Ўзбекистон ва коронавирус: Бугун мактабларга ишонса бўладими? - видео, O'zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, koronavirus, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон ва коронавирус: Бугун мактабларга ишонса бўладими? - Бу сўнгги ойларда кибер фазода диққат-эътиборга тушган, ота-оналарни ташвиш ва хавотирга солган, айримларининг жиддий шикоятларига ҳам сабаб мавзулардан бири бўлади. Тошкентдаги Би-би-си мухбири мактабга борди, вазиятни кўрди, ўрганди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон мактабларидаги янги ўқув йили коронавирус пандемияси ҳали давом этаётган бир паллага тўғри келди.

Янги ўқув йилининг бошланиши арафасида Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятнинг мураккаблашгани кўплаб ота-оналарнинг фарзандини мактабга қайтаришда иккиланиб қолишига сабаб бўлди.

4 август куни Халқ таълими вазирлиги эълон қилган "Фарзандингизни пандемия шароитида мактабга юборишга тайёрмисиз?" номли сўровномада шу вақтга қадар 695 мингдан зиёд овоз берилган бўлиб, сўровнома иштирокчиларининг 68 фоизи "Йўқ, мен учун фарзандимнинг соғлиги муҳимроқ, онлайн мактаб орқали ўзим ўқитишга ёрдам бераман" деган жавобни танлаган.

Август ойи сўнггида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов фарзандини мактабга юбориш ёки таҳсилни уйда давом эттиришни танлаш ҳуқуқи ота-оналарда қолиши энг тўғри йўл экани борасида ёзган.

28 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселекторда шу хулосалардан келиб чиқиб, 14 сентябрдан мактабларда таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда - аксарият ота-оналар талабига кўра анъанавий, шу билан бирга масофавий шаклда йўлга қўйилиши бўйича қарор олинган.

Вилоят ҳокимлари мактабларни дезинфекция қилиш, антисептик воситалар, тиббий ниқоблар билан таъминлашга масъул этиб белгиланган.

Шу тариқа, пандемия туфайли март ойида ёпилган мамлакат мактабларининг миллиондан зиёд ўқувчиси сентябрь ойига келиб, яна илм даргоҳларига қайта бошлаган.

Аммо болалар саломатлигидан хавотир на расмийлар, на ота-оналарда ҳали аримаган.

Ота-оналарнинг фарзандлари соғлиги мактабларда қандай ҳимоя қилинаётгани борасидаги хавотирлари ва қизиқишлари бир лаҳза бўлсада, камаймаган.

Шу сабабдан Би-би-си пойтахтдаги мактаблардан бири мисолида таълим муассасаларининг пандемия шароитида қандай фаолият юритаётганини билишга қизиқди.

"Болалар уйдан туриб, дарсда қатнашади"

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 50-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби қайта очилганига бир ойдан кўпроқ вақт бўлган.

Мактаб раҳбарияти ўтган вақт давомида пандемия шароитида ишлаш ва болалар соғлигини муҳофаза қилишни анчайин ўрганиб олдик, дейди.

Мактаб директори ўринбосари Нигора Жамалова ўқув куни тиббий текширувдан бошланишини айтади.

"Ҳар куни эрталаб Миллий гвардия билан ҳамкорликда мактаб шифокори, ҳамшираси, ўқитувчилари болаларни бирма-бир кутиб оламиз".

"Болалар ижтимоий масофага амал қилиш учун мўлжалланган чизиқлар бўйлаб саф тортиб, бирин-кетин бинога кирадилар. Киришда уларнинг қўллари дезинфекция қилиниб, ҳарорати текширилади", сўзлайди Жамолова.

Бугунги кунда 2,000 минг ўринга эга ушбу мактаб ўқувчиларининг ярми ота-оналар розилиги асосида анъанавий таълим олмоқда.

Қолган ўқувчилар эса ўқишни онлайн тарзда уйда давом эттирмоқдалар.

Жамолова уйда таълим олаётган ўқувчиларнинг мактабдаги дарсларда бевосита жонли иштироки имкон қадар таъминланаётганини билдиради.

Шунингдек, у коронавирус аломати пайдо бўлган ўқувчилар зудлик билан бошқалардан ажратилишини ҳам айтади.

"Агар бирор боланинг иситмаси чиқса, уни изоляторга олиб бориб, ота-онасига хабар берамиз. Ҳарорат юқори бўлса, керакли уколларни қиламиз", тушунтиради Нигора исмли мактаб ҳамшираси.

Нигора Жамолованинг сўзларига кўра, мактаб қайта очилган илк кунларда ота-оналарда кучли хавотир кузатилган, аммо бугунга келиб фарзандининг мактабга қайтишини истаётганлар сони кундан-кун ошиб бормоқда.

"Бизга бошида кўзи қизариб қолган ўқувчилар ҳам келган. Биз уларни дарҳол уйга қайтарганмиз. Бошида ота-оналарда хавотир кучли эди. Лекин болаларга эътиборимиз, ташкил этилган санитария шароитини кўриб, ҳозир, аксинча, фарзандини мактабга юборишни истовчи ота-оналар сони кўпайиб боряпти", дейди у.

Бироқ мактабга қайтариш учун ота-она фарзандини тўлиқ тиббий-текширувдан ўтказиши лозим, бу бошқа ўқувчилар саломатлиги учун жуда муҳим, таъкидлайди мактаб раҳбарияти.

Эшик қоқаётган қиш…

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Халқ таълими вазирлиги берган маълумотга кўра, 28 сентябрга келиб, республикадаги 76 фоиздан зиёд мактаблар фаолияти маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсати билан тўлиқ қайта тикланган.

14 октябрь ҳолатига эса пойтахтдаги 318 мактабдан 312 таси қайта очилган.

Бироқ мактаблар қайта очилиб, илм даргоҳларига қайтаётган ўқувчилар сони ошиб борар экан, расмийлар олдида бошқа бир қийинчилик пайдо бўлиши мумкин.

Гап шундаки, мамлакатдаги кўплаб мактабларда синфхоналар сони етарли эмаслиги, ўқувчилар бир хонада белгиланган норма (бир синфда 35 ўқувчи)дан кўп миқдорда ўқишига тўғри келиши айтилади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сентябрь ойида давлат бошқарувини модернизациялаш ва электрон ҳукумат масалалари бўйича мутахассис, SmartGov Consulting компанияси ижрочи директори Азиза Умарова ўз блогида Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари сони ошганига қарамай, мактаблар адади 40 йилдан бери деярли ўсмагани ҳақида ёзган эди.

"1980 йилда Ўзбекистонда 3,8 миллион ўқувчига 9,458 та ўрта мактаб бор эди. 2020 йилга келиб эса хусусий мактабларни қўшиб ҳисоблаганда, атиги 9,942 та ўрта мактаб мавжуд. Юқоридаги рақамларнинг ўзи мактабларда ўқувчи сонининг кўплигига ва 1 та синфда 45-50 та бола ўқишига мажбурлигини кўрсатиб турибди. Ўтган давр мобайнида ўқувчилар сони 60 фоиз ўсган бўлишига қарамасдан ўрта мактаблар умумий сони деярли кўпаймаган", рақамлар келтирган эди эксперт.

Мактабларда ўқувчилар сонининг ортиши эса ижтимоий масофага амал қилишни мушкуллаштириши, бу эса ўз навбатида эпидемиологик вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

50-мактаб раҳбарияти ҳам ушбу масала юзасидан бош қотираётганини айтади.

"Агар бирор синфда ўқувчи сони кўпайиб кетса, ўша синфхонага қўшимча парталар олиб келиш чораларини кўрамиз", билдиради Нигора Жамолова.

Албатта, пойтахтдаги бир муассаса мисолида нафақат бутун мамлакат, ҳатто, Тошкент шаҳрининг ўзидаги мактабларнинг бугунги ҳолатига назар ташлаш имконсиз.

Водий вилоятларининг биридан Би-би-си билан суҳбатлашган ўқитувчининг сўзлашича, у меҳнат қилаётган мактабдаги пандемия билан боғлиқ вазият ҳозирча яхши, маҳаллий ҳокимлик болалар соғлиги учун зарур бўлган тиббий ҳимоя воситаларини ўз вақтида бериб келмоқда.

Аммо бу ўқитувчи қиш эшик қоқиб келаётгани, яхши иситилмайдиган қишлоқ мактаблари эса қаҳратон кунларда коронавирус ўчоғига айланиб қолиши эҳтимолидан хавотир билдиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek