Президент Мирзиёев: Карантин чораларини ақл ва илм билан юмшатиш йўлларини кўрамиз, Туркия коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан ўзиб кетди - янгиликлар Ўзбекистон, O'zbekiston

Сурат манбаси, President.uz
Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноатнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказган. Йиғилишда Рамазон ойи давомида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳам тилга олинган. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар берган.
Президент коронавирус аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича топшириқ берган.
Шавкат Мирзиёев аксарият вилоятлар ва туманларда корхоналарнинг ўз ишини тўхтатгани ёки тўлиқ қувват билан ишламаётгани, ўз навбатида, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилаётганини алоҳида тилга олган.
«Коронавирусдан кўп зарар кўрган қатор хорижий давлатлар иқтисодий ҳаёт тўхтаб қолмаслиги учун карантин чекловларини босқичма-босқич енгиллаштириб боряпти».
«Районларимиз бор - бир ой бўлди карантинга кирганимизга - лекин у районларимизда ҳеч қандай касал йўқ. Худога минг қатла шукур, дейишимиз керак. Шунинг учун ҳудудларда карантин чекловларини юмшатиш чораларини кўришимиз вақт-соати келди», таъкидлаган президент.
Бироқ президент карантиндан чиқиш «ақл ва илм» билан амалга оширилиши зарурлигини айтган.
Шунингдек, Мирзиёев қайси корхоналар фаолиятини қайта йўлга қўйиш мумкинлигини аниқлаш ҳамда у ерларда карантин талабларига амал қилинишини таъминлаш масъулиятини маҳаллий ҳокимлар гарданига юклаган.
«Одамларни боқишимиз керак»
Президент коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар одамларни оғир аҳволга солиб қўйганини ҳам тан олган.
«Биз одамларни ҳам боқишимиз керак. Жуда мураккаб пайтда яшаяпмиз. Ҳар бир кунимиз ғанимат. Одамларга ойликни етказиб бериш бўйича ҳамма чораларни кўришимиз керак», деган президент.
Шунингдек, у ишламаётган ва озиқ-овқатга муҳтож оилаларни аниқлаш ҳамда уларни озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш ишлари кўламини ошириш заруриятига урғу берган.
Мирзиёев пойтахт Тошкент ва вилоят марказларида йўлга қўйилган марказлаштирилган хайрия ишларини бир ҳафта муддат ичида туманлар ва шаҳарларга қадар кенгайтиришга кўрсатма берган.
Президент ўтган вақт давомидаги чекловлар вақтида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига етарлича кўмак берилмагани ва ишсиз қолган аҳолини иш билан таъминлаш лозимлигини ҳам гапириб ўтган.
«Мисол учун, Андижон вилоятида 240 минг кам таъминланган аҳоли мавжуд, лекин уларнинг фақат 49 минг нафарига ижтимоий нафақалар берилади. Қолганлари эса етарли даражада ижтимоий муҳофаза қилинмаган», деган у.
Президент халқни боқиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатда имконият ҳамда захиралар етарли эканига урғу берган.
Аммо Мирзиёев қийин аҳволда қолган одамларга моддий кўмак тарқатиш кутилмаган оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирган ва ялпи пул тарқатиш ишлари кенг коррупцияга сабаб бўлиши эҳтимолини тан олган.
«Албатта, рағбатлантириш учун пул тарқатиш осон йўл, лекин эртага бу нима оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳали бирор иқтисодчи башорат қила олмаяпти. Бу борада коррупция иллати авж олиши эҳтимоли ҳам юқори», таъкидлаган президент.
Бор умид тадбиркорларданми?
Шавкат Мирзиёев одамларни қийин вазиятдан сақлаб қолиш масъулияти маҳаллий тадбиркорлар елкасига тушиши мумкинлигига ишора қилган.
У ижтимоий муҳофазани таъминлаш йўлида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйишни таклиф қилган.
«Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ,» деган давлат раҳбари.
У Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлиши, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилишини маълум қилган.
«Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда 10 та, бошқаси 20 та оиланинг рўзғорига кўмаклашиши мумкин. Шунингдек, тадбиркорлар муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши ҳам мақсадга мувофиқ», деган президент Мирзиёев.
Ўз нутқининг давомида президент муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган тадбиркорларга давлат томонидан турли имтиёзлар берилишини таъкидлаган.
«Агар ёрдам берувчи инсон фермер бўлса, қишлоқ хўжалик техникасини лизинг ёки кредитга сотиб олса, тўлов муддатларини янада узайтирамиз. Ўғитлар ва ёқилғи сотиб олишда ҳам имтиёзлар берамиз».
«Бу жараён ҳеч қандай бюрократия ва тўсқинликларсиз жойларда сифатли ташкил этилиши шарт», қўшимча қилган Мирзиёев.

Расмий Коронавирус Инфо Телеграм каналининг хабар беришича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефонда суҳбатлашган.
"Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги, биринчи навбатда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилишга тайёргарликни йил якунига қадар якунлаш мақсадида ушбу ҳужжат лойиҳаси бўйича фаол музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Европа кенгаши Президенти Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган мислсиз қатъий чора-тадбирларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Шарль Мишель Европа Иттифоқи ушбу глобал хатарга қарши курашишда Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, мамлакатимизга ушбу мақсадлар учун молиявий-техник кўмак ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар қилди".
Туркия коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан ўзиб кетди

Сурат манбаси, Getty Images
Коронавирусга чалинганлар сони бўйича Ғарбий Европа ва АҚШ илғорлик қилмоқда, аммо айни пайтда Туркия вирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан ўзиб кетган.
Туркия соғлиқни сақлаш вазирига кўра, якшанба куни мамлакатда қарийб 87 минг кишининг вирусга чалингани аниқланган.
Бу Хитойдаги коронавирус ҳолатларидан кўп кўрсаткичдир.
Қурбонлар сони ҳам 2000 дан ортган.
Афғонистонда нима гап?
Афғонистон президент саройидаги ўнлаб мулозимлар ва ходимлар коронавирус юқтиришгани маълум бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
Аввалига 20 ҳолат ҳақида хабарлар чиққан, аммо якшанба куни New York Times нашри вирусга чалинган соли 40 нафарга етгани ҳақида ёзди.
Афғонистон ҳукумати бу хабарларни шарҳлагани йўқ.
Президент Ашраф Ғанийнинг вирусга чалинганига бирор бир хабар ишора қилмаган.
Британияда вирусдан соғайганларнинг қон зардобидан даво сифатида фойдаланилади

Сурат манбаси, PA
Буюк Британия коронавирусдан соғайиб чиққанларнинг қон зардобидан даво сифатида фойдаланишни синаб кўради.
Британия соғлиқни сақлаш тизими коронавирусдан соғайиб чиққанлардан қон топширишни сўрамоқда.
Британия тиббиёт мутахассислари синаб кўришни истаётган восита янгилик эмас.
Исроил, Хитой каби давлатларда бу усул синаб кўрилган.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳам айни усул билан даволашни йўлга қўйиш ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини оғир беморларга қуйиш бошланади.
Амалиётнинг илмий асоси шундайки, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади дейилади хабарда.
Европа давлатлари коронавирусга қарши ўрнатилган чекловларни юмшатишмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Бир неча Европа мамлакатлари коронавирусга қарши кураш йўлида ўрнатилган чекловларни бироз юмшатиш ҳаракатига тушишган.
Германияда кичик дўконлар қайта очилади.
Имтиҳонлар арафасида бўлган ўқувчилар учун мактаблар ҳам қисман дарсларни бошлаши кутилмоқда.
Ўтган ҳафта Берлин коронавирус тарқаши секинлашгани ҳақида эълон қилган, аммо барибир фуқароларни ҳушёрликни бой бермасликка чақирган эди.
Душанба куни Польшада парклар ўз эшикларини очади.
Норвегияда эса болалар боғчалари ишга тушади.
Чехияда эса очиқ бозорлар яна иш бошлайди.
Аммо Испания ва Франция чекловларни яна бир неча ҳафтага чўзишган.
Келаси ҳафтадан Испанияда биринчи бор болаларнинг ташқарига чиқишга рухсат берилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












