Россия, мигрантлар: Қозоғистон эшикларини қия очди, гап Ўзбекистонда қолди Koronavirus

Россия Қозоғистон чегарасида қолган ўзбекистонликлар

Россия-Қозоғистон чегараси яқинида чодирларда қолаётган 600 га яқин ўзбекистонликлар уйга қайтиши мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга расмий мурожаат йўллаши лозим.

15 май куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакатда карантин даврида чекланган Қозоғистон давлат чегарасидан ўтиш тартиблари ўзгартирилганини хабар қилди.

BBC

Сурат манбаси, Social Media

Чет эл фуқароларининг Қозоғистон ҳудуди орқали транзити келишувга асосан ҳал этилади. Бунинг учун хорижий дипломатлар Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ўз фуқароларининг манфаати борасиги расмий мурожаат йўллашлари лозим, - дейилади Қозоғистон Миллий ҳавфсизлик қўмитасининг ҳужжатида.

Шунингдек, ҳужжатда Қозоғистоннинг бир қатор вазирликлари билан «хорижий дипломатик хизматларнинг Қозоғистон Республикаси орқали ўз фуқаролиги мамлакатига транзит қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ва имконияти тўғрисида расмий мурожаатлари билан келишиб олишга рухсат берилиши» ҳақида билдирилган.

Қозоғистонда 16 мартдан 11 майга қадар Фавқулодда ҳолат тартиби белгиланган эди.

BBC

Сурат манбаси, Social Media

Эндиликда мазкур қўмита хорижликларнинг рўйхатда белгиланган вакиллари Қозоғистонга қайтиши мумкинлигига оид ҳужжатни ва Қозоғистонга киришига рухсат этилган тоифалар рўйхатини эълон қилди.

Маълумки, Россия-Қозоғистон чегарасида ватанига қайтиш мақсадида йўлга чиққан 600 га яқин ўзбекистонликлар бир неча кундирки, расмийларнинг жавобини кутишмоқда.

Оренбург вилояти ҳокимияти маъмурияти кўчада қолиб кетган юзлаб ўзбекистонликлар учун чодирлар тиклангани ва улар 3 маҳал овқат, дори-дармон ва зарур эҳтиёж буюмлари билан таъминланаётганини маълум қилди. Шунингдек, чегара олдидаги мигрантлар учун шифокорлар ва полиция ходимлари куну тун навбатчилик асосида хизмат қилишаётгани билдирилди.

BBC

Сурат манбаси, Social Media

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари ўзбекистонлик муҳожирлар вақтинча «яшаётган» ҳудудга бориб, муҳожирларга бу масала ҳукуматлар даражасида ҳал этилгунга қадар кутишларини айтишган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида чегара олдида қолаётган ўзбекистонликларни тинчлик сақлаб, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилишга чақирган.

ТИВ Оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасидаги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборганини билдирган.

Қозоғистон томони карантин шароитида хорижликларнинг транзити учун ўз чегараларини расмий мурожаат орқали очишга тайёрлигини маълум қилди.

Россияда ишсизлик ва пулсизликдан қийналиб, уйига қайтмоқчи бўлган мигрантларнинг ватанга қайтиши масаласини ҳал қилиниши Ўзбекистон томонида қолди.

Коронавирус янгиликлари