Ниқоб тақиш бўйича тавсия қайта кўриб чиқилади: улар ўйланганидан ҳам фойдали бўлиши мумкин - коронавирус

Ниқоб

Сурат манбаси, Getty Images/Sergei Savostyanov

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Коронавирус тарқалишини камайтириш учун кўпчилигимиз ниқоб тақиб юришимиз керакми?

Бу саволни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маслаҳатчиларининг ҳайъати муҳокама қилиши кутилади.

Бу гуруҳ вирус аввал ўйланганидан кўра узоқроқ масофага отилиши мумкин ё мумкин эмаслиги борасидаги тадқиқотни таҳлил қиладилар. АҚШда ўтказилган тадқиқот йўтал 6 метргача, аксириқ эса 8 метргача сафар қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Ҳайъат раиси Профессор Девид Ҳейманнинг Би-би-сига айтишича, янги тадқиқот ниқоблар борасидаги маслаҳатни ўзгартириши мумкин.

"ЖССТ ниқобларни қўллаш борасидаги тавсияларини ўзгартириши керакми ё йўқлигини кўриш учун янги далил-исботни муҳокама қилишни бошлайди", - деди ЖССТнинг собиқ директори.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳозирги тавсия қандай?

Ҳозирда ЖССТ вирус юқтиришни бартараф қилиш учун йўталаётган ё аксираётган одамдан камида 1 метр масофа сақлашни тавсия қилади.

У, шунингдек, касал ва касаллик аломатларини намойиш қилаётган одамлар ниқоб тақиб юриши керак дейди.

Лекин, унинг тавсиясига кўра, соғлом одамлар фақат агар касалларга қараётган бўлсалар, ҳамда ўзлари йўталаётган ё аксираётган бўлсалар, ниқоб тақишлари керак.

У ниқоблар одамлар тез-тез қўлларини ювиб турсагина ва ишлатилган ниқобни тўғри йўлда ахлатга ташасагина, самара беришини айтиб келади.

Янги тадқиқотга кўра, йўтал ва аксириқ аввал ўйланганидан узоқроққа отилиши мумкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Янги тадқиқотга кўра, йўтал ва аксириқ аввал ўйланганидан узоқроққа отилиши мумкин

Британия ва АҚШ каби давлатлар ижтимоий масофа камида 2 метр бўлишини тавсия қиладилар.

Бу маслаҳат вируслар фақат суюқлик томчилари билан бирга сафар қилгандагина юқиши мумкинлигини хулоса қилган тадқиқотга асосланган.

Тушунилишича, ўша томчилар ё буғланиб ҳавога сўрилиб кетади ёки уларни чиқарган одам ёнида ерга тушади.

Хўш, янги тадқиқот нима дейди?

Массачусетс Технология институти (МИТ) тадқиқотчилари одам йўталиши ва аксиришидан кейин аниқ нима бўлишини тасдиқлаш учун юқори тезликли камералар ва бошқа сенсорларни ишга солганлар.

Уларнинг аниқлашича, одам йўтал ё аксириқ билан нафас чиқарганда кичик ва тез ҳараката қилувчи газ булути пайдо бўлади, ва бу булут турли ҳажмдаги суюқлик томчиларига эга бўлади. Бу томчиларнинг энг кичиги ўша булут ичида узоқ масофага сафар қилиши мумкин.

Лаборатория шароитларида олиб борилган бу илмий иш йўтал суюқлиги 6 метргача, анча юқорироқ куч билан чиқадиган аксириқ суюқлиги эса 8 метргача отилиши мумкинлигини аниқлади.

Бу илмиш ишнинг аҳамияти нимада?

МИТ олиб борган тадқиқот юқори тезликли камералар ва бошқа сенсорларни ишга солган

Сурат манбаси, jamanetwork/MIT

Сурат тагсўзи, МИТ олиб борган тадқиқот юқори тезликли камералар ва бошқа сенсорларни ишга солган

Тадқиқотга раҳбарлик қилган Профессор Лидия Буруйбанинг айтишича, у "хавфсиз масофа" тушунчасидан ташвишга тушган.

"Биз чиқарадиган йўтал ёки аксириқ юқори тезликка эга бўлган газ булути бўлиб, улар ўз таркибида ҳар хил турдаги томчиларни бутун хона узра олиб юрадилар", - дейди у.

"Шундай экан, 1 ё 2 метр масофада томчилар ерга тушиб кетади деган сохта хавфсизлик тушунчаси биз чамалаган ва кўзимиз билан бевосита кўрган далил-исботга асосланмаган", - дея қўшимча қилади у.

Демак, ниқоблар борасидаги маслаҳат ўзгарадими?

Профессор Буруйба ишонишича, баъзи шароитларда, масалан ҳавоси алмашмайдиган хоналарда ниқоб тақиш вирус юқтириш хавфини камайтиради.

Масалан, вирусни юқтирган одам билан юзма-юз келганингизда, ниқоб уларнинг нафаси йўналишини ўзгартириши ёки вирусни сизнинг оғзингиз яқинидан қайтариб юбориши мумкин.

"Чидамсиз ё нозик, зич бўлмаган ниқоблар филтрлаш хусусиятига эга эмас, ва ҳавонинг митти заррачаларини ютишингизни тўхтата олмайди. Лекин катта тезликда сизга йўналтирилган газ булутини четга буриб юбориш хусусиятига эга", - дейди у.

ЖССТ маслаҳатчилари қандай фикрда?

Профессор Ҳейманнинг айтишича, МИТ ва бошқа институтлар олимларининг илмий ишлари кўриб чиқилади, чунки улар йўтал ва аксириқ аввал ўйланганидан узоқроқ масофага сафар қилишига ишора қиляпти.

Унга кўра, агар бу хулосалар исботланса, ниқоб ўзаро масофа сақлашдек ёки ундан ҳам самаралироқ чора эканини билдиради.

Айни дамда, унинг огоҳлантиришича, ниқоблар тўғри тарзда тақилиши керак ва бурун усти қисиб туриши керак. Агар улар намланиб қолса, ҳаво заррачалари улар орқали ўтиши мумкин. Уларни ечганда эса қўллар ифлосланмаслиги учун эҳтиёт бўлиш ечиш керак.

Британияда ниқоб таққанлар кам, чунки у фақат клиника шароитларида тавсия қилинади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Британияда ниқоб таққанлар кам, чунки у фақат клиника шароитларида тавсия қилинади

Унга кўра, ниқобларни таққач, мунтазамликни сақлаш керак.

"Уни таққач, сигарет чекиш ёки овқат ейиш учун ечиб қўйиш нотўғри. У ҳар доим тақилиб туриши керак", - дейди у.

Юқумли хавфлар бўйича стратегик ва техник маслаҳатчилар гуруҳи дея номланган ҳайъат келгуси бир неча кун ичида виртуал йиғилиши кутилади.

Давлатлар шундоқ ҳам ниқоб бўйича тавсияларини ўзгартирмаяптими?

Англия Соғлиқни сақлаш вазирлиги воизига кўра, клиника шароитларидан ташқарида ниқобларни тақишнинг самараси борлигига кўп далил-исбот йўқ.

Аммо, Осиёда ниқоблар анчадан бери оммавий тус олган.

Ҳозирда АҚШ Касалликларни назорат қилиш марказлари ҳам ниқобларни оммавийлаштириш масаласини кўриб чиқишмоқда.

Австрияда полиция ходимлари ниқоб тақишмоқда ва улар билан мулоқот қилган ҳар қандай шахс ҳам ниқоб тақиши керак. У ердаги супермаркетлар ҳам харидорлардан буни талаб қилмоқда.

Европада бир вақтлар кам кўзга ташланган ниқоблар борган сари кенг тарқалмоқда, ва энди ЖССТнинг янги тавсияси уларни янада оммавийлаштириши мумкин.

Янгиликлар

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek