгор аҳволга олиб келадиган пестицидлар ишлатилиши кўлами ҳатто Совет Ўзбекистони давридагидан ошган.

"Совет даврида бизнинг қишлоқ хўжалигимизда интенсив ўғитлаш тушунчаси кириб келди. Яъни қанча кўп ўғит берсанг, шунча кўп маҳсулот оласан. Қўлланиладиган ўғитлар меъёрлари, уларнинг тури, номенклатураси ҳаддан ташқари ошиб кетди. Совет Иттифоқи давридан кейин ҳам, афсуски, бу тенденция давом этди ва ўзига хос яна бир маррани эгалладики, совет давридаги меъёрдан ҳам ўтиб кетдик. Аксарият фермер хўжаликларида гектарига 1,5-2 тоннагача минерал ўғит солинади. Юқоридан буйруқ, босим асосида фермерларга мустақил ишлаш имкони берилмаётгани ҳам мана шу салбий жараён давом этишига олиб келмоқда", - дейди олим.

Ўта иссиқ ҳаво ердаги сувнинг буғланишига ва қурғоқчиликка сабаб бўлади.
Сурат тагсўзи, Ўта иссиқ ҳаво ердаги сувнинг буғланишига ва қурғоқчиликка сабаб бўлади.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирга келиб Ўзбекистонда ернинг 90 фоизи шўрланган. Ерга берилган ўғит эса сув танқислиги шароитида етарлича эримай, ерда туз бўлиб сақланиб қолади ва шўрланишни оширади.

Дарахтлар кесилиши нега тўхтамаяпти?

Айни дамда бутун мамлакат бўйлаб дарахтлар кўп кесилиши ва иқлим учун мос бўлмаган арчалар экилиши ер ости сувларининг чекинишига сабаб бўляпти, бу эса сув танқислиги муаммосини янада чуқурлаштирмоқда.

БМТнинг 2021 йил Британияда ўтган COP26 саммитида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мамлакатда ҳар йили 200 миллионта дарахт экилишини айтганди.

Аммо, бу борадаги ҳисоботлар ҳеч кимни умидбахш қилмаяпти. Абдуҳакимовнинг ўзи бу йил 2 миллионта дарахт экилгани ҳақида унга ёлғон ҳисобот берилганини айтди.

Ўзбекистонда 2017-2022 йилларда яшил ҳудудлар 37%га камайган.

"Воҳаларни ўзлаштиришнинг олдин классик формуласи бўлган. Олдин дарахт экилган. Дарахтлар сўнг ўша ерда микроиқлим ҳосил қилган. Кейин ер ости сувлари юқорига кўтарилган. У ерда кейин деҳқончилик қилинган ва кичик кўллар пайдо бўлган. Воҳалар шундай ўзлаштирилган. Хоразм ҳам, Сурхондарё ҳам, Тошкент ҳам, ҳатто араб чўллари ҳам. Ана шу қилинса бўлди. Лекин, шуни ҳам жойига қўйолмаяпмиз", - дейди Бахтиёр Абдуғафур.

2021 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан дарахтларни кесишга қарши муддатсиз мораторий киритган ва дарахт кесиш учун жазо беш марта оширилганди.

Аммо, дарахтларни кесиш давом этмоқда ва бунга қарши жазо турларидан нафақат оддий фуқаролар, балки ҳукумат идоралари ҳам бехабар эканлигини кўриш мумкин.

Facebook/Ilyos Safarov

Сурат манбаси, Facebook/Ilyos Safarov

Ўтган ҳафта Кун.уз журналисти Илёс Сафаров "тез орада Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесилиши мумкин экан", деб ёзиши ортидан ижтимоий тармоқларда норозиликлар юзага келди.

Кўп ўтмай Сафаров бу лойиҳа музлатилганини хабар қилди.

"Манба: Жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўларкан, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида йўл қурилиши учун минглаб дарахтлар кесилишини кўзда тутувчи лойиҳа музлатилди. Лойиҳа яшиликка зарар келтирмайдиган қилиб қайта ишланади", - деб ёзди журналист.

Аввалроқ, фаоллар Хоразм вилояти Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номли истироҳат боғида тадбиркорга ажратилган боғнинг бир қисмида дарахтлар кесилаётгани хабар қилинди.

40 миллион

Яшил макон ва сув камайиб борар экан, Ўзбекистонда аҳоли сони ошмоқда.

Тошкентдаги Барқарор ривожланиш маркази ёзишича, Ўзбекистон учун ички хавфлар асосан аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатларидан келиб чиқади.

"Сўнгги 30 йил ичида аҳоли сони 14,2 миллион кишига кўпайди ва 2022 йил охирида 36,0 миллион кишидан ошди. Прогнозларга кўра, 2030 йилга келиб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион кишига етади", дейилади марказ ҳисоботида.

Юқори демографик салоҳият иқтисод учун яхши дейишингиз мумкин, лекин марказга кўра, бу барча миллий мақсадлар - камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, сифатли таълим, инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарсозлик ва экологик барқарорликни амалга оширишга таъсир қилади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002