Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, минтақани нима кутмоқда - яна бир жиддий инқирозми? - O'zbekiston

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон ва Россия: Мигрантлар учун $7 миллион доллар беринг - глобал коронавирус пандемияси боис оғир аҳволда қолган мигрантлар тақдирига Халқаро Миграция Ташкилоти эътибор қаратди.

Халқаро ташкилот Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига зудлик билан ёрдам зарурлиги, акс ҳолда жиддий инқироз юз бериши мумкинлиги билан огоҳлантирди.

Сўз эса, миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳақида кетмоқда.

Россия ва минтақа давлатларидаги энг кўп мигрантларни айнан Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишади.

Уларнинг сони нафақат норасмий, балки расмий манбаларнинг ўзида бир неча миллионга нисбат берилади.

Халқаро Миграция Ташкилотига кўра, глобал коронавирус пандемияси ҳаммадан ҳам энг кўп айнан шу каби инсонларнинг тақдирида салбий акс этган.

Карантин чоралари боис, Марказий осиёлик мигрантларнинг деярли барчаси ўз ишларини йўқотишган. Даромадларидан айрилишган. Жамғармалари йўқ.

Ижтимоий ҳимояга кўз тикишга эса, ҳақсизлар.

Уларнинг ярмидан кўпроғи яшаб турган жойларида ижара ҳаққини тўлашга имконсиз. Ярмига яқини эса, ейиш-ичишдан қийналиб қолишган.

Бундан уларнинг ортда қолган оилалари ҳам жабр чекишган - асосий тирикчилик манбаларидан мосуво бўлишган.

"Миллионлаб одамлар зўрға амал-тақал қилишаяпти. Биз уларни дастаклашимиз мумкин. Аммо бунинг учун ҳозирнинг ўзида ишга киришиш лозим", - деб айтган Халқаро Миграция Ташкилоти.

Муаммо ва хавотирлар

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Халқаро ташкилотга кўра, ишсиз қолгач, мигрантларнинг кўпчилиги ортга қайтмоқчи бўлишган.

Аммо, чегаралар ёпиқлиги боис, ҳаммаси ҳам бунга муваффақ бўлмаган.

Уйларига етиб олганлари эса, у ерда ҳам иш топа олишмаган.

Бунга қўшимча яна одамларнинг айирмачиликлари билан ҳам тўқнаш келишган.

Халқаро Миграция Ташкилоти бу каби аҳволни ижтимоий тартибсизликларга етаклаши мумкин бўлган "жиддий инқироз"га қиёс берган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Аҳолисининг сони расман 34 миллион кишидан ортади.

Уларнинг аксарияти шундоқ ҳам мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик муаммоси анчайин долзарб чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келган миллиардлаб долларлик маблағлар Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий хавфсизлик камари вазифасини ўтаб берган - жамиятдаги ижтимоий портлашлар хавфини юмшатиб келган.

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган муҳим молиявий манбалардан бири сифатида кўрилган.

Халқаро Миграция Ташкилотининг огоҳлиги Ўзбекистон иқтисоди глобал коронавирус пандемияси қолиб, устма-уст табиий офатлар ва Сардобадаги техноген ҳалокат туфайли ҳам жиддий зиён чекиши мумкинлигига оид хавотир ва башоратлар манзарасида янграган.

Мигрантлар учун $7 миллион доллар беринг

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо халқаро ташкилот танг аҳволда қолган мигрантларга кўмак бермоқчи.

Асосий диққат-эътиборини Россия, Қозоғистон ва Туркиянинг ўзида ёки уйга қайтаман, деб аро йўлда қолган хотин-қиз ва болаларга қаратмоқчи.

Уларни вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш, болалари учун онлайн-таълимни ташкил этишда ёрдамлашмоқчи.

Коронавирусдан ҳимоя қилиш учун ҳам чора-тадбирлар кўрмоқчи.

Мигрантларнинг Ватанларига қайтиш, ишга жойлашиш ва ҳаётга мослашиб кетишларига ҳам кўмаклашмоқчи.

Ўзи сўраган, аммо ҳозирча қўлга киритишга муваффақ бўлмаган $7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни минтақа давлатлари ҳукуматлари ва ишсиз қолган мигрантларни дастаклаш учун харжламоқчи.

Маълум бўлишича, халқаро ташкилот яқинда сиртдан махсус инсонпарварлик лойиҳасини ҳам ишга туширган.

Мазкур лойиҳа Россия ва Ўзбекистон илова минтақанинг беш давлатига жорий йил якунига қадар худди шу масалаларда кўмак беришни кўзда тутади.

Куни-кеча глобал коронавирус пандемияси манзарасида четда қолаётган фуқаролари тақдирига шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратган.

Ўзбекистон раҳбари 7 май кунги видеоселектор йиғилиши чоғида бу масалага хосан тўхталиб ўтган.

Четда қийналиб қолган ўзбекистонликлар сонини қарийб 11 мингга қиёс берган ва биринчи навбатда уларни ортга қайтариш учун ҳамма чораларни кўраётганликларини айтган.

Уларнинг бугунги аҳволи ва тўқнаш келиб турган муаммоларидан бохабардек кўринган.

Президент Мирзиёев Россия, Туркия ва Дубайни хосан тилга олган.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон қатор чартер рейслари уюштирган, Россия илова дунёнинг қатор давлатларидан юзлаб фуқароларини келтиришга киришган.

Россия ҳукумати билан ўзбекистонлик мигрантлар тақдири юзасидан келишувга эришган, президент Путин глобал коронавирус пандемияси манзарасида уларга ҳам 15 июнгача патент ва регистрация илова қатор имтиёзлар беришга рози бўлган.

Шу кунларда ҳам Ўзбекистон ҳукумати ҳомийлар кўмагида Россиядаги меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларига моддий кўмак бериш ҳаракатида экани кўрилган.

Орада бу ишга Россиянинг ўзидаги фаоллар ҳам бош қўшишган, мигрантларга ҳар томонлама ёрдам беришга қаратилган махсус лойиҳаларга қўл уришган.

Уларнинг кўмаги фонида карантин чоралари остида коронавирусга чалинган ва чалинаётган мигрантлар тақдири алоҳида долзарблик ва аҳамият касб этган.

Уйга қайтиш илинжида Қозоғистон ва Россия чегараси яқинида аро йўлда қолган фуқаролари масаласи эса, ҳалича ўзининг ечимини топмаган.

Қозоғистон томони кеча, шанба куни уларни Ватанларига ўтказиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий мурожаати лозим эканини айтган.

Бугун якшанба ва Ўзбекистонда ҳам расман дам олиш куни, расмий Тошкент ҳозирча жим.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek