Коронавирус, Ўзбекистон: Нега ҳукумат аҳолига пулни шундай тарқатолмайди? - O'zbekiston

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, Official

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида ойлик маош ва даромадларидан маҳрум бўлган аҳолига пул тарқатиш ҳақидаги чақириқ ва таклифларни рад этган.

Президентнинг 20 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида айтишича, халққа пул тарқатиш "осон йўл, аммо унинг оқибатларини башорат қилиб бўлмайди".

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Албатта, аҳолини рағбатлантириш учун пул тарқатиш осон йўл. Лекин эртага бунинг оқибати нимага олиб келишини ҳали бирон-бир иқтисодчи башорат қилолмаяпти. Бу борада коррупция иллати авж олиш эҳтимоли ҳам юқори", - деб айтган Мирзиёев.

Дунё бўйлаб кўпгина ҳукуматлар ва иқтисодчилар халққа пул тарқатиш коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига йўл очишидан хавотир билдиришган.

Турли ҳукуматлар бу борада турлича чораларни қўллаётгани кузатилади.

Айрим давлатлар, масалан, АҚШда аҳолига ёрдам зарур вақтида аввалига ёрдамни тарқатиб олиб, кейин бу каби ҳолатлар юзасидан чора кўришга қарор қилинган.

Тошкентлик иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, нақд пул бор жойда "коррупция ақлга биринчи келадиган нарса".

Ўзбекистонда бундай тажриба бўлмаган ва механизм ҳам йўқ", дейди у.

"Вертолётдан пул сочиш"

Мирзиёев аҳолига пул тарқатиш ғоясини рад этган ва унга муқобил чора излаётган биринчи раҳбар эмас.

Унинг қарори минтақа ҳукуматлари пандемия шароитида қабул қилган ва қилаётган қарорларга мос тушади.

Ўзбекистонинг икки йирик савдо ва иқтисодий шериклари бўлган Россия ва Қозоғистон ҳам пандемия шароитида иқтисодчилар тилида "вертолётдан пул сочиш" деб аталадиган аҳолига пул тарқатиш ғоясини рад этган.

Ушбу ибора биринчи марта 1969 йилда америкалик иқтисодчи Милтон Фридман томонидан ишлатилган бўлиб, Фридман бюджетдан аҳолига тўғридан-тўғри тўловлар амалга оширишни вертолётдан пул сочишга қиёслаган.

У "вертолётдан пул сочиш"ни фоиз ставкалари нолга тенг ёки манфий бўлганда, иқтисод эса рецессия кираётган пайти муқобил сифатида таклиф қилган.

Гулнора Каримова

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримовадан мусодара қилинган маблағларни халққа тарқатиш таклифи қўллаб-қувватланмоқда

Россия "Сбербанк"и раҳбари , ўтмишда Россия Бош вазирининг ўринбосари Герман Греф АҚШ ва Европа давлатларида бор молиявий манбалар Россияда йўқлиги, ҳукуматнинг аҳолига пул тарқатишга қурби етмаслигини айтган.

Грефнинг Rambler Group билан суҳбатда айтишича, Америка Қўшма Штатлари аҳолини ва иқтисодни қўллаб-қувватлашга ажратилган 3 триллион доллар қарзни қисқа вақт ичида дунё бўйлаб ҳисса бозорларида жойлаштириш ва уни ўз иқтисодига жалб қилиши мумкин, Россиянинг эса имкониятлари чекланган.

Аввалроқ Россия Марказий банки раиси Элмира Набиуллина ҳам аҳолига пул тарқатиш фикрига қарши чиққан, у бошқа иқтисодий механизмларни ишга солиш самаралироқ бўлишини айтганди.

Қозоғистон расмийлари эса аҳолига пул тарқатишдан "онгли равишда воз кечганликлари"ни айтишмоқда.

Қозоғистон ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Даурен Абаевнинг айтишича, пул тарқатиш ғояси аҳоли орасида ҳукуматнинг обрўсини оширишига шубҳа йўқ, аммо унинг таъсири "қисқа муддатли" бўлади.

Вазирнинг айтишича, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ишбилармонлик фаолиятини жрналнтириш а янги иш ўринларини яратиш вазифасини қўйган.

Қозоғистон коронавирус оқибатларига қарши кураш мақсадларига минтақада энг кўп 10 миллиард доллар ажратган.

"Пул бор, аммо..."

Ўзбекистон ҳукумати тутган йўл минтақадаги ҳамкорлар сиёсатига яқин бўлса ҳам, ёндашув ва унинг шаклланишида фарқлар борлигини кўриш мумкин.

Агар Россия расмийлари ва молиячилари бошидан пул йўқ деяётган бўлса, Ўзбекистон раҳбарияти пул борлигини таъкидлаган ва таъкидламоқда.

"Маблағ ва заҳираларимиз етади, бундан ҳамманинг кўнгли тўқ бўлсин", деган Президент Мирзиёев ҳукумат йиғинида.

Бундан ташқари, минтақадаги ҳамкорлардан фарқли, Ўзбекистон аҳолига пул тарқатмаслик фикрига бирдан келмаган.

Аксинча, мамлакат банк-молия соҳаси раҳбарлари ҳали ўтган ҳафтада ҳам аҳолига пул тарқатиш ғоясини қўллаб-қувватлашаётганди.

Раҳбарлардан биронтаси бу ғояни қатъиян рад этмаган. Англашилишича, ҳукуматда бу борадаги таклифлар карантин жорий қилинган кундан бошлаб, яъни 15 мартдан эътиборан муҳокамада бўлган.

17 апрель куни Youtube порталидаги «Ҳошимов иқтисодиёти» каналида эълон қилинган интервьюда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда молия вазири Тимур Ишметовлар бу ғояни қўллаб-қувватлашган.

'Вирус юқиши мумкин'

"Бу ҳақида март ойининг ўрталарида ҳам ўйлаб кўрганмиз. Турли вариантларни кўриб чиққанмиз... Иқтисодчи сифатида сизга жавоб берадиган бўлсам, бу таклифга ижобий қарайман. Фақат бу ерда бир мураккаб савол ўртага чиқади: қандай қилиб ва кимга? Пандемия эмас, бошқача ҳолат бўлганида эди, нақд пулни уйма-уй юриб тарқатсак. Лекин бошқа мамлакатлар тажрибаси кўрсатмоқдаки, қоғоз пулнинг ўзи ҳам вирус ташувчи экан. Биз буни бироз кеч тушуниб қолдик.

Хуллас, кимга ва қандай қилиб тарқатиш мумкин, деган масала бор.

Албатта, бу биринчидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, талабни кенгайтириш бўлса, иккинчидан, маълум бир чекланган миқдорда пулни тарқатиш талабни жудаям яхши рағбатлантиради. Ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий ижобий томонлари бор", деб айтган бош вазири Жамшид Қўчқоров ва масаланинг "мураккаб томонлари"ни Молия вазири Тимур Ишметовга ҳавола қилган.

Ўз навбатида Ишметов ҳам аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатишни "тўлиқ қўллаб-қувватлаши"ни айтган.

"Ҳаттоки 15 мартда илк йиғилиш бўлганида ҳам бу масала ўртага ташланган. Лекин ўшанда бу саволга аниқ жавоб бера олмаганман, чунки ўша пайтда иқтисодиётни қанча муддатга тўхтатиб қўйишимиздан бехабар бўлганман.

Мана, орадан бир ой вақт ўтди, ҳаракатларни чекловчи кўплаб қарорлар қабул қилинган, ҳозир тушуниб етдикки, аҳвол қанчалик жиддий.

Масалага администрация нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, шак-шубҳасиз, одамларнинг банк ҳисоб рақамига ёки пластик рақами балансига маблағ тушириб бериш йўли билангина амалга оширилади. Пул тарқатишда оила тамойили бўйича ёндашиш керак. Яъни ҳар бир оилага, унинг аъзолари сонига қараб пул бериш керак", деб айтган Молия вазири Тимур Ишметов 17 апрель кунги суҳбатда.

Аммо орадан уч кун ўтиб, Президент Мирзиёев видеоселектор йиғилишида аҳолига ёрдамни бюджет эмас, балки тадбиркорлар зиммасига юкловчи янги "Саҳоват ва кўмак" умумхалқ ҳаракати тузиш ҳақидаги қарорини эълон қилди.

Би-би-сининг ҳукуматга яқин манбасининг айтишича, бу борадаги ниҳоий қарорга Президент Администрациясида вилоят ҳокимлари билан бўлган учрашувдан сўнг келинган.

Ёрдамнинг бу каби тус олишида Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг фикри ҳал қилувчи рол ўйнагани айтилмоқда.

Президент Мирзиёев ўз нутқида Андижон вилоятидаги аҳолининг ижтимоий ҳолатига доир қатор рақамларни келтирган.

Ўзбекистон ҳукумати коронавируснинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларига қарши кураш мақсадларига 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратган.

Бу маблағлар асосан халқаро молия ташкилотларининг кредитларидир.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, жумладан, Халқаро валюта жамғармасидан 375 млн доллар, Жаҳон банкидан 750 млн доллар, Осиё банкидан эса 500 млн доллар олиш бўйича келишувларга эришилган.

Саҳоват

Шу тариқа Президент Мирзиёев "Саҳоват ва кўмак" умумхалқ ҳаракати ташкил этиш ҳақидаги қарорни эълон қилган.

Унга мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш тадбиркорлар зиммасига юклатилади.

Бунинг эвазига давлат раҳбари тадбиркорларга имтиёзлар ваъда қилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюновнинг kun.uz нашрига айтишича, давлат раҳбари томонидан таклиф этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини бошлаш "тадбиркорларни саҳоватли бўлишга мажбурлаш эмас".

Халқнинг пуллари

Тошкентлик тадбиркор ва мустақил иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров маҳаллий ҳокимиятларнинг тадбикорларни саҳоват ва кўмакка мажбурлаши эҳтимолини истисно қилмайди.

Унинг Би-би-и билан суҳбатда айтишича, давлат сўнгги уч йилда кўплаб йирик корхоналарга солиқ, божхона ва бошқа имтиёзларни бериб келган ва ҳозирда ана шу корхоналарнинг "халқ маблағларини қайтариш вақти келган".

Айни пайтда иқтисодчи саҳоват ва кўмак билан масала ал бўлиб қолмаслиги ва яқин ҳафталарда барибир марказлашган маблағларга мурожаат қилишга мажбур бўлинишини айтади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда халққа тўғридан-тўғри ёрдам бермаслик хато бўлади.

BBC

Шунингдек, Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, ҳозирда кичик ва бизнесга фоизсиз кредитлар шаклидаги ёрдамларни ажратиш, уларнинг айланма маблағларини кўпайтириш муҳим.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида халққа пул тарқатиш ғояси машҳурлигини кузатиш мумкин.

Айрим муҳокамаоларда марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ҳисобларидаги расман 1 миллиард доллардан кўп маблағларни коронавирусдан азият чекаётган Ўзбекистон аҳолисига ёрдам мақсадларида фойдаланиш ҳам таклиф этилади.

Қайси давлатлар аҳолига пул тарқатмоқда?

  • АҚШ Сенати март ойи охирида 2 триллионлик инқирозга қарши дастурни маъқуллаган. Унга мувофиқ, ҳар бир вояга етган шахсга 1200 доллар ва болаларга 500 доллар миқдорида бир марталик тўловлар амалга оширилади. Бу пулларни йиллик даромади 75 минг доллардан кам бўлмаганларгина ола олади
  • Япония май ойида барча фуқароларга 100 минг йен (927 доллар) тўлаб беради
  • Сингапур ҳукумати 21 ёшдан катталарга 1600 сингапур доллари ёки 1100 АҚШ доллари миқдорида бир марталик ёрдам ажратган
  • Гонконг ҳукумати феврал ойидаёқ ҳар бир фуарога 1280 доллардан ёрдам ажратган
  • Каанада 4 ой мобайнида 1400 АҚШ доллари тўлайди
  • Испания укумати 500 евродан ёрдам ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда
BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek