Ўзбекистон Коронавирус инқирози даврида кўпроқ ташқи қарз олаётгани тўғрими? O'zbekiston

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш ҳамда бюджетни қўллаб-қувватлаш мақсадида Осиё тараққиёт банкидан 1 миллиард доллар сўралди, Жаҳон банки 1,2 миллиард доллар қарз бериш масаласини кўриб чиқаётганини айтди, ҳамда Ислом тараққиёт банки 140 миллион доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молияни ваъда қилди.

Аввалроқ, 19 мартда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавируснинг иқтисодга салбий таъсирини юмшатиш бўйича фармон қабул қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳужжатга асосан, Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 триллион сўм қўйилади. Долларда бу таҳминан 1 миллиард доллар дегани.
Фармонда айтилишича, «Инқирозга қарши курашиш жамғармаси манбалари этиб Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилананади.»
Ўтган ҳафта Молия вазирлиги бу борада чиқарган илк ҳисоботида жамғарманинг шу кунгача қилинган ҳаражатлари бўйича батафсил маълумот берди. Шунингдек, вазирликка кўра, жамғармага бугунга қадар тушган маблағ - бир ярим триллион сўмдан ортиқроқ, ва бу пулнинг учдан икки қисми халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат ташкилотларининг қарз маблағлари бўлиб, қолган бир қисми давлат бюджети маблағларидир.
Жамғарма учун олинувчи қарзлар ҳақидаги расмий баёнотлар ортидан баъзи иқтисодчилар орасида инқироз даврида яна қарз олиш қанчалар тўғри чора экани, ҳамда нега пандемия фондига асосан давлат бюджети ва резервлари жалб қилинмаётгани борасида саволлар юзага келди.
Иқтисодчи Беҳзод Алимовга кўра, Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар учун қарз олиш бирор молиявий муаммони ҳал қилишнинг энг биринчи эмас, энг охирги чораси бўлиши керак.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳозирда 24,4 миллиард долларга тенг. Бу Ялпи Ички маҳсулотнинг 42 фоизи дегани.

Сурат манбаси, Screenshot/islamonline.uz
Иқтисодчи Жамшид Муслимов ҳам кўп кредит олиниши узоқ муддатда каттароқ муаммолар келтириб чиқаришидан хавотирда. Унинг айтишича, бундай фавқулодда вазиятда Ўзбекистоннинг «Швейцария банкларида 0 фоиз билан ётган» олтин-валюта резервлари ишлатилиши керак.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари икки ой аввал рекорд кўрсаткичга етгани хабар қилинди. Марказий Банкка кўра, Ўзбекистоннинг хорижий валюта захираси - 12,4 миллиард доллар, олтин захираси эса - 16,3 миллиард доллар. Бу захиралар тўсатдан юз берадиган шок ҳолатлари учун хавфсизлик ёстиқчаси сифатида сақланади. Аммо, нега бу захираларга тегилмаётгани расман изоҳланмаяпти.
Айни дамда иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, агар ҳукумат бу жамғарма учун ўз бюджетидаги пулларни сарфлайдиган бўлса, унинг юки алал-оқибат солиқ тўловчилар гарданига тушиши мумкин.
Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов 15 апрелда ўтган брифингда 10 триллион сўм фақат биринчи қадамлар учун экани ва агар жамғармага кўпроқ пул керак бўлса, яна кўпроқ қарз олинишига ишора қилди. «Охирги 3 йилда олиб борилаётган сиёсат эвазига хорижий мамлакатлардан, халқаро молиявий ташкилотлардан арзон қарз ресурсларини ҳам бемалол жалб қилишимиз мумкин» деди вазир. Жамшид Қўчқоров ҳам кредит ставкаларидан хавотирда эмас.
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистоннинг ўз пуллари ҳам истисно қилинмаётгани айтди. Ўтган чоршанба куни ўтган брифингда у «ички ресурсларимизнинг ҳам ишлатилиши эҳтимоли катта. Маълум бир ресурсларга эга ҳар қандай мамлакат бундай шароитда маблағни аяб ўтирмайди. Чунки бугунги кунда маблағни аяб ўтириш - инқирозни циклини чўзиб юбориш демакдир» деди.
Жамшид Муслимов эса ўша ички ресурслар ишлатилиши тарафдори, ва ставка паст экан дея қарз олинишига қарши. Унинг айтишича, қарз олиш ҳар қандай давлатни кучсизлантиради.
Қарзни олиш ё олмаслик борасида эхтирослар қизир экан, масаланинг яна бир жиҳати кўпларнинг диққат марказида. Коррупция… Ўзбекистон бу иллат бобида жаҳон индексларида яхши ўринларни эгалламаслиги кўпларга аён. Шундай экан, Муслимовга кўра, бу пуллар нақадар мақсадли бўлади деган савол ҳам туғилиши табиий.
Пандемия ҳатто энг тараққий топган давлатларни ҳам шошириб қўйди. Жаҳон Иқтисоди чуқур инқироз бўсағасида турар экан, халқаро молиявий бозорларга тобора маҳкамроқ уланаётган Ўзбекистон, қандай йўл тутиши кералиги борасидаги фикрлар бўлинганича қоляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












