Коронавирус, дунё: Одамлар нега касалхона буюмларини ўмармоқда? - Koronavirus

Коронавирус

Сурат манбаси, VICTOR DE JESUS

Сурат тагсўзи, Англиялик шифокор Жон Райт пандемия давомида тутган кундалигида ўзи гувоҳ бўлганларни батафсил ёзиб бормоқда

Коронавирус пандемияси «жанг майдони»да фаолият юритаётган тиббий ходимлар учун аллақачон турли қийинчиликларни олиб келган: тиббий буюмлар етишмаяпти, шифокорлар ва ҳамширалар касалликни юқтириб олмоқда, ҳаттоки, ўғрилар касалхоналарни тунаб кетишмоқда.

Англиялик шифокор Жон Райт пандемия давомида тутган кундалигида ўзи гувоҳ бўлганларни батафсил ёзиб бормоқда.

Буюк Британияда карантин чораларининг кучайтирилиши ортидан Жон эпидемияга тайёрлашда иштирок этган касалхонада ҳам назорат кучайтирилган.

Коронавируснинг тарқалиши олдини олиш мақсадида касалхонанинг 10 гектарга тенг ҳудуди бўйлаб ёйилиб кетган ўн саккиз жойи беркитилиб, фақат бир дарвоза очиқ қолдирилган.

Касалхона ходимларига киришдан олдин ўз рухсатномасини кўрсатиш мажбурий қилиб қўйилган, беморлар яқинларининг ичкарига кириши тақиқланган.

Ягона кириш қисмида оломон тўпланиб турган кунларнинг бирида шифокор кийимидаги бир эркак дарвозага яқинлашади. У бўйнига, ҳатто, стетоскоп илиб олган эди.

Соқчи ундан рухсатномасини кўрсатишни талаб қилганда, «шифокор» орқа-кетига қарамай, қочишга тушади.

Пандемия бошлангандан бери шифокорлар халати, ниқоблар, ҳимоя кийимлари ва антисептик гелларни ўғирлаш ҳолатлари кузатилган. Жон ишлайдиган касалхонага кирмоқчи бўлган эркакнинг нияти ҳам ҳимоя воситалари ёки дорилар ўғирлаш бўлган бўлса, ажаб эмас.

Коронавирус

Сурат манбаси, JOHN WRIGHT

Ушбу касалхона бошлиғи Мел Пикап эпидемия туфайли кўчалардаги «қора бозор»да тақчиллик бошланганини айтади.

«Агар гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган бўлсангиз ва уларни ортиқ кўчадан топа олмасангиз, дори излаб қаерга борган бўлар эдингиз?» деган саволни ўртага ташлайди у.

Кундаликдаги битиклар

Профессор Жон Райт эпидемиолог бўлиб ишлайди ва Саломатлик Тадқиқотлари Бредфорд Институтига раҳбарлик қилади. У замонавий дунёда юз берган барча эпидемиялар, жумладан, вабо, ОИТС ва эбола беморларини кўздан кечирган.

Бир неча ҳафта давомида Жон ўзи ишлаётган Бредфорд касалхонасида коронавирусга қарши кураш қандай кетаётгани тўғрисида хабар бериб боради.

Жон Райт:

Бизнинг Бредфорд шаҳримизда ҳам Италиядаги вазият такрорланишини яхши биламиз. Италияда турли авлод вакилларининг бир том остида яшаши одатий ҳолат. Бизнинг шаҳар аҳолисининг учдан бир қисмидан камроғини ташкил этувчи покистонликлар орасида ҳам ана шундай манзарага гувоҳ бўлиш мумкин.

Бундан ташқари Бредфордда камбағал яшайдиган мавзелар бор ва айрим одамлар чекиш туфайли ўткир ўпка касалликларини орттириб олган.

Биз тўфон яқинлашаётгандан хабардормиз.

Айни вақтда касалхонамиз жонлантириш бўлимида 16 жой мавжуд. Бу вазият сокин пайтларда етарли ҳисобланади, аммо эпидемия авжига чиқса, биз 500 инсонга шошилинч ёрдам кўрсатишга тайёр бўлишимиз керак.

Жонлантириш бўлимини эпидемия учун тайёрлашда бош бўлган доктор Дебби Ҳорнернинг айтишича, аввалига одам шокка тушади, кейин тан олишдан бош тортади ва, алал-оқибат, ҳақиқатни қабул қилишдан ўзга чора топа олмайди.

Биз шахсий ҳимоя воситалари захирасини кўпайтиришга ҳаракат қилайпмиз.

Жарроҳлик ниқобларимиз етарли, лекин шахсий ҳимоя ниқоблари ва кўзойнаклар захираси камаймоқда.

Шифокорларимиздан бири бозорга бориб, саноатда қўлланиладиган ниқобларни сотиб олди ва ўзининг 3Д принтерини ишга солиб, ниқобларга тиббий фильтрларни ўрнатиш йўлини топди.

Доктор Майкл Макко эса бу вақтда ниқобларни қайта ишлатишга яроқлилигини таъминлаш йўлида уларни стерилизация қилиш йўлларини излай бошлади.

Маҳаллий жин ишлаб чиқарувчилардан бири ёрдамга келиб, ниқобларни 96 фоизли жин билан зарарсизлантириш мумкинлигини айтди ва соғлиқни сақлаш учун бизга алкоголь етказиб бера бошлади.

Коронавирус

Сурат манбаси, JOHN WRIGHT

Бироқ ўтган ҳафтада Дебби Ҳорнер ва Майкл Макконинг иккови ҳам ўзини изоляция қилишга мажбур бўлди.

Дебби 20 март куни менга қўнғироқ қилиб, ўзида касалликнинг енгил кўринишдаги аломатлари юзага чиққанини маълум қилди. Бу пайтда биз ходимларни тест қилиш ишларини ҳали бошламаган эдик. 21 март куни Деббидан тест учун намуналар олдик.

23 март куни микробиологимиз сим қоқиб, тест натижаларидан бизни бохабар қилди: позитив.

Эртаси куни доктор Сем Хон ўзини нохуш ҳис қила бошлади. Кейинроқ доктор Макко бирга ишлайдиган ҳамкасбларидан бири касал бўлиб қолгани учун ўзини изоляция қилишга мажбур бўлди.

Ниҳоят, шунча пайтдан бери биз бир-биримизга касалликни юқтириб келаётганимизни англаб етдик.

Агар «жанг» энди бошланаётган бир пайтда касалхонамизнинг энг муҳим ходимларини қўлдан бой берсак, ҳаммаси аянчли якун топиши мумкин.

BBC