Ўзбекистон ва Россия коронавирус зарбасидан қачон ўзига келади?

Тошкентда

Сурат манбаси, UlugbekMeylikov/Facebook

    • Author, Аваз Тоҳиров ва Соҳиба Ҳаёт
    • Role, BBC Uzbek Тошкент-Москва
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Коронавирус пандемияси ривожланаётган ва камбағал давлатларга жуда катта зарба бермоқда.

Бу зарба, аввало, иқтисодий.

Ўзбекистон ва Россия ҳам пандемиядан зарар кўрмоқда.

Нафақат карантин боис кичик бизнеслар мушкул аҳволга тушган.

Балки четга сотадиган нефть ва газ каби хомашёларига талаб пасайган, нархлар тушган.

Россиядаги қийин аҳвол эса айланиб Ўзбекистонда аксланиши мумкин.

Тасаввур қилинг: Юз минглаб ишини йўқотган ўзбекистонликлар ватанга қайтади, бу ерда улар учун иш йўқ.

Мигрантлар юборадиган пуллар камайиши Ўзбекистон иқтисодида ва кичик бизнесларда салбий таъсир кўрсата бошлайди.

Нима қилиш мумкин? Москва-Тошкент видеокўпригини кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон кўчалари бугун яна жонлана бошлаган бўлсада, бундан уч ой аввалги манзара билан ҳозиргисини солиштириш мушкул - одамлар гавжум, харидорлар кўп ва сотувчиларнинг қўли қўлига тегмас эди. Шундан бери Ўзбекистонда, иқтисодчиларга кўра, юзлаб бизнеслар жиддий зарар кўрди, айрим дўкон ва ширкатлар касодга учради.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони бошқа мамлакатларга нисбатан расман оз.

Аммо карантин ва чекловлар иқтисодга зарар етказиб улгурди.

Халқ ўтган қарийб 30 йил давомида ночорлик қаърига улоқтирилгани сир эмас, бу даврда мамлакат бўйлаб қулоч ёйган коррупция, кадрлар етишмовчилиги ҳамон кун тартибидаги масала эканини коронавирус яна бир бор ёдга солди.

Дунёнинг энг илғор мамлакатларидаги тиббиёт тизими коронавирус балоси қаршисида ожиз қолгани маълум.

Ўзбекистон тиббиёти тайёрмиди?

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Official

Ўзбекистон ривожланаётган мамлакат бўлиб, 2019 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 1741 АҚШ долларини ташкил этган.

2020 йилги давлат бюджети харажатларининг 14 триллион сўмдан кўпроғи ёки 11 фоизи тиббиёт соҳаси учун ажратилган.

Шунга қарамай, пандемия аввалида тиббиёт билан боғлиқ муаммолар кўзга ташланган.

Ҳудудлардаги шифокорлар оддий ҳимоя воситалари етишмаслигидан шикоят қилган.

Сунъий нафас бериш аппаратлари тақчиллиги юзасидан хабарлар юзага чиққан. Расмийлар Ўзбекистон шифохоналарида 1000 га яқин сунъий нафас бериш аппаратлари борлигини маълум қилган, аммо уларнинг қандай русумда эканини очиқламаган.

Кейинчалик ҳукумат йирик карантин зонаси ва бир қанча ҳудудларда махсус шифохоналар қуришни бошлаган.

Президент Мирзиёев санитария-эпидемиология соҳасида меҳнат қилаётган қарийб 11 минг шифокорнинг иш ҳақини оширишга кўрсатма берган, коронавирусга чалинган беморларни даволаётган тиббиёт ходимларига пул мукофотлари тайинлаган.

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев эса Ўзбекистон пандемияга дош бера олганини айтади.

Унинг фикрича, мамлакат карантин чораларини қаттиқ назорат қила олгани, қисқа вақт ичида шифохоналар қурилгани ортидан касалланганлар сони анчайин кам бўлган.

Ўзбекистон-Россия риштаси

Мирзиёев ва Путин

Сурат манбаси, Alexei Nikolsky/GettyImages

Ўтган 30 йил бадалига эндигина ростмана иқтисодий ислоҳотлар йўлига тушган ва ривожланаётган давлатлар қаторида қад кўтараётган Ўзбекистон учун коронавирус жиддий зарба бўлгани тайин.

Мамлакатнинг ишга яроқли икки миллиондан ортиқ фуқароси Россияда ишлайди.

Коронавирус эса Россия иқтисодига ҳам жиддий зарба берган.

Бу, табиийки, ўзбекистонлик муҳожирларнинг даромадига салбий таъсир қилган ва алал оқибат Ўзбекистонга жўнатиладиган юз миллионлаб долларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлган.

Миллионлаб ўзбекистонлик муҳожирлар қонуний ва ноқонуний меҳнат қилаётган Россия ҳам коронавирус балоси қаршисида ожиз қолди ва дунёнинг энг қудратли мамлакатларидан бири бўлса ҳам, мамлакат тиббиёти пандемия юкини кўтара олмади.

Президент Путин март ойидан буён "Россия коронавирусни 2-3 ойда енгади", дея бот-бот таъкидлаб келмоқда. Аммо мамлакатдаги бугунги ҳолат Россия коронавирусга тайёр бўлмаганини кўрсатмоқда.

Январь сўнггида касалликнинг илк учқуни қайд этилган бу мамлакат 3 ойда вирусга чалинганлар сони жиҳатидан дунёда 2-ўринга чиқди.

Таҳлилчилар коронавирус Россия иқтисоди учун жиддий зарба бўлаётганини айтишмоқда. Бу эса мамлакатда меҳнат муҳожирлигида бўлган миллионлаб марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик мигрантларга ҳам ўз таъсирини ўтказган.

26 мартда эълон қилинган маълум муддатли меҳнат таътили ва ўзини яккалаш тартиби натижасида уларнинг иш жойлари ёпилга, минглаб меҳнат муҳожирлари ишсиз қолишган.

Натижада мигрантлар пульсиз, танг аҳволга тушиб қолганлар, ватанларига пул юбориш тўхтаган.

Иқтисодий таҳлилчи Жамшид Муслимов пандемиянинг Россия иқтисодиётига таъсири ҳақида шундай дейди:

"Россия Ўзбекистоннинг табиий газининг ре-экспортери эканлиги маълум. Биринчидан, жаҳонда пандемия сабаби энергия заҳираларига талаби кескин тушиб кетган бўлса, иккинчидан, йил бошидан бери жаҳон газ нархларининг тушиб кетганлигидир. Шу икки омил газ экспорти тушумларини кескин тушуриб юборади.

2020 йилда Россия аҳолисининг даромади тушиб кетиши, ҳам бандлик сабабли, ҳам валюта курси сабабли Ўзбекистондан борадиган қишлоқ хўжалик ва текстиль маҳсулотларига нисбатан талабни 20-30 фоизга камайтириб юборади".

Унинг сўзларига кўра, Россиядаги мавжуд иқтисодий танглик ортидан Ўзбекистонга кириб келаётган валюта миқдори икки баробарга қадар камайиб кетиши мумкин.

"Пандемия сабабли, жумлардан иҳоталаш чоралари сабабли мигрантларнинг иш жойлари қисқариши кузатиляпти. Йил бошидан бери рублнинг АҚШ долларига нисбатан кескин тушиб кетиши ҳам муҳожирларнинг ўтган йиллардаги даромадларини валюта ҳисобида 20%га қисқартириб юборади.

Мана шу икки омил Ўзбекистон иқтисодига зарурий бўлган валюта тушумларини камида 30%га, ўртача таҳминим бўйича 50%га тушириб юборади. Яъни, ҳар йили Россиядан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари миқдори 5 млрд АҚШ долларидан 2.5 mlrd.gacha тушиб кетиши мумкин", сўзлайди таҳлилчи.

Тирикчилик манбасидан айрилган оилалар

ЎЗбекистонда

Сурат манбаси, UlugbekMeylikov/Facebook

Сурат тагсўзи, Кўп оилалар кичик савдо ортидан кун кўради.

Дарҳақиқат, меҳнат муҳожирлари хориждан юборадиган пул ўтказмалари Ўзбекистон учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга.

Кўплаб оилаларнинг асосий тирикчилик манбаси яқинлари томонидан юборилган пуллар бўлиб, коронавирус пандемияси, таҳлилчилар таъкидлаётгандек, Ўзбекистонга кириб келадиган пул ўтказмаларининг асосий манбаси бўлмиш Россиядаги меҳнат муҳожирларига ҳам таъсир қилмай қолмади.

Бунинг оқибатини Марказий Банкнинг апрель ойидаги ҳисоботида ҳам кўриш мумкин.

Ҳисоботда март ойида мамлакатга 296 миллион доллар кириб келгани, бу эса февраль ойидаги пул ўтказмалари миқдоридан 23 фоизга пастлиги айтилади.

Бу, ўз навбатида, ўзбек сўмининг хорижий валюталарга нисбатан бироз қадрсизланишига олиб келган.

Айни вақтда, пул ўтказмаларининг камайгани меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонда қолган оилаларига қанчалик таъсир кўрсатгани борасида аниқ расмий маълумотлар мавжуд эмас.

Иқтисодий таҳлилчилар Россиянинг иқтисодий аҳволини ўта салбий, дея баҳолаётган бир пайтда, энг муҳими, бу мамлакатда бўлаётган воқеалар Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон учун бевосита ўз таъсири ўтказади: бу иқтисодга меҳнат муҳожирларининг улуши билан боғлиқ.

Ўзбекистоннинг 2 ярим миллионга яқин, Тожикистоннинг 1 миллиондан зиёд фуқаролари Россияда меҳнат қилишмоқда.

Улар пандемия инқирози ортидан оилаларига пул жўнатмай қўймоқда.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, сўнгги 2 ойда мамлакатдан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари кескин камайиб, Россияга кириши ортиши кузатилган.

Пандемия таъсири

Дунёдаги энг илғор иқтисодга эга мамлакатлар ҳам пандемия иқтисодий ўсишга жиддий салбий таъсир қилиши, иқтисодий ва молиявий инқирозлар деярли муқаррар бўлиб қолганидан хавотирда.

Ўзбекистон иқтисодига пандемиянинг таъсири қандай бўлди?

Иқтисодий таҳлил Сапарбой Жубаев Ўзбекистонда, асосан, туризм, хизмат кўрсатиш ва транспорт соҳалари каратин вақтида жиддий зарар кўрган.

Лекин Ўзбекистондаги туризм, хизмат кўрсатиш соҳалари Европа давлатларидагидан камроқ бўлгани учун улар кўрган зарар иқтисодиётга ҳам камроқ таъсир кўрсатди, қўшимча қилади мутахассис.

Коронавирус пандемияси Ўзбекистон иқтисодига жиддий таъсир қилишини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Бунинг устига Ўзбекистон коронавирус балосидан аввал ривожланиш йўлига энди энди тетапоя билан кираётган ва иқтисодини ислоҳ қилаётган эди.

Таҳлилчиларга кўра, бу йўл осон бўлмайди.

Ўзини ўнглайман деган мамлакат коронавирус балоси билан бирга 30 йил шаклланган ва томир ёйган коррупцияни ҳам енгиши керак бўлади.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek