Коронавирус нархи: Ўзбекистон ярим миллиарддан кўп қарз олди, кимга ёки нимага? - O'zbekiston

Сурат манбаси, Social Media
Халқаро Валюта Жамғармаси Ижроия кенгаши душанба кунги мажлисида Ўзбекистонга коронавирус оқибатларига қарши кураш учун 375 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тезкор кредитни маъқуллаган.
Жамғарма баёнотида айтилишича, ушбу маблағлар Ўзбекистонга COVID-19 инқирози боис ортган молиявий ҳамда тўлов балансини мувозанатлашда ёрдам беради.
ХВЖга кўра, инқироз Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатган. Жорий йилда иқтисодий ўсиш суръати 1,5 фоизга тушиши кутилади.
Даромадларнинг пасайиши ва инқироз билан боғлиқ соғлиқни сақлаш соҳаси ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча харажатлар бюджет дефицитини ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 4 фоизи миқдорида оширади.
Халқаро молия ташкилотининг таъкидлашича, ХВЖ ҳамда бошқа донорларнинг маблағлари коронавирус оқибатларидан келиб чиқадиган молиявий эҳтиёжлар, жумладан, аҳоли ва тадбиркорларга бериладиган кўмакни қоплашга ёрдам беради.
Ташкилот ўз баёнотида Ўзбекистон ҳукумати ушбу маблағларнинг ишлатилишида ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлаши ва кучайтиришини ҳам айтган.
Ташқаридан ёрдам
Бу Ўзбекистонга охирги бир ой мобайнида халқаро молия институтлари томонидан ажратилаётган иккинчи йирик кредитдир.
Шу ой бошида Жаҳон Банки коронавирус оқибатларига қарши кураш учун Ўзбекистонга 200 миллион доллар маблағ ажратгани маълум қилинганди.

Сурат манбаси, Official
"Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган самарали иқтисодий-ижтимоий сиёсатни эътироф этиш ва қўллаб-қувватлаш сифатида бугун Жаҳон банкининг директорлар кенгаши Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратишни маъқуллади.Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга, шунингдек иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади", - деб ёзган Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ўзининг Твиттер саҳифасида.
Ўтган ой бошида Жаҳон банки Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш тизими ҳамда бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд доллар миқдорида тезкор кредит ажратиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилганди.
Ўзбекистон ҳукумати шу йил мартида 10 триллион сўм ёки тақрибан 1 миллиард долларлик Инқироз жамғармаси ташкил этиш ҳақидаги қарорни маъқуллаганди.
Президент фармонида жамғарма маблағлари давлат бюджети ва халқар молия ташкилотларининг маблағларидан шакллантирилиши айтилган.
Ўтган ой Молия вазирлиги жамғарма маблағлари юзасидан дастлабки ҳисоботини тақдим этган.
Ҳисоботда 15 апрель ҳолатига жамғармаси ҳисобига 1,596 трлн сўм (157,7 млн доллар) келиб тушган бўлса, жамғарма харажатлари 756 млрд сўмга (74,7 млн доллар) ни ташкил этгани айтилган.
Маблағларнинг катта қисми шифохона ва карантин учун махсус муассасаларни қуришга йўналтирилган.
Ҳукумат ҳозирга қадар пандемия шароитида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чораларни эълон қилган. Уларда, асосан, тадбиркорлик субъектларига солиқ танаффуслари тақдим этилган ва кредитларни қайтариш муддатлари чўзиб берилганди.
Уларнинг энг сўнггиси душанба куни имзоланган президент фармони бўлиб, унга мувофиқ, 2020 йил 1 июндан 1 сентябргача кичик тадбиркорлик субъектлари ва бошқа бир қатор юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этилади.
Пул бор, ёрдам йўқ
Ўзбекистон ҳукуматининг бюджет ва молия учун масъул мулозимлари аввалига аҳолига пул тарқатиш ғоясини қўллаб-қувватлашган, аммо кейинроқ Президент Шавкат Мирзиёев бу коррупцияга олиб келишини айтган эди.
"Маблағ ва заҳираларимиз етади, бундан ҳамманинг кўнгли тўқ бўлсин", деган Президент, аммо айни пайтда аҳолининг камбағал қатламларига давлат бюджетидан тўғридан-тўғри ёрдам ажратишдан бош тортган.
Ўрнига, президент ташаббуси билан "Саҳоват ва кўмак" умумхалқ ҳаракати ташкил этилиб, моддий ёрдам маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юкланган.
Президент аҳолига кўрсатиладиган ёрдам эвазига тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берган.
Аммо айни пайтда Би-би-си жойларда тадбиркорлар ва бюджет ташкилотлари ходимларининг "Саҳоват ва кўмак" жамғармасига пул ўтказишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар олган ва ҳозирда бу хабарларни текширмоқда.
Аниқ режа борми?
Коронавирус пандемияси боис иқтисод фаолиятниннг кескин пасайиши ва аҳолининг шундоқ ҳам унча кўп бўлмаган даромадларининг кескин тушиб кетиши манзарасида Ўзбекистон Марказий банкининг асосан инфляцияни жиловлаш билан машғул бўлиб қолаётгани мустақил иқтисодчиларнинг танқидларига сабаб бўлган.

Сурат манбаси, Social Media
Улар пандемия шароитида Марказбанкни асосий эътиборни иқтисодни жонлантиришга қаратишга чақирганлар.
Мустақил иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг Фэйсбук саҳифасида ёзишича, ҳозирга қадар Молия вазирлиги томонидан аҳоли ва тадбиркорлик тузилмаларига ҳеч қандай пул ажратилмаган.
"Карантин вақтида кўпгина бизнеслар касод бўлди ва ҳозирда ҳеч қурса, айланма маблағларни қайта тиклаш учун уларга нақд пул керак. Умуман, иқтисодга нақд пул керак, ҳамма соҳаларни жонлантириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган ҳамма нарсага барқарор талабни шакллантириш ва дастаклаш учун пул керак", деб ёзган иқтисодчи.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодиётни миқдорий стимуллаштиришга қаратилган аниқ режаси йўқ.
"Биз фақат алоҳида соҳаларни жонлантиришга қаратилган баъзи қадамларни кўряпмиз. Уларни иқтисодиётни жонлантиришга қаратилган ягона давлат давлат дастури деб бўлмайди. Аввал шундай бир дастурни ишлаб чиқиш, кейин эса ана шу дастур учун пул излаш керак".
Абдулла Абдуқодиров ташқаридан қарз олишнинг қанчалик мақсадга мувофиқлигини ҳам савол остига олади.
"Қарзга олинган пулларни фоизлари билан ва ўзгарган курс бўйича қайтариш керак. Яъни қайтарилаётган вақтда пулларнинг қиймати ҳозиргидан каттароқ бўлади".
Иқтисодчига кўра, Ўзбекистоннинг ички бозорида доллар эмас, балки сўмга эҳтиёж бор ва шунинг учун ҳам қарзларни ташқаридан эмас, балки Ўзбекистон Марказий Банкининг ўз заҳираларидан, миллий валютада олган маъқулроқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













