Коронавирус: Жосуслардан махфий амалиётларгача - давлатлар ниқоб ва тест учун ўзини нималарга урмоқда?

kornavirüs

Сурат манбаси, Getty Images

Хитойда ишлаб чиқарилган тиббий ниқоб ва тестларга дунёда талаб ошиб кетган. Мол ким кўп пул тўласа, ўшаники.

Британияда чиқадиган Guardian рўзномасининг ёзишича, Шанхай аэропортида Францияга мўлжалланган тиббий ниқоблар охирги дақиқада кўпроқ пул таклиф қилган Америкага юборилган.

Бу ҳақда нашрга француз расмийлари гапириб беришган.

Чоршанба куни Бразилиядаги матбуот анжуманида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Луис Энрике Мандетта Хитой билан тиббий ниқоб ва қўлқоп каби муҳофаза анжомлари сотиб олиш бўйича музокаралар натижасиз тугаганини айтган.

"АҚШ бугун 23та карго учоқларини Хитойга юборди. Бизнинг эса соғлиқ тизимимиз учун қилаётган барча саъй-ҳаракатларимиз бекор кетмоқда. Ҳамма битта нарсани истаяпти. Талаб ҳаддан ташқари катта", - деб айтган вазир.

У қолган ниқобларни тиббиёт ходимлари ишлатсин деган ниятда бразилияликлардан матоҳ сотиб олиб, уйларида ниқоб тикишни сўради.

"Гардиан"нинг ёзишича, пандемия қаршисида ваҳимага тушган дунё ҳукуматлари тиббий жиҳозлар экспортини тақиқлаш ва тест тўпламларини қўлга киритиш учун махфий жосуслик амалиётларига қўл ураётгани ҳақида ёзган.

Франция, Германия ва Россия сингари баъзи давлатлар ниқоб ва бошқа ҳимоя воситалари заҳирасини шакллантираётгани айтилмоқда.

kornavirüs

Сурат манбаси, Reuters

Туркия эса тиббий воситалар экспортини чеклаш билан кифояланмай, олдинроқ берилган ва пули тўланган буюртмаларни етказиб беришни ҳам тақиқлагани иддао қилинмоқда.

Белгия ва Италия матбуоти Туркияда ишлаб чиқарилган ниқобларнинг мамлакатларига етиб келмаганини ёзмоқда.

Италия Бош вазири Жузеппе Конте Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга телефон қилганидан кейин ҳам тиббий ниқоблар Италияга етиб келгунича орада икки ҳафта вақт ўтгани айтилади.

"Моссад" амалиёти

Коронавирус эпидемияси бошланган ва дунёда энг кўп тиббий ниқоб ишлаб чиқарадиган Хитой йиғиб қўйган ниқобларини Европага сотиш ёки хайрия қилишни бошлаган.

Чехия Хитойдан Италияга йўл олган бир каргони тўхтатиб қолган.

Кейинроқ Чехия ички ишлар вазирлиги Римга 110 минг ниқоб юборилганини маълум қилди.

Ўхшаш ҳодиса Кенияда ҳам рўй берди. Германияга йўл олган 6 миллионта ниқоб сирли равишда ғойиб бўлди.

Коронавирус тест тўпламлари ва дори-дармонлар билан шунга ўхшаш воқеалар юз бермоқда.

Мисол учун, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг безгакка қарши ишлатиладиган дори Covid-19 муолажасида самарали бўлгани ҳақидаги сўзларидан сўнг Ҳиндистон гидроксихлорохин экспортини тўхтатиб қўйди.

Исроил жосуслик хизмати "Моссад" эса махфий халқаро жосуслик амалиётлари ўтказиш йўли билан юз минглаб коронавирус тест тўпламларини мамлакатга олиб кирган.

Исроил матбуотидаги хабарларга кўра, тест тўпламлари "душман давлат" деб таърифланган бир давлатдан сотиб олинган ва бу давлат уларни сотганини жамоатчиликка очиқламасликни сўраган.

Баъзи давлат эса охирги ҳафталарда озиқ-овқат заҳираларини жамғаришга киришган.

Қозоғистон ун экспортини тўхтатган. Въетнам гурунч, Сербия эса дори-дармон ва кунгабоқар уруғини экспорт қилишни тақиқлади.

Trump

Сурат манбаси, Getty Images

'Халқаро ҳамкорлик қийинлашади'

АҚШдаги Жоржтаун университетидан профессор Абраҳам Ньюман ҳамда Жорж Вашингтон университети сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар профессори Хенри Фаррел дунёда "ишончсизлик ва ўзини ўйлаш" йўналишида рискларнинг ортганини айтишган.

Harvard Business Review журналидаги мақолада муаллифлар "давлатлар орасида кучайган ўзаро шубҳалар ҳамкорликни қийинлаштиради. Ўз фуқаролари хавотирда ўтирганда ва заҳиралар чекланган пайт ҳукуматларнинг мардлик кўрсатишлари қийин", деб ёзишган.

Германия матбуоти эса ўтган ой Президент Трамп катта пул эвазига немис ширкатига вакцинани сотишни таклиф қилгани ҳақида ёзди.

Гарчи CureVac номли ширкат бу хабарни рад этган бўлса ҳам, ҳодиса кўпгина давлатларни ташвишга солди.

Хитойда чиқадиган инглизча Global Times нашри эса, "Хитой вакцина учун курашда ютқазишни хаёлига ҳам келтира олмаслиги"ни ёзди.

Германиядаги CureVac ширкати билан боғлиқ хабарда "икки етакчи ғарб давлати қўйган бу қадамлар, Хитой вакцина масаласида АҚШ ва Европага ишона олмаслигини кўрсатди. Бу ҳал қилувчи масалада Хитой фақат ўзига ишониши керак", деган жумлаларни ўқиш мумкин.

Коронавирус