«Крокус Сити Холл»га ҳужумни амалга оширган тўрт нафар шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Мухбирлар бўлими
- Role, Би-би-си рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий судида «Крокус Сити Холл»га ҳужум иши бўйича айбланувчиларга ҳукмлар эълон қилинди. Бу ҳужумда камида 147 киши ҳалок бўлган. 15 нафар айбланувчи умрбод қамоқ жазосига, яна тўрт киши 19 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
Суд, шунингдек, тергов баҳолашига қўшилиб, ҳужумнинг тўғридан тўғри иштирокчилари: Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов «Исломий давлат - Хуросон» гуруҳи аъзолари бўлганини тан олди*.
Ёпиқ суд
Терроризм бўйича бу иш юзасидан суд жараёни олти ярим ой давом этди. Шу вақт ичида россияликлар тарафларнинг кўрсатмаларини эшитиш, экспертизалар ёки ҳужжатларни кўриш имконига эга бўлмади. Маҳкама мажлислари ёпиқ тартибда ўтказилди. Шу сабабли матбуотда фақат жабрланувчилар адвокатларининг изоҳлари ва терговнинг расмий баёнотлари чиқиб турди.
Ҳозиргача концерт залига қилинган ҳужум қурбонларининг аниқ сони маълум эмас. Давлат айбловчилари судда 147 киши ҳалок бўлганини айтган, Тергов қўмитаси эса 149 киши деб маълум қилган. Кейинги пайтларда айрим ОАВларда 150 киши вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўтган йил сентябрида «Крокус»даги отишма пайтида орқасидан жароҳат олган ва узоқ даволанган мусиқа продюсери Дмитрий Сараев ҳам вафот этган.
2024-йил 22-март куни воқеалар қуйидагича ривожланган: томошабинлар (жами олти мингдан ортиқ чипта сотилган) «Пикник» гуруҳи концертига тўпланаётган эди. Соат тахминан саккизларда ҳукм қилинган тўрт киши автомашинада «Крокус Экспо» кўргазма маркази павилонига келган, бинога кириб, кириш жойидаги қўриқчилар ва одамларга ўқ узган. Кейин улар концерт залига кириб, томошабинларга қарата ўқ очган ва ўриндиқларга ўт қўйган.
Бутун ҳужум 18 дақиқа давом этган: соат 20:15 да ҳужумчилар жиноят жойини тарк этган, шундан кейин ёнғин бинога тез тарқалган. Қурбонлар сонига кўра бу ҳужум Россиянинг янги тарихидаги энг қонли ҳужумлардан бири бўлиб, фақат 2004-йилдаги Беслан терактидан кейинги ўринда туради.
Суд Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзовни террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарлик кўриш, қурол-яроғни ноқонуний айланмаси, террорчи ташкилот фаолиятида иштирок этиш ва теракт содир этишда айбдор деб топди.
Шу билан бирга, уларнинг таржимаи ҳолларида радикаллашувнинг аниқ белгиларини кўриш қийин: каттароқ уч нафари оиласи ва иши бўлган (таксида, заводда ва қурилишда ишлаган), энг ёши Файзов эса Иваново вилоятида сартарош бўлиб ишлаган ва Тожикистондаги оиласига пул юбориб турган.

Сурат манбаси, Getty Images
Жиноий шериклар
Суд тергов томонидан жиноий шерик деб ҳисобланган яна 15 кишининг айбини ҳам тасдиқлади. Айблов томони талаб қилганидек, уларнинг 11 нафарига умрбод қамоқ, яна тўрт нафарига 19 йилдан 22 йилгача жазо тайинланди.
Айблов хулосасида айбланувчилар бир нечта гуруҳга бўлинган. Ингушетиялик икки киши ўқ отмас қуролни жанговар қуролга айлантиришда айбланган. Яна беш киши ҳужумчиларга автомат ва ўқ-дориларни етказиб беришда айбланган (улар ҳужумдан кўп ўтмай Доғистонда қўлга олинган). Тўрт киши молиявий таъминот, жумладан ижара хонадони учун пул ўтказмаларини амалга оширишда айбланган. Терговга кўра, айрим шахслар алоқа ва пул ўтказмаларини (жумладан криптовалютани рублга айлантиришни) таъминлаган.
Бу гуруҳдаги айрим айбланувчилар айбни қисман тан олган.
Sud hujumning to‘g‘ridan to‘g‘ri to‘rtta ishtirokchisini «Islomiy davlat - Xuroson» guruhi a’zolari bo‘lganini tan oldi
Ушбу ўн беш киши орасида, терговга кўра, хонадон нима мақсадда ижарага олинаётганини тушунган уй эгаси ҳам бор. Шунингдек, ҳужумдан бир неча кун олдин «Крокус»дан қочишда ишлатилган «Рено» автомобилини сотган оила ҳам бор: улар машинани телевизордан таниб, ўзлари полицияга мурожаат қилган, аммо кейин учаласи ҳам ёрдамчиликда айбланган. Ҳукм чиқишидан олдин ҳам барча айбланувчилар террорчилар рўйхатига киритилган эди.
«Крокус»га ҳужум учун жавобгарликни дарҳол «Исломий давлат - Хуросон» гуруҳи ўз зиммасига олган: ИД* билан боғлиқ Амақ агентлиги бу ҳужумни «кофирларга қарши қасос амали» деб атаган.
«Исломий давлат - Хуросон» учун бу Россия ҳудудидаги биринчи ҳужум бўлган, аммо аввал ҳам унинг жангарилари хорижда Россия объектларига ҳужум қилган. 2022-йилда Кобулдаги Россия элчихонасига ҳужум қилинган.
«Исломий давлати» идеологлари Владимир Путинни «ислом душмани» сифатида кўрсатиб келган. Улар СССРнинг Афғонистондаги урушидаги иштироки, икки чечен уруши, Россиянинг Сурия ва Ғарбий Африкада ИДга қарши операцияларини сабаб сифатида келтирган.
Москва ва «Толибон» ўртасидаги алоқалар ҳам ИД тарафдорларини асабийлаштирган, чунки улар «Толибон»ни ўзларининг асосий душманларидан бири деб ҳисоблайди.
Наркотиклар ҳақидаги версия
Суд ёпиқ тартибда ўтган бўлса-да, айрим маълумотлар журналистларга етказилган. Масалан, судда Шамсидин Фаридунини шахсан билган махфий гувоҳнинг кўрсатмалари ўқиб эшиттирилган.
Гувоҳнинг айтишича, Фаридуни унга Туркиядан бир «куратор» боғланганини ва у Қирғизистонлик Алишер Касимовнинг алоқаларини берганини айтган. Касимов Москва вилоятида хонадон ижарага беришга ёрдам бериши керак бўлган, ҳужумчилар шу ерда яшаган.
Фаридуни судда айбини тан олган, аммо ўз ҳаракатларини тўлиқ англамаганини айтган.
Январда ТАСС агентлиги иш материалларига таяниб, Фаридуни ҳужум олдидан бошқа ижрочиларнинг ичимлигига яширинча наркотик қўшгани, шу орқали уларни назорат қилмоқчи бўлгани ҳақида хабар берган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
«Нима учун Фаридунининг қонида наркотик топилмаган? Чунки айнан у бошқа уч кишининг сув шишаларига мефедрон қўшган ва уларга ичишни айтган», деган судда қатнашган манба.
Бу маълумотлар судда расман исботлангани ёки йўқлиги ҳақида расмий баёнот берилмаган.
Шунингдек, «Украина изи» ҳақидаги версия ҳам баҳсли бўлиб қолмоқда. 2025-йил мартгача бу версия процессуал ҳужжатларда бўлмаган ва фақат амалдорлар баёнотларида тилга олинган. Кейинчалик у иш материалларига расман киритилган.
ОАВ маълумотига кўра, ҳужумчилар «Украинанинг юқори раҳбарияти манфаатлари учун» ҳаракат қилгани ва ИД гуруҳи гўёки украин махсус хизматлари билан мувофиқлаштирилгани айтилган. Украина ва Ғарб давлатлари бу айбловларни рад этган.
Бу айбловларга ҳатто ИД ҳам жавоб қайтарган: жангарилар Россия Ғарб ва Украинани айблаш орқали «Исломий давлат» зарбасини олдини олишга қодир эмаслигини тан олди, деб баёнот берган.
Иш материалларида эҳтимолий ижрочилардан бири сўроқда шундай дегани ҳам келтирилган: «Мен бизни бошқа бир давлат - Украина манфаати учун ишлатишаётганини тушундим. Унинг мусулмон дунёсига алоқаси йўқ, у Россия ҳудудида ўз вазифаларини бошқалар қўли билан ҳал қилмоқчи».
Ҳуқуқ ҳимоячилари бу кўрсатмаларга шубҳа билан қарамоқда: қўлга олинганлар судга биринчи марта олиб келинганда уларда оғир жароҳатлар бўлган, бу эса уларга нисбатан зўравонлик қўлланган бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Аммо бу ҳолат юзасидан ҳеч қандай расмий тергов бошланмаган.
* «Исломий давлат» ва унинг гуруҳлари Россия ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган.






























