Ўзбекистон: Жаннатмакон замин қандай заҳарланди?

Сурат манбаси, Facebook
- Author, Бахтиёр Абдуғафур
- Role, Олим, Ўзбекистон
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги экологик муаммолардан бири - тупроқ деградацияси.
Собиқ Шўро давлатида ўзига хос усулда, айрим ҳолларда, ғайриилмий тарзда ёки илмий исботларсиз тизимлаштирилган қишлоқ хўжалиги йиллар ўтиши билан улкан иқтисодий ҳамда экологик муаммоларни келтириб чиқарди.
Қишлоқ хўжалиги менежментидан бошлаб турли экинлар навларини жойлаштириш, ўғитлаш ва касалликларга қарши курашиш, охир-оқибат ҳосилдорликнинг кескин камайиши, тупроқларнинг бузилиши, ҳар хил касалликларнинг кўпайиши ортидан ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келди.
Заҳар едирилган ер
Бу борада, айниқса, турли-туман минерал ўғитлар ва агрозаҳарларнинг ҳаддан ташқари кўп қўлланилиши Ўзбекистон тупроқларининг биологик ва агрокимёвий хусусиятларига салбий таъсир кўрсатди.
Тупроқ унумдорлигини йўқотди.
Ўсимликлар ривожланишида муҳим ўрин тутадиган микроорганизмлар камайди.
Шароит шу даражага етганки, бугунги кунда буғдой ва пахтадан ўртача ҳосил олиш учун ҳар гектарига 1,2-2 тоннагача минерал ўғит бериш меъёр қилиб кўрсатиб қўйилган.
Касалликларга қарши қўлланадиган агрозаҳарнинг тури ва миқдорининг эса чегараси йўқ.
Собиқ Шўроларнинг бу "мероси" бугунги Ўзбекистон учун қимматга тушаётгани рост.
Хусусиятларини бой бераётган тупроқларда деҳқончилик қилиш эса қимматга тушади.
Фожиали мерос

Сурат манбаси, President.uz

Орол муаммоси, глобал иқлим ўзгариши, суғориш тизимининг издан чиқиши яна бир бошқа улкан муаммо - тупроқ шўрланишини келтириб чиқарди.
Сўнгги статистик маълумотлар бўйича, суғориладиган майдонларнинг ўртача 85% қисми - шўр тупроқлар.
Айрим жойларда тупроқ шўрланиши 2% гача етади.
Деҳқонни оғир аҳволга солиб қўядиган "қора шўр" муаммосига ҳали ечим топилганича йўқ.
Барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини йўлга қўймоқчи бўлган Ўзбекистон учун юқоридаги муаммоларни ҳал қилиши лозим.
Ечим ва умид борми?
Мазкур муаммоларни ҳал қилиш осон эмас.
Мисли кўрилмаган даражада йирик сармоялар, илмий изланишлар ва, албатта, оқил менежмент керак.
Бу борада дастлабки қадамлар ташланаётганини ҳам эътироф этиш лозим.
Жумладан, қишлоқ хўжалигида ташкил этилаётган кластерларнинг соҳага янги инновацион ечимларни олиб кираётгани айни муддао бўлмоқда.
Масалан, Artsoft Cluster Holding ширкати Наманган вилояти Поп ва Мингбулоқ туманларида пахта толаси ва буғдой етиштиради.
Айни туманларда деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди.
Айниқса, Мингбулоқнинг чўл ҳудудларида экин экиш катта таваккал.
Бундай муаммоларни ҳал қилиш учун, аввало, кластернинг илмий гуруҳи ташкил этилди.
Олимлар жалб этилди. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб органик пахта толаси ва буғдой етиштирилди.
Органик пахта толаси учун Европа Иттифоқининг аккредитациядан ўтган лабораторияси сертификати олинди.
Бу кластернинг фойдаси нима?
Аввало, раҳбарият қишлоқ хўжалигидаги айрим стереотипларни синдиришга муваффақ бўлди.
Олимларнинг тавсияси билан минерал ўғитларнинг илмий асосланмаган меъёрларидан, сон-саноқсиз агрозаҳарлардан, озиқлантириш усулларидан воз кечилди.
Ноанъанавий озиқлантириш усуллари кириб келди.
Ўзбекистон шароитларида илк бор биологик деҳқончилик усуллари кенг қўллана бошланди.
Хусусан, органик пахта толаси ва буғдой етиштиришда 100% биологик деҳқончилик усули тадбиқ этилмоқда.
Бу нафақат янги ва бозоргир маҳсулот олиш, балки деградацияга учраган тупроқларнинг биологик хусусиятлари, унумдорлигини тикланиши имкониятларини ошириб юборди.
Ҳаёт унсурлари камайган тупроқ

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ, ушбу муаммоларни, назаримда, ҳал қилиш учун қилинадиган ишлар ҳали олдинда.
Биз ҳамон эски стереотиплардан қутула олганимиз, эски агротехнологиялардан воз кечолганимиз йўқ.
Шундай экан, қишлоқ хўжалигидаги мазкур муаммо - тупроқ деградацияси аҳволимизни ҳали кўп оғирлаштиради.
Тупроқ деградацияси, шунингдек, тупроқлар таркибидаги фойдали микроорганизмлар популяцияларининг камайиб кетишида ҳам кўринади.
Бундан бир неча йиллар аввал тупроқларимиз тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни белгилаб берувчи микроорганизмларга бой бўлган бўлса, ҳозир ундай дея олмаймиз.
Турфа касалликларнинг олдини олувчи бу микроорганизмларнинг камайиши, яна бошқа бир муаммо - қишлоқ хўжалик экинларининг касалликлари ортиб кетишига олиб келди.
Афсуски, касалликлар - қишлоқ хўжалигимизда ечими кўринмаётган яна бир оғриқли масала.
Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
Агар қатъий чора-тадбирлар кўрилмаса ва аниқ йўналиш белгиланмаса, мазкур муаммо атрофида ўралашиб юраверамиз.
Бу эса ортиқча ресурслар сарфи, охири кўринмайдиган йиғилишлару юқоридан келадиган буйруқлар деганидир.
Нима қилмоқ керак?
Фикримча, тупроқ деградацияси билан боғлиқ муаммоларни қисман юмшатиш учун қўйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим:
- Ҳар бир вилоят ёки туманда (бизда бир-бирига ўхшамайдиган тупроқли, аммо қўшни туманлар кўп) қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ноанъанавий (барг орқали озиқлантириш) усуллар қўлланганда сарфланадиган минимал ўғитларни аниқлаб олиш лозим.
- Қишлоқ хўжалигига биологик деҳқончилик усуллари ва тажрибаларини босқичма-босқич тадбиқ этиб бориш.
- Ўзгараётган тупроқ ва иқлим шароитларига мослашган навларни экиш.
Агар, юқоридаги масалаларни четлаб ўтарканмиз, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар, жумладан, тупроқ деградацияси масаласи ечилмай қолаверади.
Бу соҳада даромад олиш учун зарур бўлган ресурслар сарфи эса ошиб бораверади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













