Россия, мигрантлар, коронавирус: Карантин деб бир ой ишсиз ва пулсиз қолдик - Koronavirus

- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Би-би-си, Москва
Президент Владимир Путин Россияда дам олиш куни тартибини 30 апрелга қадар узайтирди. Бу эса мамлакатдаги юзлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ишсиз ва пулсиз қолишига олиб келди.
"Ошхоналар, хизмат кўрсатиш бўлимлари ёпилди. «Перрон» деган 2000 кишига овқат тайёрлайдиган катта ошхонамизда 800 таси қолди. Шу ерда ишчиларни навбат билан ишлатаяпмиз. Бизнинг бўлимдан 46 нафар ўзбек ишдан қисқартирилди. Орасида боласи касали, оиласининг ёлғиз боқувчилари бор, ҳар куни қачон ишга чиқамиз, деб қўнғироқ қилишади", - дейди «Домодедово» аэропорти хизматчиси, ошпаз Зилола Ниёзова.
Ўзбекистонлик ошпазга кўра, бир ташкилотнинг ўзидан 46 киши ишсиз, уйда ўтирибди. Иш берувчи томон вақтинчалик иш таътили берилган муҳожирларга таътил пули тўламоқчи эмас.
"Карантин муносабати билан «Клинаэро» ва «Фаселиком» персонал сервис компанияси томонидан ишлаётган барча ўзбекистонлик ва тожикистонлик ишчилар вақтинчалик уйга жавоб берилди. Барча жойларда иш ҳақи сақланиб қолиши шарти билан жавоб берилган бўлса, бу ташкилотларга қонун ҳеч қачон кор қилмаган, қонунлар фақат Россия фуқароларига тегишли", - дейди Зилола Ниёзова.
Россиядаги қатор ташкилотларда ишлаётган муҳожирлар вақтинчалик ишсизлик туфайли эмас, корхона ва муассасаларда штатлар қисқариши туфайли ишсиз қолишган.
Москвада карантин бошланмасидан олдин инқироз хавфи туфайли ишдан бўшатилган ўзбекистонлик аёл танг вазиятда қолганини айтади.
"Бизда 26 мартда штат қисқарди, ишсиз қолдик. Ошхонада идиш ювувчи бўлиб ишлардим. Патентга тўлаш, квартира ижараси, озиқ-овқатимизга пул керак. Бир ой ишсиз ётсак, буларни нима қиламиз", - дейди муҳожир Сабина Каримова.
Сабинага кўра, у яшайдиган ижара уйда барча ўзбекистонликлар ишсиз ўтиришибди.
"6 ойлик ҳомилам бор, тиббий кўрик, яхши еб-ичишим керак. Буларнинг бари мигрант учун катта пул дегани. Йўллар ёпиқ, уйга ҳам қайтолмаймиз. Ҳозир бир менмас, кўпчилик танг аҳволда қолишди. Бу кунлар тезроқ ўтиб кетсин, ҳамма соғ-саломат бўлсин", - дейди самарқандлик Сабина Каримова.
Муҳожирларнинг ишсизлиги масаласига россиялик ҳуқуқ фаоллари ҳам эътибор қаратган. Россия мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов Россия Бош вазири Михаил Мишустинга карантин пайтида мигрантлар учун меҳнат патенти ойлик тўловини бекор қилишни илтимос қилиб, мурожаат йўллади.
Ушбу мурожаатга Россиядаги кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар, расмийлар ва жамоатчилик арбоблари қўшилиб, бу оғир вазиятда муҳожирларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини билдиришди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














