Ўзбекистон: Ҳукумат одамларни ўйладими? – Мирзиёев, Тошкент ва сиёсат, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Ҳукумат одамларни ўйладими? - Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ортидан, янги Давлат бюджетига киритилган янги ўзгариш айрим минтақавий иқтисодий таҳлилчиларнинг худди ана шундай баҳосига сабаб бўлди.
Пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, 2021 йилда газ, электр энергияси истеъмоли учун тарифлар ва солиқ тўловлари оширилмайди.
Бу ўзгаришлар мамлакатнинг келаси йилга мўлжалланган янги бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритилган.
Янги қонун лойиҳаси кеча, 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.
Хабарларга кўра, бунинг сабаби мажлис чоғида фуқароларга енгиллик яратиш ва пандемия даврида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсади билан изоҳланган.

Сурат манбаси, PA Media
"Тарифларни оширмаслик аҳоли учун яхши. Бу ижобий қарор. Лекин ишлаб чиқарувчилар учун давлат бюджетидан субсидия ажратиш керак бўлади. Давлат бюджети эса, пандемия таъсирида қийин аҳволда", - деркан, минтақавий иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев, "аҳолининг аҳволи ҳам оғир" эканини таъкидлайди, "шунинг учун ҳам, балким, бу тўғри қарордир", - дейди.
Аммо, шунда ҳам, таҳлилчининг таъкидлашича, "бу қарор эркин бозор иқтисоди тартибларидан кўра, кўпроқ давлат бошқаруви тизимига тўғри келади".
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта(расман 34 миллиондан ортиқ - таҳр.) давлати бўлади.
Энг кўп - миллионлаб фуқаросининг тирикчилиги, йилларки, четдаги меҳнат муҳожирлиги орқасидан ўтиб келаётган минтақа мамлакати саналади.
Ўзбекистоннинг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган.
Глобал коронавирус пандемияси баробарида бу йил ноқулай келган об-ҳавонинг ҳам мамлакат иқтисодига таъсири аллақачон ҳукуматнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.
Бу каби зиён оқибатларини юмшатиш эса, ойларки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг хосан диққат-эътиборида турган масалалардан бири экани кўрилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.
Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг шу йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Дунёнинг айрим нуфузли халқаро ташкилотлари аллақачон эҳтимолий вазиятдан ўз хавотирларини билдириб чиқишган, бундан оқибатларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон илова қолган минтақа давлатларига ҳам кўмак зарурлигини таъкидлашган, ўзлари ҳам молиявий ёрдам илинжида халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб улгуришган.
Тарифларнинг оширилмаслигига оид хабарлар илк тушган қалин қор манзарасидаёқ аксарият ўзбекистонликларнинг газ ва электр энергияси таъминотидаги тақчилликлардан жиддий шикоятга тушганликлари кузатилган бир манзарада бўй кўрсатган.
Айрим Ғарб нашрларидаги мамлакатнинг қатор вилоятларида одамлар аллақачон ўз норозиликларини кибери қолиб, очиқ фазода ҳам изҳор этишга ўтишганига оид хабарлар фонида ўртага чиққан.

Сурат манбаси, official
Сўнгги янгилик манзарасида Ўзбекистон аҳолисининг электр энергиясидан қанча қарздор экани ҳам маълум бўлган.
Хабарларга кўра, худди шу куни "Ҳудудий электр тармоқлари" ҳиссадорлик жамияти матбуот анжумани ўтказган, мазкур суммага ойдинлик киритган - унинг ҳозир 2,4 триллион сўмдан зиёдни ташкил этишини айтган.
Кеча, 24 ноябрь кунининг ўзидаёқ Ўзбекистонда энергия истеъмоли учун олдиндан тўлов мажбурий қилиниши мумкинлигига оид яна бир хабар ҳам бўй кўрсатган.
Барча электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши шартлиги ҳукумат қарори лойиҳасида белгилангани маълум бўлган.
Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда тўлиқ ишлаётган ва олий маълумотли ўқитувчи ва шифокорлар бугун камбағал ёки кам таъминланган тоифага киради.
Маълумки, ҳар қандай жамиятда ўқитувчи ёки шифокор ўрта табақани ташкил этади.
Шавкат Мирзиёевнинг кўп миллионлик кам таъминланган фуқаро ҳақидаги иқрори мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора шу йил бошида расмий минбардан янгради.

Сурат манбаси, BBCUzbek
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 4-5 миллион атрофида фуқаро кам таъминланган эканинин тан олиб, энди уларни камбағалликдан қутқариш режасини айтди.
Агар, таҳлилчиларнинг баҳоларига таянилса, президентнинг парламентга мурожаатида тилга олинган 4-5 миллион камбағал 34 миллионлик Ўзбекистон учун жуда катта рақам.
Яъни, бу - деярли ҳар еттинчи ўзбекистонлик камбағал дегани.
Президентнинг ўзи ҳам ўшанда бунинг катта рақам эканини айтаркан, залда ўтирган айрим мулозимларнинг юзларида ҳайрат ва таажжуб ифодалари ҳам бўй кўрсатган.
Кам таъминланганлар сони Ўзбекистон тарихида илк бора юқори ва расмий минбардан жаранглаганди.
Халқаро ҳисоботлар эса, йилларки, Ўзбекистондаги 10-13% аҳолини қашшоқликда кун кўришини айтиб келади.
Аммо бунгача расмий Тошкентнинг халқаро ҳисоботларни тан олиб, очиқ гапиргани кузатилмаганди.
Глобал коронавирус пандемияси билан кечаётганига қарамай, Шавкат Мирзиёевнинг айни шу чиқиши ортидан, янги Ўзбекистоннинг турли йўллар билан камбағалликни аритиш ҳаракатида экани кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















