Россия, коронавирус: Москва ёпилди, рақамли пропуск ва вирусга чалинган мигрантларга ёрдам лойиҳаси

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Москва мэри Сергей Собянин қарорига кўра, 15 апрелдан Москва шаҳри ва вилоятида яшаб ишловчилар учун махсус рухсатнома - рақамли пропуск тизими жорий этилади.

15 апрелдан 30 апрелгача ҳар қандай транспорт туридан фойдаланишда рақамли пропускка эга бўлиш шарт.

Коронавирус янгиликлари

Россияда коронавирусга чалинган ўзбекистонликлар сони кўпаяётгани айтилмоқда. Бир гуруҳ кўнгиллилар уларга ёрдам штаби ташкил этиш ҳаракатида.

Шу мавзулар юзасидан Москвадаги юрист Зарнигор Омониллаева билан скайп орқали суҳбатлашдик.

- Аввал рақамли пропускка ўтилиш жараёни ҳақида гаплашсак. Бу кимларга тааллуқли?

- 15 апрелдан 30 апрелга қадар шаҳар ва вилоят ҳудудида ҳаракатланмоқчи бўлганларга тегишли бўлиб, метро, автобус, шахсий машина, такси ва хатто вилесипед каби ҳар қандай транспорт воситасидан фойдаланмоқчи бўлганлар рақамли пропускка эга бўлиши керак. Пропуск фақат пиёда юрганлар учун шарт эмас, аммо у яшаб турган жойи атрофидан 100 метргача узоқлашмаган бўлиши керак.

- Дастлабки бир неча соатнинг ичида 800 мингга яқин пропуск расмийлаштирилган. Мигрантлар бу имкониятдан қанчалик фойдалана олади?

- Москванинг ўзида 3 млн нафардан зиёд ишлайдиган қатлам ҳисобланган. Уларнинг мурожаати юкидан порталда техник носозликлар кузатилаяпти. Аммо оқим сал камайганида пропускни расмийлаштириш имкони бўлади. Mos.ru сайтидан ташқари, 7773 рақамига SMS юбориш орқали ва +74957777777 телефон рақами орқали ҳам махсус рухсатномани олиш мумкин.

⠀- Коронавирусга чалинган мигрантлар сони айтилмаяпти, аммо улар борлиги ҳақида хабарлар келиб тушаяпти. Сизга маълум маълумотларга асосланиб, улар хакида нима дея оласиз?

- Коронавирус ташхиси ёки бу касаллик белгилари билан шифохоналарга мурожаат қилувчи муҳожирлар сони бўйича алоҳида статистика юритилмаяпти (ёки юритилаётган бўлса ҳам маълум қилингани йўқ). Аммо ҳуқуқ фаолларига мигрантлардан айни мавзуда мурожаатлар бўлиб турибди. Кунлик мурожаатларнинг 10 фоизи вирус билан касалланишга алоқадор.

Афсуски, мигрантларнинг ҳуқуқлари Россия фуқароси каби бўлмагани учун уларга тиббий ёрдам кўрсатилишида ҳам муаммолар юзага келмоқда.

Касаллик аломатлари билан «Тез ёрдам» чақирилса, шамоллашга қарши дори-уколлар қилиниб, эртаси куни поликлиникага бориб вирусга тест топшириш тавсия қилинмоқда. Поликлиникага борган мигрантдан эса тиббий суғурта, миграция ҳисоби (регистрация), паспорт каби хужжатлар сўралаяпти.

Яқиндагина паспорти ёнида бўлмаган мигрант поликлиникада 39 дан ошиқ ҳарорат билан 2 соатдан ортиқ туриб қолган. Унга ёрдам бердик, аммо бу вақт ичида агар у вирусга чалинган бўлса қанча одамга юқтириши ёки чалинмаган бўлса ўша ерда қанча одамдан юқиши эҳтимоллари бор.

- Оммавий яшайдиган жойларда коронавирусга чалинганлар сони кўплиги айтилмоқда. Ҳатто вафот этганлар хам. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳозирча ўзбекистонликлар бўйича аниқ асосланган маълумотимиз йўқ, аммо тожикистонлик мигрантлар орасида вирусдан ўлим қайди тасдиқланди. Бу қаерлик бўлишидан қатъий назар, вирус таҳдиди муҳожирларга етиб келди, дегани. Муҳожирларнинг зараридан бутун жамият зарар кўради.

москва

- Коронавирусга чалинган мигрантларга ёрдам берувчи штаб ташкил этилаётгани ёздингиз. Айнан нималарда ёрдам кўрсатилади?

- Мигрантлар танг аҳволда: ишсиз, пулсиз, патентга тўлов, ижара пули, озиқ-овқат масаласи. Бунинг устида касалланиб қолса, даволаниши учун ҳам унга ёрдам керак. Ҳозирча уларга кўмаклашадиган ташкилот йўқ. Биз кўнгиллилар йиғилишиб, мигрантларга бор ресурсларимиздан фойдаланиб ёрдам беришни режалаяпмих. Бу ҳозирча лойиҳа, яқин вақт ичида ишга туширамиз дея умид қиламиз.

Душанба куни эълон қилинган маълумотларда, бир кеча кундузда Россияда 2500 дан зиёд коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳоллари қайд этилди. Бу касаллик юқтирилиши борасидаги энг юқори кўрсаткич. Душанба тонггидаги расмий маълумотларга кўра, Россияда жами вирус билан касалланганлар сони 18 мингдан ошиб кетган. Ўлимлар сони 148 тага етган.

Энг ҳавфли ҳолат Москва шаҳри ва вилоятига тўғри келмоқда.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek