Ўзбекистон мустақиллик даврида қандай катта хатоларга йўл қўйди? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Абдулла Абдуқодиров

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистон мустақиллик даврида эришган ютуқлар ва бой берган имкониятларга назар ташлайди.
    • Author, Абдулла Абдуқодиров
    • Role, Иқтисодчи, Тошкент

Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришиш учун 1990 йилдаёқ шахдам қадамлар ташлаган эди.

Ўша йили 24 мартда Ўзбекистон Совет Социалистик республикаси Олий Кенгашининг сессиясида халқ депутатлари томонидан Ўзбекистон Президенти қилиб И.А.Каримов тайинланган эди. Бу жуда ғалати ҳол эди аслида.

Ўзбекистон ССР ўша вақтда ҳали СССР таркибида эди ва СССРни эса Президент Горбачёв бошқарарди.

Амалда иккиҳокимиятчилик юзага келган эди.

1990 йилнинг 22 июнида эса маҳаллий ОАВларида Ўзбекистон ССРнинг Мустақиллик Декларацияси эълон қилинган.

Аслида эса, амалдаги куч секин аста-секин маҳаллий ҳокимиятга ўтиб, марказлашган СССР ҳокимияти тез суръатлар билан емирила бошлаганди.

Ҳаводаги романтика шарпаси

Буни тушунган совет ҳарбийлари ва расмий амалдорлари зудлик билан Ўзбекистондан энг катта аҳамиятга эга бўлган моддий ва ҳарбий активларни Империянинг асл ҳудудига (Россияга - таҳририят) олиб чиқиб кетишга қатъий бел боғлаган эди.

Ўша вақтда биз Молия вазирлиги қошидаги эндигина тузилган давлат солиқ инспекцияси ишчилари эдик ва бўлаётган воқеалар моҳиятини деярли тушунмасдик.

Билганимиз - Совет империяси борган сари жар ёқасига яқинлашиб, уни ташкил этган республикалар яқинда мустақилликка эришади ва ҳаммаси бошқача бўлади, деган хаёл эди.

Ҳавода қандайдир ташвиш ва романтика шарпаси муаллақ эди.

Москва

Сурат манбаси, Getty Images

1991 йил 19-21 август кунлари Совет Иттифоқида бўлган давлат тўнтаришига уриниш бу Империя инқирозини узил-ҳал қилди ва янги давлатларнинг "мустақиллик парадлари" бошланди.

"Беловежская Пуща"да имзо чекилган ҳужжатлар эса, амалдаги ҳолатни "қонуний ажралиш" кўринишига келтирди.

Айнан шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, бизнинг мустақиллигимиз 1990 йилдаёқ ҳал бўлган десак, жуда катта муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон: Мустақиллик - йўқ, СССР - ҳа

Нега ўз вақтида мустақилликни эълон қилиш узоққа чўзилганди?

Аввало, Туркистон Ҳарбий Округи, барча куч тизимлари кимлар қўлида эканлиги ва улар кимларнинг буйруғини сўзсиз бажариши мумкин эканини унутмаслигимиз керак.

Агар Болтиқбўйи ва Кавказ республикаларида аҳвол тинчроқ бўлганда, мустақиллик ҳақида фикр юритган ва уни амалага оширишга ҳаракат қилган раҳбарларнинг куни нима бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур қилишимиз керак.

Қанча кучи бўлмасин, Марказ бир вақтнинг ўзида ўт олган ўчоқларини сўндиришга қурби етмади.

Воқеалар яшин тезлигида ривожланиб, ҳамма ҳудудларда ҳам уларни таҳлил қилиш, тегишли эътибор ва таъсир кўрсатишга Марказнинг имконияти бўлмади.

Қолаверса, Марказ Ўрта Осиё республикалари шаҳдига қаттиқ эътибор ҳам бермади, чунки бу ерда СССРни сақлаб қолиш ҳақидаги 1991 йил 17 март умумхалқ референдумида 87% халқ "Ҳа" ("Сақлаб қолиш керак") деб овоз берган эди.

Нимага эришдик: тўрт муҳим ютуқ

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Dima Qayum

Орадан 30 йилдан ортиқроқ вақт ўтди.

Ҳўш, нималарга эришдик ва ё нималарга ҳали қурбимиз етмади?

Энг муҳими, биз Ўзбек халқи (миллати эмас) давлатчилигини сақлаб қолдик ва унинг ҳудудининг яхлитлигини таъминладик.

Яна бир муҳим нарса - бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, биз фуқаролар уруши келиб чиқишига йўл қўймадик. Албатта, бу ишларда мамлакатимиз биринчи Президентининг шахсий шижоати ва роли катта.

Иккинчи муҳим нарса, биз тарихда биринчилар қаторида Коммунистик партиянинг оз сонли гуруҳи ҳукмрон бўлган Советлар тизимини халқ демократик сайловлар тизими билан алмаштиришга эришдик (ҳа, ўша даврдаги Парламент ҳозирги Парламентдан фарқли ўлароқ, анча демоктратик ва рақобат асосида сайланган эди).

Тўғри, кейинчалик бу ютуқлар бутунлай ўзгача тус олиб, тоталитаризм асослари пайдо бўлди, лекин бошланғич ўтиш даврида ҳаммаси бошқача кечган эди.

Учинчи муҳим нарса, барча ҳарбий ва бошқа давлат куч ишлатиш институтлари янги давлат - мустақил Ўзбекистон мақсадларига ҳизмат қила бошлади ва давлатчилик тизимини сақлаш, ривожлантиришда ҳамда давлат ижроия интизомини кучайтиришда бу муҳим омил бўлди.

Тўртинчиси, биз мустақил Ўзбекистоннинг янги иқтисодий фаолияти ва иқтисодий бошқарувининг асосларини яратдик.

1990 йилда ҳали социализм эди. Давлат даромадлари ва давлат харажатлари солиқларга эмас, барча ишлаб чиқариш корхоналари фойдаларини давлат бюджетида марказлаштириш ва уни қайта тақсимлашга асосланган эди.

Ҳеч ким солиқ нима, мажбурий тўлов нима, маҳсулот таннархи ва унинг бозор нархи қандай белгиланади (ҳосил бўлади) деган тушунчаларга тўла эга эмас эди.

Барча қонуний меъёрларни ва кўрсатмаларни йўқ жойдан бор қилиб, уларнинг амалда ишлашини таъминлаш керак эди.

Энг нуфузли ишлардан бири - биз 1993-1994-йиллар давомида пул ислоҳотини ўтказиб Ўзбекистон миллий валютасини киритиш ва унинг амалдаги массасини белгилаш, пул муомаласини ташкил этиш, банклар фаолиятини янгича усулда ташкил этишга эришдик.

Собиқ СССР республикалари орасида Ўзбекистон биринчи бўлиб банклараро клиринг системасини яратди ва амалда тадбиқ этди.

Бу 1995 йилда амалга оширилган корхоналар бухгалтерия ҳисоботини қайта кўриб чиқиш ва унинг асосларини бозор иқтисодиётига мослаш борасидаги қилинган ишлар билан бир қаторда ўта инқилобий қадам эди.

Нималарни йўқотдик ёки хатолар

Ўзбекистонда
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон илк 25 йил камбағал, коррупция урчиган ва эркинликлар чекланган давлат сифатида танилди.

Минг афсуски, 1999 йил 16 февраль воқеаларидан кейин мамлакатдаги ислоҳотлар жадаллиги сусайиб, уларнинг моҳияти, салоҳияти пасайди.

Амалий ишлар ўрнига кўпроқ ваъзхонлик, сафсатабозлик бошланди.

Қайсидир маънода бу иллатлар ҳозирги кунгача давом этмоқда.

Бунинг сабаблари жуда кўп ва асосан Ўзбекистон ички тизими эмас, мамлакатда мавжуд бўлган ва ҳозиргача давом этаётган ташқи таъсир билан боғлиқ.

Бу ҳақида алоҳида фикр юритган маъқул, чунки мавзу жуда нозик ва субъективизм таъсирига мойил.

Мен кузатган энг катта камчиликлардан бири сифатида шуни айтиш мумкин:

Биз марказлаштирилган ҳокимият тизимини яратишга берилиб кетиб, халқ демократияси асосларини бутунлай унутиб, ер билан баробар қилиб қўйдик.

"Демократик сайловлар" қуруқ безакка айланди.

Натижада, ҳар бир давлат бошқаруви соҳасида (у ё маъмурий бошқариш тизими бўлсин, ё турли вазирлик ва идораларнинг таъсир кучлари, компетенцияси бўлсин), асосий драйвер (йўлловчи, илҳомлантирувчи) кучни топа олмадик ва давлат бошқарув органлари фалияти доирасида, жумладан, куч ишлатиш органлари компетенцияси соҳасида кучлар мувозанатини таъминлай олмадик.

Биз ҳокимларни маҳаллий бошқарув органларининг ҳисоб бермайдиган раҳбарига айлантириб, уларнинг фаолиятига бериладиган баҳони халқдан тортиб олиб, жуда катта хато қилдик.

Бунинг устига, уларнинг фаолиятини назорат қилувчи баъзи ҳуқуқ-тартибот органларининг ваколатларини чексиз ошириб, уларни ҳам халқ назоратидан четда тутиб, барча ривожланиш учун керак бўлган имкониятларни қўлдан бой бердик.

Иқтисодиётда миллий валютанинг чекланган конвертация режимида 26 йил амал қилгани, давлатнинг иқтисодий регуляторлар ва банклар фаолиятига бевосита аралашгани, куч ишлатар органлари асосан "давлат манфаатларини ҳимоя қилиш" ниқоби остида энг яхши фаолият юритаётган тадбиркорларнинг активларини қайта тақсимлаганликлари ва бир қатор бошқа факторлар катта иқтисодий стагнацияга (турғунликка -таҳририят) олиб келди.

Иқтисодиёт давлат тизими фаолиятининг самараси туфайли эмас, унинг баъзи соҳаларда қўли калталиги учунгина ривожланди, холос (дейлик, кичик ва ўрта бизнес, хуфёна иқтисод).

Сабоқ олдикми ё большевикча бошқарув

Тошкентда

Сурат манбаси, Umida Akhmedova

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон мустақил бўлса-да, большевикча бошқарувдан воз кечмади.

Албатта, 2017 йилдан бошлаб кўп нарсалар яхши томонга ўзгарди:

Миллий валюта конвертацияси соҳасида муаммолар йўқ, тадбиркорлар активлари илгаригидек ваҳшийларча тортиб олинмаяпти, бизнесни ташкил этиш ва ривожлантиришга кенг имкониятлар берилди, турли давлат регулятив чеклашлари минималлашган (лицензиялар, рухсатлар, тақиқлар), маҳаллий бошқарув органлари фаолиятида бирмунча шаффофлик бор, халқнинг дардини эшитадиган ҳокимлар, раҳбарлар пайдо бўлди, тадбиркорликни қўллаш соҳасида жуда аниқ ва салоҳиятли ишлар олиб борилаяпти (имтиёзли кредитлар, мақсадли солиқ имтиёзлари, экспортни қўллаш ва ҳоказо).

Президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган тантаналарда ва ундан аввал тадбиркорлар билан бўлган биринчи учрашувда бу ютуқларимиз ҳақида батафсил тўхтаб ўтди. Уларни такрорлашнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Лекин, барибир, жамиятни ва иқтисодиётни бошқариш соҳасида большевикча ёндашишдан, яъни билим ва илғор дунё тажрибасига таяниб, малакали кадрлар шижоатига кенг йўл бериб эмас, балки марказдан/кабинетдан кўрсатма бериш ва ҳеч бир мамлакатда ўзини оқламаган, чириган сиёсий-иқтисодий бошқариш догмаларини қўллашдан ўзимизни тўхтата олмаяпмиз.

Ҳанузгача мамлакат ривожланишини таъминлайдиган илғор ва манфаатли куч ҳақида (асосий драйвер) бир тўхтамга келмадик.

Бу эса - халқ, халқ демократияси ва назорати. Аммо қоғозда эмас, амалда ишламоғи лозим.

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Getty Images

Иқтисодий ривожланишни таъминлаш чоралари ўрнига, инфляцияни жиловлаш, арзон ҳамда узун пулларни дунё бозорида қидириб топиш ўрнига спекулятив қарзлар олиш кечмоқда, мамлакат кредит ресурсларини барча учун арзонлаштириш ўрнига, асосан, танланган (кўпроқ мафкуравий аҳамиятига эга бўлган) соҳаларга кредитларни зўрлаб, сунъий пасайтирилган фоизларда тиқиштириш давом этмоқда,

Давлат маблағларини сарфлашни назорат қилиш соҳасида эса тарқоқлик, сустлик ва самарасизлик кузатилади.

Давлат бюджети ҳажмининг аёвсиз ошиб бориши ҳам мавжуд.

Буларнинг бари - иқтисодиётдаги асосий муаммоларимиз индикаторлари.

Умид қиламанки, октябрь ойидаги Президент сайловларидан сўнг сиёсий ва иқтисодий ривожланиш дастури қайта кўриб чиқилади ва Президент томонидан Парламентга тавсиф этилади.

Ишончим комилки, ҳали 2022-2026 йиллар давомида бизларни ҳали кўп ижобий ўзгаришлар кутмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek