Ўзбекистон: "Интернети эркин бўлмаган мамлакат", «йўқолиб қолган» гўшт ва бепул қўлқоп – янгиликлар, O'zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистон: Интернети эркин бўлмаган мамлакат, «йўқолиб қолган» гўшт ва бепул қўлқоп - Freedom House қанчалик ҳақ, қиммат гўштлар қаерга кетди ва бепул қўлқоплар ниманинг аломати? bbcuzbek.com дайжести.

Freedom House нодавлат ташкилоти Ўзбекистонни интернет эркинлиги бўйича яна бир бор «эркин бўлмаган давлатлар» қаторига қўшган.

Ташкилотнинг интернет эркинлиги бўйича анъанавий рейтингида Ўзбекистон 65 мамлакат ичидан 57-ўринни эгаллаган.

Рейтинг интернетга уланишга тўсқинлик қилиш, контентга чекловлар ва фойдаланувчилар ҳуқуқини поймол қилиш каби уч омил асосида тузилган.

Ўзбекистон жой олган энг охирги ўнталикка кирувчи мамлакатлар қаторида Саудия Арабистони, Эрон ва Хитой каби инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келиши айтиладиган давлатларни кўриш мумкин.

Freedom House ҳисоботида Ўзбекистонда кетма-кет сўнгги тўрт йил давомида интернет билан боғлиқ эркинлик вазияти яхшиланаётган бўлсада, ҳукумат ахборот-технологиялари инфратузилмаси устидан яккаҳокимликни қўлдан бермаётгани, бир қатор блогер, журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фишинг-кампаниялар нишонига айлангани, онлайн ахборот ҳамон кучли цензура остида экани таъкидланади.

«Ўзбекистон суст қадамлар билан демократлашиш томон одимлаётган авторитар режимлигича қолмоқда», дейилади ҳисоботда.

Ташкилотнинг 2019 йилдаги рейтингида ҳам Ўзбекистон интернети эркин бўлмаган давлатлар ўнлигига киритилган эди.

17 октябрь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ушбу ҳисоботга муносабат билдира туриб, охирги тўрт йилда ОАВ билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгарганини инкор этиб бўлмаслиги, аммо "олдинги даврнинг инерцияси ҳали ҳам менталитетда сақланиб тургани"ни маълум қилган.

"Freedom House томонидан Ўзбекистонда интернет эркинлиги борасидаги баҳолари бўйича аниқ фактлар масъул ташкилотларга тақдим этилса, бу борада қатъий чоралар кўрилади", деган у.

«Йўқолиб қолган» қиммат гўшт

O'zbekiston

18 октябрь куни Тошкент шаҳридаги супермаркетлар, дўконлар ва бир неча бозорларда юқори нарх категориясидаги гўшт «йўқолиб қолган».

Бу ҳақида ёзган Gazeta.uz нашри кун давомида ўз мухбирлари ушбу ҳолатга эътибор бергани ва нархи 60 минг сўмдан юқори бўлган гўштни топа олмаганликларини маълум қилган.

Хабарда пойтахт бозорларидан биридаги сотувчи нашрга «президент қарори» билан гўштга нисбатан 60 минг сўм миқдоридаги чегара нарх ўрнатилгани, оқибатда, харидорга суяк ва ёғ қўшиб беришга тўғри келинаётганини билдиргани ҳақида сўз боради.

16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказиб, унда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар нархининг кескин ошиб кетгани аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидлангани хабар қилинган эди.

Бепул қўлқоп

O'zbekiston

Сурат манбаси, .

Тошкент шаҳар жамоат транспортида йўловчиларга қўлқоп бепул тақдим этилади, дея хабар берган Транспорт вазирлиги.

Бунга қадар 19 октябрдан пойтахт жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг қўлқопда бўлиши талаби жорий этилиши тўғрисидаги хабар аҳоли орасида жиддий норозиликларга сабаб бўлган эди.

«Тошкент шаҳар жамоат транспортида йўловчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш тартибининг жорий этилишидан ягона мақсад фуқаролар саломатлигини асрашдир», маълум қилган вазирлик.

Бироқ Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти аҳолига қўлқоплардан фойдаланиш тавсия этилмаслиги, бунинг ўрнига жамоат жойларида санитайзер-диспенсерлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлайди.

Яна бир ҳоким вафот этди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳрамов оламдан ўтган.

Бу ҳақида Каттақўрғон тумани ҳокимлиги хабар берган.

Марҳум 60 ёшда бўлган.

Ўлим сабаби очиқланмаган хабарда марҳум 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида дафн этилиши билдирилган.

Маҳаллий нашрлар коронавирус пандемияси даврида Бухоро вилояти, Қонликўл тумани, Миришкор тумани, Хонобод тумани ҳокимлари дохил бир қатор бошқа маҳаллий раҳбар ва амалдорлар вафот этгани ҳақида ёзган.

Анъанавий таълимга рухсат этилади

Олий таълим муассасаларида анъанавий таълимни қайта йўлга қўйиш мақсадида талабалар ва ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилмоқда.

17 октябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигида ўтган видеоселекторда ОТМ ректорларига анъанавий таълимга қайтиш масаласи бўйича вазифалар белгилаб берилган.

«Жумладан, олий таълим тизимида анъанавий дарсларга қайтишда, аввало, талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ўтказилади. Шунингдек, ОТМ томонидан муассаса имкониятлари таҳлил қилинади, санитария-эпидемиология талаблари асосида ўқув жараёнларини ташкил этиш, талабалар саломатлигини хавф остига қўймасдан талабалар турар жойлари фаолиятини тиклаш имкониятлари кўриб чиқилади», дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek